Норчаев, Турғунбоев ҳамда Рашидовнинг Суперкубок учрашувидан кейинги фикрлари
27 фев 2022 21:38
Янгиликлар
Норчаев, Турғунбоев ҳамда Рашидовнинг Суперкубок учрашувидан кейинги фикрлари
"Мавсумдаги биринчи ўйинимиз бўлгани боис охирида чарчаб қолдик. Худо хоҳласа, чемпионат бошланса, бундан яхшироқ ҳаракат қиламиз. Хатоларимизни кўриб олдик.
"Навбаҳор"га қарши 1-тур ўйинида ижобий натижа кўрсатишга интиламиз", – "Насаф" ҳужумчиси Ҳусайн Норчаев.
"Ўйин ажойиб ўтди. Финаллар доим қийин ўтган. Кубокда имкониятни бой берганимиз сабаб Суперкубокни ютишга мажбур эдик, якунда уни қўлга киритдик. Бунинг учун жамоага раҳмат айтаман, ҳамма биргаликда астойдил меҳнат қилди. Бизни қўллаб-қувватлаб турган барча мухлисларга ўз миннатдорчилигимни билдираман.
Мураббий ҳамма ўйинчиларни баҳсга яхши тайёрлади. Унинг Ўзбекистондаги илк ўйини эди. Шу сабаб у ютишимиз шарт эканлигини ва ўзбек футболига мослашиб кетиши учун ёрдам беришимизни сўради. Якунда, унинг юзини ерга қаратмадик. Қўлдан келганча ҳаракат қилдик ва уддаладик.
"Насаф" мудофаа чизиғида зич ўйнаши туфайли қанотлардан узатилган паслар эвазига гол уришимиз мумкинлигини айтганди ва буни амалда исботладик", – "Пахтакор" ҳужумкор ярим ҳимоячиси Азиз Турғунбоев.
"20-дақиқада жароҳат олдим. Эртага тиббий текширувдан ўтаман. Манимча, жиддий эмас.
Жуда қизғин ўйин бўлди. Икки жамоага ҳам осон бўлгани йўқ. Худога шукрки, биз ғалаба қозондик.
Майдон яхши ҳолатда экан. Фурсатдан фойдаланиб, мухлисларга ҳам раҳмат айтаман.
Мураббий Черанга яқинроқ позицияда ўйнашимни айтганди. Мавсум давомида олдинги чизиқда биргаликда ҳаракат қиламиз.
Войнески жамоавий ўйинни хуш кўради. Шу боис кўпинча шерикларимга пас узатдим. Бундан ташқари, Черан билан тандем ҳосил қилишга уриндим", – "шерлар" вингери Сардор Рашидов.
Фикрлар