Рим Императори Франческо Тотти ҳақида
31 дек 2018 20:05
Янгиликлар
Бундан 29 йил аввал Рим шаҳридаги хонадонларнинг бирида эшик қўнғироғи жаранглайди. Фьорелла хоним эса эшикни очадилар.
Эшик олдида эса бир қатор селекционер мураббийлар, спорт раҳбарлари туришади. Лекин уларнинг ҳеч бири "Рома"дан бўлишмайди. Қизил ва қора кийимга бурканган бу инсонлар "Милан" жамоасидан бўлишади. Шунда Фьорелла хоним ўғлини "Милан"га беришни истамайди ва эшикни тезда ёпади. Тотти ўша пайтда Италиянинг энг машҳур жамоаларидан бирида ўйнаб, катта пул ишлаб топиши мумкин эди. Лекин Фьорелла хоним учун катта пуллардан кўра, "Рома"га бўлган меҳр ва садоқат кучлилик қилади.
Тотти эса оилавий қадриятлар, анъаналар ва одатларни жуда қаттиқ ҳурмат қилади.
Тотти учун оила - ҳамма нарсадан устун.
Рим ва "Рома" Тотти учун чинакамига оилага айланади.
Римлик ҳар бир болакайни олдида иккита йўл туради: "Рома" ёки "Лацио". Лекин биз ҳозир гапираётган қаҳрамонимиз олдида бу танлов бўлмайди. Унинг оиласидагилар учун фақат битта йўл - "Рома" турарди.
Тоттининг бобоси "Рома"нинг ашаддий ишқибози бўлади. Лекин қаҳрамонимиз бобоси жуда яхши эслай олмайди. Чунки Тоттининг ёшлигида унинг бобоси вафот этади. Шу боисдан ҳам Тотти бобосини эслаб қола олмайди. Лекин бобоси набирасига йирик совға қолдиради. Яъни, бу оилада "Рома"га мухлислик қилиш ҳақиқий оилавий анъана ва одатга айланган бўлади. "Рома"га ишқибозлик қилиш бу авлоддан-авлодга ўтиб келади. Тотти ҳам бобоси ва отасидан руҳланиб, "Рома"нинг ашаддий мухлисига айланади. Тоттилар оиласи учун "Рома" бу клубдан ҳам кўра каттароқ аҳамиятга эга ном ҳисобланади.
Франческо Тоттини ёшлигида Сан-Жованни ҳудудида ҳеч ким тўпсиз кўрмаган. Тотти ушбу туманнинг барча ҳудудларида тўп билан югуриб катта бўлган. Тотти ёшилигидан футболни шунчаки ўйиндан кўра кўпроқ севган ва бу спорт турига меҳр қўйган. Кейинчалик эса футбол нафақат қизиқиш, балки касбга айланади.
Тоттининг хонасидан ўша пайтдаги "Рома"нинг сардори, Римнинг эрка боласи ҳамда Франческони кумири - Жаннинининг газеталарда чоп этилган суратлари ва бир қатор портретлари жой олган.
Тотти 13 ёшни қаршилаганида унга "Рома"дан таклиф келиб тушади. Ниҳоят барча кутган воқеа содир бўлади. 1989 йили Тоттини сариқ-қора рангли футболка кўтарди.
Тоттини футболчи бўлишида ва уни шу даражага чиқишида унинг ойиси Фьорелла хонимнинг хизматлари беқиёс. Фьорелла хоним Тоттини жуда эҳтиёт қиларди. Ҳозир ҳам бу ишни давом эттирмоқда. Фьорелла хоним Тоттини ёшлигида ҳар куни футбол билан шуғулланиши учун жуда кўп қийинчиликларни енгиб ўтган. Тоттини ҳозирги даражасига чиққунига қадар Фьорелла хоним кўрган қийинчиликларни тасаввур қилиш мушкул.
Тотти ҳам онасининг бу ишини жуда қадрлайди. Кичкина Тоттининг машғулотларга олиб бориб, машғулотлар тугашини 2-3 соат кутиш Фьорелла хонимнинг кундалик ҳаётидан ўрин олганди. Қишдаги совуқ, қорда, ёздаги жазирама иссиқда ҳам Фьорелла хоним ўз ўғлини машғулоти тугашини кутар, кейин эса ишга ошиқар эди.
Тоттига энг кўп янграйдиган саволлардан бири - Нега бутун умрингни, фаолиятингни "Рома"га баҳшида этгансан?
Франческо бу саволга қуйидагича жавоб беради: "Рим бу менинг оилам, дўстларим, мен ёқтирган инсонлар жойлашган шаҳар. Мен бу ерни севаман. "Рома" - бу сариқ ва қизил ранг. "Рома" мен учун бу бутун жаҳон. Бу шаҳар ва клуб менинг ҳаётим".
Тоттига 2004-2005 йилларда "Реал"дан ажойиб таклиф тушади. Жаҳоннинг энг яхши клубларидан бири Тоттини ўз сафига чорлайди. Бу каби таклифга унча-мунча футболчи рад жавобини беролмасди. Ҳозирги кунда эса бу иложсиз. Лекин ўшанда Тотти "Реал"нинг ақлбовар қилмас таклифини рад этади. Тоттига келган бу таклифдан кейин "Рома" президенти Рим Императори билан шахсан суҳбатлашади. Лекин ўшанда оиламдаги суҳбатни эслайди ва ҳаётидаги энг муҳим жойни ташлаб кетишга жазм этолмайди.
Тотти "Рома"нинг асосий таркибида 1993 йилдан буён ўйнаб келди. Бу вақт оралиғида футболчи "Рома" таркибида 786 учрашувда майдонга тушди ҳамда рақиблари дарвозасига 307та гол уришга муваффақ бўлди. Тотти кўплаб совринларни ютмаган бўлиши мумкин, лекин Франческо совриндан ҳам қадрлироқ ва муҳимроқ бўлган кўп миллионлик римлик ишқибозларнинг юрагидан жой олди.
Тоттининг бу садоқати унга Рим Императори деган номни ҳадя этди.
Тотти Римда нафақат буюк футболчи, балки катта шахс сифатида чуқур ҳурмат қозонган.
Тотти фаолияти давомида бир қатор ютуқларга ҳам эришган.
Хусусан "Рома" билан 2001 йилда Италия чемпионлигини қўлга киритган. Италия Кубогида икки марта зафар қучган. Италия Суперкубогини ҳам икки бор қўлга киритган. Италия терма жамоаси билан ҳар бир футболчи орзу қиладиган совринни эгасига айланган. Тотти Жаҳон чемпиони саналади. 2006 йилда Германия бўлиб ўтган мундиалда Франческо Тотти "скуадра адзурра" билан чемпионлик шоҳсупасига қадар чиққанди.
Тотти бир қатор индивидуаль совринлар эгаси ҳам саналади. Тотти 4 бор (1998, 2000, 2003, 2004) Италияда йил футболчисига айланган. А Серияда тўпурарлик учун берилган "олтин бутса" ҳам Тоттининг музейидан 2007 йилда жой олган.
Италия ҳукумати Тоттининг футболга қўшган хизматлари учун дастлаб "Кавальер", кейин эса "Офицер" ордени билан тақдирлаган.
Тоттининг ўйин услуби қандай бўлган?
Франческо фаолиятининг катта қисмини ҳужумкор ярим ҳимоячи ёки ҳужумчи ортида ўтказган. Бу позицияларда Тотти бир қатор голлар уриш билан биргаликда, жамоаошларининг кўпгина голларига ассистентлик қилган. Тотти "Рома"да ҳар доим ҳимоявий ҳаракатлардан озод қилинган. Тотти фақат жамоасининг ҳужумдаги ишларига жавобгар бўлган. "Рома"да стандарт вазиятлари Тоттининг бўйнида бўлган. Пенальтини ижро этиш бўйича ҳам Тотти яхшигина мутахассис ҳисобланади.
Тоттининг энг устун тарафлари - майдонни жуда яхши кўриш, тўп билан юмшоқ муомалада бўлиш ва замбаракнинг ўқидек чиқадиган зарбаси.
Тоттининг мураббийларга қийинчилик туғдирган жиҳати - характеридаги оғирлик. Тотти жуда қайсар характерли футболчи бўлган. Айнан шу характери натижасида Тоттининг футболчилик сифатларини баъзиларига путур ҳам етган. Тоттига агар машғулотлар ёқмаса, унда футболчи бемалол машғулотларни тарк этарди. Бундан эса мураббийлар жуда кўп азият чекишган. "Рома"даги кўплаб мураббийлар Тоттининг услубига мослашишига тўғри келган.
Тотти нафақат Рим ёки Италияда жуда машҳур шахс. Балки футбол оламида ҳам Тоттини ҳурмат қилмайдиган ва танимайдиган инсон йўқ.
Футбол афсунгарларидан бири Месси ҳам ўтган йили Жоан Гампер Кубогидан кейин Тотти билан тушган суратини тагида: "БУЮК! Ғаройиб футболчи", деб изоҳ қолдирганди.
Тоттини кўпчилик садоқатли, матонатли ва кучли футболчи сифатида билади. Лекин унинг саҳийлиги, бағрикенглиги ва ҳазилни ёқтиришини ҳамма ҳам билмайди.
Тотти бирнеча йил олдин ёзда "Барселона" юборган Мессини футболкасини ҳам ким-ошди савдосига қўйиб, сотилган пулини хайрия фондига ўтказиб берди.
Тотти деганда нафақат кучли футболчи, балки катта шахс ва футбол сиймоси кўз олдимизда гавдаланади...
Тотти бутсасини михга илди, лекин ишонамизки, ҳали унинг футболда қиладиган ишлари жуда кўп...
У сиз футбол зерикарли бўлиб қолади.
Ҳозирги замонавий футболга айнан Тотти каби садоқатли, содиқ футболчилар зарур...
Фикрлар