"Ҳаёт фақат футболдан иборат эмас"
06 дек 2018 19:25
Янгиликлар
Ўттиздан ошиб ўйини очилган, "Удинезе"нинг мангу рамзи, бомбардир... Бу каби таърифларни ҳали узоқ давом эттириш мумкин. Антонио Ди Натале карьераcида кўплаб ёрқин ва эсда қоларли воқеалар юз берган. Лекин италияликни яқиндан билиш учун унинг етти ҳислатини очиб берувчи етти воқеа ҳақида айтиб берган маъқул.
Ишонч
"Фаолиятимдаги энг хаяжонли дақиқалар биринчи марта "скуадра адзурра"га чақирув олганимда бўлганди. Коверчанодаги базага кириш, болалигимдан ўйинларини телевизор орқали томоша қилган футболчиларнинг расмини яқиндан кўриш… Миллий термага чақирув олиш: мен орзуимга етганимнинг исботи эди", — дейди Антонио Ди Натале.
Беш йил давомида, 2002 йил ноябрь ойидан 2007 йил сентябрига қадар, форвард терма сафида 12 учрашувда майдонга тушди ва 3 та гол уришга мувафйфақ бўлди. Муаммо шундаки, у иштирок этган деярли барча ўйин ўртоқлик мақомидаги ўйинларга тўғри келган ва у кейинчалик Италия зафар қучган ЖЧ-2006 учун якуний қайдномага киритилмади. Лекин Роберто Донадони келгач, "Удинезе" форварди ниҳоят "скуадра адзурра"нинг муҳим аъзосига айланди.
Ди Натале учун Европа Чемпионати-2008 саралаш босқичининг энг муҳим палласи 2007 йил сентябрь ойида Киевда Украинага қарши беллашув бўлди. Ди Натале миллий терма жамоа либосидаги дастлабки голларини уришга эришди ва жамоасига муҳим ғалабани келтирди (2:1). Шу вақтнинг ўзида Неаполда шифокорлар унинг онаси Жованни ҳаёти учун курашаётганди. Аммо, афсус, ҳаракатлар фойда бермади.
"Онам мен учун жуда қадрли ва муҳим эдилар. Айнан улар менга инсон доим ўзига ишониши кераклигини бот-бот такрорлардилар. Ва бугун мен қолган барчага шуни таъкидламоқчиман: таслим бўлманг! Мен 14 ёшимда уйимни тарк этдим. Ўшанда мени "Эмполи" мактабига таклиф қилишган ва айнан ойим қароримни қўллаб-қувватлаган, ўз кучимга ишонишимга сабабчи бўлганлар, — ёдга олади Антонио.
Қўрқув
"Ҳаётда фақатгина икки нарса туфайли афсусланаман: Евро-2008да Испанияга қарши учрашувдан кейинги пенальтилар сериясидаги ноаниқ зарба ва чамамда, ҳеч қачон она шаҳрим жамоаси – "Наполи" таркибида ўйнамаслигим, – деб тан олганди Ди Натале.
Антонио ёшлигидан қачондир "Наполи"нинг мовийранг футболкасини кийиб, майдонга тушаман деган орзу билан катта бўлди. Аммо клуб мураббийлари бўйи нисбатан пастроқ, озғин йигитнинг келажаги порлоқ бўлишига ишонишмади. 14 ёшигача, "Эмполи"га йўл олгунга қадар, Ди Натале тенгдошлари билан маҳаллада тўп тепиб, дам олиш кунлари эса отасига қурилишда ёрдам берарди. Шундай бўлса ҳам энг ёрқин хотиралар айнан неаполи клуби билан алоқадор: "Мен Помильянода туғилганман ва акам билан "Сан-Паоло" стадионига борардим. Ўшанда мен ўзимнинг келажакда профессионал футболчи бўлишим ҳақида орзу қилардим. "Наполи" таркибида Марадонанинг ўйинлари... Бунинг барчасини унутиб бўлмайди!".
Ди Натале болаликдаги орзуси 39 ёшни қаршилаётганда амалга ошишини тасаввур ҳам қилмаган бўлса ажаб эмас. 2016 йил октябрь ойида Аркадиуш Милик жиддий жароҳат олади, Дрис Мертенс эса ҳали марказий форвард сифатида очилиб улгурмаганди. Миш-мишларга қараганда "Наполи" эркин агент - Ди Наталени кўз остига олиб қўйган эди. Аммо ҳужумчи бу борадаги саволларга жавоб беришдан қочар ва ҳар сафар Неаполда шу сиз ҳам маҳоратли футболчилар етарли эканлигини таъкидларди. Ва орадан ярим йил вақт ўтгандан сўнггина, барчасини очиқчасига гапирди: "Мен неаполликман ва "Наполи"ни яхши кўраман. Аммо бу жамоа либосида майдонга тушиш жуда катта маъсулият демакдир. Тўғриси, мен буни уддалай олмасамчи, ўша даражада футбол ўйнай олмасамчи деб иккиландим".
Бетакрор
Ўзининг энг сермахсул мавсумини Ди Натале “бор йўғи” 32 ёшида ўтказди, ўша мавсум у 29 та гол урди ва А Сериянинг энг яхши тўпурари номига сазовор бўлди. Кейинги икки мавсум ҳам у ўша даражани ушлаб тура олди: 28 ва 29 тадан. Бунда бош мураббий Паскуал Маринонинг хиссаси ҳам катта. Айнан у Антониони қанотдан, марказий ҳужумчи ролига ўтказди. “Янги позицияга ва рақиб дарвозасига яқинроқ ўйнашга кўникишим учун анча вақт зарур бўлди. Балки бу мен олдинлари кучим етганичалик катта кўламдаги ишни бажара олмай қолганим билан боғлиқдир. Бутун жамоа мени қўллаб турганда, мураббий менга ишонч билдириб турган жойида мен шунчаки рақиб дарвозаси олдида нисбатан хотиржам ҳаракат қила бошладим”, — фикрлари билан ўртоқлашарди Ди Натале.
Таққослаш учун: ўзининг энг сермахсул мавсумларини Лионель Месси 24 ва 25 ёшида ўтказган; Криштиану Роналду эса 25 ва 28 ёшлигида; Ди Натале – айтганимиздек 32 ва 34 ёшида. 2009 йилдан то 2014 йилгача (ўшанда италиялик 36 ёш эди) ҳужумчи миллий чемпионат баҳсларида 120 та гол уришга эришди. Фақатгина Месси ва Роналду ўша даврда Ди Наталедан яхшироқ кўрсатгичга эга холос. 30 ёшдан кейинги даврни олсак, Антонио А Серия да Пиппо Индзаги, Эрнан Креспо ва Кристиан Виери бутун фаолияти давомида урганидан кўпроқ гол уришга эришди. (Олаа, лекин бу факт!)
Садоқат
"Скудетто" – чиройли сўз, ҳа. Лекин, айтайлик, мен “Интер”га ўтдим. Захирада мазза қилиб ўтириб, жамоам Италия чемпионати ғолиблигини қўлга киритаётганини “биринчи қатордан” кузатишим мумкин эди. “Удинезе”да эса мен шахзодаман! Наҳот, бу ёмонроқ бўлса?” — Ди Натале доим ўзи учун нима яхшироқлигини билган. Иккинчи бўлиш, кўпчиликнинг биттаси бўлиш у интилган марра эмасди. Италиянинг қатор топ-клублари бир неча бор футболчини “аврашга” ҳаракат қилиб кўрганлар, бироқ у қарорида қатъий турди. 2010 йил “Ювентус”га рад жавоби берганидан сўнг, футболчи манзилига “илиқ” сўзлар ёғила бошлади: “У шунчаки топ-клубда шарманда бўлишдан қўрқмоқда!” Бунга Ди Натале қисқа жавоб берди: “Ҳа, мен ўлимдан қўрқаман. Аммо футболдан эмас”. 2014 йил июль ойида Марчелло Липпи 36 ёшли Антониони Хитойнинг “Гуанчжоу”сига таклиф қилади. Осиё жамоаси раҳбарлари форвардга йилига 10 млн евро ваъда қилишди. Шунда ҳам футболчи “Удинезе”да қолди ва италияликлардан 20 минглик ойлигини яна 5 мингга кўтаришни сўрайди холос.
Инсонийлик
2012 йил апрель ойида В Серия доирасида “Ливорно” ва “Пескара” ўртасидаги учрашув вақтида мезбонлар ярим ҳимоячиси Пьермарио Морозини ерга йиқилди ва ҳушидан кетди. 25 ёшли футболчи юраги тўхтагани туфайли, шифохонага етиб бормай ҳаётдан кўз юмади. “Мен барчасини телевизордан кўрар эканман, барчаси анча жиддий эканини дарров тушуниб етдим. Бу жуда ёмон ҳолат эди. Пьермарио доимо хушчақчақ, ҳаётдан хурсанд йигит эди. Муаммоларга қарамай, у ҳар куни барчамизнинг кайфиятимиз кўтарилишига сабабчи бўларди”, — хотирлайди Ди Натале.
Морозини тақдири шунчаки аянчли эмас, ҳақиқий дахшатнинг ўзгинаси эди ва у ўлим билан якун топди. 15 ёшидаёқ у онасидан айрилади, орадан икки йилгина ўтиб бу оламни унинг отаси ҳам тарк этади. Яна бир йил ўтди... Навбат ўзи шундоқ ҳам ногирон бўлиб туғилган акасига етганди. У тақдир синовларига ортиқ чидолмай, ўзини ойнадан ташлайди. Руҳий касалликлар шифохонасида футболчининг Мария исмли опаси ҳам бор эди.
Тақдирнинг қақшатқич зарбалига қарамай, Пьермарио доим кулиб юрарди ва жамоанинг энг хазилкаш вакили эди. Унинг вафотидан сўнг, Ди Натале унинг опасига ёрдам беришга шерикларини ҳам ундайди: “Биз Мария билан боғлиқ вазиятни биламиз ва жамоа сифатида унга ёрдам беришга қарор қилдик. У бунга муҳтож. Бу нафақат унинг ўзи, балки Пьермарио учун ҳам муҳим”.
Муҳаббат
“Эмполи”даги даврни ўзгача бир энтикиш билан хотирлайман. Айнан шу ерда катта футбол таъмини тушуниб етдим ва бўлғуси турмуш ўртоғим Иленияни учратдим. У менинг борлиғим: содда, меҳрибон, ақлли. Билмадим, балки аёллар, бошқалар учун чиройли, қомати гўзал аёллар кўпдир, лекин мен ундан бошқасига уйланишимни тасаввур қила олмайман”, — таъкидлайди футболчи. У бутун фаолиятини оиласи, яқинлари қулайлиги ва бахтли ҳаёт кечиришини биринчи ўринга қўйиб, тузди десак муболаға бўлмайди. Шу сабаб Ди Натале аёли, фарзандлари ёқтириб қолган Удинеда 12 йилни ўтказди: “Фриулида мен ўз уйимни топдим. Мен доим Неаполни соғиниб, неаполлик бўлганимдан фахрланиб яшайман. Аммо Удине менинг иккинчи уйимга айлана олди. Мени бу ерда барчаси қаноатлантиради ва мени яхши кўришларини хис қилдим.
Бу жуда кучли ва ҳар икки томонлама муҳаббат эди. Ди Натале “Удинезе” тимсолига айланди — худди Мальдини “Милан”да, “Рома”да эса Тотти бўлгани каби. Антонио илк бор фаолиятини якунлаш ҳақида жиддий ўйлай бошлаганда, 2014 йил январь ойи эди ва у шундай деди: “Бу жуда оғир. Буни сўз билан таърифлаб бўлмайди. Чунки мен “Удинезе” сафида, хотиним билан ужин қилгандан кўра, кўпроқ гол урганман.
Ўзининг хайрлашув учрашувини Ди Натале ўша гапдан сўнг, икки йил ўтиб —2016 йил май ойида ўтказди. Пенальтидан урган голи “зебралар”ни “Карпи”га қарши ўйиндаги мағлубиятдан қутқара олмади, лекин ўша куни натижа иккинчи даражага тушиб қолганди.
“Ўйлайманки, 12 йил давомида биз ажойиб “саёҳат” қилдик. Жамоадошларим ва шу йўл давомида мен билан елкама-елка турган барчага миннатдорчилик билдираман. Кечаги кунгача мен хотиржам эдим. Аммо кийиниш хонасига (сўнгги бор) кирганимда ёш болаларча йиғлаб юбордим. Ўша 12 йил давомида бўлган турли воқеалар кўз олдимдан бирма-бир ўтди”, — эхтиросини яшириб ўтирмади Антонио.
Бахт
Антонио Ди Натале доимо романтик бўлиб қолган. У доимо оила аъзолари қулайлигини, улар бахти, қувончини қатор совринлар, миллионлар ваъда қилинган шартномалардан устун қўйган. Босиб ўтган йўлига назар солар экан, футболчи ҳеч нимадан афсусланмаса ҳам бўлаверади: “Шунчаки одам эмас, инсон бўла олдим деб ўйлайман. Ёшлигимда учта орзуим бор эди: А Серия тўп тепиш, Италия терма жамоаси сафида майдонга тушиш ва Чемпионлар Лигасида қатнашиш. Буларнинг бари амалга ошди. Машҳурликнинг менга қизиғи ҳам, кераги ҳам йўқ. Мен фақат футбол билан яшамайман. Ҳа, у ҳаётимнинг бир бўлаги, аммо ҳаёт фақат ушбу ўйиндан иборат эмас. Нима қилсам ҳам, мен учун энг асосийси ўзлигимни йўқотмаслик: оддий йигит, хазил қилишни яхши кўраман, барча билан бирдек муомала қилишга ҳаракат қиламан, одам ажратишни, одам ажратганларни ёқтирмайман ва ҳар доим барчасини нимадан бошлаганимни ёдда тутаман”.
Нозима Зарипова таржима қилди
Фикрлар