UZ

Сўнгги янгиликлар

17:26Умарали Раҳмоналиев: "Рубин" ЦСКАга жанг таклиф қилади"  0 16:59АПЛ ва Бундеслига клублари "Ипсвич" ҳужумчисига қизиқиш билдирмоқда  0 16:37Мессининг рафиқаси футболчининг туғилиб ўсган шаҳридаги деворий суратни кўрсатди  1 16:17ЎзПФЛ делегацияси "ФарДУ" клубида лицензиялаш талаблари бажарилиши юзасидан ўрганиш олиб борди  0 15:51"Ювентус" Луиснинг хизматларини АПЛ жамоаларига таклиф этмоқда  0 15:27Эшитдик-да! "Нефтчи" Суперлиганинг энг яхши легионерларидан бири билан келишувга эришди  17 15:02"Манчестер Сити" Родри ўрнига икки футболчини кўриб чиқмоқда  3 14:30Шупо-Мотинг фаолиятини MLS'да давом эттиради  0 14:01"Челси" Жеймсни сотишга тайёр: "Реал" англияликни харид қилиши мумкин  3 13:39ПСЖ Луис Энрике ўрнига Зинедин Зиданни тайинлаш ҳақида ўйламоқда  2 13:14"Машъал" Про лига ғолибига айланган учрашув ва тадқирлаш маросимидан ГАЛЕРЕЯ  0 12:42"Реал" ва "Ливерпуль" хавбекларни алмашиши мумкин  4 12:20"Барса" - "Реал" фахрийлари ўртасидаги ўйин. Роналдиньо "девятка"га гол урди  11 12:04Тен Ҳагни бўшатиш ва Аморимни олиб келиш МЮга қанчага тушди?  0 11:37Афсоналар баҳси: "Барса" "Реал"ни пенальтилар сериясига кўра мағлуб этди. Абидаль, Роналдиньо, Ривалдо vs Павон, Зеедорф, Фигу  6

Диёр Имомхўжаев: Татимаган 222 миллион. Парижга хуш келибсан, Неймар Янгиликлар

Диёр Имомхўжаев: Татимаган 222 миллион. Парижга хуш келибсан, Неймар

“Чўқинтирган ота”да Вито Карлеоненинг машҳур фразаси бор: “Мен унга шундай таклиф билан чиқаманки, у йўқ дея олмайди”.

“Барселона”дек клуб оғзида турган ошни олиб қўйишларига бунданда яхшироқ ўхшатиш топа олмадим. Мана-ман деган юлдузлар либосини кийишни орзу қиладиган “Барселона” энди Неймар учун қизиқ эмас. Демак, таклиф йўқ деб бўлмайдиган эди.

Кўтарма нарх

Яқин орада қандайдир футболчининг кўтарма пули эвазига сотиб олинганини эшитмагандик. Ва ниҳоят Неймар мисолида буни кўриб турибмиз. 2016 йил “Барселона” ҳужумчи билан шартномани узайтираётганда, кўтарма нархини 222 миллион деб келишишган. Бу одатда шундай нарх бўладики, раҳбарият уни кимдир тўлаб беришига деярли ишонмайди. Орадан ҳеч қанча ўтмай, “ПСЖ” рад қилиб бўлмайдиган таклифни берди — энди “Барселона”нинг қўлидан ҳеч нарса келмайди.



Молиявий фейр-плей

“Қашқирлар макони”да Пўлат ва Чақир чекиш мумкиш бўлмаган жойда сигарета тутатиб турганида нозир келади ва бу ҳудудда чекиш ман этилганини тушунтириб, жарима 15 минг эканини қўшимча қилади. Чекувчилар ҳеч бир эмоциясиз нозирнинг қўлига 30 минг тутқазиб, бироздан сўнг яна биттадан сигарет чекиб, сўнг кетишларини айтишади. “ПСЖ” хўжайинлари УЕФА ўрнатиб қўйган тартибга мана шундай тупуриб қўйишди, пул кўп чунки. 

Агар Париж клуби ҳисоб рақамидан 222 миллион чиқиб кетса, ўша пулни бошқа футболчиларни сотиш орқали жойига қўйиш керак, талаб шундай. Бироқ “ПСЖ” кимни сотади? Биргина Неймарни олиб келиш учун, Кавани, Дракслер, Ди Мария, Пасторе, Вератти каби юлдузларини сотса ҳам 222 миллион тўплай олмаслиги катта эҳтимол. Қолаверса, уларнинг ҳаммасига ҳам ёғлик таклифлар йўқ пайт. 

Араблар бошқа йўлдан юрди. Уларнинг энг каттаси хурмони ғарж этиб тишлаб туриб, Неймарнинг қўлига 222 миллионлик чек ёзиб бермоқчи. Пул ўзиники, ҳеч кимга ҳисоб бермайди, шунчаки Неймарни хурсанд қилишни истади кўнгли, тамом. Шарти — футболчи бу пулга “Барселона”дан ўз трансферини ўзи сотиб олади — масала ҳал. “ПСЖ” эса УЕФА штаб-квартирасида тушунтириш бериб ўтирмайди. Биз учун номаълум арабнинг УЕФАга ҳеч қандай алоқаси йўқ. 

“Барселона” масаласи ҳал, Неймарнинг маошини “ПСЖ”нинг ўзи тўлаши мумкин. Соатига 3,5 минг еврони бир амалласа бўлади. Бироқ Неймар-чи? “Барселона”дек клубни тарк этгани учун у ҳам нимадир олиши керакми? Албатта! Ахир бразилиялик футболчилар пулни жуда яхши кўради. Qatar Sports Investments бунда “ПСЖ”ни қўллайди. Неймар “ПСЖ”га келиши билан, шу компания битимига ҳам қўл қўяди ва ЖЧ—2022 элчисига айланади — расмиятчилик учун. Чақиришганда самолётида ўтиб келиб турса бўлди. Эвазига эса ўзи истаган суммани қуртдек санаб олаверади.



Бразилия бандаси

Бразилиялик футболчилар бандаси ҳақида ҳам унутмаслик керак. Алвеш, Неймар, Тиаго Силва, Маркиньос, Лукас Моура ва энди Неймар... Россиялик мураббийлардан бири “Анжи” гуллаган даврда бир гап айтганди: “Агар жамоада 3 та бразилиялик бўлса, улар алоҳида гуруҳ бўлади ва бошқариш қийинлашади. 4 та бразилиялик эса бирйўла бандага айланади”. “ПСЖ” қаерга қараб кетаётганини тушуниб олаверинг. Коутиньони ҳам асосан Неймар сўраб турганмиди “Барселона”да?



“Барселона” 

Аламзада бўлиб қолди клуб. Бир йил аввал Неймарни кўндириб беринг, 26 миллион берамиз деб отасига таклиф билан чиққанди. Ота-ку кўндирган, аммо Неймар 2021 йилгача ўйнамоқчи эмас, “Барса” эса отага 26 миллион бермоқчимас. Масала судгача етиб борса ажаб эмас. Имзога кўндиришдан ташқари, охиригача ўйнашига кафилсиз дейилмаган бўлса, “Барса” ютқазади, деган бўлса, ютади. Хуллас, шундай ўғилни дунёга келтиргани учун ота ҳам мазза қилиб қолди. “ПСЖ” ҳам кўндириб беринг деб, анча-мунча солиб қўйди банкдаги ҳисоб рақамига. 

Ҳозир Каталония клуби Европа грандларига телефон қилиб, вазиятни тушунтиряпти. Чунки “ПСЖ” эртага “Бавария”дан Мюллерни, “Ювентус”дан Дибалани худди шундай олиб қўйиши мумкин. Чўчиб кетган бу каби клублар “Барселона” томонига ўтиб олди. Энди футболчилар билан шартнома тузилаётганда, “ПСЖ”га ўтмайсан, деган банд қўшиб қўйишса, ажабланиш йўқ.



Эрнесто Вальверде

Неймар “ПСЖ”га ўтса йўқолиб қоладими? Ҳа, деб жавоб беришмоқда кўплаб мутахассислар, журналистлар. Бироқ ҳақиқат шуки, бунинг акси бўлиб чиқиши ҳам мумкин. Месси бор жамоада ҳеч бир футболчи биринчи бўла олмайди. Неймар эса сояда юришдан зерикди, у Париж клубида биринчи бўлмоқчи ва шу биринчилигига каттагина пул олмоқчи. 2022 йилгача шоҳона ҳаёт кафолатланган. Мана энди “Олтин тўп” учун ҳам, бошқасига ҳам алоҳида курашиш мумкин. Тўғри-да, тахтда битта жой бўлса, шерикчилик нега керак. Бундай пайтда ўша шериклар ҳам қарама-қарши рақибга айланганини кўп бор кўрганмиз. 

Ҳозир асосий юк Эрнесто Вальвердега тушади. Очиғини айтсам, бетараф мухлис сифатида бу менга ёқди. Бу янги мавсум учун яхшигина интрига ваъда қилинади дегани. Луис Энрике ҳужумдаги триосига шу қадар кўп ишониб қолгандики, ҳимояни кучайтиришни хаёлига ҳам келтирмай қўйди. Вальвердеда бошқача бўлади. Деярли ўша-ўша етакчилардан жамоа тузиш варианти йўққа чиқди, энди у услубни буткул ўзгартиришга мажбур. Чунки клубда Неймар бўлмайди. Ўтган йил Бэйлдаги муаммолар сабаб кўпчилик ўзи учун Иско деган номни кашф қилди. Ажаб эмас, “Барселона”да ҳам шунга ўхшаш кимдир чақмоқ каби порлаб чиқса. 



Буюк триоси

Ван Бастен, Гуллит, Райкаард триоси ҳақида кўп эшитганман. Ҳар кимнинг ўзи даври бўлади. Ва ўша триони жонли кўрган одамлардан Месси, Неймар, Суарес триоси жаҳонда энг кучлиси деган фикрларни ҳам эшитдим. Биз мана шундай ажойиб шерикларни кўра олдик. Дунёда ҳеч нарса абадий эмас. Шундай экан, “Барса”нинг ортда қолаётган ҳужум учлигини ҳали узоқ соғинамиз ва ўз фарзандларимизга бу ҳақда ҳикоялар айтамиз.    

P.S. Трансфер ҳозирча юз фоиз аниқ эмас. Энди бунинг катта фарқи ҳам йўқ. Аниғи шуки, Неймар энди Месси бўлолмайди. Лионелга ўз вақтида тайёр имзо қўйилган бўш чек беришгани ва унга рақамлар ёзишни футболчининг ўзига қолдиришгани ҳақида гаплар юрарди. Шунга қарамай, Месси ҳамон “Барселона”да. Футбол шундай ўйинки, мухлислар Роналдо, Ибраҳимович, Бекҳэм кабилар қаторида, жамоасига садоқатли бўла олган Тотти, Жеррард, Мальдиниларни ҳам алоҳида қадрлайди. Агар Неймар биринчи гуруҳни ихтиёр қилган бўлса, уни тўғри тушуниш ва омад тилаш керак, чамамда.


Рейтинг: +41   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика