Жалолиддин Исоқулов: "Ўғлимдан футболчи чиқмаслигини кўрдим ва футболни йиғиштир дедим"
31 мар 2020 09:06
Янгиликлар
Жалолиддин Исоқулов: "Ўғлимдан футболчи чиқмаслигини кўрдим ва футболни йиғиштир дедим"
- Жалолиддин ака узоқ йиллардан сўнг сиз билан яна суҳбатлашиб турганимдан хурсандман. Жалол ака айтингчи, футболчилик фаолиятингизни тугатгандан сўнг нималар билан бандсиз?
- Аввало, шунча йиллик танаффусдан сўнг, мени эслаганиз учун раҳмат. Футболчилик фаолиятимни якунлагандан сўнг, 2010 йилдан бери Денов олимпия захиралари мактаб интернатида мураббий бўлиб ишлаб келмоқдаман.
- Жалол ака футболчилик фаолиятингиз ҳақида озроқ гапириб берсангиз. Ўзи футболга қандай кириб келгансиз?
- Мени илк бор футболга дадам олиб келган. Уйимизнинг ёнида "Денов" марказий ўйингоҳи жойлашган эди ва 7 ёшимдан мен футбол билан шуғулланишни бошладим. Адашмасам 1983-1984 йилларда футбол ўйнай бошлаганман. Профессионал футболга илк қадамимни биринчи лигада "Шўрчи-лочин" жамоасида бошлаганман. Мени "Шўрчи-Лочин" клубига Исмоил Номозов олиб борган. Бир мавсум биринчи лигада тўп сурдим. Шунданг сўнг, "Сурхон" жамоаси сафига бориб қўшилдим. "Сурхон"га мени Шўрчи ун завод директори Омон Бекназаров олиб борган. Шу тариқа футболга кириб келганман.
- Ўзингиз билан бир пайтда тўп сурган Отабек Шомуродов, Боходир Аннаматов ва бошқа футболчилар билан ҳам кўришиб турасизми?
- Ҳа, албатта Отабек билан ҳам Боҳодир билан ҳам доим алоқадаман. Улар мен тўй қилганимда, ёки улар тўй қилганда мен хизматда бўламан.
- Бир қатор мураббийлар қўл остида ўйнагансиз. Улардан қайси бирининг тактик - схемалари сизга ёқарди?
- Менимча ўша пайтдаги энг кучли мураббий Биродар Абдураимов эди. Унинг қўл остида тўп сурганман. Биродар ака ҳақиқатдан кучли мутахассис ва мураббий. У мураббийни жуда ҳурмат қиламан. Ўзи ҳам ажойиб футболчи бўлган. Футболни тушунарди. Мен кўп нарсаларни айнан Биродар акадан ўрганганман. Ўйин кунлари болаларни зўр тайёрлайдилар. Ҳаётда ва менимча футболда ҳам қаттиқ қўл инсон.
- Футболда мураббийнинг роли шунчалик каттами?
- Албатта роли катта. Ўйинга сизни ҳам жисмонан, ҳам руҳан тайёрлаш айнан мураббийга боғлиқ. Мураббий сизга тўғри йўл кўрсатади. Қайси томонга қайси пайт югуришингиз кераклигини, қайси пайтда техникага эътибор қаратиш кераклигини айнан мураббий ўргатади.
Жалолиддин Исоқулов (чапдан биринчи)
- Жалол ака сиз мана бир неча йили биринчи лигада, ўринбосарлар таркибида ҳам тўп сурдингиз. Айтингчи, нега бугунги кундаги кўпгина футболчилар ўринбосарлар яни U-21 жамоасида ўйнаб, амалиётга эга бўлишни хоҳлашмайди?
- Бу менимча нотўғри. Футболчи агар яхши футболчи бўлишни хоҳласа албатта ўринбосарлар таркибида тўп суриб, ўйин амалиётига эга бўлиши керак. Сизни фикрларингиздан шундай хулосага келмоқдаманки, футболчилар меҳнат қилишни хоҳлашмайди. Лекин меҳнатсиз бирор бир нарсага эришиб бўлмайди. Ўринбосарлар таркибида тўп сураётган футболчилар кимдан ўрнак олади унда? Айнан ўша футболчидан ёш футболчилар ўрнак олади-ку. Ёдингизда сақланг: аввало бу мени фикрим "ўринбосарлар таркибида ўйнаган футболчи, янада олдинга силжишда давом этади".
- Жалол ака ўринбосарлар таркиби жамоаси асосан ўйин куни ўша вилоятга ташриф буюради ва агарда жамоа мағлуб бўлса, йўлда қийналганликлари сабаб мағлуб бўлганлигини айтишади. Айтингчи, сизнингчи бу фикр тўғрими?
- Аввало, бу раҳбариятга ва клуб бюджетига боғлиқ. Масалан, мен ўринбосарлар таркибида тўп сурганимда, 2-3 кун олдин бориб, ўша вилоятга ва стадионларига мослашар эдик. Тўғри, бизда ҳам шунақа кўп ҳолатлар бўларди. Яна такрорлайман, бу аввало клуб бюджетига ва раҳбарларига боғлиқ. Менинг шахсий фикрим, жамоа камида 1 кун олдин ўша вилоятга бориши керак. Айнан шу сабабли мағлубиятга учраши эса ўша футболчиларнинг жисмоний ҳолатига боғлиқ. Жисмонан кучли бўлса, иштиёқ кучли бўлса ўйин куни бориб ҳам, ютиб келиш мумкин.
- Нега футболчилик фаолиятингизни якунлагач, футбол ичида яна бирор бир клубда мураббий бўлиб ишламадингиз?
- Футболчилик фаолиятимни якунлагач, футбол клубда ишлашни ҳохламадим. Футбол қийин. Шунча йил футбол ичида (кўчада) бўлдим. Энди оила парваришига кўпроқ вақт ажратишга қарор қилдим. Учта ўғлимни тарбиясига эътибор қаратаябман.
- Жалол ака 3 нафар ўғлингиз бор экан. Улар футболга қизиқишадими? Уларни футболчи бўлишини хоҳлайсизми?
- Йўқ, ўғилларим футболга қизиқмайди. Футбол ўйнаш ва футболчи бўлиш осон эмас. Тўғри, дастлаб уларни футболга бердим. Лекин, бир куни уларни ўйинини кўриб, "ўғлим, қўй сендан футболчи чиқмас экан, касб-ҳунар ўрган" дедим. Ўзлари касб-ҳунар ўрганишни ҳохлади. Қизиқмаган болани футболга бермаган маъқул. Ўзи севган касб билан шуғуллансин.
- Ҳозир ҳам "Сурхон" жамоаси ўйинларига ташриф буюрасизми?
- Йўқ, ҳозирча бу йилги баҳсларига иш сабаб боролмадим. Боз устига ўзингиз кўриб турибсиз "коронавирус" сабаб барча давлат чемпионатлари тўхтатилган. Лекин ўтган йили "Сурхон" жамоасини барча учрашувларига борардим. "Сурхон" ғалаба қозонса ич-ичимиздан қувонамиз.
- Жалол ака нима деб ўйлайсиз, нега бугунги кунда Сурхондарёдан Шомуродовлар, Тоировлар, Бозоровлар ётишиб чиқмаяпти?
- Нега Шомуродовлар, Тоировлар, Бозоровлар чиқмаётганлигига сабаб, футболчилар меҳнат қилишмаяпти. Юқорида ҳам айтиб ўтдим меҳнатсиз бирор нимага эришиб бўлмайди. Бундан ташқари Сурхондарёда анча вақт футбол бўлмади. Балки, шу ҳам бир сабаб бўлаётгандир.
- Жалол ака сиз "Сурхон" жамоасида ўйнаганизда, "Алпомиш" стадиони муҳлислар билан тўлиб - тошар эди. "Сурхон" жамоаси гарчи ўтган мавсумда (2019) ўз тарихида илк бор 6-ўринни қўлга киритган бўлса ҳам, стадион муҳлислар билан тўлиб тошмаяпти. Бунга сабаб нимада?
- Тўғри, бугунги кунда стадионларимиз мухлислар билан тўлмаяпти. Бунга сабаб кўпроқ ҳозирги футболимиз тактикага мослашган, ёпиқ футбол ҳисобланади. Бир ҳужумчи билан ўйнаш, рақамлар, тактик - схемалар, сўнгги хатони кутиш ҳоказолар. Лекин биз ўйнаган даврда очиқ, чиройли футбол кўрсатилар эди. Агар жамоа ҳужумкор футбол кўрсатса, одамлар футболга киради. Мухлис - футболга кирганда зерикмаслиги керак. Кўпроқ очиқ футбол ўйнашимиз керак. Ҳозирги футболда хатолар кўп. Имкон қадар индивидуал маҳоратини кўрсатиши керак. Футболчи дастлаб меҳнат қилиши керак. Келмасдан туриб менга уни берасан ёки буни берасан демаслиги керак. Ҳужумкор футбол кўрсатилса - мухлислар албатта стадионларга қайтади.
- "Сурхон" деярли доимий равишда Термизда яни ўз майдонида "Пахтакор"ни доим мағлуб этган. Сиз ўйнаган пайтда ҳам "Пахтакор" билан ўйинга мураббийлар сизларни бошқача тайёрлармиди? Яна ҳам аниқроқ қилиб, футбол тилида айтганда настрой бошқача бўлармиди?
- Тўғри, "Пахтакор"ни доим ютардик. "Пахтакор" билан Термизда бўлсин ёки Тошкентда доим рақобат бўларди. Албатта, Ўзбекистоннинг энг кучли ва гранд клубига қарши ўйнаганиздан кейин настрой бошқача бўлади. Ўзи футболда шунақа грандларга қарши натижа кўрсатмасангиз, ҳеч ким сизни эсламайди. Коллектив иноқ бўлса, футболчилар бир бўлиб ҳаракат қилишса мағлуб этиб бўлмайдиган жамоанинг ўзи йўқ.
- Қайси ўйин доим эсингизда?
- 2000 йили "Сурхон" жамоаси таркибида ўйнаганимга, Самарқанднинг "Динамо" жамоаси билан Термизда бўлган ўйин доим эсимда. Жуда шиддатли ўйин бўлганди. 5-3 ҳисобида ютганмиз. Чиройли ўйин бўлган.
- Жарима тўпларини зўр тепардингиз . Жарима зарбаси бўлса, муҳлислар "Жалол", "Жалол" дея сиздан гол кутишарди. Жарима зарбаларининг сири нимада?
- Ўша зарбани бериш учун қанча меҳнат қилиш кераклигини биласизми? Доим машғулотлардан сўнг, ўша пайтдаги "Сурхон" жамоаси дарвозабони Александрь Корнейчукни олиб қолиб, 20-30 дақиқа ичида 100 дан ортиқ жарима зарбаларини тепардим. Тинимсиз меҳнат қилардим. Ҳеч ким мени ҳеч қачон мени сен қолиб жарима зарбаларига тайёрлангин демаган. Ўзим қолиб меҳнат қилардим.
- Сиз ўйнаган пайтнинг энг кучли футболчилари кимлар бўлган?
- Миржалол Қосимов, Вали Келдиев, Рўзиқул Бердиев ва бошқалар. Умуман биз ўйнаган даврда, ҳар бир чизиқда жуда кучли футболчилар бўларди. Уларни сон билан айтиб бўлмасди.
- Сурхондарё футболи олдинга қараб силжияптими?
- Ҳа, Сурхондарё футболи олдинга силжимоқда. Суперлига баҳслари яхши бўлаяпти. Лекин биринчи лига баҳсларига эътиборни кучайтириш керак. Афсуски, ҳозирги биринчи лигани унчалик кучли деб бўлмайди. Иложи бўлса Сурхондарёдан яна битта жамоа биринчи лигада иштирок этиши керак. Чунки, иқтидорли болалар йўқ бўлиб кетаяпти. Четга бориб ўйнаш учун эса шароити йўқ. Сурхондарёда биринчи лигага жамоа қўйилса, болалар шу ердан маҳорат тўплаб, "Сурхон" жамоасига боради. Аввал "Шўрчи-Лочин" айнан ҳудди шу вазифани бажариб берарди. Яни "Сурхон" жамоасига футболчиларни етказиб берар эди.
- Жалол ака кўпинча футболда миллий терма жамоа ёки олимпия терма жамоасига мундиалга чиқиши учун омад етишмай қолади. Футболда "омад" деган тушунча нима ўзи?
- Футболда ҳам ҳаётда ҳам омад кучлиларга боқади деб кўп эшитганмиз . Лекин ростдан ҳам, футболда баъзида омад келмайди. Шунақа ўйинлар бўлади юзлаб ҳужумлар қилади лекин якунда мағлуб бўлади. Омад керак, омад бўлмаса қийин. Бу гапларим билан бизлар боллар меҳнат қилмаяпти деган фикрдан йироқман. Шунчаки, бошқа давлат футболи ўсишда бизга қараганда анча олдинда. Ҳамма давлатда футбол ривожланаяпти.
Фикрлар