"Нефтчи" – "Андижон" ва "Бунёдкор" – "Насаф" учрашувларида пенальти ҳолатлари бўлганмиди? 24-турдаги ҳакамлик таҳлили
08 окт 16:40
Янгиликлар


"Нефтчи" – "Андижон" ва "Бунёдкор" – "Насаф" учрашувларида пенальти ҳолатлари бўлганмиди? 24-турдаги ҳакамлик таҳлили
✅ "Хоразм" – "Навбаҳор"
Бизнингча, бу вазиятда ҳакам пенальтини тўғри белгилади. "Навбаҳор" ўйинчиси жарима майдони ичида боши билан тўпни ҳимоячидан ошириб ўтказмоқчи бўлганида, ҳимоячи эҳтиётсизлик билан қўпол хатога йўл қўйди. Оёқ ва бош ўртасида тўқнашув мавжуд, аммо бутсанинг тишлари орқали зарба берилмагани учун пенальти белгилаш ва қоидабузарга сариқ карточка кўрсатиш тўғри қарор ҳисобланади.
✅ "Хоразм" – "Навбаҳор"
"Хоразм" жамоаси ўйинчиси қоидани жиддий равишда бузиб, рақибининг тўпиғидан юқорисига бутсасининг тишлари билан ташланди. У кичик сакраш билан яккама-якка курашга киришди, бу ҳам "босиш" элементи ҳисобланади. Буларнинг барчаси рақибга атайлаб шикаст етказиш нияти борлигидан далолат беради. Ҳакам мезбон жамоа ўйинчисини майдондан четлатиб, тўғри қарор қабул қилди.
✅ "Хоразм" – "Навбаҳор"
"Навбаҳор" дарвозабони ўз жарима майдони ичида эҳтиётсизлик билан ҳаракат қилиб, тўпга тегмасдан рақибни оёғи билан йиқитди. Тўғри қарор – интизомий чоралар қўлламасдан пенальти белгилаш.
✅ "Бухоро" – "Пахтакор"
Фикримизча, ҳакам пенальти белгиламасдан тўғри қарор қабул қилди. Тақдим этилган такрорларда на қоқилиш, на "босиб ўтиш" ҳолати кўринган. ВАР вазиятга ноўрин аралашган. Тўғри қарор – ўйинни давом эттириш.
✅ "Бухоро" – "Пахтакор"
Назаримизда, "Бухоро" жамоаси футболчиси эҳтиётсиз қўполлик содир этди. Тўғри, у дастлаб тўпга тегди, бироқ кейин иккинчи оёғи билан рақибини йиқитди. Яккама-якка курашга киришиш услубидан кўриниб турибдики, у рақибининг хавфсизлигини ўйламаяпти. Тўғри қарор – жарима зарбаси белгилаш ва қўпол ўйин учун сариқ карточка кўрсатиш. "Пахтакор" жамоаси футболчиси эса бунга жавобан носпортча хатти-ҳаракат қилди ва у ҳам огоҳлантирилиши лозим.
✅❌ "Нефтчи" – "Андижон"
Подкатдан сўнг "Нефтчи" ўйинчиси ўз ихтиёри билан йиқилди, ҳеч қандай тўқнашув кўринмайди. Ҳакам вазиятни тўғри баҳолаб, ўйинни давом эттирди, бироқ у симуляция учун мезбон жамоа ўйинчисига сариқ карточка кўрсатиши лозим эди.
❌ "Бунёдкор" – "Насаф"
Бизнингча, бу эпизодда ҳакам "Бунёдкор" фойдасига эркин зарба белгилаши ва "Насаф" ўйинчисига симуляция учун сариқ карточка кўрсатиши лозим эди. Оёқларда тўқнашув кўринмаяпти, аксинча ҳакамни алдашга уриниш кузатилмоқда. Ҳакам пенальти белгилаш орқали хатога йўл қўйди.
Шу тариқа, Суперлиганинг 24-тур ўйинларида ҳакамлар иккита хатога йўл қўйди.
Ўхшаш янгиликлар

Фикрлар