"Қўрқманглар, ҳаммаси назоратим остида". Катанец қандай қилиб натижага эришмоқчи?
06 сен 17:35
Янгиликлар
"Қўрқманглар, ҳаммаси назоратим остида". Катанец қандай қилиб натижага эришмоқчи?
Кеча Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ-2026 саралаши 3-босқичида дастлабки учрашувни ўтказди. Қийин кечган учрашувда футболчиларимиз кичик 1:0 ҳисобидаги ғалабани қайд этишди, учрашувдаги ягона голга Жалолиддин Машарипов муаллифлик қилди. Шунингдек, дарвозабонимиз Ўткир Юсупов биринчи бўлимнинг ўзидаёқ дарвозамизга белгиланган 11 метрлик зарбани бартафар этди. Тасанно! Шундай қилиб, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўз тарихида бор-йўғи иккинчи маротаба ЖЧ сўнгги саралаш босқичини ғалаба билан бошлади.
Россия-2018 мундиаль саралашининг охирги босқичини ҳам биз ғалаба билан бошлагандик. "Бунёдкор"да Сурияга қарши кечган қийин учрашувда захирадан майдонга тушган Александр Гейнрих 74-дақиқада ҳисобни очади ва ушбу гол бизга дастлабки уч очкони тақдим этади. Сурияга қарши учрашувдан беш кун ўтар-ўтмас Самвел Бабаян "гвардияси" Доҳада Қатарга қарши ўйин ўтказади. Икки жамоа ҳам эҳтиёткор футбол намойиш этган учрашувда Егор Кримец 85-дақиқада Гейнрихнинг узатмасини боши билан дарвозага тўғрилаб юборади ва гол. Дастлабки икки учрашувда максимал натижа қайд этган терма жамоамизнинг кейинги турларда омади юришмайди, афсуски.
Бироз тарихга назар ташладик, энди кечаги учрашувга батафсилроқ тўхталсак. Миллий терма жамоамизга бефарқ бўлмаган инсонларнинг кўпчилиги терма жамоамиз КХДРни йирик ҳисобда мағлуб этишига шубҳа қилмаётганди ва барча натижа бўйича хотиржам эди. Ваҳоланки, биз уч очкони олдиндан қўлга киритганмиз. Аслида эса бундай бўлиб чиқмади. Аксинча, ғалабамизнинг асосий омилларидан бири омад биз томонда бўлганида бўлди. Дарвозамиз томон белгиланган 11 метрлик зарбани Ўткир Юсупов бартараф эта олмаганида ўйин сценарийси мутлақ бошқача бўлиши мумкин эди. Тўғри, Юсупов пенальти тепилган вазиятда ажойиб ҳаракат қилди, аммо ҳозирги кундаги терма жамоамизнинг асосий дарвозабонини "пенальтилар устаси" деб бўлмайди. Юсупов терма жамоада биринчи маротаба пенальтини бартараф эта олди ва Суперлиганинг сўнгги 4 мавсумида дарвозабонимиз 2та 11 метрлик зарбани тўса олган.
Футболчиларнинг ўзлари ҳам кечаги учрашувдан кўнгли тўлмагани, терма жамоа бундан-да яхшироқ ўйнай олишини бир неча маротаба таъкидлашди. Хўш, унда муаммо нимада? Гуруҳимизда "аутсайдер" ҳисобланган Шимолий Корея, бир ҳафта давомида сунъий қопламада машғулот ўтказган Шимолий Корея нега бизни бунчалик қийнаб қўйди? Нега 80-дақиқадан сўнг тўпни биздан тўлиқ олиб қўйди? Кўпчиликни қизиқтирган ушбу саволларга Сречко Катанец ўйиндан кейинги матбуот анжуманида жавоб берди.
"Бизнинг асосий муаммо – футболчиларнинг жисмоний ҳолати. Футболчилар душанба куни жамоамизга қўшилишди. КХДР эса бир неча ўртоқлик ўйинларида иштирок этишга ҳам улгурди", – дея изоҳ берди Сречко Катанец.
"Шимолий Кореяга қарши қийналдик, бу ўйинимиз бўлажак кучлироқ рақиблар учун осон бўлиб қолмайдими? Биз яна нимадир қўша оламизми?", деган саволга эса терма жамоамиз бош мураббийи қуйидагича жавоб берди:
"Биз бор-йўғи иккита машғулот ўтказдик. Иккитагина машғулот билан қандай қилиб қўшамиз? Бунинг имкони бор деб ўйлайсизми?".
Ваҳоланки, жаноб Катанецнинг барча фикрлари тўғри, аммо рақибларимиз биз неча кун машғулот ўтказа олганимиз ёки футболчиларнинг жисмоний ҳолати қандай эканлигига қараб ўтиришмайди. Бу – факт. Прагматик футбол тарафдори бўлган Катанецга энг муҳими очколар сони эканлиги барчага маълум, аммо терма жамоамизнинг ўйин сифатида биз учун қанчалик муҳим? Авваллари Эрон ва Кореяларга қарши даҳшатли ўйинлар ўтказардик. "Жар"да янчиб ташланган Эрон ва япониялик ҳакамнинг хатоси, Хитойга қарши мутлақ доминантлик ва сўнгги дақиқалардаги пенальти ва шунга ўхшаш сабаблар туфайли мундиал деб аталмиш "кема"га ҳеч чиқа олмаганмиз. Бош мураббий кеча шуни таъкидлаб ўтди.
"Аввалги циклларда Ўзбекистон терма жамоаси чиройли ва томошабоп ўйин намойиш кўрсатган, лекин ЖЧга чиқа олмаган. Бизга эга Жаҳон чемпионати керак", – деди Сречко Катанец.
Табиийки, савол туғилади. Бизга "мундиаль йўлланмаси" деган якуний натижа муҳимми ёки терма жамоамизнинг услуби ва ўйин сифати? Бу саволга ҳар ким ўзича жавоб беради. Энг қизиғи, икки жавоб тўғри, биз ҳеч қачон Жаҳон чемпионатида иштирок этмаганмиз ва мундиаль йўлланмаси биз учун орзу. Ўйин услуби ва сифати эса нафақат терма жамоамизнинг ҳозирги кундаги ўйинларининг томошабоплиги, услуб ва келажак авлодга ҳам таъсир ўтказиши аниқ. Жуда "содда" ва "примитив" футбол ўйнайверсак, индивидуаль томонлама кучли, юқори техникали футболчиларимиз камайиб кетишининг эҳтимоли катта, чунки бизга ёрқин футболчилар эмас, жисмоний жиҳатдан бақувват ва курашувчан футболчилар керак бўлиб қолади. 2014-2016 йилги "Атлетико" Мадрид жамоаси айнан шундай эди — ҳимояда камроқ хато қилиш ва қарши ҳужумда креатив футболчининг маҳоратига таяниш. "Матрасчилар" ўз суюклиларини чиройли футбол билан сийлашмаган бўлса ҳам, яхши натижалар қайд этишган. Орадан 10 йил ўтди ва ҳозирги кунда ҳеч ким Симеоненинг зерикарли футболини эмас, аксинча натижаларини ёдга олади.
Катанец нега бундай ўйнаши ва нега натижа учун барчасини қурбон қилишга тайёрлигининг яна бир сабаби бор. У хорижлик мураббий. Меҳнат шартномаси якунига етган кунидаёқ у Тошкент-Любляна (реал ҳаётда катта эҳтимол билан бундай рейс йўқ) рейсига чипта харид қилади. Ундан кейин ўзбек футболининг ҳозирги аҳволи қандай эканлиги ҳақида кўп қайғуриши амримаҳол. Бироқ унинг ҳам фикри ҳам тўғри, Катанец раҳбарият олдида чиройли футбол намойиш этдик, рақиб дарвозасига шунча зарба бердик ёки тўпга кўпроқ эгалик қилдик дея олмайди. Бундай деса ҳам, футболимиз раҳбарияти бундай натижадан қониқмайди.
Катанец Жаҳон чемпионати саралашининг 3-босқичида қандай йўл танлаганини кеча билиб олдингиз. Уни қўллаб-қувватлаш ёки танқид қилиш ихтиёрингиз. Марҳамат!
Россия-2018 мундиалининг 3-саралаш босқичидаги дастлабки иккита учрашувни бекорга эсламадим, бу сафарги саралашни ҳам худди 2016 йилдагидек дастлабки икки турдан сўнг 100 фоизлик натижа қайд этиш мақсадида яхши ниятда эслаб қўйдим.
P.S. Ҳа, айтганча, бу бор-йўғи биринчи учрашув эди-ку. Балки кейинги турларда терма жамоамиз кучлироқ ва ишончлироқ футбол намойиш этишни бошлар...
Фикрлар