"Катанецга баҳони бу ўйинлар бермайди. Мальдив ороллари билан ҳам кечаги сценарий такрорланиши мумкин. Чунки..." — Мутахассис фикри
09 июн 2022 19:06
Янгиликлар
"Катанецга баҳони бу ўйинлар бермайди. Мальдив ороллари билан ҳам кечаги сценарий такрорланиши мумкин. Чунки..." — Мутахассис фикри
Наманганда кучсиз ва даражаси паст қаралган Шри-Ланка билан кечган учрашувда ҳамюртларимиз катта устунликка эга бўлишди. Бироқ мазкур устунлик ҳисобда ўз аксини этгани йўқ. Бир қанча вазиятлар яратган терма жамоамиз уларнинг 3тасидан самара чиқара олди, холос. Боз устига бу Сречко Катанец учун илк расмий ўйин ҳисобланарди. У кеча ёки бугун келгани йўқ. Деярли бир йил тўлди. Хўш, унинг иши кўзга кўрина бошладими? Бу борада мутахассис сифатида тажрибали мураббий Дилшод Нуралиевнинг фикрлари билан қизиқдик.
— Катанецнинг бир йил ичидаги ишларини таҳлил қила олмайман. Бироқ терма жамоага ҳар бир позициядаги энг кучлиларини жалб қилгани кўриниб турибди. Ўзининг қарашига қараб таркиб йиғган. Менимча, тўғри таркиб танланган. Кечаги ўйинга келсак, ҳимояга ётиб олиб ўйнайдиган жамоага қарши тўп тепиш жуда қийин. Иккинчидан бу биринчи ўйин. Гол уришимиз учун анча вақт кетди. Ҳамма кўрдикки, вазиятлар етарлича яратилди. Турли услублардан фойдаланиб кўришди. Янада йирикроқ ҳисобда ютишимиз керак эди, 3:0 кам деган гаплар нотўғри, деб ўйлайман. Муҳими ўйин сифати. Бироқ ҳужумларни якунлашда анча бошқотиришга тўғри келяпти. Чунки реализация анча пасайиб кетган. Ўйлайманки, бу ҳолат ўйиндан-ўйинга яхшиланиб боради.
Ҳужумда вазиятлар яратяпмиз. Бироқ фойдаланиш коэффициенти жуда паст. Бундай рақибларга қарши фақат Шомуродовни якка ўзини тушириш тўғрими? Бу борада мутахассисимизнинг фикри қуйидагича бўлди.
— Эътибор берсангиз, Шомуродовга икки қанот вингерлари кўмаклашмоқда. Агарда 2та ҳужумчи билан ўйнасак рақиблар асосий диққатни марказни ёпишга қаратади. Натижада янада қийналишимиз мумкин. Шахсий фикрим шундай. Ҳозирги ҳолатда унга Азиз Амонов ҳам ёнида ўйнай олади. Ўйин бўйича айтсам, Катанец кўрсатмаларда кўпроқ қанотдан узатмалар беришни берган кўринади. Юқоридаги фикримда қоламан, очиқ ўйин кўрсатадиган жамоадан кўра, ёпиқ футбол таклиф қиладиган жамоага қарши ўйнаш мураккаблик туғдиради. Шу куни Шри-Ланка олдинга ўтгани йўқ. Уларнинг вазифаси тўпни олдинга тепиш, ўйинни "ўлдириш" бўлди, холос. Бундан осон нарса йўқ. Шу боис қайсидир маънода биз кутган ўйин чиқмади. Жамоамизнинг салоҳиятига шубҳа қилмайман. Мураббийнинг имзоси бироз бор. Тартиб-интизом, ҳужумчиларнинг ортга қайтиб ёрдам бериши ва ҳоказо. Яна бир жиҳатга тўхталиб ўтсам, айни пайтда терма жамоа ва Катанецнинг ишига бу ўйинлар билан баҳо бера олмаймиз. Чунки Мальдив ороллари, Шри-Ланка каби рақиблар билан беллашувларда буни аниқлаш имконсиз. Таиланд билан учрашувдагина қисман фикр билдира оламиз. Бу терма жамоа ҳам яхши. Тезкор футболчиларига эга. Гуруҳдаги қолган икки терма жамоадан анча устун.
— Мальдив ороллари билан ҳам кечаги сценарий такрорланишини тахмин қиламан. Чунки улар ҳам ҳимояда ўйнайди. Қанотлардаги узатмаларда кўпроқ ердан ўйнаш керак. Ҳаводан узатилаётган тўпларда яккакураш кўпроқ кечади. Ярим ҳимоячиларимиздан эса тезкорлик талаб қилинади. Рақиб ҳимояланганига қадар тезроқ ҳужумга ўтиш лозим. Кеча Шри-Ланкани индивидуал маҳорат эвазига мағлуб этдик. Иккита гол Машарипов ва Ҳамдамовнинг маҳорати эвазига урилди. Ўйиндан битта тўп киритдик. Комбинацияларимиз бор. Вазиятлар яратиляпти.
Фикрлар