Марат Бикмаев янги ўн йилликнинг илк куни 34 ёшга тўлди!
01 янв 2020 16:25
Янгиликлар
Марат Бикмаев янги ўн йилликнинг илк куни 34 ёшга тўлди!
Эътиборга молик жиҳати шундаки, янги ўн йилликнинг илк кунида таниқли футболчиларимиздан оз эмас, кўп эмас, етти нафари ўз таваллуд айёмини нишонлаяпти. Анъанага содиқ қолган ҳолда туғилган кун соҳибларини муборакбод этишда давом этамиз. Илк табригимиз тажрибали ҳужумчи Марат Бикмаевга аталади.
Марат Бикмаев - 1986 йилнинг 1 январь куни Тошкент шаҳрида дунёга келган. Футбол муҳитида вояга етган ёш Марат болалигиданоқ миллионлар ўйинига меҳр қўйди. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмасди. Унинг отаси Рифкат ака хатто бир маротаба Собиқ Иттифоқ терма жамоаси сафида майдонга тушишга ҳам муваффақ бўлган. Лекин жароҳат сабаб фаолиятини эрта якунлаган. Маратнинг акаси ҳам футбол ўйнаган. Аммо, у ҳам катта футболда узоқ муддат қолмаган. Бугунги қаҳрамонимиз худди акаси сингари Чиғатой футбол мактабида тўп тепишни бошлаган. Бразилиялик Роналдога ўхшашни орзу қилган Марат қисқа фурсатда селекционер мураббийларни ўзига жалб эта олди. Ҳаётини футболсиз тасаввур қила олмаслигини тушуниб етган ёш Маратни Республика олимпия захиралари коллежига ўқишга қабул қилишди. Ўтган асрнинг 60-йилларида Титов номи билан очилган ушбу спорт даргоҳида футболимизнинг энг номдор вакиллари таҳсил олишган. Бу бахт Маратга ҳам кулиб боққан.
- Ўша пайтлари барча ёшларнинг орзуси “Пахтакор”да ўйнаш эди. Менда ҳам шундай орзу бўлган. 2002 йилда бу орзуим рўёга чиққан. Кейин Дилшод Нуралиев бошчилигидаги Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасига таклиф этилдим. У ерда Виталий Денисов, Санжар Турсунов, Сергей Арслонов, Садриддин Абдуллаев сингари тенгқурларим билан бирга ўйнадик. “Пахтакор” асосий таркибида Тачмурад Агамурадов, ёшларда Рауф Инилеев бош мураббий эди. Асосий таркибдаги дебют учрашувим “Сўғдиёна”га қарши бўлиб ўтган. Ўшанда жамоамизда Миржалол Қосимов, Бахтиёр Ашурматов, Леонид Кошелев сингари маҳоратли футболчилар тўп тепишарди. Улар мен учун ҳақиқий намуна эдилар. Илк ўйиндаёқ гол урганман. Буни ҳеч қачон унута олмайман, - дейди Бикмаев.
Марат Бикмаев 2003 йили БАА яшил майдонларида ўтган ёшлар (U-20) ўртасидаги Жаҳон чемпионатида иштирок этган. 17 ёшли Марат Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси таркибида Аргентина (66 дақиқа), Мали (70) ва Испания (90) ёшларига қарши майдонга тушган. Кичик мундиалдаги ўйинлари сабаб унинг бир зумда “совчилари” кўпайиб кетган. 2004 йилда у Самаранинг “Крилья Советов” клуби билан шартнома имзолайди.
- Ўшанда “Пахтакор”да Александр Клецков ҳам ўйнарди. Бизнинг италиялик агентимиз бор эди. “Крилья Советов”дан аввал бизни “Интер”га кўрикдан ўтиш учун олиб боришган. Ўшанда миланликлар сафида Иван Кордоба, Кристиан Вьери каби юлдузлар бор эди. Биз икки ой давомида “Интер” ёшлар жамоаси билан бирга машғулот ўтказганмиз. Машғулотни якунлаб асосий таркиб машғулотларини томоша қилардик. Икки ойдан сўнг Клецков Тошкентга қайтди, мен эса Самарага кетдим. Йиғиндан сўнг шартнома туздим ва Россиядаги фаолиятим бошланди, - дея сўзини давом эттирди бугунги қаҳрамонимиз.
Марат Бикмаев “Крилья Советов”дан сўнг Қозоннинг “Рубин”, Нальчикнинг “Спартак”, Владикавказнинг “Алания” клублари шарафини ҳимоя қилди. Хатто Еврокубокларда ҳам майдонга тушди. Шундан сўнг Қозоғистоннинг “Актобе”сига кўчиб ўтди ва 2013 йилда чемпионга айланди.
Умуман олганда, Марат Бикмаев етти карра Ўзбекистон чемпиони, уч марта мамлакат кубоги, шунингдек, Суперкубок ҳамда Лига кубоги соҳиби ҳисобланади. “Актобе” таркибида чемпионликдан ташқари бронза медалларига ҳам эга чиққан. Ўтган йили у “Пахтакор” билан барча совринларни қўлга киритди. 2019 йилнинг сўнгги куни эса яна “Локомотив” клубига қайтди ва янги мавсумда “темирйўлчилар”га ёрдам беради.
Фурсатдан фойдаланиб, сайтмиз ижодий ходимлари ҳамда ўқувчилари ва албатта мухлислари номидан янги ўн йилликнинг илк кунида ўз таваллуд айёмини нишонлаётган Марат Бикмаевни бугунги унутилмас сана ва қўшалоқ байрам билан муборакбод этамиз. Ўйлаган барча орзулари рўёбга чиқсин!
Фикрлар