UZ

Сўнгги янгиликлар

21:57ДАҲШАТ! "Фулхэм" дербида "Стэмфорд Бриж"да ғалабага эришди!  17 21:34АПЛ. "Вулверхэмптон" - "Манчестер Юнайтед" баҳси асосий таркиблар маълум!  3 21:09"Манчестер Сити"да нохуш статистикалар  2 20:52Пеп Гвардиола: "Бизда ҳозир шундай даврки..."  7 20:19Аканжи: "Адолатсиз натижа"  6 19:56Моуриньюнинг "Фенербахче"си Абдуқодир Ҳусанов бўйича таклиф билан чиқмоқчи  27 19:32"ФарДУ" клубида мавсум якунларига бағишланган тақдирлаш маросими ўтказилди  2 19:24Муваффақиятсизлик давом этади: "Манчестер Сити" бу сафар ўз уйида "Эвертон" билан дуранг ўйнади, Холанд пенальтидан гол ура олмади  33 19:10АПЛ. Тез орада бошланадиган "Челси", "Тоттенхэм" ва бошқа жамоалар иштирокидаги ўйинлар учун таркиблар маълум  6 18:48"Шўртан": Суперлигага тайёргарлик давом этмоқда  1 18:41Қатор топ клублар ПСЖ футболчиси учун курашади  1 18:12"Чадормалу Ардакан" — "Истиқлол". Машарипов асосий таркибда  0 18:07Умид Эргашев "Насаф" билан хайрлашди. У "Навбаҳор"га ўтмоқда  9 17:55Фликка таянч ярим ҳимоячиси керак. Номзодлар: Канте ва Горецка  1 17:32"Реал"га ван Дейк керак эмас  4

Луиш Нани: «Болаликдаги дўстларим қамоққа тушишган» Янгиликлар

Луиш Нани: «Болаликдаги дўстларим қамоққа тушишган»

Нани камбағалликда, ота-онаси меҳридан узоқда, Лиссабондаги хароба кварталларнинг бирида ўсди.

Аммо оиласининг муносиб ҳаёт кечириши учун курашдан тўхтамади ва вақтики келиб, Португалия терма жамоаси таркибида Евро-2016 турнирида иштирок этди ва чемпионга айланди.

Сэр Алекс Фергюсон нигоҳи билан ҳар қандай кишининг этини жунжиктириб юборишни, кийим алмаштириш хонасида МЮ етакчиларини елпарчин қилишни, смартфон билан футболчиларга ташланишни, стул ёки сув тўлғазилган шиша идишларни тепишни, ўйинчиларни бор овози билан бақирган кўйи жаҳл отига миндиришни доимо ўринлатиб келган. Буларнинг ҳеч бири фойда бермаган тақдирда эса, бутсани Дэвид Бекхэмнинг кўзига қойиллатиб мўлжаллашни ҳам уддалаган.Фергюсон кимсан Бекхэмни - барчанинг бирдай эътиборида бўлган шахсни камситишнинг уддасидан чиққан экан, ўзаро суҳбатда ориққина қора танли йигитни - Манчестерга музокара олиб бориш учун бир ҳафта овқат емаган инсондай ташриф буюрган футболчини не кўйга солганини тахминан башорат қилиш мумкин.

Ферги ва унинг ёрдамчиси Карлуш Кейруш Нанини бир ярим йил давомида кузатишган ва унинг ҳар бир финтини билишганидан сэр Алекс унга футболга оид бирорта ҳам савол бермади. Сўраган ягона нарсаси: «Англияда ўйнаш учун руҳан тайёрмисан? Қандай техникага эгалигингнинг менга қизиғи йўқ, руҳан тайёрмисан?», бўлди.  Ўшанда Нанининг овози титрамади, этни жунжиктириб юборадиган нигоҳга ҳам бардош берди. Хотирасида болалигидаги бир кўриниш жонланган бўлса не ажаб - кичкина Луиш ўртоқларига вақтики келиб «Манчестер Юнайтед» либосини кийишини айтмоқда. Улар эса: «Албатта киясан, фақат тушингда», деб жавоб қайтаришяпти...

Нанининг Манчестерга ташрифидан 5 кун аввал эса шу пайтгача «Порту»да ўйнаган бразилиялик Андерсон клубга келганди. Ҳар иккалаларини Криштиану Роналду... ўз қарамоғига олди - вақтинча бирга яшаш учун уйига таклиф ҳам қилди. Шароитлар эса ҳайратда қоларли даражада эди - бассейн, теннис корти... Криштиану уларга ҳар жабҳада ёрдам беришга интилар, йўл қоидаларини тушунтиришдан бошлаб, маҳаллий папараццилар ҳақида ҳикоя қиларди. Нани бундай қабулдан ўзини йўқотиб қўйгани етмаганидай, оқсуякларга хос шароитларга анчагача кўниколмади - хонасидан чиқишдан қўрқиб кўп оч қолди, чунки ёлғиз овқатланишга ўрганмаганди-да.

Шунга қарамай, Манчестерда Нани ўсиши учун шароит бор эди - «Юнайтед»дан маош, яхшигина уй, Криштиану ва Уэйн Руни билан ўтказилаётган машғулотлар, карьерасининг муваффақиятли бошланиши... Энди у келажакка ишонч билан боқа оларди. Аммо ҳамма гап болаликдами? Луишлар - ўшанда у ҳали Нани эмасди (дарвоқе, бу номни унга синглиси Кристенед берган) оиласи Лиссабон атрофидаги харобаларда яшар, оила кўп болали бўлиб, у энг кичиги эди. Бу оила яхши ҳаёт умидида Кабо-Вердедан кўчиб келган, аммо оғир яшаш шароитида ўзгариш бўлмаганди. Домингуш - оила бошлиғи муносиб иш ахтариб, турли ўлкаларга бора бошлади, бир сафар эса ортга қайтмади. Ўшанда Нани 5 ёшда эди. Ке-йинроқ онаси Мария ҳам Нидерландияга йўл олди ва ўша ерда янги ҳаётини бошлади. Нани ўшанда 12га кирганди.

Ўсмир холаси Антония қарамоғида қолди ва бу аёл уни Санта-Филоменедаги уйига олиб кетди ва болага иккинчи она бўлиб қолди. Наниларнинг уйи бир қаватли бўлиб, томи темир листлар билан ёпилган, атрофда эски матрас ва металл бўлаклари ёйилиб ётарди. Асосан Ангола ва Кабо-верделик келгиндилар яшайдиган квартал учун одатий ҳолат. «У ерда яшаш оғир эди, - деб эслайди Нани. - Полиция билан доимий муаммолар, тез-тез ўқ овозлари ҳам эшитилиб турарди. Бу ер зўравонлар маскани эди. Болаликдаги кўпчилик дўстларим қамоқхоналарга тушишган, мени эса бундай қисматдан футбол сақлаб қолди». Нани йўқчиликда улғайди, бир хонада 6 акаси билан ухлади. Уйғонганда эса ўзини Луиш Фигу деб тасаввур қилганча тўп ортидан қувди. 6-7 соат югуриб чарчаганда ҳам уйга шошилмас, чунки тушлик қилгани барибир ҳеч нарса йўқ эди. Акаси Паул Роберту бўлмаганида бу ҳолат яна қанча давом этиши номаълум - бир куни у укасининг қўлидан ушладида  «Массама» клуби машғулотларига олиб борди. Кўрикдан муваффақиятли ўтган болани мураббий  жамоага қабул қилишга қарор қилди. «Тўйиб овқат емаганидан болакай жуда кучдан қолганди, аммо унинг тўп билан муомаласини кўриб барчамиз ҳайратдан ёқа ушлаб қолдик ва унинг ориқлигини ҳам ёддан чиқардик», - дейди Нанининг биринчи мураббийи Луиш Невеш.

«Массама»да Нани нафақат ўзи каби ёш иқтидор эгалари билан бирга тўп тепиш, балки тўйиб овқат ейиш имконига ҳам эга бўлди. Ўсмирни спорт анжомлари ва кийим-бошлари  билан таъминлашди, паспорт олишида кўмаклашишди. Нани машғулотларга 5 километр масофани пиёда босиб борарди. Қайтишда ҳам Санта-Филоменадан Амадоруга олиб борувчи темир йўл шпалалари устидан яёв кетарди. Машғулотлар оқшомгача давом этганида у ўғрилар қўлига тушмаслик ва калтакланмаслик учун поездда «қуён» бўларди. Тўғри, ҳар сафар ҳам полициячилар кўзини шамғалат қилишнинг уддасидан чиқолмасди, шундай ҳолларда бола ерга қараганича нега поезд чиптаси учун пул тўламаётганини тушунтиришга ҳаракат қиларди: «Чиндан ҳам пулим йўқ, ойимнинг ҳам пули йўқ, аммо мен машғулотларда қатнашишим керак. Бу оиламизнинг кўтарилиши учун ягона имкондир». Нани ҳаётини яхшилаш учун бор кучи билан ҳаракат қилар, акаси Паулу Роберту тўп ортидан қувганида унинг ортидан югурар, қурилишда пул ишлаш имкони пайдо бўлганида ҳам ёрдамини аямасди. Паулу ҳатто «Спортинг» ва «Аякс»да кўрикдан ҳам ўтди, аммо мустаҳкамлана олмади. Кейин эса жиноятчилар маскани бўлган квартал ҳаёти уни батамом ютиб юборди.

Вақтики келиб, имконидан юқорироқ сакраши талаб қилинганида Нанининг олдида 2 йўл турарди: «Спортинг» ёки «Бенфика»? Аммо у «Порту»нинг мухлиси эди-ку, таклиф эса бошқа клублардан тушди. Шунда Нани айёрлик йўлини тутди - сешанба кунлари «Бенфика» лагерига йўл олди, пайшанба ва жумада «Спортинг» кўригида қатнашди. Ҳаммасини эса биргина кутилмаган воқеа ҳал қилди - «бургутлар» «Боавишта»га қарши «Да Луш» стадионида ўтказиладиган баҳсда кўрикдан ўтаётганларга имкон беришга қарор қилишди...

Вақтики келиб, Нани «Спортинг»нинг Алкошетдаги машҳур академиясида таҳсил олди, Криштиану ва Рикарду Куарежма билан танишди, 5 йил ўсмирлар жамоаларида пишди,  2005 йил ёзида эса жамоани Паулу Бенту қабул қилди - айнан у  «ёшлардаги» футболчи ўйинларига юқори баҳо берганди. Шу тариқа Нани асосий таркиб паттасига эга бўлди, бир мавсумда 36та ўйинда майдонга тушди, кейинги йили эса ЧЛ доирасида «Спартак» дарвозасига «Лужники»да гол урди. Манчестерга кетиш олдидан эса Бенту билан машғулотларда тўқнашди. Сабаб бир қарашда арзимасдай эди - тўп майдон ташқарисига йўл олганида бўлғуси «Динамо»чи Куштодиу уни хотиржам кузатиб қолди. Нани бўлса қаттиқ «подкат» усулини қўллади. Куштодиуга муз қўйишаётганида Паулу унга ўгирилди-да деди: «Ҳаммаси тамом, сендан яхши футболчи чиқмайди». Нани эса: «Сен шундай деяпсан, тўғрими? Аммо бу гап менга тегишли эмас». Кўп ўтмай Луиш туманли ўлкага йўл олди, «Юнайтед» билан шартномага имзо чекди, Криштианунинг уйига кўчиб ўтди, у эса янгилардан ёрдамини аямади. 2008 йил майида эса Нани ҳам Роналдуга ёрдам берди -  ўшанда «Лужники»даги ЧЛ финалида пенальтилар серияси давом этаётганида Криштианунинг зарбаси ноаниқ тус олиб, кўзларида ёш пайдо бўлганида, Нани кейинги зарбани бериши керак эди. Бу тўпни ҳам Петр Чех қарийб қайтаришни уддалади - аммо, «қарийб» гол урилмади дегани эмас. Кейин Терри ва Николя Анелькалар ҳам хато қилишди ва Нани кубокни илк инглиз мавсумининг ўзидаёқ боши узра баланд кўтарди.

Нанини ҳамма қўллаб-қувватларди - Криштиану ҳам, Уэйн Руни ва сэр Алекслар ҳам, аммо унинг ўзи ёшларга хос касаллик билан оғриганди: ностабиллик. «Манчестер»даги қаторасига 2 мавсумни шунчаки ўтказганига қарамай, у Португалия терма жамоасидан ЖЧга чорлов олди. Аммо кутилмаганда елкадан олинган жароҳат ҳаммасини бекор қилди. Оқибатда, Нани депрессия ҳолатига тушди - уйга келгач, машинага ўтирдида газни босганча бошидаги бўлмағур фикрларга эрк берди. Кейин эса сал ўзини босиб олди ва бу жароҳат ўз устида янада кўпроқ ишлаш учун белги эканлигини тушуниб етди. 2010Ғ11 йиллар мавсуми Нани учун фаолиятидаги энг яхши мавсум бўлди - у 19та голли узатмаларни амалга оширди, «Манчестер Сити»га қарши дерби қаҳрамонига айланди (голҚпас) ва «Қизил иблис»ларга ЧЛ финалига чиқишда ёрдам берди.

Бир йилдан кейин Луишнинг ўйи-ни яна ортга қайтгандай бўлди, аммо у Еврога борди ва Криштианудан олган барча ёрдамларини эсидан чиқариб, унга қарши норозиликларга етакчилик қилган, деган гап-сўзлар тарқалди - Германияга ютқазиб қўйишганидан кейин Криштиану сардорлик боғичини ечиб ташлаганди. Миш-мишлар миш-мишлигича қолди, аммо барчаси унут бўлмади - Нанини тез-тез танқид қиладиган бўлиб қолишди, «МЮ» таркибидан ҳам кам ўрин оладиган бўлди, 2012 йилнинг ёзидан 2014 йилгача премьер-лиганинг бор-йўғи 23 учрашувида майдонга тушди. Уйига - Лиссабонга қайтиб, «Спортинг» таркибида кучли мавсумини ўтказди. Ўтган ёзда эса «МЮ» олдидаги бор мажбуриятидан қутулиб, Стамбулга кўчиб ўтиб. «Фенербахче» таркибида бир мавсумда жариманинг ўзидан 6та гол урди ва бу билан барчада нима учун термадаги стандартларни фақат Роналду амалга оширади, деган саволни келтириб чиқарди. Евро-2016да эса Нани илк бор асосий таркибдан мустаҳкам ўрин эгаллади. Марказий ҳужумчи сифатида голлар урди, турнир давом этаётган бир пайтда Испаниянинг «Валенсия» жамоасидан таклиф олди.

Евро-2016 давомида терма сафида майдонга тушганида трибунадан уни яна Португалияга қайтган Мария қўллаб-қувватлади - Луиш у билан яхши муносабатда бўлишга интиляпти. Сал аввалроқ эса Нани отасининг олдига - Кабо-Вердега бориб келди.  Нани Лиссабон марказидан 3 хонали квартира сотиб олган. Томи занглаган темир листли уйларини эса ер билан текислаб ташлашган. Энди у ердан ҳеч ким шпалалар бўйлаб машғулотларга қатнамапти.

И.ОБИДОВ тайёрлади

Рейтинг: +12   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика