Исломбек Каримов: “Шўртан” устидан аҳиллик эвазига ғалаба қозондик”
20 мар 2016 16:15
Янгиликлар
Исломбек Каримов: “Шўртан” устидан аҳиллик эвазига ғалаба қозондик”
Ғузорликлар дарвозасига киритилган ягона гол муаллифи Исломбек Каримов учрашувдан сўнг сайтимизга интервью берди.
- Бугунги рақиб “Шўртан” олий лига жамоаси эди. Шундай бўлсада ғалаба қозониб кейинги босқич йўлланмасини қўлга киритдик. Учрашув аввалида бош мураббий бизга рақиб тезкор ўйин намойиш этишини билдирганди. Шу боис қарши ҳужум тактикасига таяниб ўйнашимиз кераклигини уқтирганди. Гувоҳи бўлганингиздек мураббийлар томонидан ишлаб чиқилган тактика ўзини оқлади. Қарши ҳужумда меҳмонларни жазоладик.
- “Шўртан” собиқ жамоам. Бу клубга қарши ўйинда ниманидир исботлаш учун ҳаракат қилганим йўқ. Лекин яширмайман олий лига клуби бўлгани туфайли шунга монанд тайёргарлик кўргандим.
- Гол уриб, жамоамнинг ғалабасига ҳисса қўшишни жуда-жуда истагандим. Рақиб дарвозасини ишғол этишимга деярли 70-80 фоиз ишонгандим. Албатта мақсадимга эришганимдан хурсандман.
- Бизда ички муҳит аъло даражада. Футболчилар ўртасда муносабат яхши йўлга қўйилган. “Шўртан” устидан ҳам аҳиллик эвазига ғалаба қозондик деган бўлардим.
- Энди кейинги босқичда “Локомотив” билан ўйнаймиз. Мамлакатимизнинг етакчи клубига қарши баҳсга ҳам астойдил тайёргарлик кўрамиз. Бу жамоа ҳақида ортиқча таърифга хожат бўлмаса керак. Кучли таркибга эга. Шундай бўлсада олдиндан таслим бўлмоқчи эмасмиз. Шу куни ўз майдонимизда мухлисларимизни қувонтириш учун ғалаба мақсадида бор кучимизни ишга соламиз. Футболда олдиндан таҳмин қилиб бўлмайди. Тўғри, бўлажак баҳсда тошкентликлар фаворит. Лекин биз ҳам қараб турмаймиз.
Исломбек Рустамбеков.
Фикрлар