UZ

Сўнгги янгиликлар

00:57Энцо Мареска: "95-дақиқада гол ўтказиб юбориш ёқимсиз"  0 00:28АПЛ. Бруну қизил олган, Онана бурчакдан гол ўтказиб юборган учрашувда МЮ "бўрилар"га мағлуб бўлди  16 00:04АПЛ. "Ливерпуль" - "Лестер". Асосий таркиблар маълум!  4 23:52"Барселона"нинг ёздаги илк трансфери ким бўлади?  3 23:10"Фулхэм" сўнгги марта "Челси" майдонида қачон ғалабага эришганди?  3 22:49"Бухоро-W" қизлари Қозоғистон жамоасига қарши ўртоқлик ўйини ўтказди  4 22:12МТРК учун футбол мусобақаларини ёритишга мослашган КТС сотиб олинади  12 21:57ДАҲШАТ! "Фулхэм" дербида "Стэмфорд Бриж"да ғалабага эришди!  29 21:34АПЛ. "Вулверхэмптон" - "Манчестер Юнайтед" баҳси асосий таркиблар маълум!  28 21:09"Манчестер Сити"да нохуш статистикалар  2 20:52Пеп Гвардиола: "Бизда ҳозир шундай даврки..."  9 20:19Аканжи: "Адолатсиз натижа"  6 19:56Моуриньюнинг "Фенербахче"си Абдуқодир Ҳусанов бўйича таклиф билан чиқмоқчи  32 19:32"ФарДУ" клубида мавсум якунларига бағишланган тақдирлаш маросими ўтказилди  2 19:24Муваффақиятсизлик давом этади: "Манчестер Сити" бу сафар ўз уйида "Эвертон" билан дуранг ўйнади, Холанд пенальтидан гол ура олмади  33

Катта суҳбат. Кахи Махарадзе: "Ўзбекистонда яна 11 йил жон деб қолган бўлардим" Янгиликлар

Катта суҳбат. Кахи Махарадзе: "Ўзбекистонда яна 11 йил жон деб қолган бўлардим"

Грузиялик маҳоратли футболчи Кахи Махарадзе бир йиллик узилишдан сўнг яна “Локомотив”га қайтди.

Унинг юртимизга келиб ўйнай бошлаганига 11 йил бўлибди. Биламизки, жуда кўп легионерлар олти ой, нари борса бир йил ўйнаб кетиб қолишади. Лекин Махарадзе 11 йилдан бери шу ерда. Шу боис у билан суҳбатлашганда гаплашса бўладиган мавзулар кўп. Кахи Махарадзенинг интервьюси каттароқ бўлгани учун бўлиб беришга қарор қилдик. Қуйида биринчи қисмини келтириб ўтамиз.

  

- “Локомотив”га қайтиш қандай юз берди? 

- Ҳаммаси жуда оддий. Клуб бош директор ўринбосари Тўлабек Акрамов қўнғироқ қилиб, жамоага кераклигимни айтди ва шундан сўнг яна “темирйўлчилар” сафига қайтдим.


- Суҳбат узоқ давом этдими? 

- Йўқ, қисқа ва лўнда. Бир оғиз гап ва таклифни қабул қилдим. “Локомотив”га қайтиш мен учун уйга қайтишдек гап, чунки Ўзбекистонга келганимда биринчи шу жамоада ўйнаганман. Шу боис ортиқча ўйлаб ўтирмадим.

 

- Қайтишингизнинг асосий сабаби нимада? 

- Яна юқори савияда ўйнашни хоҳлайман ва бунга қурбим етади деб ўйлайман. Мавсум қандай ўтишини эса вақт кўрсатади.

 

- Ўзбекистонга келиб ўйнай бошлаганингизга 11 йил бўлди. Узоқ муддат бир давлатда тўп тепиш сири нимада? 

- Тўғрисини айтсам, Ўзбекистон менинг иккинчи уйим бўлиб қолган. Анчадан бери шу ердаман ва ўзимни худди маҳаллий фуқародек ҳис қиламан. Тошкент ва Тбилиси бир-бирига жуда ўхшаб кетади. Қолаверса бу ердаги ўйин услуби менга маъқул келади, шу боис анчадан бери ўйнаяпман. Ўтган вақт мобайнида кўплаб танишлар, дўстлар орттирдим, ҳамма билан илиқ муносабатларни сақлаб қолишга ҳаракат қилганман.

 

- “Локомотив”даги биринчи йилни эслайсизми? Клубга келиш қандай рўй берганди? 

- Ҳа, эсимда. 2009 йил эди. Мен иккинчи давра олдидан келганман. Ўшанда бош мураббийи Вадим Абрамов эди. Иссиқкўлдаги йиғинда мен ҳам жамоа кўригида бўлганман. Грузиядан икки футболчи келгандик. Шундай бўлдики, Абрамов мени олиб қолди, шеригим эса уйга қайтиб кетди. Шу-шу Ўзбекистондаман.

 

- Сизни ким таклиф қилган? 

- Ҳеч ким чақирмаган. Мени Грузиядан жўнатишганди. Қўнғироқ қилиб Ўзбекистондан қизиқиш бор, бориб кўрикда қатнаш дейишди. 


- Қўнғироқ қилган агентингизмиди? 

- Йўқ. Тошкентнинг “Локомотив” клубига келишдан олдин Тбилисининг “Локомотив” жамоасида ўйнардим. Клуб президенти қўнғироқ қилиб айтди. Клубда молиявий муаммолар юзага келганди, шундан сўнг клуб раҳбари менга Тошкентдан вариант борлигини айтди. 


- Сизда агент борми? 

- Йўқ, ҳеч қачон бўлмаган ҳам. 


- Агентларга муносабатингиз қандай? 

- Ҳозир футболда кўп нарсани улар ҳал қиляпти. Кўп агентлар мураббий билан гаплашиб, ўз футболчиларини таклиф қилади. Бунинг натижасида яхши футболчини ҳеч ким пайқамай қолиши, ўйини зўр бўлмаган ўйинчи эса агентнинг иши билан жамоа топиб кетиши мумкин. Бунинг сабаби унинг агенти борлигида. 


- Сиз ҳам агентингиз бўлишини хоҳлаганмисиз? 

- Бошида хоҳлагандим, ҳатто менга қизиқиш ҳам бўлганди, лекин берилган ваъдалар бажарилмагач, ишонмай қўйдим. Энди ишонмайман десам бироз нотўғри бўлар, яхшиси уларга қизиқмайман дея қолай.


- Ўзбекистонда яна 11 йил қолган бўлармидингиз? 

- Албатта, жон деб қолган бўлардим. Менга бу ерда ҳамма нарса маъқул келади. Яна қолишга тўғри келса, ҳеч қандай муаммо кўрмаяпман. 


- 11 йил олдинги “Локо” билан ҳозиргисини таққослай оласизми? 

- Шароит жиҳатдан олдин бошқача эди. Жамоа 5-6 ўринларда юрар, ҳозиргидек профессионал клуб эмасди. Лекин ўшанда ҳам яхши футболчилар ўйнаган. Масалан, россиялик дарвозабон Александр Филимонов. Бошқа легионерлар ҳам кучли эди. 

2009 йилни 6-ўринда тугатганмиз. Бу ўша пайтдаги жамоа тарихида энг яхши натижа эди. Вақт ўтиб клуб кучайиб борди ва охирги беш йилда уч марта чемпионликни қўлга киритди. Кубокда ғалаба қозондик, Суперкубокни ютдик.

 


- Тошкентга энди келган пайт қаерда истиқомат қилгансиз? 

- “Буюк Ипак йўли” метроси яқинидаги “Кеч” меҳмонхонасида. Жамоа ўша ердаги ҳарбий меҳмонхонада истиқомат қилар, мен ҳам ўша ерда турганман.

 

- Шунча йилдан бери Тошкентдасиз. Ўзингизга уй сотиб олдингизми? 

- Йўқ. Уй олиш учун имконият бўлган, лекин мен зарур эмас деб ўйлаганман. Балки кейинроқ оларман. 


- “Локомотив”да икки йил тўп тепгач (2009-2010 йиллар), “Пахтакор”га ўтдингиз. Бу қандай юз берган? 

-  “Локо” оғир даврларни бошдан кечирганди. Жамоа 2010 йил биринчи лигага тушиб кетди. Бош мураббий ўзгарди. Биринчи даврада яхши ўйнагандик. Кейин раҳбарият алмашди, янги мураббий келди ва ҳаммаси тескари тус ола бошлади. Оралиқ танаффусда 15 нафарча янги футболчи келиб қўшилди, лекин шулардан фақат икки-учтаси ўйнади. 

Кубок баҳсларида ҳам яхши кетаётгандик, уйда “Шўртан”ни 2:0 ютдик, сафарда эса кутилмаганда 0:4 ҳисобида ютқазиб қўйдик. Бу орада менга “Пахтакор”дан таклиф тушди ва жамоани алмаштиришга қарор қилдим. “Пахтакор”га ўтгач яна ҳаммаси изига туша бошлади. 2011 йил Кубокда зафар қучдик, ундан кейинги йил чемпион бўлдик. 2014 йилдан бошлаб то 2018 йилгача фақат чемпионликка эришдим. 


- Кўриниб турибди, Ўзбекистонда ўйнаб ҳамма совринларга эга чиққансиз. 

- Ҳа, шундай. Чемпион бўлдим, Кубок ва Суперкбокда ғалаба қозондим, керак бўлса биринчи лигага тушиб ҳам кетдим.

 

- “Пахтакор”дан қандай хотиралар қолган? 

- Жуда яхши. Эсда қоларли даврларни ўтказдим, икки йил жамоа сардори бўлдим. Хуллас ҳаммаси зўр бўлган. Охирги беш йилдан бери ўтган мавсумни ҳисобга олмаганда “Локомотив”да ўйнаб келяпман ва бундан жуда хурсандман.

 

- Сиз учун “Пахтакор”даги энг муваффақиятли мавсум қайси? 

- 2014 йил. Самвел Бабаян бош мураббий бўлиб ишлаган пайт. Ўша йил биз мағлубиятга учрамасдан чемпион бўлганмиз. 


- 2016 йил “Локо”га қайтиб уч йил “темирйўлчилар” сафида тўп тепдингиз. Нима деб ўйлайсиз, умуман бошқа Махарадзе қайтганмиди? 

- Шундай дейиш мумкин. Чунки мен “Пахтакор”да ҳужумчи ортида ўйнардим, “Локо”да эса таянч ярим ҳимоясига, баъзан марказий ҳимояга қўя бошлашди. Лекин Махарадзе битта ва у ҳеч қачон ўзгармайди. Охирги пайтларда қайси чизиққа қўйишса, ўша ерда ўйнаб келяпман. 


- Бу йил қаерда ўйнайсиз? 

- Кўрамиз. Мураббийлар ҳал қилади. Балки яна ҳимоя марказига қайтарман. Тўғри, бир йил марказий ҳимоячи бўлиб тўп тепмадим, лекин яна эслашга ҳаракат қиламан.

 

- Демак, фақат дарвозани қўриқламагансиз? 

- Нега энди? Дарвозада ҳам турганман. Филимонов қизил карточка олиб майдонни тарк этганидан сўнг дарвозани қўриқлаганман. Филимонов иккита гол ўтказганди, мен эса нолга турганман. Ўшанда “Динамо”га қарши ўйнаб 1:2 ҳисобида ютқазганмиз.


- Уч йил “Пахтакор”да, яна уч йил “Локомотив”да ўйнаб чемпион бўлдингиз. Бундан чиқди чемпион бўладиган клубларда ўйнайсиз. 

- Балки бу йил яна чемпион бўлармиз. Бунда ҳеч қанақа муаммо кўрмаяпман.

 

- Ўтган йил “Пахтакор” чемпионликни нишонлади ва иккинчи ўриндаги “Локо”ни 20 очкога ортда қолдирди. Бу йил ҳам мухлислар “Пахтакор”нинг чемпион бўлишига шубҳа қилишмаяпти.

- Энди мухлисларнинг фикри турлича бўлади. Чемпионлик эса оғизда эмас, майдонда ҳал этилади. Шундан келиб чиқиб Суперлига бошлансин, кўрамиз ўйинлар қандай кечишини. Биз ўз ишимизни бажаришимиз керак, шундан сўнг ҳаммаси ойдинлашиб боради. Чемпион ким бўлишини ноябрда билиб оламиз.

 

- Ўтган йил “Сўғдиёна”даги мавсум қандай ўтди? 

- Жуда яхши. Биз тўртинчи ўринни эгалладик ва буни ҳеч ким кутмаганди. У ерда ҳам яхши футболчилар билан ўйнадим, ажойиб мураббийлар штаби ҳамда кучли раҳбарият билан ишладим. Мана шу интервьюдан фойдаланиб жиззахлик мухлисларга алоҳида раҳмат айтиб қўймоқчиман.

 

- “Сўғдиёна” бош мураббийи Улуғбек Бақоев ҳақида фикрингиз? 

-   Яхши инсон ва кучли мураббий деб биламан. Бақоев футболчилар билан қандай гаплашиш кераклигини билади, пайтида ўзи ҳам моҳир ҳужумчи бўлган ва кўп жамоаларда ўйнаган. Мен у билан илиқ муносабатларни сақлаб қолганман. 


- Бақоев “Бухоро”да ишлаган пайти жуда ҳиссиётга берилувчан эди. “Сўғдиёна”да ҳам шундайми? 

- У ҳар доим бир хил. Доим ютишни хоҳлайди, жамоа учун ҳар куни қайғуради. Лекин футболда ҳар доим ютишнинг иложи йўқ, хато ва камчиликлар бўлиб туради. Улуғбек Истамович буни жуда яхши тушунади.

 

- Юртимиздаги 11 йил ичида энг омадсиз мавсум деб 2010 йилни айтса бўлади. Чунки шу йили “Локомотив” биринчи лигага тушиб кетганди. Энг омадли мавсум сифатида қайсини кўрсата оласиз? 

- 2014-2018 йиллар оралиғидаги барча мавсумларни бир хил омадли деган бўлардим. Ҳеч бирини алоҳида ажратиб кўрсата олмайман. “Пахтакор”даги чемпионлик ҳам, “Локомотив”даги чемпионлик ҳам ниҳоятда ёқимли бўлган.

 

- Фақат Осиё чемпионлар лигасида бироз омад келмаган.

- 2016 йил халқаро майдонда яхши ҳаракат қилгандик. “Локо” гуруҳдан чиқиб ҳатто чорак финалгача борганмиз. Аммо БААнинг “Ал Айн” клубига қарши баҳсда ютқазиб қўйгандик. 

 

- Энг кучли “Локомотив” 2016 йилги таркиб эди деб айта оласизми? 

- Ҳа. Таркиб жиҳатдан ҳақиқатан кучли эдик. Жуда кучли футболчилар ўйнарди. Лекин 2017-2018 йилларда “темирйўлчилар” ўйин жиҳатдан тўлиқ шаклланиб жамоани ҳеч ким тўхтата олмай қолди. Ўз ўйин услубимиз бор эди, футболчилар бир-бирини кўзини юмиб ҳам тушунарди. 


- “Локо”да ўтган йил ҳам қолишингиз мумкинмиди? 

- Менимча, қола олмасдим. Баъзи ишлар рўй берди ва кетишим кераклигини сездим. Ўртага кимлардир тушди, қандайдир гаплар бўлди. 


- Эслай оласизми, сиз чемпионатда гол урмаган мавсум бўлганми? 

- Йўқ, бўлмаган. Мен ҳар йили гол урганман. 


- Статистика бўлган деяпти. 2010 йил олий лигада умуман тўп киритмагансиз. 

- (Бироз ўйланиб) Наҳотки? Бўлиши мумкин... Мен эса ҳар йили гол урганман деб ўйлар эканман.


- Грузиянинг Батуми шаҳрида туғилиб ўсгансиз. Шаҳар ҳақида гапириб берсангиз.

- Батуми пойтахт Тбилисидан 300 км. узоқда жойлашган. Курорт шаҳар ҳисобланади. Денгиз бор. Шаҳар Туркия чегарасида. Туркияда Анталия бўлса, бизда Батуми бор. 


- Шаҳарда футболни ёқтиришадими? 

- Албатта. “Динамо” Батуми чемпионатда иккинчи ўринни эгаллади ва Европа Лигаси саралаш босқичида ўйнайди. Ҳозир клуб янги стадион қуряпти. Менга бу жамоадан таклиф тушганди, лекин Ўзбекистонда қолишни маъқул кўрдим.

 

- Ҳозир Грузияда футбол даражаси қандай? 

- Футбол йилдан йилга ўсяпти деб ўйлайман. Терма жамоа шаклланиб боряпти. Миллатлар Лигасида яхши иштирок этдик.  Насиб қилса биз ҳам Европа чемпионатига чиқамиз.

 

- Тбилиси ва Тошкент. Қаерни яхшироқ биласиз? 

- Тошкентни, албатта. Тбилисида ҳам кўп жойларни биламан. Лекин баъзан адашиб қолишим мумкин. Тошкентни эса ёдлаб олганман. Келганимдан бери пойтахтда яшаяпман ва шаҳарни ўрганиш учун етарли вақт бўлди.

 

(давомини кутинг...)

Х.Холиқов суҳбатлашди.

Рейтинг: +23   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика