UZ

Сўнгги янгиликлар

16:36Расман: Умиджон Эргашев – "Навбаҳор" футболчиси!  1 16:14"Металлург" академияси ёпиладими? Академия бунга жавоб берди  0 15:53Расман: Егор Кримец - "Сўғдиёна" футболчиси!  3 15:27ЖЧ-2010нинг энг яхши футболчиси Форлан: "Испанияда "Атлетико" рамзини ҳеч қачон ўпмаганим учун танқид қилишарди"  2 14:54Йўғе! Дани Ольмо агенти билан бирга Манчестерга учиб келди  3 14:22Олмалиқдаги "ОКМК спорт мажмуаси" ҳудудида янги табиий майдон қурилмоқда  1 13:54"Бунёдкор" ўз тарбияланувчиси билан шартномани 2 йилга узайтирди  0 13:27"Шўртан" 2025 йилги мавсумни Қаршидаги стадионда бошлайди  1 12:51Эронда нима гаплар? Юсуповда навбатдаги "қуруқ ўйин", Машарипов тўлиқ ўйнади  2 12:20ПФЛ "Олимпик"ка 5 январгача муҳлат берди, акс ҳолда...  6 11:51Қиз фарзанди дунёга келгани сабаб ўйиннинг 1-бўлимини ўтказиб юборган ва 2-бўлимга етиб бориб хет-трик қайд этган футболчи ҳақида билармидингиз?!  5 11:22Бекободда футбол ўлмоқда. "Металлург" кетидан Шавкат Мирзиёев ташриф буюрган академия ҳам ёпилади   22 10:55Қойил! Аморим тен Хагнинг антирекордини янгилади  15 10:22Аббосбек Файзуллаев «Монако» ҳақидаги саволга жавоб берди  5 10:07Расман: Санжар Қувватов - «Қизилқум» жамоаси футболчиси  1

Катта суҳбат. Сергей Кучеренко: "Атрофимизда футбол фидойилари бўлмаганида "Насаф" академияси бу даражага чиқмасди" Янгиликлар

Катта суҳбат. Сергей Кучеренко: "Атрофимизда футбол фидойилари бўлмаганида "Насаф" академияси бу даражага чиқмасди"

"Насаф"да қарийб 10 йилдан бери ишлаб келаётган украиналик мутахассис интервью берди.

Шу йилнинг май ойида "Насаф" футбол клуби бош менежери этиб тайинланган Сергей Кучеренконинг иккита кабинети бор. Бири "Насаф" футбол академияси ичида жойлашган. Бунда Сергей Петрович 9 йил ўтириб астойдил меҳнат қилди. Иккинчиси эса стадионда жойлашган. Бу кабинетга украиналик мутахассис май ойида эга бўлди. Аввалги бош менежер Шамил Ярулин ишдан бўшагач, унинг жойи кўп вақт бўш қолмади. Клуб раҳбарияти четдан номзод қидириб ўтирмай клуб тизимида қарийб 10 йилдан бери ишлаб келаётган Сергей Кучеренкога ишонч билдирди. 

Ўтган ҳафта хизмат сафари билан "Насаф" клубида бўлиб, болалар ва ўсмирлар футбол мактаби билан яқиндан танишдим. Сергей Петрович билан илк учрашув унинг стадиондаги кабинетида бўлди. Бироз суҳбатлашгач, у киши менга бемалол академия билан танишиб чиқишингиз мумкин, сал туриб мен ҳам ўтаман ва ўша ерда бафуржа гаплашамиз деди. Академиядаги шароитлар билан танишиб бўлгач, Кучеренко мени юқори қаватдаги кабинетига таклиф қилди. Натижада суҳбатимиз шу ерда кечди. 

- Бу кабинет мен учун жуда қадрли, - дейди Сергей Петрович. - Ахир қачондан бери шу ерда ўтириб ишлайман. "Насаф" академиясини ривожлантириш борасидаги энг муҳим қарорлар шу кабинетда қабул қилинган. Тўғрисини айтсам, бу ерда ўзимни анча эркин ҳис қиламан.

- Бу академияни бошқариш клубни бошқаришга нисбатан бирмунча енгил экани билан боғлиқми?
- Йўқ, гап унда эмас. Шунчаки тўққиз йил бир жойда ўтириб ишлагандан кейин кабинетга ўрганиб қолар экансиз. Мен илк бор Қаршига 2009 йил келгандим. Шу пайтгача "Насаф" футбол мактабини бошқарган бўлсам, шу йилнинг май ойидан клубга бош менежер этиб тайинландим. Шунга қарамай, академиядан узоқлашиб кетганим йўқ. Ўрнимга директор этиб Валентин Поддубнийни тайинладим. Бу инсонни ёши катта мухлислар яхши билади. Ўз пайтида "Нефтчи"да ўйнаб Ўзбекистон чемпиони бўлган. Валентин футболни ичидан билади, болалар футболига умуман бефарқ эмас. Ўз ишини сидқидилдан бажаришга ҳаракат қилади. Менга мактабни бошқариш учун интилувчан кадр керак эди, шу боис Поддубнийни академия директорлигига маъқул кўрдим. 

Яхши биласиз, академиямиз тарбияланувчилари шу йил ўтказилган U-18 Ўзбекистон чемпионатида ғолибликни қўлга киритди. Бу ўзи-ўзидан рўй бериб қолгани йўқ. Бунда Валентин Поддубнийнинг ҳам ҳиссаси катта. Ахир 7-турдан то охиригача жамоани у бошқарди. Лекин биз фақат натижа орқасидан қувмаймиз. Шуни ишонч билан айтишим мумкин, чемпион бўлган U-18 таркибини келаси йил тўлиқ ўринбосарлар жамоасига айлантирса бўлади. Чунки бизнинг вазифамиз яхши футболчиларни тарбиялаб асосий таркибга етказиш. Ҳамма нарсага вақт керак. Дарахт ҳам бир йилда мева бермайди. Футболда натижа келишини йиллаб кутишга тўғри келади. Менга яқиндан ёрдам бериб келаётган спорт директори Николай Минчев ҳам клуб ривожи учун астойдил ишлаб келмоқда. 

- Чемпион бўлган U-18 жамоаси 2000-2001 йилларда туғилган футболчилардан иборатми?
- Ҳатто 2002 йилда туғилган болалар ҳам бор. 

- Уларни ким тарбия қилган?
- Ўз вақтида 2000 йилда туғилган футболчилар билан Элдор Мойлиев ишлаганди. Ўзим ҳам Элдор билан бу жамоани шуғуллантирганман. Икки йил олдин биз шу йигитлар билан Республика тайёрлов гуруҳлари мусобақасида "Бунёдкорни" ютиб биринчи ўринни эгаллагандик. Бу йил эса U-18 чемпиони бўлдик. 2016 йил чемпион бўлган кўп болаларни ўринбосарлар таркибига ўтказдик, бироқ айрим сабабларга кўра улар билан муаммо юзага келди. Шунда нима қилишни билмай бош қотиб турганида ПФЛ U-18 чемпионатини ташкил этди. Бу эса айни муддао бўлди. Йигитларни бир жойга йиғиб тезда жамоа туздик ва мусобақада қатнашиш учун рўйхат топширдик. 2000 йилда туғилган болалар сафига 2001-2002ларни ҳам қўшиб яхлит жамоа ҳосил қилдик. 

- "Пахтакор" билан "Буёндкор"да ҳам кучли мактаб бор. Аммо чемпионликни "Насаф" қўлга киритди, демак бу ҳам тасодифан рўй бериб қолгани йўқ. Айтинг-чи, "Насаф"нинг муваффақият сири нимада?
- Сири шундаки, биз ҳар бир болага жиддий эътибор беришга ҳаракат қиламиз. Эсимда, 2009 йил биринчи марта Қаршига келиб, вилоятнинг ўша пайтдаги ҳокими Нуриддин Зайниевич билан учрашганимда у киши мендан "Бизда болалар футболини қандай кўрасиз? Яхши футболчиларни чиқарса бўладими?" деб сўраганди. Ўшанда мен яхши футболчи чиқиши учун биринчи навбатда овқатланишга жиддий эътибор беришимиз керак дегандим. Кўпчиликнинг турмуш тарзидан келиб чиқиб ҳаммани ҳам бой оиладан дея олмаймиз. Яхши овқатланмайдиган болалар талайгина. Шу боис ҳамма биргаликда овқатланишини йўлга қўйдик. 

Кейин эса машғулотларга эътибор қарата бошладик. Болалар футболида йилдан йилга боланинг кучига куч қўшиб бориш ўта муҳим саналади. Учинчидан эса жиддий тартиб-интизом. Баъзи болалар мактабимизга энди келган пайт тўғри овқатланишни, ҳатто тиш ювишни билмасди. 1997-98 йилда туғилган тарбияланувчиларимиз яхши чиқди деб айта оламан. Уларга мен билан Умар Раҳматуллаев устозлик қилган. Мана ҳозирги пайтга келиб шу ёшдагилардан етти-саккиз нафари асосий таркибда ўйнаяпти. Умуман олганда ҳамма гуруҳда етакчилар бўлган. 

Болалар футболида ҳар бир гуруҳдан камида икки нафар футболчи етказиб берсанг шунинг ўзи катта натижа ҳисобланади. Баъзида мендан сўрашади: қолган футболчилар қаерга кетди? Футбол - қийин ўйин, ҳар доим ҳам яхши футболчи етишиб чиқавермайди. Кимдир шу ерда қолиб асосий таркибга киришга ҳаракат қилади, кимдир ўзига бошқа жамоа қидиради. Мен шу ўринда Рўзиқул Бердиев учун хурсандман. Жамоамиз бош мураббийи асосий урғуни клуб тарбияланувчиларига қаратиб жуда тўғри йўл тутди. Ўз навбатида бу йигитлар мураббийни уялтириб қўйишмади. Эсингизда бўлса, 1994 йилда туғилганлар Мексикага бориб келганидан сўнг машинали бўлишганди. Аммо ўша таркибдан деярли ҳеч ким юқори савияда ўйнаб кета олмади. Бу йил Хитойда чемпион бўлиб қайтганлардан эса деярли ҳаммаси ўз клубининг асосий таркибида ўйнаяпти. Шу мусобақада икки нафар футболчимиз Одил Ҳамробеков билан Азиз Ғаниев жуда яхши ўйин кўрсатди. 

- Шу ўринда Қаршига келган дастлабки йилларни ёдга олсангиз.
- Таниқли менежер Баҳром Давлатовнинг Украинада кўп танишлари бор эди. Баҳром Бойжонович ўшанда Ўзбекистонга келиб ишлай оладиган мураббий қидириб юрган экан. Танишларимдан бири менга қўнғироқ қилиб, Ўзбекистондан иккита таклиф бор, бориб ишлайсанми деб сўради. Таклифлардан бири олий лига клубидан экан. Мен шу заҳоти йўқ дедим. Иккинчиси эса болалар футболига доир эди. Мен Одессада футбол мактаби шакллантирган эмасми, иккинчи таклиф кўпроқ қизиқ туюлди. Мен ишлаган пайт Одессадаги мактаб "Черноморец" болалар футбол мактаби деб юритиларди. Ҳозир номи ўзгарган: ДСШ-11 деб номланади. Мактаб директори Григорий Филипович Кривенко ўз вақтида менга устозлик қилган. Мен бу инсондан умрбод миннатдорман. 1999-2004 йиллар оралиғида шу мактабда ишладим. Ундан кейин бошқа жамоага ўтдим.

Хуллас, таклифга рози бўлиб аввалига Тошкентга келдик. Қарасам, ҳаммаёқ чиройли ва озода. Кейин машинада Қарши томон йўлга чиқдик. Самарқанддан ўтгандан сўнг буёғи чўлга ўхшаш жой денг. Мен эса ҳайрон: бу ерда футбол борми ўзи? Қаршига келиб жойлашгач уч кун фақат шаҳар айландим. Футболга алоқадор база топишга ҳаракат қилдим. Кейин охири сўрадим: ўзи бу ерда нима бор? Ҳеч нарса йўқ дейишди. "Энди нима қиламиз?" Нима қилиш кераклигини сиз биласиз, шунинг учун ҳам сизни таклиф қилганмиз. Ўзингиз қурилиш ва бошқа ишларга бош-қош бўласиз дейишди. Майли, нима бўлса бўлар деб ишга киришдим. Ишонасизми, ҳозиргача Қарши кўчалари номини билмайман, лекин шаҳардаги ҳамма стадионни ёдлаб олганман. Бу ерга келиб ўз олдимга савол қўйдим: нима қилса "Насаф"да болалар мактабини кучайтирса бўлади. Кейин ишга киришдим. 

- Академиядаги шароитлар ҳақида гаплашсак?
- Мен энди келганимда қурилиш бошланган кезлар эди. Бошида 70 киши шу ерда овқатланар, яна 70 кишини овқатлантириш учун "Икарус" автобусида "Жайҳун" меҳмонхонасига олиб бориб келардик. Шароит ҳозиргидек яхши эмасди, ҳатто ювиниш учун "Насаф"нинг эски душидан фойдаланардик. Ҳаммаси кейин қуриб битказилди. 2009 йилнинг март ойида академияни ривожлантириш дастурини ишлаб чиқдик. Ҳар бир ёшдаги гуруҳ коллеж майдонларида шуғулланарди. Майдонга ҳам ўзимиз қарардик. Хуллас шароитни ўзимиз учун ўзимиз тайёрладик. Кейинчалик академия олдида сунъий майдон барпо этилиб, шундан сўнг ўзимизда машғулот ўтказа бошладик. 

Мактабимизнинг илк "қалдирғочлари" 1993-94 йилда туғилган болалар бўлган. Орадан қарийб 10 йил ўтди, бироқ болалар ва мураббийларга бўлган талаб ўзгаргани йўқ. Ёш футболчилардан аввало интизомни талаб қиламиз. Энг асосий машғулот ва ўйинларни ёзиб олган ҳолда болаларнинг ўзига қўйиб берамиз, мураббийларга кўрсатиб таҳлил қиламиз. Мураббий шунга қараб кейинги дастурни ишлаб чиқади. Бундан ташқари, қўшимча дарслар графигини ҳам ишлаб чиққанмиз. 

Болалар қатнайдиган мактаб узоқ эмас, тарбияланувчиларимиз 23 ва 34-мактабга қатнаб ўқийдилар. Ўқишдан кейин овтқатланиб бўлгач, яна машғулот ўтказилади. Кечки пайт мактаб фанларидан қўшимча дарслар бўлади. Бунинг учун четдан ўқитувчилар ёллаганмиз. Улар футболчиларга математика, одам анатомияси, рус, инглиз тили ва компьютер сабоқларидан дарс беришади. Биз чақирган ўқитувчилар 23-мактабда ишлайдилар. Улар дарсдан сўнг академияга келиб болаларга қўшимча дарс ўтишади. Чунки эртага футболчи чиқмаса ҳам асосийси болалар яхши инсон бўлиб етишсин деймиз. Ҳозир ўз имкониятимиздан келиб чиқиб иш олиб боряпмиз. Агар сизда оддий машина бўлса, қимматига қараб ўтирмайсиз, боридан фойдаланасиз, тўғрими? Бизда ҳам шундай. Нимага эга бўлсак шундан фойдаланишга ҳаракат қиляпмиз. 

- Академия ташкил қилиш кимнинг фикри бўлган?
- Аввало ҳаёт шуни тақозо этган. Футболга қизиқувчи болалар кўплигидан академия очмасак бўлмасди. Қолаверса, Вазирлар Маҳкамасининг бу борадаги қарори катта туртки берган. Марҳум Нуриддин Зайниевич "Насаф" юқорига кўтарилиши учун кўп ишларни амалга оширди. У кишининг вақти тиғиз бўлишига қарамай, ҳар куни келиб академия ҳолидан хабар олиб кетарди. Деярли ҳеч бир ўйинни ўтказиб юборганини эслай олмайман. Нуриддин Зайниев болалар футболи бўладими, иккинчи лигами ё асосий таркиб ўйиними, хуллас ҳаммасини кузатиб борарди. Доим муаммоларни ҳал қилиш билан овора бўларди. У киши мендан бизда мураббийлар савияси қанақа, нима қилсак янада юқорига кўтарамиз деб кўп сўрарди. 

Бемалол айтишим мумкин, Қашқадарёга шундай раҳбар ишлаши натижасида омад кулиб боқди, чунки у киши бўлмаганида ҳозирги шароитлар бўлмасди. Шу ўринда собиқ вилоят прокурори Худойқул Тўраевични алоҳида эслаб ўтиш жоиз. У киши ҳам футболи ривожи учун кўп ишларни амалга оширди. Бундан ташқари "Шўртангазкимё" мажмуасининг аввалги раҳбари Алишер Саидаббосович Султоновнинг хизматларини айтмайсизми. У инсон ҳеч бир ишни ёмон қила олмасди, доим ортиғи билан бажарарди. Ва албатта, Баҳром Давлатовни ҳам унутиб бўлмайди. У киши футболнинг ҳақиқий фидойиси. Мен "Насаф" академиясини ривожлантиришда мана шундай кишилар билан ишлаганимдан бениҳоя хурсандман. Агар атрофимизда шундай инсонлар бўлмаганида "Насаф" академияси бу қадар юқорига кўтарилмасди. 

Х.Холиқов суҳбатлашди. 

(Давомини кутинг...)

Рейтинг: +22   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика