Олий лига. 12-турнинг иккита ўйинида ўтган йилги ҳисоб такрорланди

Narzulla Saydullayev
29 май 2017, 17:39
26-27 май кунлари олий лигада 12-тур учрашувлари бўлиб ўтди. Бу турдан ўрин олган иккита ўйинда ўтган йилги натижа яна такрорланди.

Гап шундаки, ўз майдонида "Насаф"ни қабул қилган "Металлург" 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Ўтган йил ҳам Бекободда кечган мазкур жамоаларнинг ўзаро қарама-қаршилиги "Металлург"нинг 1:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якун топганди.

Яна бир шундай воқеа "Локомотив" - "Нефтчи" ўйинида рўй берди. "Темирйўлчилар" ўтган йил бўлгани каби бу сафар ҳам рақибни 4:0 ҳисобида доғда қолдиришди. (Натижада "Нефтчи" мураббийлар штабида ўзгариш рўй берди).

Турнир жадвалида "Локомотив" 26 очко билан пешқадамлик қилишда давом этмоқда. Жамоа уз майдонида кетма-кет олтинчи ғалабасини нишонлади. "Нефтчи" эса сафарда тўртинчи марта мағлуб бўлди. Бундан ташқари, фарғоналиклар тўртинчи учрашувда ҳам гол урмасдан ютқазиб қўйишди.

"Насаф"га келсак, бу жамоа сафардаги учинчи мағлубиятини қабул қилиб олди. Жамоа бунгача "Олмалиқ" ва "Локо"га имкониятни бой берганди. Агар қаршиликлар шундай ўйин кўрсатишда давом этишса, "Насаф" бу йил ҳам чемпионликка эриша олмаслиги мумкин.

"Металлург" ўз майдонида қийин ғалабага эришди дея оламиз. Бу бекободликларнинг уйдаги учинчи ғалабаси бўлди. Жамоа бунгача "Шўртан" ва "Сўғдиёна"дан устун келганди. Мана энди "Насаф" ҳам доғда қолдирилди. Қўлга киритилган ғалаба "Металлург"ни 14-ўринга олиб чиқди.


Ўхшаш янгиликлар


Narzulla SaydullayevМуаллиф
Манба: championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›