Instat: Суперлигада қайси футболчиларнинг кўрсаткичлари юқори?
16 ноя 2020 13:19
Янгиликлар
Instat: Суперлигада қайси футболчиларнинг кўрсаткичлари юқори?
Жорий мавсум умумий шахсий кўрсаткичлар борасида Суперлигада энг яхши бўлиб турган 11 футболчининг 9 нафари "Пахтакор" аъзоси саналади. Энг яхши бўлиб турган Жалолиддин Машарипов 321 балл жамғарган. Драган Черан 275, Ҳожиакбар Алижонов 261, Шерзод Аъзамов 256, Достон Ҳамдамов 255 балл тўплашга эришган. Шунингдек, Анзур Исмоилов, Одил Ҳамробеков, Фарруҳ Сайфиев ва Егор Кримец дастлабки 11 ўйинчи қаторидан ўрин олган. Фақат "Насаф"нинг икки аъзоси Марко Станоевич ва Ойбек Бозоров ушбу 11лик рўйхатда бошқа клублар вакили ҳисобланади.
Суперлигада энг кўп голли вазиятлар яратган футболчи ҳам Машарипов бўлиб турибди. У ҳозиргача ўтган ўйинларда 40та шундай вазият содир этган. Черан ва "Сўғдиёна"дан Жасур Ҳасанов 31тадан, "Насаф"дан Марко Станоевич ҳамда "Бунёдкор"дан Санжар Қодирқулов 18тадан голли имконият яратган.
Дарвозага энг кўп аниқ зарба берган футболчи Черандир. Унинг 37 зарбасидан 19таси голга айланган. Унинг 50 фоиз зарбаси дарвозага тўғри борган. "Насаф"дан Бобур Абдуҳолиқов 29та (43%), Нурилло Тўхтасинов 28та (44%), "Пахтакор"дан Игорь Сергеев 26та (49%) ва "Сўғдиёна"дан Шоҳруз Норхонов 25та (42%) аниқ зарба берган.
Тўпни шерикларига энг кўп аниқ оширишда Одил Ҳамробеков яққол етакчи бўлиб турибди. Унинг ҳисобида 1733та узатма мавжуд. 92 фоиз узатмаларни у аниқ амалга оширган. "Бунёдкор"дан Лутфулла Тўраев 1575та (84%) узатмага эга бўлса, ундан кейин бешликда "Пахтакор"нинг уч футболчиси жойлашган. Машарипов 1433та (80%), Сайфиев 1279та (90%) ва Анзур Исмоилов 1240та (92%) узатмани уддалашган.
Ҳал қилувчи узатмаларни беришда Машарипов бошқалардан яққол ўзиб кетган - 30та. Жасур Ҳасанов 23та, Черан ва "Металлург"дан Станислав Андреев 15тадан, АГМКдан Мурод Тошматов 14 марта шерикларига тўпни шундай етказишган.
Кроссларни энг аниқ узатишда ҳам Машарипов пешқадам. У Суперлиганинг жорий мавсумида ҳозиргача 31та кросс амалга оширган. Алижоновда ҳам умумий миқдор шунча, бироқ Жалолда кросс узатмалари аниқлиги юқорироқ - 34%га 27%. "Андижон"дан Фарҳод Мираҳмадов 28та (39%), "Пахтакор"дан Сайфиев 27та (38%) ва АГМКдан Тошматов 27та (28%) кросс амалга оширган.
Умумий миқдорда курашларни ютишда Машарипов Суперлиганинг энг яхши футболчиси бўлиб турибди. У 242 марта шундай курашларда рақибдан устун келган (52% ҳолатда). "Бунёдкор"дан Тўраев 232та (58%), "Насаф"дан Ҳусниддин Алиқулов 223та (74%), "Машъал"дан Нажмиддин Нормуродов 216та (67%) ва "Бунёдкор"дан Иброҳимҳалил Йўлдошев 214та (64%) курашларда муваффақиятли ҳаракат қилишган.
Рақибни алдаб ўтишда ҳам Машарипов етакчи. У 154 марта шундай ҳолатда рақибдан ўтиб кетган (69% вазиятда). Бу борада Жалол Суперлигадаги исталган футболчидан икки баравардан кўпроқ яхши натижа қайд этган. "Насаф"дан Бозоров 74та (58%), "Бунёдкор"дан Иброҳимҳалил Йўлдошев 67та (75%), "Сўғдиёна"дан Ҳасанов 59та (58%) ва "Локомотив"дан Азиз Омонов 59та (47%) ҳолатда рақибни алдаб ўтишга эришган.
Ҳимоядаги ҳаракатда курашларни ютишда "Насаф"дан Алиқулов энг яхши натижа соҳиби бўлиб турибди. У 184 марта шундай вазиятда рақибни доғда қолдирган. Бешликдан "Машъал"дан Нормуродов, "Навбаҳор"дан Игорь Голбан, "Қўқон-1912"дан Ойбек Рустамов, "Насаф"дан Умар Эшмуродов ўрин олган.
Ҳаводаги курашларни ютишда ҳам Алиқулов бошқалардан яхшироқ кўрсаткич эгаси. У 122 марта иккинчи қаватда рақибдан устурн келган. "Насаф"дан Эшмуродов 96, "Пахтакор"дан Анзур Исмоилов 94, "Машъал"дан Нормуродов 93 ва "Бунёдкор"дан Ислом Қобилов 70та ҳолатда ҳаводаги курашда жамоасига фойда келтирган.
Фикрлар