UZ

Сўнгги янгиликлар

07:46Суперлига. Бугун турнинг қизиқарли баҳсига гувоҳ бўламиз  0 03:00Франция. ПСЖ "Тулуза" дарвозасига 3та гол урди  0 03:00Бундеслига. "Бавария" йирик ғалабага эришди, Кейндан хет-трик  0 01:47Арне Слот: "Гвардиоланинг қолишидан хурсанд бўлдим"  0 01:13"Манчестер Сити" Чемпионшипга тушириб юборилса, Пеп жамоада қоладими? Унинг ўзи жавоб берди  1 00:43Флик Левандовскининг оффсайди борасида тушунтириш беришларини сўради  3 00:10Саудия Арабистони. Обамеянгнинг голи "Ал Насср"ни мағлуб қилди, Роналдудан 911-гол  15 23:33Россия. "Рубин" "Акрон"ни йирик ҳисобда мағлуб қилди  1 23:17Рубен Аморим: "Ўзимга, футболчиларга ва клубга ишонаман"  2 22:44Месси Флик "Барселона" бош мураббийи бўлгани ҳақида гапирди  8 22:08"Интер Майами"ни ким бошқариши аниқ  1 21:48Виталий Левченко: "Нефтчи"да ёшлар йўқ? Бунинг учун шароитлар йўқ"   8 21:35Рўзиқул Бердиев: "Чемпионатда ҳеч қандай мақсад қолмаган"  15 21:09Жамшид Саидов: "Ёш болалардек ўйнадик, рақиб бизни янчиб ташлади"  0 20:57Сергей Лушчан: "Навбаҳор" футболчилари "Нефтчи"га ўтяпти? Балки..."  2

Мирослав Блажевичнинг футбол фалсафаси Янгиликлар

Мирослав Блажевичнинг футбол фалсафаси

Жаҳон футболи мураббийлик мактабининг тирик афсоналаридан бири Мирослав Блажевич 81 ёшни қаршилаганига қарамай, ҳаётга муҳаббатни сира йўқотмаган ва ҳазил-мутойибага муносабати ҳамон яхши.

Шунингдек, ақл бовар қилмас машҳурлигига ҳам путур етган эмас. FIFA 1904 журнали мухбирлари хорват футболи фахри саналган мутахассис билан суҳбат асносида бунга тўлиқ амин бўлишди. Чунончи, у турли воқеаларга бой фаолиятидан баъзи муҳим жиҳатларни мароқ билан гапириб берди.

Мирослав Блажевич Хорватия пойтахтига келишидан атиги 3 дақиқа ўтиб, мактаб ўқувчилари қуршовида қолди. Ҳамманинг мақсади тайин - афсона ёнида суратга тушиш ёки ундан дастхат олиш. Блажевич уч қадам ташладими-йўқ, роҳиба уни қўлидан тутиб, қулоғига шивирлади: «Мен мудом сен учун ибодатдаман, Чиро». Хуллас, мураббийнинг  торгина майдондан ўтиб, суҳбат учун танланган мўъжазгина ресторанга етиб олиши учун 15 дақиқа кетди...

— Жаноб Блажевич, кўрдикки, бу ерга келишингиз билан ҳаттоки, ҳаракатдаги трамвай ҳам тўхтаб қолди, чунки унинг ҳайдовчиси назари сизга тушди...


— Ҳа, улар доимо шундай қилишади. Мен эса ўз навбатида, уларга қўл силкитаман: «Раҳмат».


— Шунчалик машҳурлик ёқимли бўлса керак.

— Кўчаларда одамлар мудом ёнимга келиб, бироз суҳбатлашиш ёки бирга суратга тушишга уринишади. Гарчи бу ҳолат хотинимга ёқмаса-да, шахсан ўзим ҳар бир кишининг муносабатидан ўзгача хурсанд бўламан. Дейлик, Боснияда менга янада кўпроқ эътибор қаратишади. Ҳарқалай, айнан у ерда туғилганман ва бунинг таъсири бор. Ўйлайманки, бундай илиқ ёндашувдан шунчаки, завқланишим керак. Ахир бугун ҳаётман, эртага эса нима бўлишини билмайман.

— Ҳатто мактаб ўқувчилари ҳам олқишламоқдалар. Нима, улар сизни ва фаолият йўлингизни яхши билишадими?


— Эҳтимолки, мени реклама шиорлари орқали танишар. Чунончи, ҳали ҳам сиёсатга озгина дахлим бор ва газеталарда чиқиш қиляпман. Балки айримлари Блажевич қандай инсон эканлигини ота ёки боболаридан эшитгандир.

— Қизиқ савол - ҳозир шу пайтгача нечта профессионал жамоани бошқарганингизни айта оласизми? Яъни аниқ саноғини?


— Эҳ, мени қийнаманг, бирданига айтишим қийин...

— Бир уриниб кўринг...


— 26та.

— Йўқ, адашдингиз, жами 28та жамоага устозлик қилгансиз.


— Уҳ, қойил.

— Шунинг баробарида биргина Загреб «Динамо»сида нақ 4 марта иш олиб боргансиз.


— Эсимда, «Динамо»даги биринчи муддат сеҳрли бўлганди. Мен айнан ўша вақт мураббий сифатида шаклланганман ва жамоам ўз ўйини билан бутун ҳудудимизни ҳайратга солганди.

— Гап ўтган асрнинг 80-йиллари бошидаги воқеалар хусусида кетяпти...

— Ҳа, асосан 1982 йилни назарда тутяпман. Зеро, биз нақ 24 йиллик танаффусдан сўнг Югославия чемпиони мақомига эга бўлгандик. Муваффақиятимизни қандай қабул қилишганини тасаввур ҳам этолмасангиз керак. «Динамо» раҳбарияти 42 000 дона мавсумий абонемент сотганди. 42 минг! Ўша вақт бу борада биз билан биргина «Барселона» тенглашиши мумкин эди. Умуман, ўшанда айнан Загребда ишлаганим - бу менинг бахтим.

— Бироқ фаолиятингизнинг чўққиси Хорватия термаси билан боғлиқ. 1998 йилги жаҳон чемпионатини қандай хотирлайсиз? Мундиалдан олдин 3-ўрин ҳақида лоақал ўйлаганмидингиз?


— Чинакам тарихий лаҳзалар. Бу хотирани биздан ҳеч ким тортиб ҳам ололмайди. Табиийки, Франция турниридан олам-олам яхши таассуротлар билан қайтганман. Ўша бронза медали қандай қўлга киритилганини ҳар бир хорват эслайди, менга муносабатни кўриб турибсизлар (кулади). Лекин шахсан ўзим учун 1982 йил чўққига чиқиш даври ҳисобланади, гарчи кўпчилик бу фикримга қўшилмаса-да. Ҳа, ЖЧ-98 барча фуқароларимиз қалбини жунбушга келтиргани рост. Бинобарин, биздаги урушнинг тўхтаганига кўп бўлмаганди.

— Одамлар ҳалигача ярим финал йўлида Германия термасини қандай йўсинда 3:0 ҳисобида тор-мор келтирганинглар ҳақида сўрашса керак...


— О, ақлга сиғмайдиган воқеа.

— Ўша ўйинми?


— Ўйиннинг ўзи эмас, балки унга боғлиқ ҳаммаси. Мисол учун, ўйиндан олдин доимо шогирдларимга тактик қарашларимни тушунтирардим, бу жуда муҳим ҳолат. Ахир муайян режага эътибор қаратиб, бор кучни уни амалга оширишга йўналтириш бирламчи вазифа саналади. Акс ҳолда, майдонга тушишдан маъно йўқ. Бироқ немисларга қарши ўйин куни, ҳамма мендан режа кутган пайт ҳеч нарса деёлмагандим. Кучли босим туфайли ўзимни ёмон сезганимдан шунчаки, ҳорғин ўтирганман. Футболчилар мени бундай аҳволда кўришгач... Қолганини ўзинглар тушунасизлар - бу жамоа руҳиятига ижобий таъсир қилган.


— Демак, шогирдларингизни шунчаки, майдонга кузатиб қўйгансиз, шундайми?

— Йўқ, кийиниш хонасида атайин чамаси 7 дақиқа бир оғиз гап айтган эмасман. Ҳалигача футболчилар бундай ёндашувдан қандай ҳолга тушишганини яхши эслайман - юзлари худди оппоқ қоғоздек оқарганди. Муҳими, улар ғалаба қозониш йўлини топишган, барибир.

— Жамоани шайлантириш учун қўрқув ҳолатидан фойдаланган экансиз-да. Бунақаси кучли руҳшунослар хаёлига ҳам келмайди...


— Қўрқув ҳисси жамоани фалаж қилолмайди. У баъзан футболчиларга куч бағишлаши ва қийин вазиятда ёрдам ҳам бериши мумкин. Фақат, қўрқув солиш вақтини билсангиз, бас.

— Жамоангизнинг ЖЧ-98даги муваффақияти сири шуми?


— Йўқ, биргина Германия термасига қарши кечган чорак финал баҳсида шундай йўл тутганман ва бу самара берган. Турнирни умумий олганда эса, футболчиларга 1-ўринни олишга уриниш шартлигини тинмай уқтиргандим. Сиз эса 3-ўринни ўйлаганим-ўйламаганим ҳақида сўраб ўтирибсиз...

— Жиддий гапиряпсизми?


— Мақсад - чемпионлик. Бу жуда фантастикадек туюлмаган ҳам. Ахир ихтиёримда жаҳон савиясидаги футболчилар тўпланишганди: Шимич, Бобан, Шукер... Ҳа, ҳозирги таркиб ҳам чакки эмас: Модрич, Манжукич, Перишич, Ракитич... Хуллас, Хорватияда кучли жамоа бор. Қаранг, йигитларимиз асосан сайёрамизнинг энг буюк клубларида ўйнашади.

— Жамоани Евро-2016га олиб борган Анте Чачич сиздан қандайдир маслаҳат сўрадими?


— Шуни айтишим мумкинки, биз вақти-вақти билан ўзаро гаплашиб турамиз.

— Сизнингча, бугунги кунда яхши мураббий қандай бўлиши керак?


— Профессионал футболда 7та муҳим жиҳат бор: иқтидор, иштиёқ, характер, ақл, меҳнатга лаёқат, мақсад ва омад. Сизда шулардан қанча кўпи мужассам бўлса, муваффақият қозониш учун имкониятингиз шунчалик ошади. «Ақл» - бу билан дейлик, ракетасозликдаги илм даражасини назарда тутаётганим йўқ. Ички туйғу - инстинктдан тўғри фойдаланиш ҳам ақл ҳисобланади.

— Хосеп Гвардиола замонамизнинг энг яхши мураббийими?


— Аниқ айтолмайман. У ўз ишини яхши бажаряпти, бироқ Жозе Моуриньо ҳам бор. Эҳтимол, мураббийларга муайян давр якуни бўйича баҳо бериш тўғри бўлар. Худди Фергюсонни «Манчестер Юнайтед»даги 20 йиллик иши юзасидан «муҳокама» қилишганидек. Мен бир нарсани ишонч билан таъкидлай оламан: тактика ва тизим билимдони бўлишнинг ўзи яхши мураббий эканлигингни англатмайди.

— Ўта талабчан мураббий сифатида ном қозонгансиз...


— Гап шундаки, Хорватия термаси юлдузларига қаттиқ турмасам бўлмасди. Акс ҳолда, улар гапларимга қулоқ тутишмасди. Тартиб-интизом ва муайян қоидаларга амал қилиш доимо катта аҳамият касб этади. Тўғри, тан оламан, баъзан қаттиққўлликни бироз ошириб ҳам юборгандирман.

— Замонавий футболчилар чиндан ҳам, ўта эрками?


— Ҳа, бироқ авваллари ҳам худди шундай бўлишган. Барчаси мураббийга, унинг нимага рухсат беришию, нималарни тақиқлашига боғлиқ. Ўйинчилар талтайиб кетишлари ёки қоидани бузишлари мумкин — бу табиий ҳол. Лекин навбат ишга келганида, улар ўз вазифаларини сўзсиз бажаришлари шарт.

— Мураббийлик масаласида энг қимматли тажрибани қаерда тўплагансиз?


— Швейцарияда, иш бошлаган жойимда. 60-йиллар охирида футбол ўйнашни тугатиб, дарҳол мураббийликка қўл урганман. Бунинг учун барча зарурий билимларга эга бўлсам-да, анча вақтгача ҳеч ким иш таклиф қилмаган. Фақат маълум вақтдан кейин Швейцария учинчи дивизионида ишлаш имконияти туғилди. Шундан 6 йил ўтиб, «Сьон» билан Швейцария чемпиони бўлдим ва маҳаллий журналистлардан бири шундай ёзди: «Блажевич — жаҳоннинг энг яхши мураббийи». Мен эса бунга ишондим!

— 18 ёшингизда чанғи спорти бўйича Югославия чемпионатида ғолиб чиққан экансиз...


— Икки нафар акам урушда ҳалок бўлган — 1942 ва 1944 йилларда. Ота-онам ҳам ҳаётдан эрта кўз юмишган ва мен 3 нафар синглим билан қолганман. Бундай қисмат инсон феъл-атворига таъсир қилади. Хуллас, мақсад сари интилиш самараси ўлароқ, 1953 йили ўша турнирда ғалаба қозонганман. Шундан кейингина футболга ўтгандим.

— Яна мураббийлик қилишни истармидингиз?


— Йўқ, бу ишга нуқта қўйганман.

— Лекин 70 ёшингизда ҳам худди шундай деган эдингиз...


— Эндиги қарорим қатъий. Футбол ҳамон ҳаётим мазмуни, аммо энди уни четдан кузатганим маъқул. Мени унутишмаганини билиш ёқимли. Хўш, яна нимани орзу қилишим мумкин?


 А. ҚОДИРОВ тайёрлади

Рейтинг: +4   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика