"Локомотив" ва "Флитвуд Таун" вакиллари билан матбуот анжумани бўлиб ўтди
29 июн 2015 18:09
Янгиликлар
"Локомотив" ва "Флитвуд Таун" вакиллари билан матбуот анжумани бўлиб ўтди
Матбуот анжуманида ОАВ ходимлари саволларига "Локомотив" бош директори ўринбосари Тўлабек Акрамов, клуб маркетинг бўлими бошлиғи Даврон Азизов ҳамда "Флитвуд Таун" клуби бош директори Стив Кервууд ва клуб спорт директори Гретер Стэнсон жавоб беришди ва ҳамкорликдан кўзланган асосий мақсад ҳақида сўз юритишди.
- Тўлабек Акрамов: “Флитвуд Таун” билан ҳамкорликни йўлга қўйишдан асосий Ўзбекистон футболини халқаро майдонда юксалтириш. Ўзбекистонлик ёш ўсиб келаётган футболчиларни Англияда ушбу жамоа орқали замонавий футбол кўникмаларни ўрганишида кўмаклашиш, тажрибаларини оширишдан иборат.
- Ҳамкорликни айнан шу жамоа билан йўлга қўйилишидан асосий мақсад нима? Нега айнан "Флитвуд Таун" жамоаси танланди?
- Тўлабек Акрамов: Бизларда бошқа жамоалар билан ҳам шартнома имзолашга вариантлар бор эди. Премьер лигадаги пастки ўринда бораётган жамоалардан бири билан ҳам ҳамкорликни йўлга қўйиш имкони мавжуд бўлган. Нега бу жамоани танладик? Сабабики, “Флитвуд Таун” жамоасининг футбол сиёсати бизга маъқул келди. Бу ерда ёш футболчиларга имкон бериш, футболчилар билан ишлаш услуби кўпроқ ёқди. "Локомотив" сўнгги икки йил ичида ёшларга кўпроқ эътибор қаратишни бошлад ива бу борада ўз қарашимизни ўзгартирдик. Жамоамизнинг ёшлар жамоаси таркибини кескин ёшартирдик. Ўринбосарларимизнинг натижалари балки пасайиб кетгандир. Бунинг асосий сабаби таркибни кескин ёшартирилгани бўлди. Бу нарса келажакда фойда бериши шубҳасиз. Ҳозирги ёш футболчиларимиз катта футболга тайёр ҳолатда кириб келишади. "Локомотив" клуби бу борада ишни илдиздан бошлади. Бу ишларни самарасини 1-2 йилдан сўнг кўришимиз мумкин бўлади деб ўйлайман. Бизнинг асосий вазифа ва мақсадимиз бу терма жамоага керакли кадрларни етказиб беришдан иборат.
- Даврон Азизов: Шу ерда бир иккита нарсани қўшимча қилмоқчиман. Англиянинг топ жамоалари ўз брендидан фойдаланишга ҳаракат қилади ва ҳамкорликни йўлда қўйишда катта пул сўрайди. Пул билан йўлга қўйилган ҳамкорлик узоққа бормайди. "Локомотив"нинг қурби етади, маълум миқдорда пул ажратиб катта жамоалар билан ҳамкорлик қилишга. Лекин биз бошқачароқ йўлдан бормоқчимиз. "Флитвуд Таун" жамоасининг биз билан ҳамкорлик қилишдан асосий мақсади пул ишлаш бўлмаган ва биздан пул сўрашмаган. Бу икки жамоанинг футболга қараши бир бўлгани боис ҳамкорликни айнан шу жамоа билан йўлга қўйдик.
- "Флитвуд Таун" жамоаси кўригига қайси футболчилар боришади. Яъни футболчиларни қайси критериялар бўйича танлаб юборасизлар? Футболчиларни англияликлар танлаб олишадими ёки сизлар тавсия қиласизларми?
- Тўлабек Акрамов: Бу ташрифда бу масалани ҳал этмаймиз. Меҳмонларнинг вақти чегаралангани учун Англияга учиб кетишади. Бизлар ҳар хил ёш тоифасидаги жамоаларимизнинг энг етакчи футболчиларини танлаб олдик. Шунингдек, 2 июль куни "Дўстлик" стадионида ўртоқлик баҳсини ўтказамиз. Шу ўйиндан сўнг кўп нарсага ойдинлик киритилади. Биз ҳам ўз навбатида футболчиларни тавсия қиламиз. Улар ҳам ўзларига маъқул келган футболчиларни танлаб олишлари мумкин. Буларнинг мақсади ўзларига маъқул бўлган футболчиларни ўзлари билан 6 ойга олиб кетиб, у ерда футбол кўникмаларини янада яхшилаб ўргатиш ва бизга тайёр ҳолатда етказиб бериш.
- Гретор Стэнсон: Биз асосан ўзимизга маъқул келган футболчиларни саралаб оламиз. Англияда уларни ўз дастуримиз бўйича шуғуллантирамиз. Уларнинг футболга бўлган қарашлариши яхши тарафлама ўзгартиришга ҳаракат қиламиз. Биз ўз имконият даражамизга уларни шуғуллантирамиз. Агарда футболчи билан профессионал тарзда шартнома имзолашни истасак, унда мамлакат жамоаси ФИФА рейтингида 50-ўриндан юқорида бўлиши зарур. Англияда меҳнат кодексида шу нарса жорий қилинган. Бизнинг асосий мақсад ўзбек футболчиларини сотиб олиш эмас, балки ўзаро тажриба алмашиб, футболни ҳар томонлама ривожлантиришдан иборат. Худо хоҳласа Ўзбекистон ФИФА рейтингида 50-ўриндан юқориласа, ўшанда ўзимизга маъқул келган футболчи билан шартнома имзолашимиз мумкин.
- Стив Кервууд: Бу менинг Ўзбекистондаги илк ташрифим. Мени илиқ кутиб олишди. Ҳа, об-ҳаво анча иссиқ, лекин бу бизга халақит бераётгани йўқ. Бизни жуда яхши кутиб олишди ва бундан миннатдорман. “Флитвуд Таун” анча ёш жамоа ҳисобланади. Бизлар жойлашган ҳудудда бир қатор кучли жамоалар бор. "Манчестер Юнайтед", "Ливерпуль", "Манчестер Сити", "Эвертон" ва бошқа катта жамоалар айнан бизларнинг ҳудудда жойлашишган. Жамоамиз олдига қўйилган энг олий мақсад бу премьер лигага йўл олиш. Англия футболининг бошқа давлатлардан фарқи шундаки, биз олий дивизионга йўл олиш учун босқичма-босқич 10 та дивизиондан ўтиб боришимиз керак. Биз ҳозирча навбат-навбат олдинга қадам ташламоқдамиз. Премьер лигага етишиш учун олдимизда яна икки дивизион қолди. АПЛга чиқиш учун узоқ ва машаққатли йўлни босиб ўтиш зарур. Шунга яраша премьер лигага чиққандан сўнг меҳнатимиз самарасини кўришимиз мумкин. Англияда премьер лигадан тушиб кетган жамоа ҳам 20 миллион фунт стерлинг ишлаб олади. Бу ҳар қандай клубга меҳнати учун яхши рағбат бўлиши шубҳасиз. Олий дивизионга бориш учун клубга аввалига катта сармояни сарф қилиниши талаб этилади. Биз асосий урғуни катта сармоя орқали премьер лигага йўл олишни эмас, бироз бошқачароқ йўлдан бормоқчимиз. Бизнинг фалсафамиз бошқа жамоаларникидан фарқ қилади. Катта пулар эвазига кучли футболчиларни сотиб олишдан кўра, ўзимизнинг академиядан чиқадиган ёш футболчиларга катта эътибор қаратишни лозим топганмиз. Биз ёшларга эътибор қаратган холда бошқа юрт футболидан ўзимиз учун керакли жиҳатларни ўрганиб олишга ҳаракат қиламиз. Биз бошқа давлат жамоалари билан ҳамкорликларни ўрнатиб, ўзаро тажриба алмашишни мақсад қилганмиз. Бу йўлимизда "Локомотив" клуби дастлабки ҳамкоримиз бўлди. Яқинда клуб раҳбарияти жамоа ривожи учун 7 миллион фунт стерлинг сармоя киритди. Ушбу маблағга ўзимиз учун янги майдонлар қуришни режалаштирганмиз ва акадеямиз ривожи учун баъзи ишларни амалга оширишни мақсад қилганмиз. Бу пулларни жамоамиз манфаати йўлида тўғри ишлатишимиз талаб этилади. "Локомотив" билан ҳамкорликдаги асосий мақсадимиз тажриба алмашиш. Улардан ўзимиз учун керакли бўладиган нарсаларни ўрганиш, янги тажриба орттириш иборат. Ёш футболчиларни жамоамизга жалб этиб, уларга керакли кўникмаларни ўргатиш ва футболга бўлган ёндошувини профессионал тарзда шакллантириш.
Флитвуд шаҳри анча кичик ҳисобланади. Лекин бизнинг шаҳримиз футбол ҳавоси билан ҳамнафас яшайди. Футболга бўлган эътибор ва қизиқиш жуда юқори даражада. "Локомотив" жамоаси "темирйўлчилар" ҳисобланса, бизнинг “Флитвуд Таун” клубимиз эса "кемасозлар" ва "балиқчилар" деб атасак ҳам бўлаверади. Демак бизни ҳамкорлигимизни транспорт соҳасидаги ўхшашликлар ҳам боғлаб тураркан. Ўйлайманки, нафақат ушбу иккита жамоа, балки келажакда бу икки мамлакат ўртасида яхши футбол алоқалари ва ҳамкорлик ўрнатилади деб умид қиламан.
- "Локомотив" клуби ҳақида аввал ҳам билармидингиз? Бу жамоа ҳақида нималарни эшитгансиз?
- Стив Кервууд: Тўғрисини айтсам, аввалроқ бу клуб ҳақида эшитмаганмиз. Фақатгина Ўзбекистон ва ўзбек футболидаги баъзи маълумотларга эгамиз. Бу жамоа билан ҳамкорликдан сўнг ушбу клуб ҳақида имкон қадар кўпроқ маълумотлар олишга уринмоқдамиз. Бу ҳамкорлик орқали ўзимиз учун янги нарсаларни ўрганиб олиш. Ушбу ташрифдан сўнг "Локомотив" ҳақида янада кўпроқ маълумотларга эга бўламиз деб ўйлайман.
- Ушбу ҳамкорлик йўлга қўйилгандан кейин Янги Зеландияда ёшлар ўртасидаги ЖЧ бўлиб ўтди. Ушбу мусобақани кузатган бўлсанглар, Ўзбекистон футболининг энг юқори чўққиси ҳозирча шу. Ҳозирги ҳолатимиз сизларни қониқтирадими? яъни футболчиларимизнинг даражаси мос тушадими? Бизда ҳали Месси ва Роналдо каби футболчилар етишиб чиқишмайди.
- Стив Кервууд: Жамоа Месси ва Роналдога эга бўлиши шарт эмас. Ҳар йили босқичма-босқич кўтарилиш бўлади. Катта муваффақиятга аста-секинлик билан эришилади. Вақти келиб сизларда ҳам юқори истеъдодли футболчилар етишиб чиқишади деб ўйлайман. Роналдо ва Месси каби футболчиларга эмас, балки кучли бир жамоани туза олса бўлгани. Бу билан юқори марраларни забт этса бўлади. Катта муваффақиятга ҳақиқий кучли жамоа яратган ҳолда, жамоавий ўйин орқали эришиш мумкин.
- Ўзбекистон футболи ҳали Япония, Жанубий Корея сингари кучли футболчиларни етиштириб бера олмаймиз. АПЛ, Бундеслига ва италия А Сериясида кореялик ва япониялик футболчилар иштирок этишмоқда ва улар ушбу савияга мос келишади. Бизларда яқиндагина академиялар ташкил этилди ва бу ишларнинг самарасини 8-10 йиллар ичида кўришимиз мумкин. Шу жиҳатдан олиб қараганда, сизлар бизлардан юқори савиядаги футболчи етишиб чиқишини кута оласизларми? Яъни бунга сабринглар етадими?
- Стив Кервууд: Ҳа. Муваффақитга 2-3 йил ичида эришиб бўлмайди. Ҳар бир профессионал клуб узоқни кўзлаб иш олиб бориши керак. Биз "Локомотив" билан шу мақсадда ҳамкорликка рози бўлдик. Ҳамжиҳатлик билан ишласак, узоқ йиллар давомида иноқ бўлиб ишлаймиз. Бу нарсалар ҳар иккала жамоа учун ҳам фойдали.
- Гретер Стэнсон: Ўзбекистондаги ташрифимиздан асосий мақсад бу "Локомотив"даги 20 ёшгача бўлган футболчиларни Англияга олиб кетиб ўйнатиш, тажрибаларини ошириш. Биз бу футболчиларни 2 июль куни бўладиган ўртоқлик ўйинидан сўнг танлаб оламиз. Футболнинг ватани Англия ҳисобланади. Лекин Англиядан ташқарида ҳам футбол ўйнашни билишади ва у ердан ҳам керакли нарсаларни ўрганиш мумкин. Ўйлайманки, Ўзбекистонда ўзимиз учун керакли бўладиган ва қизиқарли томонларни кашф қилишмиз мумкин. Келажакда "Локомотив" жамоаси билан ўзаро манфаатли ишларни амалга оширамиз.
- “Флитвуд Таун” мактабидан чиқиб Англия премьер лигасида ўйнаётган футболчилар борми?
- Гретер Стэнсон: Бизнинг академиямиз яқиндагина иш бошлади. Биз босқичма-босқичма иш олиб бормоқдамиз. Келажакда бизнинг тарбияланувчиларимиз олий дивизионларда ҳаракат қилишади деб ўйлайман.
- Европада маркетинг жуда юқори даражада. Маркетингсиз футболни тасаввур этиб бўлмайди. Бу жамоа трансляция ва чипта савдоси орқали ўз харажатларини неча фоизини қоплашади?
Гретер Стэнсон: Англияда футболни сиёсати шундан иборатки, йилида стадионларимиз 365 кун банд бўлади. Энг катта даромадни бизлар чипталар савдосидан оламиз. Телевидения бизга йилига 1 миллион фунт стерлинг тўлаб беради. Трансфер сиёсатидан ҳам яхшигина фойда қилса бўлади. Бизнинг бир футболчимиз "Лестер"да ўйнайди ва агарда ўша жамоа премьер лигага йўл олса, бизга клуб 250 минг фунт тўлаб беради. Футболчи терма жамоадан таклиф олса ҳам 250 минг фунт стерлинг ишлаб оламиз. Фтболчининг ҳар бир қадамини пулга боғлаб қўйганмиз. Стадионларимизда ҳар куни турли кунгил-очар тадбирлар, тўйлар маросимлари бўлиб ўтади. Шулардан ҳам яхшигина даромад қилса бўлади.
- Ўзбекистондаги ташрифдан қандай ҳиссиётларни бошдан ўтказмоқдасиз? Сизга нималар маъқул келди ва аксинча?
- Гретор Стэнсон: Аввало шуни айтишим керакки, бизларни келганимизга ҳали бир сутка ҳам бўлгани йўқ. Лекин об-ҳаво жуда иссиқ экан. Англия тарихида бу қадар иссиқ бўлмаган ҳали. Биз ҳозиргача "Локомотив" стадиони ва "Пахтакор" стадионида бўлишга улгурдик. Бу ердаги инфраструктура бизни лол қолдирди. Сизлардаги ҳудуд жуда катта экан. Англияда бу қадар кенг қамровли ерларни кўриш муаммо. Ўзбек халқининг инсонийлик фазилатларини алоҳида таъкидлаб ўтишим мумкин. Матбуот анжуманида ҳам жуда кўп журналистлар ташриф буюришган. Бу матбуот анжумани мени фаолиятимдаги энг каттаси десам янглишмайман. Футболчи сифатида Голландиянинг "АЗ Алкмар", "Болтон" каби жамоаларидатўп тепганимда ҳам бу қадар катта матбуот анжуманида иштирок этмаганман.
- Англияда футболга бўлган эътибор жуда юқори даражада. Ёшлар футболига ҳам катта эътибор қаратилади. Олий дивизион, яъни премьер лигага йўл олиш учун босқичма-босқич дивизионлардан ўтиб бориш зарур. Умуман Англия футбол ватани. Лекин терма жамоа ишлари жойида эмас. Шунча эътибор ва меҳнатлар самараси нега терма жамоада келганда кўринмай қоляпти. Катта мусобақаларда ҳам Англия терма жамоаси етакчилар қаторидан тушиб қолмоқда. Англия футболи мутахассиси сифатида муаммо нимада бўлмоқда деб ўйлайсиз?
- Стив Кервууд: Энг катта муаммо бу премьер лигада деб ўйлайман. АПЛ ҳозирда дунёнинг энг кучли лигаларидан бири ҳисобланади. Англиянинг етакчи жамоалари кучли легионерларга катта пул сарф этишади ва уларни жалб этишади. Топ жамоалар англиялик футболчиларга эътибор қаратишмайди. Терма жамоамизнинг муваффақиятсизлиги премьер лиганинг муваффақияти деб биламан.
Тадбир сўнггида "Локомотив" клуби вакиллари "Флитвуд Таун" жамоаси раҳбариятига ўзбекча эҳтиром кўрсатишди ва миллий зарбоп тўнларимизни совға қилишди.
Шаҳбоз Беғамов
Фикрлар