UZ

Сўнгги янгиликлар

15:27ЖЧ-2010нинг энг яхши футболчиси Форлан: "Испанияда "Атлетико" рамзини ҳеч қачон ўпмаганим учун танқид қилишарди"  0 14:54Йўғе! Дани Ольмо агенти билан бирга Манчестерга учиб келди  2 14:22Олмалиқдаги "ОКМК спорт мажмуаси" ҳудудида янги табиий майдон қурилмоқда  0 13:54"Бунёдкор" ўз тарбияланувчиси билан шартномани 2 йилга узайтирди  0 13:27"Шўртан" 2025 йилги мавсумни Қаршидаги стадионда бошлайди  1 12:51Эронда нима гаплар? Юсуповда навбатдаги "қуруқ ўйин", Машарипов тўлиқ ўйнади  2 12:20ПФЛ "Олимпик"ка 5 январгача муҳлат берди, акс ҳолда...  5 11:51Қиз фарзанди дунёга келгани сабаб ўйиннинг 1-бўлимини ўтказиб юборган ва 2-бўлимга етиб бориб хет-трик қайд этган футболчи ҳақида билармидингиз?!  5 11:22Бекободда футбол ўлмоқда. "Металлург" кетидан Шавкат Мирзиёев ташриф буюрган академия ҳам ёпилади   21 10:55Қойил! Аморим тен Хагнинг антирекордини янгилади  12 10:22Аббосбек Файзуллаев «Монако» ҳақидаги саволга жавоб берди  5 10:07Расман: Санжар Қувватов - «Қизилқум» жамоаси футболчиси  1 09:47Бир йил аввал саратон билан курашган футболчи Тожикистонда «йил футболчиси» бўлди  1 09:10«Бунёдкор» терма жамоамизнинг икки нафар футболчиси билан музокара олиб бормоқда  3 08:37Аббосбек Файзуллаев Ўзбекистондаги энг тез футболчи ким эканлигини айтди  9

"Пахтакор"га келгани, қайси жамоага мухлислик қилиши, жароҳати, Самвел Бабаян ҳақида - Боян Миладинович билан эксклюзив интервью Янгиликлар

"Пахтакор"га келгани, қайси жамоага мухлислик қилиши, жароҳати, Самвел Бабаян ҳақида - Боян Миладинович билан эксклюзив интервью

Аввало интернет борлигига шукур.

"Дунё ўргимчак тўри" карантин даврида энг кўп ишлатилаётган нарса. Айнан шу орқали бизнинг ишларимиз осонлашмоқда. Интернетдан ўйин ўйнаймиз, футбол томоша қиламиз, кинолар кўрамиз ва ҳоказо.

Айнан интернет орқали биз ўзбек футболида изини қолдириб кетган машҳур шахслар, футболчиларни топиб улар билан суҳбат уюштиряпмиз. Олдинроқ Душан Савич билан интервью қилгандик. Бу сафар Боян Миладинович нишонимизда бўлди. "Пахтакор"нинг афсонавий футболчиларидан бири, узоқ йиллар "шерлар" шарафини ҳимоя қилган Боянни деярли бутун ўзбек футболга қизиқувчи аҳли яхши кўради десак муболаға бўлмайди. Насиб қилса, ҳали яна шундай инсонлар билан интервьюларни кўпайтиришни режа қилганмиз.

- Сизни соғинган футбол мухлислари номидан алангалик салом. Боян, карантин даврида нималар билан бандсиз?
- Ўзбекистон аҳлига салом йўллайман. Ишларим ёмон эмас, машғулотлар кетяпти. 1 августдан чемпионат бошланади, лекин ўйинлар мухлисларсиз ўтади. Сербиядаги ҳолат яхши эмас, ёмон деса ҳам бўлади. Футболчилар эса кўчага чиқарилмай, шифокорларнинг қатъий карантинига олинган ва уларнинг буйруқлари биринчи ўринда. Фаолиятимни якунлаганимдан кейин мен "Напредак" футбол клубида вице-президент сифатида ишлай бошладим. Бир ой олдин эса спорт директори бўлдим. Мана шу лавозим менга қулайроқ.

- Футбол мухлисларига сизнинг футболга кириб келган йўлингиз анча қизиқ. Бу жараён қандай кечган?
- Футбол билан 17 ёшимдан шуғулланишни бошлаганман. Унгача отам билан кўчада шунчаки копток тепиб юрганмиз. Кейинчалик дўстларим билан "Напредак"нинг ёшлар жамоалари машғулотларида қатнаша бошлаганман. Кўчада тўп тепиб юрган оддий болакайнинг хатти-ҳаракатлари "Напредак" бош мураббийига ёқиб қолган ва мени ёшлар жамоасига жалб қилишганди. Орадан бир йил ўтиб, асосий таркиб жамоасига ўтганман. Шу орқали менинг профессионал фаолиятим бошланган.

- Болалигингизда қайси жамоага мухлислик қилгансиз? Севимли ҳимоячингиз ким? (кутилмаган жавобни олдим)
- "Реал". Болалигимдан буён шу жамоани яхши кўраман, доимий кузатиб бораман. Севимли ҳимоячим Анзур Исмоилов. Менимча у ўзбек футболи тарихидаги энг яхши ҳимоячи. Тўғри, ўзбек футболи тарихини унчалик яхши билмайман, аммо Анзурни ўзим кўрган энг яхши ҳимоячи деб ҳисоблайман.

- "Пахтакор"га келишингиз қандай амалга ошганди?
- "Пахтакор" вице-президенти Самвел Бабаян юқори савияли легионер танлагани Сербияга Ислом Ходжаевни юборган экан. У клубимизга келиб, бир неча марта ўйинларимизни кўрди ва мени жамоага таклиф қилди. "Пахтакор"нинг тарихини ўқиб, таклифга тезда розилик бердим ва йиғинларга жўнаб кетдим.

- "Пахтакор"даги илк голингизни эслай оласизми?
- Ҳа, албатта! Кечагидек ёдимда. Дубайдаги мавсумолди йиғинларида Харкивнинг "Металлист" жамоасига қарши ўйинда дарвозадан 30 метрлар узоқликдан жаримадан ургандим. Ғалаба, 1:0. Жуда хурсанд эдим. Шундан кейин "Пахтакор"га ўтганман. Расмий ўйинларда ҳам дебютимдаёқ гол киритишга эришгандим, 1-турда "Бухоро" билан баҳсда гол урганман, 3:0 ҳисобида ғалабага эришгандик.

- "Пахтакор"да бир йил давомида жароҳатингиз сабабли умуман ўйнамадингиз, лекин шартномада кўрсатилган маошни тўлиқ олдингиз. Бундай ҳолатда маошни тўлиқ тўлайдиган клублар кўпми ёки кам?
- Албатта, кам. Келинг бошидан бошлаймиз. 2009 йил клуб билан 2 йиллик шартнома имзоладим. Шартномам якунланганида раҳбарият менга уни узайтириш таклифи билан чиқди. Шароитлар яхши, тўғри молиявий ҳолат унчалик зўр эмасди, маошлар 3-4 ойлаб кечикарди, буни менимча ҳамма билса керак. Лекин мен учун керакли барча нарса клубда яратилаётганди. Шу сабабли яна 2 йиллик шартнома имзоладим. Май ойида белимдан жиддий жароҳат олдим, деярли бир йил ўйинларда қатнашмадим, клуб эса менга ойлиқ пулларимни тўлиқ тўлади. Бунинг учун Самвел Бабаянга миннатдорлик билдираман. У билан биринчи марта суҳбатда бўлганимдаёқ барча гапини устидан чиқадиган инсонлигини билгандим. Самвел Бабаян ҳолатимни кўрди, ўзининг бели жароҳат олгандек менга ёрдамлашди, мени алдамади.

- Агарда "Пахтакор"дан таклиф тушса қайтармидингиз?
- Албатта. Ҳаёт давом этмоқда, яшаяпмиз, демак, барча нарса бўлиши мумкин. (мен учун кутилмаган сўз) Иншооллоҳ, таклиф тушса бораман, "Пахтакор" менинг уйим, Ўзбекистонни яхши кўраман.

- Ўзбекистон чемпионатида Сизга қарши ўйнаган энг яхши ҳужумчи?
- У пайтда савияли ҳужумчилар кўп эди. Бироқ Анвар Солиевга қарши ўйнашга доим қийналардим. Тутқич бермасди, кутилмаганда зарба бериб қоларди, ўша даврда тўпни ўзида ушлаб тура оладиган энг зўр ҳужумчи Анвар Солиев бўлса керак.

- Ўзбекистонда фаолият олиб борган энг омадли легионерлар рейтингида Боян Миладинович номи ҳам қайд этилади. Жамоа сардори, мухлислар ёқимтойи бўлган Боян Миладинович яна қандай легионерларни эътироф эта олади?
- Маълумот учун раҳмат, буни билмагандим. Ўзбекистондаги 6 йиллик фаолиятим давомида Ривалдо, Иван Бошкович, Артур Геворкян каби рақибларга қарши ўйнаганман. Улар ҳақиқатдан ҳам жуда кучли бўлишган. Тўғрисини айтганда, ўша пайтларда кучли легионерлар жуда талайгина эди. Ҳозир эса футбол клублари сиёсати бошқача бўлиб кетган. Легионерларнинг кўплаб сифатларига эътибор беришмоқда.

- Ўзингизни футбол агентига қиёслаб, ўзбек футболидаги легионерларни қандай баҳолаган бўлардингиз?
- Айни дамда "Пахтакор" таркибида ўйнаётган Драган Черан, АГМК футболчилари Игорь Зонич ва Элгужа Григалашвили - менимча энг кучли легионерлар. Қолганларни эса ўртача савияли деб баҳоласак бўлади.

- Демак, ўзбек футболидаги ўйинларни кузатиб борасиз.
- Қўлдан келганча барча ўйинларни кўряпман. Ўзгаришлар катта, ташкилотчиликнинг савияси ҳам ошган. Умуман олганда ўсиш бор, фақат бу жараён секин кечмоқда.

- Унда келишилган ўйинлар ҳақида нима дея оласиз? Бу футболнинг оғриқли нуқтаси.
- Ёмон кўраман, футболчиларнинг савияси тушишида келишилган ўйинларнинг таъсири катта бўлади. Ички чемпионатда куч бермаган жамоа халқаро майдонда тезлик ололмайди. Шу сабабли келишилган ўйинлар ташкилотчиларини қўлдан келганча футболдан итариб чиқариб ташлаш керак.

- Тарих зарварақаларига қайтамиз. "Локомотив" майдонидаги ғалабадан кейин чемпионлик қўлга киритилгани ёдингиздами?
- Ух, супер учрашувни ёдга солдингиз. Дахшат бўлганди. Ёдимда чемпионат тугашига 5 тур қолганди, чоршанба куни "Насаф"ни 2:0 ҳисобида ютганимиздан кейин "Локо" билан ўйинда ғалабага эришсак чемпионликни расмийлаштирардик. "Локомотив"нинг ушбу мавсумини инобатга олмасак, энг барқарор жамоалардан бири. Ўшанда ҳам таркиб жуда кучли эди, устига устак меҳмонда ўйнардик. Стадионда аншлаг! "Локо" мухлислари бизга доимий босим ўтказишганди.

Бурчакдан тўп оширилди, бошим билан зарба бериб, 1-дақиқадаёқ ҳисобни очдик. Тайм охирида дубль! Иккинчи бўлимда энг яхши ҳимоячилардан ва дўстларимдан Александр Мерзляков ҳисобни 1:3 кўринишига келтирганди. 26 ўйинда 23 ғалаба ва 3 мағлубият. Рекорд! Балки биз ўшанда енгилмас "Пахтакор"нинг олтин мавсумини ўтказгандирмиз.

- Ўшанда жамоа бош мураббийи Самвел Бабаян бўлганди. Сизнингча у менежер сифатидами ёки бош мураббий сифатида кучлими?
- Менга менежер Самвел Бабаян кўпроқ ёқади. Нимага? Чунки у ёш футболчилар билан ишлашни ёқтиради. "Пахтакор"даги сўнгги мавсумимда, 2014 йилда фақатгина 3 ёки 4 нафар тажрибали футболчи бўлган, Камолиддин Тожиев, Кахи Махарадзе ва мен. Қолганлар катта футболга энди кириб келаётган ёшлар эди. Менежер Самвел Бабаян қўл остида чемпионликни қўлга киритгандик.

Мураббий Самвел Бабаян ҳам яхши вариант. Унинг термадаги фаолиятини ижобий баҳоласа бўлади. Фақатгина сўнгги паллада жамоанинг омади келмади. Клублардаги фаолиятига ўтсам, унинг "Локомотив"даги иши билан яхши танишман. "Пахтакор"нинг ҳозирги ҳолатини инобатга олсак, 2-ўрин "Локомотив" учун идеал натижа. Умуман олганда "Пахтакор"нинг кучайганидан жуда ҳам хурсандман. Самвел Бабаян энди "Чанчун Ятай" бош мураббийи ва унга фақатгина омад тилайман. Жуда яхши, ваъдасини устидан чиқадиган инсон.

- Энг яхши кўрган таомингиз?
- Палов. Сербияда бу овқатни топишнинг имкони бўлмаяпти. Ёдимда, жамоадошларим билан ош егани кўп борардик. Ўйиндан кейин эса чойхона-палов. Самвел Бабаян футболчиларнинг кўнглини ҳар томонлама топа олган. Ҳар бир сафар ўйинидан кейин яхши жойларга олиб борарди.

- Ўзбекистоннинг энг чиройли 3 жойини айта оласизми?
- Тошкент. Жуда тез ўзгараётган шаҳарлардан бири. Самарқанд ва Бухородаги ажойиб бино, иншоотлар ҳам ёққанди. Биласизми, менга замонавий биноларни кўриш унчалик лаззат бермайди, тарихий биноларни кўриб, доим ҳайратланаман. Шу сабабли ҳар бир вилоятга чиққанимда тарихий ёдгорликларни зиёрат қилиб келардик.

- Кўпчилик футбол мухлислари сизнинг "Спорт" телеканалидаги "Брейн ринг" телевизион ўйинида қатнашганингизни билишмаса керак. Мен эса эслайман. Ўшанда "Боян Миладинович жавоб беради" деганда хайрон қолгандим.
- Отабек Жўраев менга қўнғироқ қилиб, ушбу кўрсатувга чақирганди. Креатив ғоя. Жароҳатдалигимда кўп китоб ўқигандим. Бундай квиз-беллашувларга футболчиларни кўпроқ жалб қилиш албатта фойдали. Бу уларнинг камера олдидаги нутқини ҳам ривожлантиради, деб ҳисоблайман.

- Футболчилар тезроқ ривожланиши учун нимани биринчи ўринга қўйиши керак?
- Аввало илк тарбия мактабдан бошланади. Ўзбек футболини ривожлантириш учун футбол мактабларига юқори эътибор бериш керак. Ёшларнинг катта қисми мактабдан академияларга ўтишда қийналади. Футбол мактаби профессионал ишласа, терма жамоалар учун номзодлар ҳам кўпаяди ва терма албатта, жаҳон чемпионатига чиқади.

- Боян, Сизга катта раҳмат. "Напредак" спорт директорининг, умуман олганда шундай лавозимдаги инсонлар доимий ҳаракатда, футболчилар излаш ва кўплаб жойларга бориш керак. Бизга вақт топиб, интервью берганингиз учун миннатдорлик билдирамиз. Сизни Ўзбекистонда, "Пахтакор" тизимида кўришни истаб қоламиз.
- Сизга ҳам раҳмат. Насиб қилса, шундай кунларни ҳам кўрамиз. Яна бир бора Ўзбекистондагиларга, танишларимга, мухлисларга, барча-барчага салом йўллайман.

Миржалол Норматов суҳбатлашди

Рейтинг: +36   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика