Гвардиола - "перебор" ва кучли бўронда қолган "Барса"
11 апр 2018 15:58
Янгиликлар
Гвардиола - "перебор" ва кучли бўронда қолган "Барса"
Футбол жамоатчилиги чорак финалнинг биринчи учрашувларидан кейин "Бавария", "Барселона" ва "Реал"ни ярим финалга чиқариб қўйишга улгуришганди. Бу жамоалар ичидан Гвардиола ишқибозларигина фақатгина "Сити" "камбэк" уюштиришга қодирлиги ҳақида бонг уриб туришди. Ҳаттоки бунга яқиндан ишонганлар ҳам учради.
Кечаги ўйинларда Манчестерда "камбэк"нинг алдамчи шамоли бошланган бўлса, Римда бу шамол ҳақиқий бўронга айланди. Натижада менсимаслик кайфиятида тушган "Барселона" "Рома"га қарши жавоб ўйинида ҳеч нарса қила олмади. Эрнесто Валверденинг ўйинга танлаган нотўғри тактикаси қурбонига айланган "Барса", кетма-кет учинчи йил ўз юришини чорак финалда тўхтатди. Ўтган йили "Ювентус" "Барса"ни тўхтатган бўлса, бу сафар бошқа итальян клуби бу ишни жуда чиройли амалга оширди.
"Рома" бош мураббийи Эусебио Ди Франческо ҳамда "Барселона" устози Эрнесто Вальверде бундан икки йил илгари Европа лигасида ҳам тўқнаш келишганди. Ўшанда ҳам Ди Франческо "Сассуоло" бош мураббийи сифатида ўз уйидаги баҳсда Вальверденинг "Атлетик" жамоасини йирик ҳисобда таслим этганди. Кеча ушбу мураббийларнинг ўзаро кичик тарихи яна такрорланди.
Бу ғалаба сўзсиз Эусебио Ди Франческонинг ғалабаси. Мағлубият эса тўлиқлигича Эрнесто Вальверденинг айби. Жавоб ўйини олдидан "Барселона" билан 4:1 ҳисобидаги устунликни бой бериш бу шунчаки даҳшат. Учрашувга танланган тактика эса унданам даҳшат. Вальверде ЕЧЛда мураббий сифатида "ёшлик" қилиб қўйгани "Барселона"га жуда қимматга тушди. "Рома" устози Эусебио Ди Франческо эса ҳақиқий императорларга хос равишда жуда ақлли юришни амалга оширди ҳамда мураббий сифатида ўзининг юқори потенциалга эга эканлигини кўз-кўз қилишга ҳам эришди.
Шу тариқа Римдаги кучли бўрон "Барселона"ни ЕЧЛдан "учириб" юборди.
Манчестерда эса Клопп яна Гвардиолани мағлуб этди. Аслида дастлабки ўйиндаёқ барча масалани ҳал этиб қўйган "Ливерпуль", жавоб учрашувининг биринчи бўлимида ҳимоявий ўйин қурбонига айланишига бир баҳя қолганди. Аммо иккинчи бўлимда Клопп вазиятни тўғри баҳолай олди ва биринчи таймдаги ўйиндан керакли хулосага келди. Якунда эса "Этиҳад"да ҳам "Ливерпуль" ғолиб. "Манчестер Сити"га келганидан буён трансферларга миллионлаб сарфлаётган Гвардиола яна жим, яна мағлуб.
Ҳар баҳор шу бўлар такрор. Кўпчилик Гвардиолани мураббий сифатида мукаммал мутахассис ҳисоблайди. Услуб жиҳатидан ягона мураббий дея эътироф этилади. Унга замонавий футболдаги муваффақият калити сифатида қарашади. Гвардиола яхши мутахассис. Ўзгача услубга эга билимдон. Кучлилар қаторида тилга олинишга муносиб. Чунки "Барселона" билан эришган ютуқлари унга шундай ҳурмат ва эҳтиром билан муносабатда бўлиш учун замин яратган. Миллий чемпионатларда ғолиб бўлишни ҳам билади. Англияда биринчи йилни "провал" ўтказганига қарамай, мана жорий мавсум чемпионликка жуда яқин келди. Мурабби сифатида қаерга борса трансферларга фақат рекорд даражадаги суммаларни ишлатганидан кейин ҳеч бўлмаса чемпионатда зафар қучиши ҳам керакда аслида. Майли, бу бошқа масала.
ЕЧЛга қайтамиз. Европа чемпионлар лигаси Гвардиола учун жуда катта муаммоларни тақдим этаётган турнир. Гвардиола ушбу турнирнинг плей-офф ўйинларига келганча ювош мушукка айланиб қолмоқда. ЕЧЛ плей-офф доирасидаги сафар учрашувларида Гвардиола буткул бошқа қиёфадаги мураббийга айланади. Услуб ёки ўйин борасида эмас, натижага келганда ғалаба қозониш мисоли орзуга айланади.
Ўтган йили "Манчестер Сити" билан чорак финалда камтарин "Монако"дан 6та гол ўтказди. Бу йили "Ливерпуль" Гвардиолага иккита учрашувда 5та гол "совға" қилди. Ундан аввалги мавсумларда Пеп "Бавария" рулида мюнхенликлар учун шармандали натижалар қайд этганди. "Бавария"да ишлаган йилларининг барчасида испан клубларидан "тарсаки" еди. "Сити"га келгач "Монако" ва "Ливерпуль" ўтиб бўлмас тўсиққа айланмоқда. Ваҳоланки, Гвардиола трансфер бозорида ишлаётган пулларни ярмини ишлатишни бошқа натижа кўрсатаётган мураббийлар орзу қилишади. Пеп эса биргина "Сити"нинг мудофаа чизиғи учун деярли ярим миллиард доллар ишлатиб қўйди. Натижада "Сити" кетма-кет иккинчи йил ЕЧЛнинг чорак финалида дастлаб 6та, бу йил эса 5та гол ўтказиб мусобақани тарк этмоқда. Биринчи йили дарвозабон Хартни ҳайдаб, ўрнига катта пуллар эвазига Бравони олиб келди. Жорий мавсум эса Эдерсон Бравони алмаштирди. Ҳимоячилар эса умуман алоҳида тарих. Натижа қани? Қани ўша билимдон Пеп?
Гвардиоланинг энг катта камчиликларидан бири - ҳимояда ўйинни қуришни билмаслиги. Камига ҳимоячиларни танлашда ҳам доим адашади. Таянадиган ўйини тики-така, яъни қисқа паслар асосида ўйнаш. Тўпсиз ўйнашни хушламаслиги аниқ, аммо тўпсиз ўйнашни ўргана олмаётгани мураббийнинг хатоси. Пеп жамоаларининг зарарсизлантиришнинг энг осон йўли - рақибдан тўпни олиб қўйиш. Агарда рақиб буни эпласа, унда бу ўша жамоанинг биринчи муваффақияти. Чунки Гвардиола жамоасининг тўпсиз ўйнашини тасаввур ҳам қила олмайди. Буни тасаввур қилишга тўғри келганда, Пеп эсанкираб қолади. Иккинчи ожиз нуқтаси - рақибнинг қарши ҳужумлари. Гвардиоланинг кўпгина мағлубиятлари айнан рақибнинг қарши ҳужумлари билан боғлиқ. Гвардиола жамоаларининг ҳимоя чизиғи жуда юқори жойлашиши сабабли, рақиб қарши ҳужумга ўтганида қийналиб қолади. Кейинги хатоси ғалати қарорлари. Бир қарасанг таянч ярим ҳимоячисини қанот ҳимояга ёки марказий ҳимояга қўйди. Ёки аксинча. Гвардиола футболчиларнинг нафақат майдондаги функцияларини ўзгартиришни хуш кўради, балки позициялари бўйича ҳам кўплаб ўзгаришларни амалга оширишни одат қилган. Бу ўзгаришлар эса доим ҳам ўзини оқламайди. Яқиндаги қилинган ўзгариш - марказий ҳимоячи Лапортни "Ливерпуль"га қарши биринчи баҳсда чап қанот ҳимоясига қўйгани бўлди. Айнан шу куни "Сити" ўз дарвозасидан учта тўп ўтказди. Салаҳ эса Лапорт қаршилигини ортиқча қийинчиликсиз енгиб ўтди. Умуман Гвардиола ўйлаган бу сафарги режа ҳам иш бермади.
Пепнинг мураббий сифатидаги энг катта камчилиги - жамоа кучини бутун мавсумга тенг тақсимлай олмаслигида. Гвардиола жамоалари доим мавсумни стартини зўр бошлайди. Куз-қиш фаслида Пеп жамоалари очколар тўплашни қалаштириб ташлайди. Аммо баҳорга келганда Пеп жамоалари "шер"дан "мушук"ка айланиб қолади. Пеп баҳорни ёқтирмайди. Бу пайтга келиб Гвардиола жамоасининг бутун мавсум учун тақсимланиши керак бўлган қувватдан фойдаланиб бўлади. Агарда ўша жараёнда, яъни баҳоргача бўлган даврда керакли очколарни тўплаган бўлса, унда чемпионлик чўнтакда. Акс ҳолда миллий чемпионатдаги ғолиблик ("Сити") ҳам ўтган йилгига ўхшаб қулоғини ушлаб кетади.
Оддий мисол, "Бавария" билан қўлга киритилган учта чемпионлик баҳоргача ҳал этилди. Баҳорда эса ЕЧЛнинг ҳал қилувчи ўйинлари бошланади. Баҳорда эса Гвардиола билан нималар руй бераётганини барча кўриб турибди. Бу биринчиси ёки иккинчиси эмас, давомий содир бўлаётган инкор этилмайдиган факт.
Қоп-қоп пулларни трансфер бозорида сарфлаётган ва якунда ЕЧЛдан шарманда бўлиб чиқиб кетаётган Пепни даҳога чиқариш қанчалик тўғри? Ростанам Гвардиола фантастик мураббийми? Тўғри, Гвардиола кучли ва ўзига хос услубига эга мураббий. Аммо бу мутахассис ҳали-ҳамон ўша "Барселона"да ишлаб юрган даражасида. Ўшанда тўплаган ҳурмат ва қадри билан юрибди. Бир жойда қотиб қолган ва трансфер ойнасидаги шовқинлари билан эътиборда бўлиб турибди. Ҳозирча Гвардиолада чиқимга яраша кирим йўқ. Қилинаётган харажатлар ҳозирча фойда келтираётгани йўқ.
"Манчестер Сити"да Гвардиола рекорд даражадаги пулни сарфлашга улгурди. Пеп "Бавария"да ҳам қисқа муддатда ҳеч бир мутахассис ишлатмаган рекорд даражадаги пулни ишлатди. Натижада эса "Бавария" Гвардиоласиз ҳам эришадиган Германия чемпионлигини қўлга киритди холос.
Оддий мисол, "Бавария" Пеп келгунига қадар ЕЧЛда мунтазам финалга (Юпп Хайнкес 2012 финал, 2013 ЕЧЛ ғолиби) чиқиб турганди. Гвардиола билан ҳар сафар ярим финалдан қайтди.
"Манчестер Сити" эса Пеп келишидан олдин ЕЧЛ тарихидаги энг яхши натижасини (ярим финал) қайд этди. Гвардиола келганидан буён эса "шаҳарликлар" чорак финалдан қайтишмоқда.
Русча айтганда, Гвардиолага мураббий сифатида баҳо беришда "перебор" (ошириб юборишмоқда) қилиб юборилмоқда...
Фикрлар