UZ

Сўнгги янгиликлар

01:21МЮ янги устози: "Манчестер Сити" - дунёнинг энг яхши жамоаси, Гвардиола эса энг яхши мураббий"  0 01:01ЭЛИТ ОЧЛ. Неймар яна жароҳат олди, "Ал Ҳилол" йирик ғалабага эришди  5 00:06Мората ижтимоий тармоқлар ҳақида: "Родри қолганлардан хотиржамроқ"  0 23:09Фирмино ва Махрезнинг голлари туфайли "Ал Аҳли" йирик ғалабани тантана қилди  0 23:04Элит ОЧЛ. Остон Ўрунов жамоаси дурангга рози бўлди  4 22:42Эшитдик-да! "Пахтакор"нинг Эрон клубига қарши ўйини Тожикистонда ўтиши мумкин  6 22:13"Арсенал"ни тарк этаётган Эду Гаспар бирданига 3та клубни бошқаради ва маоши 3 баравар ошади  1 21:35"Ал-Райян" бош мураббийи: "Дастлабки турларда Саудия "гранд"ларига қарши ўйнадик. Икки жамоа учун ҳам очколар жуда-жуда зарур"  3 21:17Аморим "Манчестер Сити"га қарши баҳс ҳақида: "Агар "Спортинг" ютса кимлардир МЮга янги Фергюсон келяпти дейди"  3 19:52Бруну Фернандеш: "Тен Хагдан кечирим сўрадим"  5 19:211 ой олдин "Насаф"га мағлуб бўлган мураббий "Рома"да Шомуродовнинг янги устозига айланиши мумкин  6 18:52МЮ афсонаси: "Манчестер Юнайтед" - мутлақо ўртамиёна жамоа"  1 18:25Дербида кучлар тенг келди ГАЛЕРЕЯ  0 17:5619 ёшли тўпурар ва бошқалар — Суперлигада 23-турнинг энг яхшилари  3 17:30Эшитдик-да! "Металлург" ва "Қизилқум"га таъқиқ қўйилади, "Нефтчи" ва "Навбаҳор" ҳам жазоланиши мумкин  8

«Нефтчи» мухлислар клуби ҳозир мавжудми? Янгиликлар

«Нефтчи» мухлислар клуби ҳозир мавжудми?

Теглар :  Нефтчи
Сарлавҳадаги савол жуда қизиқ. Аслида, у берилмаслиги керакдек. Чунки ҳозир Ўзбекистон чемпионатида иштирок этадиган деярли барча жамоаларнинг мухлислар клуби бор.

Бу ишқибозлар нафақат ўз майдонларида кечадиган, балки сафарда ўтказиладиган учрашувларда ҳам жамоаларини қўллаб-қувватлаб келмоқдалар. Бу эса, табиийки, олий лига савиясини оширишда ҳам катта аҳамият касб этади. Ахир футбол мухлис учун, мухлис эса футбол учун эмасми? Шундай экан, Фарғонада ҳам мухлислар клуби бор. Аммо...

ОРТДА ҚОЛГАН ТАРИХ

Фарғоналик мухлислар ҳар доим ўзбек футболида ўз ўринларига эга бўлиб келишган. Вақти келганда, улар ҳатто анча-мунча сафар ўйинларида ҳам ишқибозлик масаласида мезбонларни уялтириб қўйишган. Бир эсланг, «Нефтчи» мухлислари ўтган йили «Бунёдкор» ва «Пахтакор»га қарши кечган сафар ўйинларида жамоани қай тарзда қўллаб-қувватлашганди... Ўшанда пойтахт стадионларида мезбон жамоа мухлисларидан кўра фарғоналиклар кўпроқ йиғилгандек туюлганди.

«Нефтчи» иштирокидаги ўйинлар пайти стадионда кузатилган аншлагларни-ку айтмаса ҳам бўлаверади. Фарғонада футболни ҳар доим яхши кўришган. Ҳа, «Нефтчи»нинг ўзбек футболи байроқдори мақомини топширганига ҳам анча бўлди. Шунга қарамай, ҳеч бир мавсумда мухлисларсиз қолиб кетмади. Жамоа нечанчи ўринни эгаллашидан қатъий назар, ашаддий ишқибозлар ҳар доим стадионга келишган. Аммо мана шу фидойи ишқибозлар учун шароит етарлича яратиб берилганми? Қуйида айнан шу масалага эътиборингизни қаратмоқчимиз.

МУХЛИСЛАР ҲАҚИДА

Очиғини айтай, ўзим ҳам «Нефтчи» клуби мухлислар клубида бўлганман. Севимли жамоам учун астойдил, берилиб ишқибозлик қилганман. Фан-клуб аъзолари билан илк марта «Истиқлол» стадионида - «Нефтчи» ва «Сўғдиёна» клублари ўртасида кечган баҳс олдидан танишгандик. Тўғриси, уларнинг ҳар бири билан дарров дўстлашиб кетганмиз. Аҳил ва самимий инсонлар. Ўшанда мухлислар клубига оилавий аъзо бўлгандик - дадам, акам ва амаким. Яқинларинг билан бирга стадионга бориш ва севимли жамоангни қўллаб-қувватлаш - улкан бахт. Лекин ҳар қандай бахт ҳам тўкис бўлганида татир экан. Мухлислар клубига аъзо бўлдиг-у, у ердаги муаммоларни ҳис қилиб кўрдик.

МУАММОЛАР


Мухлислар клубига аъзо бўлганимиз заҳоти бир нарса сезилиб қолганди - клуб билан боғлиқ муаммолар жуда кўп эди. Юқорида олий лигадаги деярли барча жамоаларда фан-клуб аъзолари кўплаб имтиёзларга эга эканликлари хусусида сўз юритдик. Аслида, буни имтиёз деб ҳам бўлмайди, аммо мана шу кичик жиҳатлар клубни оммалаштиришда қўл келиши турган гап. Ҳозир чипта, транспорт, баннер ва ҳоказолар мухлислар клубининг ажралмас қисми бўлиб қолган ва баъзи жамоаларда бу ҳолат яхшигина анъана даражасига кўтарилиб улгурган. Бироқ айни шу масалада «Нефтчи»даги ишлар анча бошқачалигини айтсам, ҳайрон бўлманг.

Мухлислик масаласи бошқа клубларда ҳар қанча равнақ топиши мумкин, аммо «Нефтчи»га келганда ўзгаради. Сиз «Бунёдкор» ёки «Андижон» клублари ўртасида кечаётган учрашувни томоша қилсангиз, дўмбира ва карнай-сурнай овози мухлислар билан басма-бас чиқишини кўп бора кузатгансиз. Бу ҳам ишқибозликка ўзгача руҳ олиб киради, кайфиятни кўтаради. Аммо «Нефтчи»да худди шу масалада ишлар мутлақо ўзгача - стадионга «барабан» ёки «труба» олиб кирмоқчи бўлсангиз, катта таваккалга қўл урган бўласиз. Чунки «Истиқлол» стадионида бундай услубда севимли жамоангизни қўллаб-қувватлаш тақиқланган. Аренага ташриф буюришдан аввал бундай одатларингизни уйга ташлаб келишингизга тўғри келади. Акс ҳолда, муаммоларга дуч келишингиз турган гап.

Ҳа, яна «Нефтчи»нинг ашаддий мухлиси бўлсангиз, «Истиқлол» стадионига кириш учун ҳар сафар чипта сотиб олишингиз лозим. Чунки бошқа жойлардагидек бу ерда мухлислар клуби аъзоларига бепул чипта тақдим этилмайди. Тошкент, Андижон, Жиззах ёки Бухорода шундайдир, бироқ Фарғонада вазият анча ўзгаради. Мухлислар клуби - шунчаки, 15-20 кишидан ташкил топган бекорчилар гуруҳи эмаслигини ҳеч кимга тушунтира олмайсиз.

ТЕРМА ЎЙИНИ

Чиптани қўя турайлик, мухлислар клуби билан боғлиқ ташкилотчилик борасидаги оддий масалаларни ҳал қилиш ҳам катта муаммо. Чунки клубда ҳеч қандай расмий мақом йўқ. Фарғонадаги мухлислар клубининг собиқ раҳбари Абдураҳим ака бунинг учун рухсат берилмаётганини кўп марта таъкидлаган эдилар. Шу сабабли, бизда ҳатто «муҳр» ҳам йўқ. Қаерга бормайлик, муҳрланган ҳужжат талаб қилишади. Олий лигадаги бир қатор жамоаларнинг мухлислар клуби алоҳида ташкилот даражасига чиқиб улгурган. Аммо Фарғонада бундай ҳолат гувоҳига айланмайсиз. Бу ерда ишлар бошқача йўлга қўйилган.

Албатта, футболни яхши кўрадиган ашаддий ишқибоз севимли клуби учун ўз ёнидан пул сарфлаб, мухлислик қилиши лозим. Бу гапга тўлиқ қўшиламиз ва ҳеч қандай эътироз йўқ. Аммо мана шу мухлислар уюшиб, ўзаро ҳамжиҳатликда иш олиб боришларининг нимаси ёмон? Ўз навбатида, клуб ҳам ашаддий мухлисларга пешвоз чиқиб, биргаликда иш олиб бориши керак эмасми? «Нефтчи»нинг ўйинларига чипта-ку, майли, ўз пулимизга сотиб олиб кирармиз. Аммо нима учун фарғоналик мухлислар Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўйинларига киришда ҳам муаммоларга дуч келишлари керак? Қандай қилиб дейсизми? Ҳозир тушунтираман.

Яхши биласиз, Ўзбекистон миллий терма жамоаси мухлислар клуби учун ЎФФ томонидан ҳар бир ўйинга чипта тарқатилади. Фан-клуб раҳбари Абдураҳмон Фозилов бу чипталарни олий лига жамоалари ишқибозлари ўртасида тенг тақсимлайди. Бироқ «Нефтчи» мухлислар клуби расмий мақомга эга бўлмагани сабабидан бу чипталарни олгунча анча-мунча тер тўкишга тўғри келади. Шунда ҳам сўнгги дақиқаларда зўрға 5-10та бепул чипта оламиз, холос. Бошқа клуб аъзоларининг биздан анчагина кўп чиптага эга бўлганликларини кўриб, хўрлиги келади одамнинг. Ахир Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ўйинларига тушиш қай даражада қийин эканини ҳаммамиз яхши биламиз-ку...

ЧИҚИМ УЯСИ

Майли эди, «Нефтчи» олий лигада 1 ёки 2-ўринни олганда эди, маъмурият олиб бораётган иш устидан шикоят қилмасдик. Чунки бундай ҳолатда қизиқиш ҳам катта бўлади, мухлислар клубини таъминлай оладиганлар ишқибозлар орасидан ҳам топилади. «Нефтчи» ФК учун эса мухлислар клуби «чиқим уяси»дан бошқа нарса эмасдек кўринмоқда.

Хуллас, Фарғонада шунақа гаплар. Бир вақтлар мамлакатимизнинг энг етакчи клубларидан бири сифатида эътироф этилган, стадионни тўлдириб мухлис йиққан «Нефтчи» учун ҳозир битта мухлислар клуби ҳам ортиқча бўлиб қолган. Муаммолар етарли, аммо мухлисларда клуб расмийлари билан учрашиб, масалага ойдинлик киритиб олиш имконияти деярли йўқ даражада. «Футбол - мухлислар учун», деган гап ҳар доим таъкидланади. Лекин шунга яраша иш олиб борилаётганини ҳар доим ҳам кўравермайсиз. Тўғри, клубда ижобий ўзгаришлар ҳам бор. Масалан, матбуот хизмати аввалгидан кўра яхшироқ ишламоқда, баъзан қойил қолдирмоқда ҳам. Лекин шунинг ўзи етарли бўлармикан?

САЛОМГА ЯРАША АЛИК

Аслида, биз юқорида кўтариб чиққан муаммоларни ҳал қилиш осмондаги ойни узиб олишдан анча осонроқ. Шунчаки, мухлислар клубига бироз имтиёз улашиш, янги аъзоларни жалб этиш учун бепул чипталар таъминотини йўлга қўйиш ва ишқибозлик қилишда қўл келадиган ашёларни стадионга олиб киришга рухсат бериш билан олам гулистон бўлади. Бироқ бу гаплар бошқалар учун бизга туюлганидек осон кўринмаслиги ҳам бор масала.

Шу ўринда «бепул чипта» масаласи билан боғлиқ бир нохуш ҳолатни ҳам келтириб ўтсак. Гап шундаки, «Нефтчи» жамоаси ҳар йили бир мартадан «Пахтакор» ва «Бунёдкор» меҳмони бўлади. Табиийки, жамоа билан бирга мухлислар клуби ҳам сафарга боради. Кишининг завқини келтирадиган томони, ҳар икки клуб мухлислари бизни стадион олдида кутиб олиб, ўйинга кириш учун текин чипта билан таъминлайдилар. Бундай меҳмондўстлик жуда ёқимли ва ундан бошингиз осмонга етади. Аммо саломга яраша алик олиш ҳам зарур эканини ўйласангиз, чаккангиз тиришиши турган гап. Чунки «Пахтакор» ва «Бунёдкор» мухлислар клуби Фарғонага борган вақтда уларни «Истиқлол» стадиони ёнида совға чипта билан кутиб олиш имконияти жуда паст-да.

Ҳайтовур, жорий мавсум фарғоналик мухлислар пойтахтлик меҳмонларни муносиб кутиб олиш ҳаракатида юришган экан. Бу меҳмондўстлик қанчага тушишини ҳисоблаб кўриш қийин эмас. Чунки «Нефтчи» клубининг текин чипта билан таъминлаши жуда қийин масала. Жамоанинг топиб олган гапи: «Истиқлол» стадиони «Нефтчи» ФК ҳисобида эмас, биз мухлисларга бепул чипта бера олмаймиз». Яхшиям гап Фарғона вилоятига тегишли бўлган стадион ҳақида кетмоқда. Вилоят раҳбарияти билан гаплашиб, шундоқ ҳам бўшаб ётган «Истиқлол» стадионига 50-100та бепул чиптани мухлислар клубига олиб бериш наҳотки қийин иш бўлса?

ФУТБОЛКА ВА КЕПКА

Албатта, Фарғонада ҳам мухлислар билан ишлаш борасида бир қатор тадбирлар амалга оширилади. Масалан, бир йилда бир марта биттадан футболка ва кепка берилади. Бир қарашда шунинг ўзи раҳмат айтишга арзийдиган рағбат. Аммо жазирамада, қуёшга тик қараган ҳолда қарама-қарши ўриндиқларда ўтирган мухлисларнинг қадри фақат шу билан ўлчанадими?

«Нефтчи» фан-клуби ҳозир мавжудми? Бу саволга жавобни мақола давомида аниқ-тиниқ бермадик. Шунчаки, ўқиганингиздан ўзингиз хулоса қилиб олаверинг...

Ёқубжон СОҲИБОВ

Рейтинг: +12   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика