ОЧЛ. Бикмаев Вильянуэва ҳамда Аҳмедовнинг натижасини такрорлади
27 апр 2017 11:57
Янгиликлар
ОЧЛ. Бикмаев Вильянуэва ҳамда Аҳмедовнинг натижасини такрорлади
Ушбу баҳсда майдон эгалари ҳужумчиси Марат Бикмаев Саудия Арабистони клуби дарвозасига учта гол уришга муваффақ бўлди.
Бу йилги мавсумни ўзи учун қойилмақом тарзда бошлаган Бикмаев хоҳ Осиё чемпионлар лигасида бўлсин, хоҳ олий лига баҳслари бўлсин майдонни деярли голсиз тарк этмаяпти. Сўнгги ўйинларда эса у хатто иккитадан гол уришни ҳам бошлаб юборганди.
"Темирйўлчилар" сафини ўтган йилги тўпурар Темурхўжа Абдухолиқов тарк этгач мураббийлар Марат Бикмаевни асосий ҳужумчи ролида ўйнатишмоқда. Марат бу ишончни тўлиғи билан оқлаяпти десак муболаға бўлмаса керак.
Олий лигада ҳозирга қадар 6та учрашувда майдонга тушиб рақиблари дарвозасини 7 марта ишғол қилишга эришди. Айни пайтда чемпионатимизда айнан Бикмаев якка тўпурар бўлиб турибди. У "Насаф" ва "Пахтакор" билан учрашувларда ўз ҳисобига иккитадан гол ёзиб қўйишга эришди.
Осиё чемпионлар лигасида эса ҳужумчи Тошкентдаги барча ўйинларда гол уришга эришди. Дастлаб БААнинг "Ал Аҳли" клубига қарши учрашувда тўп киритди. Сўнгра Эронинг "Истиқлол" жамоаси билан ўйинда ҳам ўз номини таблога ёздириб қўйди. Юқорида айтганимиздек "Ал Таавон" билан учрашувда учта тўп киритиб хет-трикка эришди. Бироқ бу жамоасининг ғалабасига етарли бўлмади ва "Локомотив" ўз уйида Саудия Арабистони клуби билан 4:4 ҳисобида дуранг ўйнади.
Осиё чемпионлар лигасида Ўзбекистон клуби сафида икки нафар футболчи бир ўйинда учта гол уришга эришган.
2008 йил юлдузли "Бунёдкор" клуби мусоабақанинг чорак финли жавоб баҳсини Тошкентда Эроннинг "Сайпа" клубига қарши ўтказган. Ўша учрашувда "қалдирғочлар"нинг чилилик ҳужумчиси Хосе Луис Вильянуэва рақиб дарвозасини 9, 18 ва 52-дақиқаларда нишонга олиб хет-трик қайд этган. Қизиғи Вильянуэва ҳам Бикмаев каби битта голини пенальтидан урган. Ўша куни "Бунёдкор" рақибини 5:1 ҳисобида таслим қилиб ярим финалга йўлланмани қўлга киритганди. Эътиборли томони ўша кун "Бунёдкор" сафида ўйнаган Тимур Кападзе Бикмаев хет-трик қайд этган ўйинда "Локо" сафида ҳаракат қилди.
Осиё чемпионлар лигасида хет-трикка эришган дастлабки ўзбекистонлик футболчи эса Одил Аҳмедов бўлганди. 2010 йилги мавсумда "Пахтакор" гуруҳ босқичи, 5-турида ўз майдонида БААнинг "Ал Айн" клубини қабул қилган. Учрашувнинг 9, 12 ва 29-дақиқаларида мезбонлар ярим ҳимоячиси Одил Аҳмедов кетма-кет уч бор тўп киритишга муваффақ бўлганди. Учрашув 3:2 ҳисобида "шерлар"нинг ғалабаси билан тугаганди.
Нарзулла Сайдуллаев
Фикрлар