UZ

Сўнгги янгиликлар

14:59"Металлург" — "Сурхон" 0:0 (Матнли трансляция)  3 14:43"Сивасспор" — "Қосимпошо". Турғунбоев асосий таркибда  1 13:38"Барселона" ва "Ливерпуль" бир ўйинчи учун курашади  5 13:04Анчелоттининг ўрнини Солари эгаллаши мумкинмиди?  7 12:38"Манчестер Юнайтед" бош мураббийи Аморим: "Мен ўзини босслардек кўрсатишни хоҳлайдиганлардан эмасман"  3 12:04Серхио Рамос АПЛда ўйнаши мумкин?  5 11:28"Арсенал" "Милан" етакчиларидан бирини нишонга олди  2 11:01«Бавария» Флориан Виртц учун қанча пул сарфлашга тайёрлиги маълум  1 10:34Кечаги мағлубиятдан сўнг «Манчестер Сити» қандай антирекордларни ўрнатди?  18 10:05Аморимнинг «қора» рўйхатига тушган футболчилар маълум. МЮ 7 нафар футболчи билан хайрлашишга тайёр  16 09:37Sofascore. Кечаги учрашувда Ҳусниддин Алиқуловнинг ҳаракатлари неча баҳога лойиқ кўрилди?   3 09:05Гвардиола кечаги мағлубиятдан сўнг нималар деди?  11 08:36Sofascore. Кечаги учрашувда Аббосбек Файзуллаевнинг ҳаракатлари неча баҳога лойиқ кўрилди?  2 08:06Саудия Арабистон чемпионати. «Ал Ҳилол» мавсумдаги илк мағлубиятини қабул қилди  2 07:38Суперлига. Бугун 25-тур якунланади  2

"Локомотив"даги муҳит менга ёқди, бир йилда 10тача қўлқоп алмаштираман, дадам туфайли дарвозабон бўлганман" - Абдумавлон Абдужалилов билан суҳбат Янгиликлар

"Локомотив"даги муҳит менга ёқди, бир йилда 10тача қўлқоп алмаштираман, дадам туфайли дарвозабон бўлганман" - Абдумавлон Абдужалилов билан суҳбат

"Локомотив" янги мавсум олдидан ўз сафини бир нечта футболчи билан тўлдириб олди.

Шулардан бири - истеъдодли дарвозабон Абдумавлон Абдужалилов. Хабарингиз бор, Абдумавлон "темирйўлчилар" сафига "Бунёдкор"дан кўчиб ўтди. Унинг янги жамоа таркибида шуғулланишни бошлаганига бир ойдан ошди. Бу орада ўзига яраша таассуротлар олган бўлиши табиий. Шу боис ёш посбондан интервью олдик. 


- Абдумавлон, "Локомотив"га ўтиш қандай юз берди?

- "Локомотив" ўтган йил Ўзбекистон Кубогида охирги учрашувини ўтказганидан сўнг клуб раҳбариятидан таклиф тушди. Менга Европадан янги мураббий келаётгани ҳамда жамоа олдига юқори мақсадлар қўйилишини айтишди. "Локомотив" дарвозабонлар мураббийи Даниэль Чабрера билан кўришиб гаплашдим, у менга ўйиним маъқул келгани, "темирйўлчилар" сафига ўтсам бундан хурсанд бўлишини айтди. Шундан сўнг "Бунёдкор" мураббийлари билан маслаҳатлашдим. Биласиз, ўша пайт "Бунёдкор"да муаммолар кўп бўлиб, футболчилар билан шартнома ҳақида гаплашадиган раҳбар йўқ эди. Уйдагилардан маслаҳат олганимда "Локомотив"га ўтсам ҳаммаси яхши бўлишини айтишди. Натижада эркин агент сифатида "Бунёдкор"ни тарк этиб, "темирйўлчилар" билан шартнома имзоладим.

 

- Бу ўринда "Локомотив"нинг ўтган йил 9-ўринни олгани ҳам ўйлантирмадими? 

-  Йўқ. Чунки футболда юқори кўтарилиш билан бирга пастга тушиш ҳам учраб туради. "Локо" бунгача кетма-кет уч йил чемпионликни қўлга киритди. Лекин ўтган йил омадсиз келиб, 9-ўринни эгаллади. Ҳамма яхши биладики, "Локомотив" - кучли клуб ва ўзбек футболида ўз ўрнига эга. Ўтган мавсум карантин ҳам ўз таъсирини кўрсатди, жамоанинг биринчи даврада омади келмади. Аммо иккинчи даврада кўрдикки, "Локо" ўзига қайтди.


- Уйдагилар янги жамоага ўтишингизга қандай муносабат билдирди?

- Дадам профессионал футбол ўйнамаган бўлсалар ҳам, ёшлар ва ўсмирлар жамоасида тўп тепганлар. Шу боис биринчи мураббийим ҳам дадам ҳисобланади. Ўйиним борасида дадамдан кўп фикр олиб тураман. "Локомотив"га келишдан олдин маслаҳат сўраганимда, тўғри вариантни танлаганимни айтдилар.


- "Бунёдкор" шартномани узайтиришга ҳаракат қилиб кўрдими? 

- Ўша пайт вазият қалтис эди. Чунки биз билан шартнома тузадиган одамнинг ўзи йўқ эди. Нафақат мен, балки Ислом Қобилов билан Санжар Қодирқуловда ҳам шунга ўхшаш вазият юзага келди. Биз нима қилишни билмай қолгандик. Бу шароитда яхши клубдан таклиф тушса тезда қабул қилиш ҳақида ўйлайсиз. Шу боис олдинга қадам ташлаш учун "Локомотив"ни танладим. Ўтган йил Улуғбек ака Мирзаев билан гаплашиб, шартномани узайтирнгандим, лекин бу йил учун ҳеч ким биз билан гаплашмади.


- "Локомотив"да сизни қандай кутиб олишди?

- Жамоадаги муҳит жуда яхши экан. "Бунёдкор"да ҳам коллектив зўр эди, бу ерда ҳам шундай. Футболимизда ҳамма бир-бирини танийди. Мени илиқ қабул қилишди.


- Жамоага тўлиқ киришиб кетдингизми? 

- Ишонч билан киришиб кетдим дея оламан. Тўғриси, менга янги жамоани билиб олиш учун 20 кун етарли бўлди. Бу ерда  ҳамма бир-бири билан яхши муносабатда. Гуруҳ-гуруҳ бўлиб юриш йўқ, шу ҳам мени хурсанд қилди.


- Келинг, энди қисқа саволлар билан бироз синаб кўрсак. Сизнингча, "Локомотив"да энг ҳазилкаш футболчи ким?

- Марат Бикмаев. 


- Энг жиддий?

- Шуҳрат Муҳаммадиев билан Шерзод Файзиев бўлса керак.


- Энг камгап?

- Ким бўлиши мумкин? Менимча, Дилшод Комилов. 


- Энг сергап?

- Ҳозирча менинг билишим бўйича, Хуршид Мухторов. 


- Энг яқин дўстингиз?

- Тўғриси, характеримга кўра яқин дўст орттиришим жуда қийин. Чунки дўст бу - сизнинг иккинчи ярмингиз дегани. Дўстга ҳамма гапни ишониб айтасиз, у сирдошингиз бўлади. "Локомотив"га келиб ҳали дўст орттирмадим, балки тез орада шундай бўлиб қолар. 


- Ҳозир испаниялик мураббий Даниэль Чабрера қўл остида шуғулланяпсиз. Унинг иш услуби ҳақида нима дея оласиз? 

- Чабрера билан ишимиз яхши кетяпти. Унинг машғулотларидан ўзим учун кутилмаган янгилик олдим айта олмайман. Биз бундай машқларни академияда ўқиб юрган кезларим кўп марта бажарганмиз. Лекин шуниси аниқки, Даниэль Чабреранинг машғулотларида ўйинда бўладиган ҳолатлар устида ишлаш кўпроқ бўляпти. Ҳозирги футболда дарвозабонларнинг ўрни жуда юқори. Чунки дарвозабон битта хато қилса ҳам дарҳол кўзга ташланади. Майдондаги ўйинчилар уч-тўртта хато қилиши, лекин бу унчалик эътиборга олинмаслиги мумкин. Аммо дарвозабонлар ҳақида бундай деб бўлмайди. Испаниялик мураббий бир қарашда бизга оддий нарсаларни ўргатаётгандек кўринади, бироқ шуни унутмангки, ўйинда мана шу оддий ҳолатлар кузатилади. Ёшликда бир муддат шуларни ўрганиб, кейин бажармай қўйган бўлишимиз мумкин. Энди эса ҳар куни шундай машқларни такрорлаяпмиз. Авваллари дарвзабонлар учун оёқда ўйнаш унчалик муҳим эмасди, лекин ҳозир футбол ўзгариб дарвозабондан ҳам оёқда ўйнаш бўйича футболчидек ҳаракат қилиш талаб қилиняпти. Испаниялик мураббий бизга шуларни ҳам астойдил ўргатмоқда.


- Яъни, бевосита ўйинга бошлиқ машғулотлар, шундайми?

- Ҳа, худди шундай. Майдонга чиқиб фақат машғулот қилишимиз керак бўлгани учун шуғулланаётганимиз йўқ, балки мураббийнинг ҳар ўйинга тайёргарлик дастури бор ва шу дастур асосида шуғулланиб келяпмиз. 


- Ўзаро тушуниш қандай кетяпти? 

- Бу ўринда инглиз тилини ўрганганим қўл келяпти. Ҳар ҳолда мураббийнинг мендан нима хоҳлаётганини тушуняпман.


- Туркия йиғини ҳақида фикрларингиз? 

- Олдин қишки йиғин деганда кўпчилик оғир машғулотлар ва жисмоний юкламаларни тушунарди. Лекин бу йиғинда кўрдикки, физикага ишлайдиган ўта мураккаб машғулотлар бўлмади. Аслида замонавий футболнинг талаби ҳам шу, жамоалар мавсумга тайёргарлик чоғида ўйин услубини шакллантириш устида иш олиб боришяпти. Шу боис тактика биринчи планга чиқди. Биз фақат координацияни ушлаб туриш учун ҳар куни эрталаб залда машқ қилдик. Жамоада португалиялик мураббий иш бошлагач, эътиборни аввало барча футболчилар билан яқиндан танишишга ҳамда ўйин услубини шакллантиришга қаратиб келмоқда. Туркия йиғини яхши ўтди, кўпчилик ижобий фикрда ва энг асосийси мураббийлар ишимиздан қониқди. 


- Янги мавсумга оз қолди. Жавоҳир Илёсов билан бўладиган рақобат ҳақида нима дея оласиз?

- Мен ўзимга ишонганим учун ҳам "Локомотив"га ўтдим. Жавоҳир Илёсов жуда яхши дарвозабон ва яхши инсон. У бежизга миллий терма жамоага чақирилаётгани йўқ. Энди рақобат ҳамма жойда бўлади. Ўз навбатида мен ҳам, у ҳам ўзимизни кўрсатишга ҳаракат қиляпмиз. Тўғриси, рақобатдан ҳеч қачон қўрқмаганман. Самимий рақобат бор жойда доим хурсанд бўламан. 


- Бирга ишлаган дарвозабонларга ҳамкасб сифатида қарайсизми ёки рақобатчими?

- Майдон ташқарисида ҳамма билан яхши муносабатдаман. Биз битта жамоамиз ва мақсад сари ҳаммамиз бир бўлиб интиламиз. Машғулот пайтида бошқалар каби мен ҳам рақобатчимдан яхшироқ ишлашга ва ўзимни кўрсатишга ҳаракат қиламан. Бу эса ишга профессионал қараш дейилади. Тўғрисини айтаман, менда ҳеч қачон шеригим хато қилса кейин менга ҳам имконият берилади деган фикр бўлмайди. Бу ғаразгўйликдан бошқа эмас. Қайтанга дарвозадан мен турмасам ҳам, жамоамиз ўйинда ютса  хурсанд бўламан. Рақобатдошим ким бўлишидан қатъий назар, ҳар доимни ўзаро ҳурматни сақлайман ва шу билан бирга машғулотларда ўзимни кўрсатишга ҳаракат қиламан.


- Сиз бирга ўйнашни ҳавас қилган, лекин шу пайтгача амалга ошмаган дарвозабон борми? 

- Тўғриси, бунақа фикр ҳали бўлмаган экан. Ўз пайтида Игнстий Нестеровга ҳавас қилганим рост. Мен "Пахтакор" мактабида шуғулланиб юрган кезларим, Нестеровнинг ўйинларини кўриб унга ўхшашни ният қилардим. Шу ўринда айтиб кетай, мен "Пахтакор" тарбияланувчисиман, 2014 йил ўринбосарлардан "Нефтчи"га кетганман. Бир йил жароҳат олиб футбол ўйнай олмаган пайтим Марат ака Галимов катта ёрдам берганди. Профессионал даражага чиқишимда ҳам Марат Галимовнинг қўшган ҳиссаси катта. 


- Бошидан дарвозабонликни танлаганмисиз? 

- Энди ҳаммада ҳар хил бўлади. Кимдир майдонда тўп тепгиси келади, бироқ қайсидир футболчи келмай қолса мураббий уни дарвозага қўйди ва шу билан дарвозабон бўлиб кетади. Менда дарвозабон бўлиш қонда бор, чунки ўз вақтида дадам ҳам дарвозабон бўлганлар. Ёшликда дадамнинг қўлқоп кийиб тушган суратларини кўрсам, мен ҳам дадамга ўхшашга қизиқардим. Биласиз, ҳамманинг ўз отасига ҳаваси келади. "Пахтакор" машғулотига биринчи марта келганимда Алексей Евстафеев ким бўлмоқчисан деб сўраган, мен эса ўйлаб ўтирмай дарвозабон деб жавоб бергандим. Ишонасизми, умуман майдонда тўп тепган эмасман, фақат дарвозада турганман. 


- Профессионал дарвозабон бўлганингиздан бери бир йилда нечта қўлқоп алмаштирасиз? 

- Машғулотда кийиладиган қўлқоплар кўпга бормайди ва икки ярим - уч ойда алмаштириб тураман. Ўйинда кийиладиган қўлқоп  анча чидамли бўлади ва икки жуфт қўлқоп менга бир мавсумга етади деб ўйлайман. Умумий ҳисобда бир йилда ўнтага яқин қўлқоп кетади. 


- Жавоҳир Илёсовнинг қўлқопида 35 рақами билан Илёсов ёзувига кўзим тушди. Кейин сўрасам, у фақат ўша фирма билан шартнома имзолаган экан. Сизда ҳам шунақами?

- Мен кўпинча эксперимент қиламан. Чунки ҳозир кўп фирмалар қўлқопларни худди бутсига ўхшаб ҳар хил чиқаряпти. Масалан, битта жойдан қўлқоп олсангиз ва кейинроқ яна оламан десангиз, бошқача бўлади. Мен ҳеч қачон брендга қизиқмаганман, муҳими қўлимга қулай турса бўлгани. Ҳамманинг қўли ҳар хил, кимгадир оғир, кимга енгил қўлқоплар ёқади. Мен ўйин пайти кўпроқ юқароқ, машғулотларда эса қалин қўлқоплардан фойдаланаман. 


- Қўлқопларнинг нарх-навоси қанақа? 

- Ўртача нархи 70 доллар. Сифатига қараб 150-200 долларгача бор. Шуниси аниқки, сифати яхши қўлқоплар кўпга чидамайди, тез йиртилади.


- Терма жамоамиз дарвозабонлар мураббийи Денис Иванков билан гаплашганимда, "Дарвозабонларнинг ўз олами бор, уларни ҳар ким ҳам тушунмайди" деганди. Бу фикрга қандай қарайсиз? 

- Жуда тўғри айтилган гап. Ўйлаб кўрсак, биз "антифутбол" кишилармиз, яъни айтмоқчи бўлганим мухлис стадионга келганидан кейин чиройли голлар кўргиси келади. Дарвозабонлар эса аксинча гол ўтказмасликка ҳаракат қилади. Шу боис бизнинг дунёмиз бошқача, формамиз ранги ҳам, тузилиши ҳам бошқа. Дарвозабон эҳтимол ўйин пайти кам югурар, лекин масъулият ҳар доим юқори бўлади. Дарвозабонларга энг керакли хислат бу - ўзига бўлган ишонч. Қолаверса гол ўтказганидан кейин баҳона ҳам кетмайди. Кўзига қўёш тушди, шамол бу томонга эсди, футболда бундай гаплар ҳам бўлади, лекин дарвозабон гол ўтказдими, барибир айбдор бўлади. Айтиб ўтганимдек, масъулият ва талаб жуда юқори. Кейин эътибор берсангиз, кўп дарвозабонлар ўзини оғир-босиқ ва вазмин тутади. 


- Қуёш ва шамолга қарши ўйнаш қанчалик таъсир қилади? 

- Энди барибир таъсири бор. Масалан, ҳимоячи тўпга сакраганда қуёш нури кўзга тушиб тўпга етмай қолса ёки қайтара олмаса, буни ҳамма тушунади. Лекин дарвозабон билан шундай ҳолат юзага келса, одамлар бошқача қарайди. Тўғриси, қуёш кўзга тик тушган маҳал ҳаводан келаётган тўпни илғаб олиш осон эмас. Баъзан тўпни кўрмай қоласиз, худди нуқтага ўхшаб кўринади. Лекин айтиб ўтганимдек, шамол ва қуёш профессионал дарвозабон учун сабаб бўлмаслиги керак. 


- Маълумки, ўйиндан олдин жамоа сардорлари ўйинни ким бошлаши ва майдон қисмини танлашади. Сиз учун майдоннинг қайси томонида ўйинни бошлаш муҳимми?

- Бу ҳам роль ўйнайди, албатта. "Бунёдкор"да ўйнаган пайтим Абдусаттор ака Раҳимов қуёш йўқ жойни танла дердилар. Лекин мен майдоннинг фалончи қисмини танлаб ёки бўлмаса доим бир қўлқопда ўйнаб ирим қилмайман.


- Сиз учун энг ноқулай зарба?

- Кўп нарса тўпнинг қандайлигига боғлиқ. Ҳозирги кўп тўплар ҳаводан келаётганда ўйнаб ўз траекториясини ўзгартиради. Бу эса дарвозабонлар учун ноқулайликларни келтириб чиқаряпти. Масалан, ўтган йил Суперлигада ўйналган тўплар менга ёқмади.


- Сиз учун энг аламли гол ўтказиш? 

- Иложи борича жарима майдончаси ташқарисидан гол ўтказмасликка ҳаракат қиламан. Чунки кўпчилик айтади, жарима майдончаси ташқарисидан тепилган тўпни қайтаришинг шарт деб. 


- Ҳозиргача энг ноқулай ҳужумчи? 

- Ноқулай дея олмайман-у, лекин "қўпол" ҳужумчи бор, бу - "Металлург"даги Зоҳид Абдуллаев. Менимча, унга қарши ўйнаш ҳеч бир дарвозабонга ёқмаса керак.


- Сизга энг кўп ёрдам берган ҳимоячи?

- "Бунёдкор"да пайтим Анвар ака Ғофуровдан кўп нарса ўргандим. Ғофуров ўз пайтида терма жамоада ва Осиё чемпионлар лигасида ўйнаган, тажрибаси ҳам юқори. Шу боис у кишининг маслаҳатларига амал қилганман. 


- Фараз қилинг, эртага муҳим ўйин бор. Бўлажак баҳсга қандай тайёрланасиз? 

- Ўзимни хотиржам тутишга ҳаракат қиламан. Лекин ўта жиддий бўлиб ошиб юборишни ҳам хоҳламайман. Энг муҳими, мия тайёр бўлиши, чунки физикани бир ҳафта ичида олиб бўлган бўласиз. Ўйин куни стадионга боргунча мусиқа эшитмайман, нонуштадан кейин ухлаб олишга ҳамда ўйин куни кўп овқат емасликка ҳаракат қиламан. Дарвозабонлар учун эътиборли бўлиш жуда муҳим, шунинг учун қоринни тўйдириб олмайман.


- Режимга қанчалик амал қиласиз? 

- Ҳар куни кечқурун 22:00да ухлаш осон эмас, лекин кечаси бир-икки ҳам бўлиб кетмайди. Имкон қадар ўртасини оламан. Нонуштани ҳар доим уйдагилар билан бирга, оила даврасида қиламиз. 


- Кўчада юрганда газли ичимликлар ва фаст-фуд бемалолми? 

- Тўғриси, фаст-фуд менга ёқади, лекин жуда кам истеъмол қиламан. Менда семиришга мойиллик йўқ, кўп овқат есам ҳам ўзгармайман. Газли ичимликларни эса унчалик хушламайман.


- Сиз учун Ўзбекистондаги энг кучли дарвозабон? 

- Игнатий Нестеров. Мен кўрган дарвозабонлар орасида Нестеров шубҳасиз энг зўри. Шунингдек, Темур Жўраевга ҳам ҳавас қилганман. Лекин Темур ака кам ўйнади. 


- Жаҳонда ким?

- Мен учун Икер Касильяс, уни жуда ҳурмат қиламан. Биринчи футболкам ҳам Касильясники бўлган.


- Қайси дарвозабон билан учрашишни орзу қиласиз? 

- Мануэль Нойер билан. 


- Сиз учун жаҳон ва Ўзбекистондаги энг кучли учта дарвозабон?

- Хўш, жаҳон дарвозабонларидан Ян Облак, Тибо Куртуа ва Алиссон Беккерни ҳозирги пайтда энг кучлилари деб биламан. Ўзимиздаги посбонлардан Ўткир Юсупов, Элдор Суюнов ва Жавоҳир Илёсов.


- Сиз ёшсиз, шунга қарамай дарвозабон бўлмоқчи бўлган болакайларга маслаҳатингиз? 

- Биринчи навбатда айтадиган гапим - ҳамма нарсани ҳам юракка яқин олаверманг. Кўп тушкунликка тушиш ҳам фақат зарарга ишлайди. Иштиёқни эса умуман йўқотиб қўйиш керак эмас.


- Оилангиз ҳақида гапириб берсангиз.

- Дадам ўз пайтида Жисмоний тарбия институти билан Молия университетини тугатганлар. Ҳозир фирмада ишлайдилар. Онам - уй бекаси, олдин мактабда адабиётдан дарс берганлар. Битта опам бор, Жаҳон тиллари университетида инглиз тилидан дарс беради. 2019 йил уйланганман. Ҳозирча бир нафар фарзандим бор, ўғлим Абубакир бир ёшга тўлди.   


- Суҳбатимиз охирида "Локомотив" мухлисларига тилакларингиз?

- Биринчи навбатда ҳаммага соғлик тилайман. Кейин эса кўплаб ғалабаларни.


- Абдумавлон, суҳбат учун раҳмат. "Темирйўлчилар" сафидаги фаолиятингиз ёрқин бўлишини тилаб қоламиз.  

Х.Холиқов суҳбатлашди.

Рейтинг:    

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика