Кечаги кун томошаси... Тунис – Мали учрашувида нима(лар) рўй берди?
13 янв 2022 15:50
Янгиликлар
Кечаги кун томошаси... Тунис – Мали учрашувида нима(лар) рўй берди?
Демак, воқеалар ривожи ҳақида бир бошидан тўхталиб ўтамиз:
48-дақиқа: Тўп тунислик футболчи Схирининг қўлига текканидан сўнг пенальти берилди. Мали ҳисобни очди.
76-дақиқа: Тўп қўлга теккани туфайли ВАР орқали навбатдаги 11 метрлик белгиланди. Бу сафар Тунис фойдасига.
77-дақиқа: Мали дарвозабони Ибраим Мунокоро Вахби Хазрининг зарбасини қайтаришга эришди. Ҳисоб ўзгармасдан қолди – 0:1.
85-дақиқа: Рефери Жанни Сиказве ўйин ниҳоясига етганини билдирувчи ҳуштакни чалди, аммо тунисликларнинг эътирозларидан кейин баҳс қайта тикланди. Бу пайтга келиб стадионнинг ҳеч қаерида вақт кўрсатиб турадиган мослама мавжуд эмасди.
87-дақиқа: Мали ўйинчиси Ал Билол Туре тўғридан тўғри майдондан четлатилди. ВАР Сиказведан вазиятни яна бир бор кўриб чиқишни сўради, бироқ қаҳрамонимиз ўз фикрида қолди ва қарор ўзгармади.
89-дақиқа: Сиказве томонидан яна бир бор ўйин тугагани ҳақида ҳуштак янгради (қанотда тўртинчи ҳакам қўшимча вақтни намойиш этишга шай ҳолатда, унинг таблосида 4 рақами ёниб турибди, секундомерда эса вақт 89:49 ни кўрсатмоқда). Даҳшат!
Шундан сўнг майдонда талатўп бошланди. Тунис шокда – футболчилар ва терма ходимлари яна ҳакамнинг қарорига кескин қаршилик кўрсатишди. Мураббий Мондхер Кабейернинг шахсан ўзи Сиказве билан гаплашишга ошиқиб, ўз соатини намойиш қилди, аммо ҳакам бунга қулоқ тутмади ва жамоаларни дам олишга, майдонни тарк этишга чақирди.
Тартибни сақлаш учун стюардлар хизматига мурожаат этилди
Бу орада Мали устози Муҳаммад Магассуба матбуот анжуманига йўл олди, бироқ мураббийдан майдонга қайтишини сўрашди. Узоқ давом этган учрашувни тугатиб қўйишга келишилди, унинг шогирдларини ҳам майдонда кутишди.
Малиликлар чиқишди, лекин рақиблари илтимосни қабул қилишмади. Тунис футболчилари бундан шунчаки бош тортишди (орадан чамаси 40 дақиқа ўтиб кетганди).
"Спортга хос бўлмаган жараённи назоратга олиш қийин. 85-дақиқада у финал ҳуштагини чалди. 89-дақиқада ҳам шу ҳолат рўй берди. Аслида 7-8 дақиқа қўшиб берилиши тахмин қилинганди. Унинг қарори мутлақо тушунарсиз бўлди. Ўйинчиларим аллақачон, 35 дақиқадан бери музли ҳаммом қабул қилаётганди – кейин уларни яна майдонга тушишга чорлашди. Шунча йилдан буён мураббийлик қиламан, бироқ илгари бунақасига дуч келмаганман ва ҳали ҳам ҳеч нарсани тушунмаяпман. Тўртинчи ҳакам таблони кўтариш арафасида эди, аммо унгача ўйин тугагани ҳақида ҳуштак чалинди. Барчамиз бундан шокка тушдик", – дея ҳайратини яширмади Кебайер.
Хуллас, Тунис майдонда пайдо бўлмади. Шу тариқа, қишнинг энг шов-шувли баҳсида Мали ғалаба қозонди (1:0).
"Мен футболчиларга фақат майдондаги вазиятларни бошқара олишимиз мумкинлигини, майдон ташқарисидаги ҳолатларнинг барчаси маъмурларга боғлиқлигини таъкидладим. Бизни майдонга қайтариб, ўйнашимизни айтишганида, бунга тайёр эдик. Афсуски, рақибларимиз чиқишни хоҳлашмади", – деди Магассуба.
Тунис – Мали 0:1
«Limbé Omnisport Stadium»
Гол: 0:1 – 48, пенальти Коне.
Тунис – Бен-Саид, Матлути, Ифа (Жазири, 81), Бронн, Тальби, Маалуль, Схири, Лаидуни (Слиман, 67), Слити (Тузгар, 79), Межбри (Кауи, 46), Хазри.
Мали – Мункоро, Траоре, Сако, Куяте, Айдара, Траоре (Биссума, 59), Самассеку, Айдара (Кулибали, 81), Женепо (Туре, 81), Траоре (Думбия, 73), Коне (Кулибали, 73).
Огоҳлантиришлар: Траоре (18), Матлути (22), Женепо (33), Схири (47).
Четлатиш: Туре (87).
Эндиликда ўйинни муддатидан олдин якунлаган бош ҳакамнинг қилиғидан ғазабланиб, майдонга чиқишдан бош тортган Тунисни жазо кутмоқда.
Aфрика кубоги — ўзгача мусобақа. Иштирокчилар орасида Европа топ-чемпионатларида тўп тепадиган юлдузлар кўп. Бироқ мусобақа ўйин ташкилотчилиги бобида мақтана олмайди, эътибор шу каби "қовун туширишлар" эвазига жалб қилинади.
Фикрлар