Эндрос Таунсенд - АПЛ стартининг кутилмаган юлдузи. Акасидан ажраб қолди, қиморбозликни енгди ва Бенитес мураббийлигида ўзини кашф қилди
17 окт 2021 22:04
Янгиликлар
Эндрос Таунсенд - АПЛ стартининг кутилмаган юлдузи. Акасидан ажраб қолди, қиморбозликни енгди ва Бенитес мураббийлигида ўзини кашф қилди
"Эвертон" билан шартнома имзолаганимда, мухлислар бундай амбицияга эга бўлган клуб қандай қилиб мени "Кристал Пэлас"дан эркин агент сифатида қўшиб олишганини тушунишмаганди", - деди Эндрос Таунсенд август ойида The Guardian нашрига берган интервьюсида. - Кўпчилик бу даражага кўтарилишимга шубҳа билан қарашди. Лекин ҳозирда олдингидан кўра ўйинга чанқоқман. Мен одамлар хато фикрлаганини исботламоқчиман. Бу нарса эрта тонгдан ўриндан туришга мажбур қилади".
Октябрь ойида Эндрос Демарэй Грей ва Доминик Калверт-Левин билан биргаликда "Эвертон"нинг энг яхши тўпурари бўлди, АПЛда ойнинг энг яхши гол муаллифи Роналду услубида Криштианунинг кўз ўнгида нишонлади.
"Эвертон"га ташриф буюриш унга осон бўлмаган. Таунсенд 25 та мураббий билан ишлаган.
Таунсенд ҳар доим автоҳалокатда вафот этган акасидан ибрат олишга ҳаракат қилган (улар "Тоттенхэм"да бирга ўйнашни хоҳлашарди). Эндрос фожианинг 10 йиллигида еврокубоклардаги дастлабки голини урди
Таунсенд истеъдодли бола бўлган. Болалигидан у акаси Кертис сингари отасининг севимли жамоаси — "Тоттенхэм"да тўп суришга интилган.
7 ёшида Эндрос "Тоттенхем" академиясига ўқишга кирди. Ундан саккиз ёш катта бўлган Кертис "Уимблдон" академиясида ўйнаган. Ҳаммаси кўнгилдагидек эди. Уларнинг отаси болаларининг машғулотига ташриф буюрарди, улар бир вақтнинг ўзида футбол ичидада ўс0иб улғайишди. 2001 йил 15 декабргача Кертис бахтсиз ҳодисага учради.
У дўстлари билан бирга отаси мураббийлик қилаётган ҳаваскор "Чесханта" учрашувига борди. Йигитлар ўйинга бироз кечикишди, жамоада атиги 10 ўйинчи қолганди. Ҳамма Кертисни дўстлари билан бирга кутарди, лекин улар етиб келолмади.
Йигитлар автоҳалокатга учради. Кертиснинг дўстлари тирик қолишди, у эса ёруғ олам билан видолашди.
Орадан роппа-роса 10 йил ўтиб, Эндрос Таунсенд "Тоттенхэм" сафида ўзининг еврокубоклардаги дастлабки голини киритди - у Европа лигасида "Шэмрок Роверс" дарвозасини ишғол қилди.
"Бугун Кертис вафот этганига 10 йил тўлди", - деди Эндрос ўйиндан кейин Daily Mail нашрига. - Мен уни ҳеч қачон унутмайман. Умид қиламанки, осмондан кузатиб туради ва табассум қилади".
Бу Таунсенднинг "Тоттенхем" сафидаги биринчи голи эмасди (у Англия кубогида "Чарлтон" дарвозасини ишғол қилган). Лекин бу ҳам Эндросга чемпионатда клубнинг асосий таркибига кира олишига ёрдам беролмади. Таунсенд 2011/12 йилги мавсумда майдонга тушмаган. У мавсумнинг иккинчи ярмини Чемпионшипда "Бирмингем" ва "Лидс"да ижарада ўтказди.
Эндрос беш йил ижарама-ижара юрди. 17 дан 22 ёшгача у бутун Англияни кезиб чиқди: "Йовил Таун", "Лейтон Ориент", "МК Донс", "Ипсвич", "Уотфорд", "Милуолл", "Лидс", "Бирмингем", "КПР".
"Бу ёшда сен ҳаёт ҳақида тушунчага эга бўлиб, чин эркак бўлишинг керак, лекин мен беш йилни меҳмонхоналарда, автобусларда ўтказдим", дейди Таунсенд. - Ҳа, жамоа шерикларим бор эди. Аммо биз бир-биримизни танишга улгурмасдик. Ҳаёт ёлғизлик ва зерикишдан иборат эди.
"Ипсвич"да ўйнаб юрган кезларида Рой Кин Эндросга: "Сен бутун ҳафта давомида машғулотларда яхши ҳаракат қиласан. Аммо ўйинда — мутлақо тескариси", дейди.
Таунсенд Премьер-лигада "Тоттенхэм" сафидаги стартидан сўнг терма жамоада чақирув олган. Хожсон уни етакчилардан бири деб ҳисоблади, маймун ҳақидаги латифанинг аҳамиятини таъкидлади ва жаҳон чемпионатини кутди (жароҳат туфайли ўтказиб мундиалга бормади)
2012/13 йилги мавсумда Таунсенд ниҳоят "Тоттенхэм" таркибидан ўрин эгаллади. 21 ёшли футболчи Аарон Леннон ўрнига "Рединг", КПР ва "Астон Вилла" билан ўтказилган ғалабали учрашувлар сўнгида уч дақиқага майдонга туширилди. Албатта, Эндрос бундан унчалик мамнун эмасди.
Таунсенднинг бахтига Гарри Реднапп Премьер-лиганинг асосий аутсайдери ҳисобланган КПРнинг янги мураббийи этиб тайинланди. Июнь ойида у "Тоттенхэм"дан ишдан бўшатилди ва ноябрь ойида унга олтинчи Лондон жамоаси ишониб топширилди. Гарри Таунсендни жамоасига таклиф қилди.
КПРни қутқаришнинг иложи йўқ эди, лекин Таунсенд ниҳоят АПЛда ўз маҳоратини намойиш этиш имкониятини қўлга киритди. Натижа кўнгилдагидек чиқди: 12 учрашувда гол+пас тизимида 2+2. Вингер жамоанинг 10 та голидан 4 тасида иштирок этди ва "Сандерленд"га қарши ўйинда жамоаси жонига оро кирди. КПР қисқа вақт ичида 19-ўринга кўтарилди.
"Тоттенхэм"нинг янги устози Андре Виллаш-Боаш ёш инглизнинг имкониятларини фаҳмлади. Португалиялик мутахассис унинг КПРдаги ўйинларини кузатди ва "шпорлар"да имконият беришга қарор қилди.
2013/14 йилги мавсум Таунсенднинг биринчи ҳақиқий ёрқин қисмига айланди. "Тоттенхэм" Бейлни 9 марта жарима зарбасидан маҳрум қилди. Португалиялик мураббий Эндросга ишонч билдирди - уринишлар кўп бўлгани сабабли Таунсенд ҳар доим энг кўзга кўринган ва фаоллардан бири эди, лекин самарадорлик қўрқинчли эди:
Шунга қарамай, Таунсенд Премьер-лига ўйинида асосий таркибда биринчи марта пайдо бўлганидан кейин Англия терма жамоасига чақирилди. Ҳатто "Тоттенхэм" бош мураббийи ҳам буни кутмаганди.
"Таунсенднинг термага чақируви мени ҳайрон қолдирди", деди Виллаш-Боаш. - Рой Хожсон мен билан ҳеч қандай алоқада бўлмаган. Мен Таунсендга қўнғироқ қилишдан олдин у билан бу борада ўз фикрларимни бўлишишни маъқул кўрардим. Агар Эндрос терма жамоада ўз ўрнини топа олса, бу унинг учун катта қадам бўлади".
Виллаш-Боашнинг хавотирлари бор эди. "Шпорлар"нинг бир нечта ўйинчиси аввалроқ терма жамоага чақирилган, аммо бу уларнинг карьерасига ёрдам бермаганди.
"Умид қиламанки, Жейк Ливермор, Том Хаддлстоун ва Стивен Колкер билан ўтган йилги вазият такрорланмайди", - давом этди португалиялик мутахассис. "Уларни терма жамоага чақиришди, лекин у ерда ўз ўрнини топа олмади ва клубдаги карьераси пасая бошлади".
Аммо амалда бунинг акси бўлди. Терма жамоада Таунсенд дарҳол эътиборга сазовор бўлди. У Черногорияга қарши дебют учрашувида гол урди (4:1) ва терма жамоадаги иккинчи ўйиндан кейин жамоа учун муҳимлигини исботлаган кулгили эпизод қаҳрамонига айланди.
Польшага қарши баҳсда Хожсон шогирдлари биринчи бўлим сўнгигача 1:0 ҳисобида олдинда бораётганди, аммо мураббий бундан мамнун эмасди. Танаффусда у футболчиларни (айниқса, ўша ўйинда ўнг қанот ҳимоясида ўйнаган Крис Смоллингни) Таунсендга тез-тез пас беришга ундади. Хожсон Эндросни маймунга қиёслаган латифа айтиб берди:
"Бортида маймунлар бўлган космик кемаларни бир неча марта учиргандан сўнг, НАСА ниҳоят инсонни орбитага юборишга қарор қилди. Бироқ космонавт ёлғиз учмаган. Маймун у билан космосга чиқди. Космик кема учирилгандан бир неча дақиқа ўтгач, НАСАдан биринчи буйруқ радио орқали келди:
- Маймун, тормоз ракеталарини ёқ.
Бир неча дақиқадан сўнг иккинчи буйруқ эшитилди: "Маймун, ёнилғи таъминотини текшир".
Яна бир неча дақиқадан сўнг учинчи буйруқ янграйди: "Маймун, инсон ҳаётини таъминлаш тизимининг ишлаш қобилиятини текшир".
Бу муносабатидан хафа бўлган космонавт НАСА билан боғланди: "Унда мен нима қилишим керак?"
НАСА дарҳол жавоб берди: "Маймунни 15 дақиқада овқатлантир".
Кейин у қўшимча қилди: Таунсендга овқат беринглар.
Ўша пайтда Таунсенд ҳақиқатан ҳам Хожсоннинг зерикарли жамоасининг деярли энг қизиқ ўйинчиси бўлиб туюлганди. Клубда ҳам ҳаммаси яхши кетаётган эди. Эндрос шартнома муддатини тўрт йилга узайтирилди, ҳатто Уэйн Рунидан ҳам мақтовлар эшитди. Жамоадоши Ян Вертонген Таунсенд янги Бейлга айланиши кераклигини айтди. Аммо бир неча ойдан кейин барчаси чилпарчин бўлди.
Виллаш-Боаш декабрда "Ливерпул"дан 0:5 ҳисобида қақшатқич мағлубиятни қабул қилиб олгач, ишдан бўшатилди ҳамда Эндрос компаниянинг иккинчи ярмида таркибдан чиқиб кетди, у узоқ вақт жароҳатидан тикланди ва янги мураббий услубига мослаша бошлади. Боашнинг ўрнига келган Тим Шервуд Таунсендни ошкора қўллаб-қувватлади.
"Эндрос ўзини дунёнинг энг яхши ўйинчиси бўлишга тайёрламоқда", деди Шервуд. - Унинг характери шундай. У яна максимал даражага кўтарилиши керак. Ишончим комилки, тез орада у нималарга қодирлигини гувоҳи бўласиз. Мен Таунсендни ёшлигидан бери биламан, у яхши йигит ва ўз имкониятини намоён қила олади".
Таунсенд терма жамоа билан жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўрди, лекин апрель ойининг охирида тўпиғидан жароҳат олди. Операция туфайли у Бразилия сафаридан қуруқ қолди.
Аммо "Тоттенхэм" унга ишонарди: "шпорлар" "Саутгемптон"га 12 миллион фунтга сотишдан бош тортишди ва уни юлдуз даражасига олиб чиқмоқчи эди.
Кейинчалик, "The Players Tribune" газетасининг устунида Таунсенд бу мақтовларни адолатсиз деб атади:
"Ғалати ҳодиса. Агар кўчада бировдан Эндрос Таунсенд ҳақида сўрасангиз, эҳтимол, "Ҳа, у бир пайтлар жуда яхши эди" дея жавоб қайтариши мумкин. Мени шундай эслаганларида одамлар 2013/14 йилги мавсумдаги ўйинларимни гапираши мумкин. Аммо эслайсизми, ўша вақтларда нечта гол урганман? Битта. Нечта голли узатма амалга оширганман? Ноль. Ҳа, албатта, ёрқин ўйин намойш эта олдим, лекин ўзим ўйлаганим каби мукаммал эмасдим. Таққослаш учун ўтган мавсум "Пэлас"да (2018/19) 6 та гол ва 4 та голли узатма муаллифига айландим.
Келаси мавсумда Маурисио Почеттино "Тоттенхэм"га келиб, Таунсендни захира ўриндиғига "михлади".
"Балки кимдир мени Почеттино билан бир-бирини ёмон кўради деб ўйлайди, - деди Андрос The Athletic нашрига, - лекин ундай эмас. Мен ундан доим миннатдор бўлганман. Шунчаки, унинг маслаҳатига қулоқ солишга ёшлик қилдим.
У билан ўтган биринчи мавсумда қийналдим. Руҳий ва жисмоний тайёргарликдаги муаммолар ҳамда жароҳатлар бор эди. Илгари "Тоттенхэм"нинг энг муҳим ўйинчиларидан бири бўлган бўлсам, эндиликда таркибдан ўрин эгаллаш учун курашардим. Ҳар ҳафта Почеттино кабинетида бўлардим. Аввалги ҳолатимга қайтиш учун анча вақт кетди.
Мен ундан ғазабландим ва ранжидим. Аслида биз яхши муносабатда эдик. Лекин менга жамоани ўзгартириш вақти келганди".
Гарчи 2015 йилда Таунсенд клуб мажбур қилмагунча ҳеч қаерга кетишни хоҳламаслигини айтган бўлса-да, унинг "Тоттенхэм"даги саёҳати йил охирида якунланди. Жисмоний тайёргарлик бўйича масъул мураббийи билан жанжаллашгандан сўнг, у аввал машғулотлардан четлатилди, сўнгра "Ньюкасл"га сотиб юборилди.
Таунсенд кўп йиллар мобайнида қиморга қарамликдан азият чекди
2015 йилда Таунсендда Почеттинога нисбатан ғазаб ва жамоани ўзгартириш истагидан кўра кўпроқ муаммолар бор эди.
Футболчи бир неча йиллардан буён қиморбозликдан азият чекарди
2012 йилда "Бирмингем"да тўп сурарди. Бу тўрт йил ичида саккизинчи ижара клуби эди (фақат бир йилдан сўнг у КПРга бориб қўшилади), Таунсенд зерикди ва азобланди. Умрида биринчи марта пул тикди. У букмейкерлик рекламасини телевизорда кўради, иловасини юклаб олади, аммо ўзига пул тикмади. Фақат кўнгилхушлик учун регби ёки от пойгасига гаров қўярди.
"Мен наркотик қабул қилмайман. Умрим давомида тунги клубда бўлганимга шубҳа қиламан. Шундай қилиб, телефонимдаги экран клавиатурасини бир марта босиш орқали 46 минг фунт бой бердим", - дейди футболчи. - Мен, эҳтимол, тарихда Блекпулдаги ётоқда ётиб, 46000 фунтни йўқотган ягона одамман. Кейин "Бирмингем" учун ўйнадим. Бу мавсумнинг энг муҳим ўйини — Чемпионшип плей-оффининг ярим финалидан олдинги кеча эди. Мен ўз ўрнимга ётдим ва дам олишга ҳаракат қилдим. Аммо ухлай олмадим ва яна пул тикдим".
Ўшанда Таунсенднинг маоши ҳафтасига 3 минг фунтга яқин эди.
"Бу ҳақиқий тубанлик эди", дейди Эндрос. - Шундан сўнг, сиз бутунлай вайронагарчиликни ҳис қиласиз. Сиз футболга, ўзингиз ёқтирган нарсага эътибор қаратишингиз керак, ўша лаҳзадаги миямда айланаётган ягона фикр "Қандай қилиб пулимни қайтариб олсам бўлади?" деган ўй эди".
Орадан бир йил ўтгач, 2013 йилда Таунсенд Англия ёшлар жамоасига пул тикиш пайтида қўлга олинди. Кейинчалик у деярли бир йилга футболдан четлатилди. Аммо айбини тан олинганидан кейин ушбу муддат тўрт ойга қисқартирилди ва футболчи 18 минг фунт жаримага тортилди.
"Ҳа, мен хато қилганимни англадим, лекин мен психологга боришни мажбурий даволаниш деб билардим", - деди у Sky Sports нашрига. - Ҳозирда тушундиб етдимки, бундай вазиятда фақат одамлар билан мулоқот қилиш керак. Психологга бориш шарт эмас, яқинлар, ота-она ёки қиз дўст билан суҳбатлашиш мумкин. Сизни нима безовта қилаётганини уларга баён қилинг".
2013 йилда Эндрос тобеликнинг энг юқори босқичини бошдан кечирди, бироқ яна пул тикиш истаги узоқ вақт давомида уни тарк этмади.
"Агар 10 соат вақтингизни пул тикишга сарфласангиз, бу вақтни қисқартириш учун бошқа юмушларга чалғишингиз керак", деди Таунсенд. - Масалан, фифа симуляторини ўйнашингиз, янги севимли машғулот топишингиз, тил ўрганишингиз мумкин. Мен деярли ҳамма нарсани синаб кўрдим. Гарчи бу ақл бовар қилмас туюлса-да, Pokemon Go (ўйин 2016 йилнинг ёзида чиққан) каби нарсалар менга анча асқотди".
"Мен онам ҳақиқий тили ҳисобланган юнон тилини ўргандим", деди Таунсенд "Эвертон" расмий сайтига берган интервьюсида. - Шунингдек, ярим йил давомида Pokemon Go ўйнадим. Соатлаб Лондон боғларини сайр қилдим. Агар сизда болалар бўлса ва уларга ғамхўрлик қилсангиз, бу жараён осонроқ кечади. Лекин ишончим комилки, менда ҳатто 30-45 дақиқа ҳам бўш вақт мавжуд эмас. Агар болалар ухлаб ётган бўлса ва хотиним нима биландир машғул бўлса, мен плейстейшен Формула-1 ўйнайман".
Фақат "Ньюкасл"даги 2019 йилги ҳамда "Кристал Пэлас"даги уч мавсумдан сўнг, Таунсенд бу қарамлик ҳақида очиқчасига гапира бошлади, аста-секин ундан қутулди ва яхши томонга ўзгара бошлади.
"Ёшлигимда мен фақат ўзим ҳақида ўйлардим ва жуда худбин эдим", - деди у. - Мен юзага келган муаммоларга одамлар қандай муносабатда бўлишини кўрдим ва нафақат ўзимга, балки бошқаларга ҳам ёрдам беришим кераклигини тушундим. Менга собиқ жамоадошларим, ёш йигитлар ва умуман кўп одамлар қўнғироқ қилишди. Улар маслаҳат ёки ёрдам сўрашди".
Таунсенд "Кристал Пэлас"га қайта туғилди. Зерикарли, лекин меҳнаткаш ва универсал бўлиб қайтди
Таунсенднинг жамоадаги роли ўзгарди. У, албатта, юлдуз эмасди (гарчи у 2018/19 йилги мавсумнинг энг яхши голини урган бўлса ҳам), энг яхши тўпурар ёки ассистент эмас, балки мураббий ғояларини сингдирувчи меҳнатсевар футболчига айланди. Таунсенд Аарон Ван-Биссакенинг "Кристал Пелас" таркибида мослашишига ёрдам берган ва "Манчестер Юнайтед"га 50 миллион фунтга сотилишидан олдин ундан маслаҳатларини аямаган.
"Тоттенхэм"даги шов-шувли, аммо бир лаҳзалик чақнашдан сўнг Таунсенд "Кристал Пэлас"да зерикарли барқарорликни топди (у бу иборани ўзини тасвирлаш учун ишлатган).
Таунсенд вақти-вақти билан қарши ҳужумларда самарали ҳаракат қиларди, лекин у рақиб футболчиларини тўхтатиб қоладиган меҳнаткаш футболчи сифатида ажралиб турарди.
Бу икки баравар ажабланарли, чунки Таунсенд карьерасининг дастлабки босқичида умуман ҳимояда ҳаракат қилмаган (унинг Почеттино қўл остида ўзини кўрсата олмаслигининг сабабларидан бири). Сэм Эллардайс ва Рой Хожсон мактаби уни бу борада жуда кўп нарсаларга ундади. "Фаолиятимда илк маротаба мудофаа ишларига катта ҳисса қўшмоқдаман, жамоага ёрдам беришдан завқланаман. Ўйлайманки, ҳеч қачон бунчалик ажойиб ва фойдали ўйин намойиш этган эмасман", - дейди Таунсенд 2017 йилда.
Ўшандан бери у мудофаа машинасига айланди. Ўтган мавсумда прессинг бўйича қанот ҳимоячилари орасида иккинчи бўлди:
30 ёшида юқори даражага чиқиш камдан-кам учрайдиган ҳолат ҳисобланади.
2020/21 йилги мавсумда у Премьер-лиганинг 34 ўйинида 1+5 кўрсаткич қайд этди. Таунсендни яхши кўрган Рой Хожсон "Кристал Пелас"ни тарк этди ва Эндросга янги шартнома таклиф қилинмади. У бошқа лигалардан таклифлар олди, лекин охиригача қолдирилди.
Таунсенд Бенитес туфайли "Эвертон"да пайдо бўлди. Улар бир-бирларини анчадан бери билишади ("Ньюкасл"да қисқа вақт йўллари кесишган) ва яхши муносабатда эди
Таунсенд ва Рафа Бенитеснинг йўли 2016 йилда "Ньюкасл"да туташганди.
"Мен сенинг кимлигингни, жамоага нима бера олишинг мумкинлигини биламан, жароҳатинг борлигини тушунаман ва шошмайман", деди Бенитес вингерга. "Сен тўлиқ тайёр бўлгач, жамоага қайтасан".
Таунсендга ҳам янги мураббий дарҳол ёқди. У испаниялик мураббийни аввалги муваффақиятли ишлари учун жуда ҳурмат қилган.
"Мен уни доимо тинглардим", - деди Таунсенд The Athletic нашрига берган интервьюсида. - Бенитес "Реал", "Ливерпуль", "Челси"даги тарихини айтиб берарди, мен эса ўтириб, уни диққат билан тингладим. Биз яхши муносабатда эдик, шахсий суҳбатда у 40 дақиқа давомида ҳаёт ва карьера ҳақида гапира оларди. У мен учун ўзгача нуфузга эга. "Ньюкасл"га ташриф буюришидан бир неча ой олдин у Криштиану Роналдуни шуғуллантирган! Шу боис мен унга қулоқ тутардим".
Испаниялик мутахассис ҳатто 2017 йилнинг январь ойида Эндрос билан яна шартнома имзолашга ҳаракат қилди. Sky Sports хабарига кўра, ҳаммаси келишилган эди, лекин сўнгги лаҳзаларда "Ньюкасл" хўжайини Майк Эшлининг ўжарлиги туфайли битим бузилди.
Бенитес ҳам, Таунсенд ҳам биргаликда ишлаш учун янги имкониятни кутишди. 2021 йилнинг ёзида Эндрос "Эвертон"дан таклиф кутган эди.
"Рафа "Эвертон"га тайинланиши билан нимадир юз беришини ҳис қилдик", - дейди Таунсенднинг отаси. - Рафа Эндроснинг имкониятлари ва кучли томонларини билади. Улар ўртасидаги муносабатлар ажойиб".
"Мен Таунсендни "Ньюкасл"да бирга ишлагандан бери биламан. У мен яхши биладиган муҳим фазилатларга эга. Трансфердан олдин унинг ўтган мавсумдаги фитнес маълумотларини текширишим керак эди. Улар унинг ишлаш лаёқати бўйича АПЛда энг яхшиларидан бири бўлиб қолаётганини тасдиқлашди", - деди Рафа.
"Рафа тажрибали мураббий. У улкан тактик ишларни амалга оширади, ҳатто энг кичик деталларга ҳам эътибор беради. Энг муҳими, у ажойиб инсон ва футболчилар билан яхши алоқада. У ҳар бир қарор ва муносабатни тушунтиради".
Амалда, мураббий ва ўйинчи ўртасидаги тушунчалар қуйидаги картинани намоён қилади:
• Рафа Таунсенднинг ҳимоявий фазилатлари ва меҳнаткашлигидан фойдаланади, лекин уни фақатгина таянч зонасида ўйнашга мажбурламайди, бу унга қарши ҳужумларда юқоридан бошлашга имкон беради;
• Ҳужум ташкиллаштиришда Таунсенднинг асосий вазифаси - майдон бўйлаб бўш зоналар ҳамда Доминик Калверт-Левинга имконият яратиш;
• Рафа Эндросни фақат битта вазифа билан чекламайди - вингер ҳимоячилар орқасида ва жарима майдончасида пайдо бўлиши мумкин (агар ҳужум рақиб қаноти орқали бўлса).
Таунсенд энди фаолиятиги энг яхши комбинацион вазиятларда - Роббенга ўхшаш ҳаракатлар билан қанотларда, тўпсиз ва тезкор ҳужумларда қатнашмоқда. Рафа футболчига ишонч билдирмоқда.
Бенитес жамоаси 4-4-2 схемасида зичлашган ва марказлашган ҳолда ҳимояланади. Вингерлар тиришқоқлик билан ҳаракат қилишлари керак, лекин айнан ўрта линиядаги футболчилар билан бир сафда (Таунсенд ўнгда):
Қарши ҳужум вақтида эса вингерлар тезкор реакция билдиришлари керак бўлади - Бенитес бундай усулга алоҳида эътибор беради.
Рафа ўз услуби учун бу позицияга қўйиладиган талабларни (ва унинг аҳамиятини) жуда яхши ҳис қилади, шу сабабли бу вазифани ижро этиш учун ёзда футболчиларни ўзи танлаб олди. "Эвертон" нафақат Таунсенд, балки Демерай Грей билан ҳам шартнома имзолади.
Таунсенд ҳужум вақтида ўнг қанотда бўш зоналар яратиш учун жавобгар ҳисобланади. Унинг вазифаси - Калверт-Левинга имконият яратиш.
Таунсенд EvertonTVга берган интервьюсида қандай қилиб ўнг оёғини узатмалар амалга оширишга ўргатганини айтиб ўтди: "Сўнгги йилларда заиф оёғим устида жуда кўп ишладим. Бизда кучли ҳужумчи бор, менинг вазифам - у учун жарима майдончасига тўп етказиб бериш".
"Манчестер Юнайтед"га қарши ўйинда Таунсенд қарши ҳужум натижасида гол урди ва уни Криштиану Роналду услубида нишонлади. Аммо бу провокация эмасди. Маълум бўлишича, Эндрос шунчаки португалиялик юлдузнинг мухлиси эди.
"Бу ерда ҳеч қандай ҳурматсизлик йўқ. Роналду - менинг кумирим. Унинг ўйинларини кузатиб катта бўлдим. Машғулотлар давомида унинг ҳаракатларини такрорлашга ҳаракат қилдим. Унинг голини нишонлашини ўрганиш учун кўп вақт керак бўлди. Менимча бу ҳолат Криштиануга ҳурматим катта эканлигини исботласа керак", - деди Таунсенд.
Эндиликда Таунсенд нафақат зерикарли меҳнаткаш, балки ёшлар тарбиячиси ҳисобланади. Энди у ўз маҳоратини намойиш этган ҳолда клубининг кучли бешликка кириши учун ёрдам беради.
Аммо Таунсенд шу билан чекланиб қолмайди. Ҳали ҳам унинг тиним билмаслигининг аниқ бўлмаган сабаби бор. Футболчи тотализаторга қайтмаслиги учун, албатта, банд бўлиши керак. Ёзда Таунсенд ITVда Евро-2020 ўйинларини шарҳлади, шунингдек, B мураббийлик лицензиясини қўлга киритди ҳамда келаси йили яна ўқишни мақсад қилган.
"Мен имкон қадар кўпроқ мураббийлик курсларини ўтказмоқчиман ва нафақага чиққач, нима юмуш билан банд бўлишим ҳақида кўп ўйламаслик учун оммавий ахборот воситаларида ишлашни хоҳлайман", - деди у "Эвертон" расмий сайтига берган интервьюсида. "Агар менда танаффус бўлса, яна қимор ўйинларига муккасидан кетишим мумкин".
Оқил Абдубарноев таржимаси
Фикрлар