Ислом Аҳмедов: «Жепаров ва Кападзедан яхши мураббий чиқиши мумкин»
18 авг 2016 09:00
Янгиликлар
Ислом Аҳмедов: «Жепаров ва Кападзедан яхши мураббий чиқиши мумкин»
Улар орасида Асрор Алиқулов, Алишер Бозоров, Анвар Ғофуров, Одил Исабоев, Хайрулла Каримов, Виктор Карпенко, Анвар Солиев, Шерзод Шарипов, Абдумажид Тоиров каби таниқли футболчилар бор эди. Ушбу ўқув-курсларига ФИФА ва ОФК йўриқчиси, тажрибали мутахассис Ислом Аҳмедов раҳбарлик қилди. Мухбиримиз куни кеча Ислом Аҳмедовни суҳбатга тортиб, курс якунлари бўйича фикрларини сўради.
- Ислом ака, суҳбатимиз аввалида Тошкентда ўтган ўқув-курслари ҳақида маълумот берсангиз. Машғулотлар қандай ўтди?
- Ўқув-курси биз умид қилгандек, жуда ҳам қизиқарли ўтди. Унда қатнашган тингловчилар ҳам назарий, ҳам амалий машғулотларга жиддий тарзда ёндашишди. Очиғи, уларнинг ҳаракати ва иштиёқидан қониқиш ҳосил қилдим. Йигитларга раҳмат, курсга жуда яхши тайёргарлик билан келишибди. Ўқув дастурида асосан, Францияда бўлиб ўтган Европа чемпионатидан олинган лавҳалардан фойдаландик. Ана шу қитъа чемпионатида кўзга ташланган янгиликларни биргаликда муҳокама қилиб, амалда синаб ҳам кўрдик. «Кўҳна қитъа»нинг кўзга кўринган терма жамоалари ўйинни қандай ташкил қилишаётганини, ниманинг ҳисобига рақиблардан устун келишаётганини биргаликда таҳлил қилдик. Умид қиламанки, тингловчилар дастур давомида ўзлари учун муҳим маълумотлардан бохабар бўлишди ва замонавий футболдаги мазкур янгиликларни ўз клубларида амалга татбиқ қилишади.
- Айтингчи, ўқув-курсида таҳсил олган ёш мураббийлар замонавий футболнинг талабларини қандай қабул қилишди?
- Сир эмаски, уларнинг барчаси ўз вақтида катта футбол ҳавосидан нафас олишган, айрим тингловчилар эса ҳамон футболчилик фаолиятини давом эттиришяпти. Шу боис, ҳар қандай янгиликни тезда қабул қилиб, ўзлаштириб олишади. Улар назарий дарсларда маълумотлар ҳақида тасаввур ҳосил қилишди, амалий машғулотларда эса ўрганганларини майдонда, амалда синаб кўришди.
- Амалий машғулотлар қай тарзда ўтказилди?
- Ўқув-курсининг сўнгги кунларида бир нечта назорат учрашуви ўтказдик. Замонавий футболнинг янги талаблари асосида ташкил этилган ушбу ўйинлар курсимиз қатнашчиларида жуда катта таассурот қолдирди. Йигитларнинг ўзлари ҳам майдонга катта иштиёқ билан тушишди. Орттирилган кўникмаларни бевосита майдонда синаб кўришганидан сўнг уларнинг фикрлари тамомила ўзгарди. Аниқроғи, янги талаблар асосидаги футбол аввалгисидан бирмунча осон эканлигини айтишди.
- Ўзи замонавий футболнинг талаблари қандай? Келинг, аввало, шу саволга ойдинлик киритиб олсак...
- Маълумки, бугунги кунда Европанинг гранд клублари ва терма жамоалари майдонда камроқ куч сарфлаб, ижобий натижани қўлга киритишга эътибор қаратишяпти. Бунинг учун эса футболчиларни майдонда 90 дақиқа мақсадсиз югуришга эмас, ақл билан иш юритишга ўргатиш лозим. Қийинчилиги шундаки, бу усулда футболчи ҳар сонияда ўйлаши ва диққатни бир жойга тўплаб, совуққонлик билан ҳаракат қилиши керак. Лекин бу хусусиятларнинг барини бир футболчида жамлаш анча қийин. Агар шунга эриша олсак, футболимиз янги босқичга кўтариларди. Биз - мутахассислар ўқув-курсларида шу нарсага эришиш учун интиляпмиз. Қувонарлиси, мураббийларнинг ўзларида ҳам бу усулга қизиқиш катта. Кўпчиликнинг фикрича, бугунги кунда энг муҳими - жисмоний тайёргарлик. Бу фикрга қўшиламан. Шунингдек, айрим клубларимизда мураббийлар футболчиларнинг жисмоний тайёргарлигига жиддий эътибор қаратмаётгани, юкламаларни талаб даражасидан кам берилаётгани таъкидланмоқда. Лекин менимча, ҳамма нарса жисмоний тайёргарликка боғлиқ эмас. Европа клубларида футболчи 90 дақиқа бир маромда тўп суриши учун бошқа замонавий методлардан фойдаланишяпти. Ана шу методларни ўқув-курсларимиз давомида футболчи ва мураббийларимизга кўрсатишга ҳаракат қилдим. Аммо бу янгиликларни бирданига қабул қилиш ўқувчиларимиз учун маълум қийинчиликларни туғдиради, албатта. Бунинг учун яна озроқ вақт керак.
- Ислом ака, биздаги маълумотларга кўра, сиз яқинда Ҳиндистоннинг Мумбай шаҳрида ўтган ва ФИФА томонидан ташкил этилган курсларга ҳам раҳбарлик қилдингиз. Асосан ҳиндистонлик мураббийлар учун мўлжалланган бу ўқув-курси ҳақида ҳам маълумот берсангиз.
- Биласизми, олдинлари ҳам Ҳиндистонда бир неча бор бўлиб, ўқув-курсларида фаол қатнашганман. Қувонарлиси, Ҳиндистон футбол федерацияси расмий вакиллари ҳар сафаргидек, жуда илиқ кутиб олишди. Бу галги FIFA Senior Coaching Course, деб номланган ўқув-курси ФИФА томонидан ташкил этилди ва 5-9 август кунлари оралиғида Ҳиндистоннинг Мумбай шаҳрида ўтказилди. Унда асосан маҳаллий мураббийлар иштирок этишди. Жами 35 нафар мураббий 5 кун мобайнида ўқув-курсида таҳсил олди. Дастур Тошкентдаги курслар билан деярли ўхшаш эди. Ҳинд мураббийлари ҳам катта иштиёқ билан курсларда таҳсил олишди.
- Ўзбек ва ҳинд мураббийларини таққослаш мумкинми?
- Тўғрисини айтсам, Ўзбекистон - футбол мамлакати. Ҳиндистонда эса миллионлар ўйинига эътибор эндигина кучайтириляпти. Шу боис, икки мамлакат мураббийларини ўзаро таққосламаган бўлардим.
- Эндиги режалар қандай?
- Айни пайт Тошкентда «С» лицензияси учун мураббийлик ўқув-курслари давом этмоқда. Унда машҳур футболчиларимиздан Павел Бугало, Сервер Жепаров, Темур Кападзе, Элдор Магдеев ва бошқалар иштирок этишмоқда. Ўйлайманки, бу футболчилардан келажакда ажойиб мураббийлар етишиб чиқади. Бунга етарлича асослар бор.
Тошкентда ўтган ва якунига етган ўқув-курслари тингловчилари:
Отабек Акрамов, Асрор Алиқулов, Анвар Алматов, Алишер Бозоров, Науфал Бобоев, Анвар Ғофуров, Жалолхон Иноғомов, Одил Исабоев, Хайрулла Каримов, Виктор Карпенко, Виталий Лушачев, Ринат Мифтахутдинов, Анвар Солиев, Илҳом Юсупов, Шерзод Шарипов, Темур Бобохонов, Абдумажид Тоиров, Дурбек Умаралиев, Акмал Холиқов, Обид Худоёров, Темур Турдиев, Аббос Абдуллаев
Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди
Фикрлар