UZ

Сўнгги янгиликлар

00:44"Барселона" Германия терма жамоаси ўйинчисини трансфер қилишга яқин  0 00:02Моуринью Рэшфордни Туркияга чорламоқда  0 23:31Азизов, Эрматов, Аҳмедов, Маматқулов, Имомхўжаев ва бошқалар. Янги очилган футзал федерацияси тақдимотидан ГАЛЕРЕЯ  0 23:16Каземиро Ла Лигага қайтиши мумкин  0 22:45Янги федерацияни нималар кутмоқда?  2 22:17Янги футзал федерацияси раҳбари қандай ваъдалар берди?  0 21:46ПСЖ АПЛдан ҳужумчи олиши мумкин  0 21:15"Арсенал" Гёкереш борасида бир қарорга келди  4 20:41"Тоттенхэм" Сон Хён Мин билан хайрлашиши мумкин  2 20:17"Бавария" "Боруссия Д" вингерига даъвогар  0 19:581 йилдан бери гол урмаётган Грилиш "Сити"дан кетиши мумкин  2 19:52Санжар Турсунов — "Локо"нинг тушиб кетиши, Бердиевни табриклагани, клубдаги мантиқсиз ишлар ва келажаги ҳақида   5 19:35МЮ Брунунинг ходимлар харажатларини тўлаш таклифини рад этгани маълум бўлди  3 19:20Расман: Ўзбекистон футзал федерацияси ташкил этилди. Унинг раҳбари ҳам маълум  7 19:10Баҳодир Сейткамолов: "Мени Сейткамолов қилган "Навбаҳор" бўлади, Россияда юрдим лекин футболни соғиндим"  11

Чиноздаги балиқ бозори, Арвеладзе билан тушунмовчилик, Шомуродов ва Хави, қолдирилиши кутилаётган никоҳ тўйи – Жасур Яхшибоев катта интервью берди Янгиликлар

Чиноздаги балиқ бозори, Арвеладзе билан тушунмовчилик, Шомуродов ва Хави, қолдирилиши кутилаётган никоҳ тўйи – Жасур Яхшибоев катта интервью берди

Беларуснинг “Энергетик-БГУ” жамоасида тўп тепаётган ҳамюртимиз Жасур Яхшибоев чемпионатнинг дастлабки турлариданоқ мухлислар меҳрини қозониб улгурди.

Унинг ўйинлари, техникаси ва дриблинглари, қатор голлари барчанинг эътиборини ўзига жалб қилди. Яқинда футболчимиз "Энергетик-БГУ" клуби расмий сайтига катта интервью берди. Ҳозирга қадар гол+пас тизими бўйича энг яхши кўрсаткични қайд этиб келаётган Яхшибоев интервью жараёнида юртимиздаги фаолияти, Тошкент ва Чиноздаги ҳаёти, “Пахтакор”да Арвеладзе билан юз берган можароли вазият ҳақида батафсил гапирди. 

Дарвоқе, бугунги кунгача у 8та учрашувда 6та голга муаллифлик қилди. Бунгача Беларусь чемпионатининг фақат икки дебютантигина, Николай Риндюк ва Андрей Скоробогатко шундай натижани қайд этганди.

- Нима учундир сизни кўпчилик рус тилида яхши сўзлаша олмайди деб ўйлашади? Балки, ўзингиз бунга батафсил изоҳ берарсиз...

- Мен рус тилини жуда яхши тушунаман. Бу борада менда муаммо йўқ, жамоадошларим ва мураббийлар билан бемалол сўзлаша оламан. Бироқ, атрофда ва кўпчиликни орасида тортинишим рост.

- Бўш вақтингизни қандай ўтказяпсиз? Нималар билан банд бўляпсиз?

- Мен бўш вақтимда кўчага чиқмайман, уйда қолишни маъқул кўраман. Баъзан, жамоадошларим билан “Play Station” ўйнайман. Кўпинча турли филм ва футбол учрашувларини томоша қилмоқдаман. Ҳозирда, Беларусдан бошқа жойда футбол ўйинлари ўтказилмаяпти. Лекин, тарихдаги қизиқарли ва муросасиз кечган беллашувларни олиб беришяпти. “Барселона”, “Арсенал” жамоаларининг ўйинларини кўриш завқ бағишлайди. Футболчилар менинг позициямда қандай ҳаракат қилишларини кузатишни яхши кўраман.



- Сиз соф ҳужумчи эмассиз лекин, сизни бу ерда кўпроқ форвард ўрнида ҳаракат қилмоқдасиз...

- Минскга келишимдан олдин ярим ҳимоячи эдим. Анатолий Иванович мени машғулотларда синаб кўрди ва марказий ҳужум чизиғига қўйди. Менга франциялик Хатем Бен Арфанинг ўйин услуби ёқади. У ажойиб дриблингга эга. Жамоамда соф ҳужумчи сифатида ўйнамоқдаман. Эндиликда Мессининг ўйинларини янада диққат билан кузатаман. Месси эркин ижодкор, гол ҳам уради, жамоадошларини пас билан ҳам таъминлайди. Тўпни майдон марказида қабул қилиб олади ва эркин ҳаракат қилади. Мендан мураббий худди шу тарзда ўйнашни талаб қилмоқда.

- Беларусда деярли қиш бўлмади ҳисоб. Совуқ эмасми?

- Биринчи келганимда ҳаво жуда совуқ эди. Ҳозирда бироз илиқроқ. Аммо, мен ташқарига ҳали ҳам футболкада чиқа олмайман. Ўзбекистонда ҳамма аллақачон футболка ва шортикка ўтиб олган.

- Ўзбеклар ёзнинг жазирамасидан сақланиш ва офтоб уришини олдини олиш учун кўпроқ чой ичиши ростми?

- Биз кўп қаҳва ичмаймиз. Чой бизнинг анъанавий ичимлигимиз. Ўрта Осиёда бу қадимдан урфга айланган. Беларуслар эса кўпинча чанқоқни қолдириш учун совуқ чой ичишини сездим. Бу турли газланган ичимликлардан кўра фойдалироқ.

- Ўзбекистонда одамлар ёзнинг энг иссиқ ва қайноқ пайтларини, чиллани қандай ўтказади? Футбол жамоаларичи?

- Ёзда учрашувлар ва машғулотлар кечқурунги етти ёки саккиздан сўнг бошланади. Одамлар кўпроқ салқин жойларга кўчишади.

- Сиз туғилган ва яшаган она шаҳрингиз Чиноз ҳақида гапириб бера оласизми? Эшитишимизга қараганда жуда гўзал жой экан...

- Ҳамма у ерни балиқчилик шаҳри деб атайди. Ундан беш километр узоқликда Ўрта Осиёдаги энг узун дарё Сирдарё оқиб ўтади. Чинозда машҳур ва жуда катта балиқ бозори бор. Кечки соат саккизда очилади ва тонгги тўртгача ишлайди. Чунки, кундузи ҳаво иссиқ бўлади. Бунинг оқибатида балиқлар айниб қолиши мумкин. Нархи? Ҳар хил бўлиши мумкин, масалан бир килограмм тахминан бир ярим доллар туради. Балиқларнинг кўплаб турларини учратасиз. Сазан энг машҳури. Бозорнинг нариги томонида балиқдан ширин ва мазали таомларни пиширадиган кафелар бор. Балиқни кўз олдингизда пишириб беришади.

- Болалигингизда кўп балиқ истеъмол қилган бўлсангиз керак?

- Йўғе. Уйимга яқин жойда яна бир кичик Чирчиқ дарёси бор. Биз у ерга боришни, балиқ овлашни ва соҳил бўйинда қовуришни яхши кўрардик.

- Жасур, ўзбекларнинг миллий таоми ош тайёрлашни биласизми?

- Ўзим мустақил билмасдим. Минскда эса буни синаб кўрдим. Шанба куни кечқурун мен Мавату ва Атеменгени паловни мазасини кўриши учун чойхонага олиб бордим. Йигитлар уни ҳеч қачон емаганларини айтишди. Палов уларга ёқди. Лекин, Ўзбекистонда ош ўзига хос таъмга эга бўлган гуручдан тайёрланади. Одатда биз асосан мол гўшти қўшамиз. Турли тўй ва маросимларда эса қўй гўштидан ҳам фойдаланамиз.


- Ўзбек ошхонаси ёқадими?

- Албатта! Манти, сомса, шўрва, лағмон. Буларнинг бари менга Минскда етишмаяпти. Бу ердаги сомса ва шўрванинг таъми Ўзбекистондагига ўхшайди, аммо паловнинг эмас.

- Бундай таомлар спортчилар учун жуда ёғли ва оғир ҳисобланади. Бу эса зарарга ишлаши мумкин...

- Ҳа. Ош ва бошқа таомларимиз ёғли. Аммо, биз бунга кўникиб кетганмиз. Бу ортиқча муаммо туғдирмайди.

- Рамазон ойи давом этмоқда ва сиз фақат қуёш ботгандан сўнг овқатланаяпсизми?

- Ҳатто сув ҳам ичиш мумкин эмас. Қийин, аммо ҳар куни рўза тутамиз. Биринчи ҳафта энг оғири. Кейин кўника бошлайсиз. Қуёш ботгач ва оғиз очилгач кўп нарсаларни ейишингиз мумкин. Лекин, ошқозонга зарар келтиришингиз мумкин. Аввал, шоколад, сув ва озгина нарса еб олсангиз, бир-бир ярим соатдан сўнг нормал овқатлансангиз бўлади.

- Машғулот ва учрашувларга куч қаердан топяпсиз?

- Кўпроқ ухласангиз кун бўйи тетик юрасиз, машғулотларда ҳам ўзингизни яхши ҳис қиласиз.

- Уйдан узоқда барибир яқинларингизни, оила аъзоларингизни соғинасиз...

- Қариндошларимиз билан алоқада бўлиб тураман. Оиламизда бешта бола бор. Мен энг каттасиман. Укам ва учта синглим бор.

- Беларусь ва ўзбекларнинг қандай фарқлари бор?

- Ўз-ўзидан халқларимизнинг менталитети бошқа-бошқа. Ҳар бир Собиқ Иттифоқ мамлакатида улар ўзгача.

- Тошкент ва Минскни солиштира оласизми? Тошкентда қандай ўзгаришлар амалга оширилмоқда?

- Пойтахтимиз ижобий ўзгаришлар талайгина. Сўнгги тўрт йил ичида анчагина ўзгарди. У ерда кўплаб осмонўпар бинолар қад ростламоқда. Тошкентда "Ташкент Сити" халқаро бизнес маркази очилди. Унинг ҳудудида ажойиб улкан парк очилди. Чинозда эса асосан кичик уйлар бор. Бу ерда илгари кўп бор урушлар бўлиб ўтган. Буюк саркарда Амир Темур катта тепаликлар қурдирган. Улар ҳали ҳам сақланиб қолинган. Душман яқинлашаётганлигини кузатиш ва узоқдан кўринадиган байроқлар билан сигнал бериш мумкин бўлганлиги учун махсус тайёрланган.

- Айтишларича Ўзбекистон иқтисодиёти жадал суръатларда ривожланаётган экан.

- Бу рост. Ҳозир бизда ажойиб Президент бор. Йилдан-йилга яшаш яхшиланмоқда. Ўрта Осиёда Ўзбекистон бошқа мамлакатлардан олдинда.

- Мамлакатингиз ўз гиламлари билан ҳам машҳур. Уйингизда нечта гилам бор?

- Бизда ҳаммаси бор. Улар ҳар бир хонада полга ёзилган. Гиламсиз, сиз ўзбек эмассиз. Агарда, гилам йўқ бўлса биз ўзимизни қулай ҳис қилмаймиз. У билан оёқларингиз юмшоқ ва иссиқ туради. Гилам устида бемалол ётишингиз мумкин.

- Ўзбекистонда футболдан кейинги ўринда бокс турадими?

- Аниқ ва шубҳасиз. Бизда ажойиб боксчилар бор. Уларни бутун дунё танийди. Ҳаттоки, бир нечта Олимпия чемпионлари бор. Бразилиядаги Олимпиядада учта олтин медалларни қўлга киритишди. Исталган боладан қайси спорт турини яхши кўришини сўранг, футболчи ёки боксчи бўламан дейди.

- Сизларда сунъий майдонлар кўпми?

- Етарли даражада. Аммо чемпионатда унда ўйналмайди. Ўзбекистонда жуда иссиқ. Агар сунъий майдонда ўйналса ундан баттар иссиқ бўлади. Мушаклар учун ҳам зарарли. Сунъий майдонлар кечки пайт йиғилиб футбол ўйнайдиган ҳаваскорлар учун айни муддао.

- Ўзбекистонда ниманинг эвазига бундай кучли футболчилар етишиб чиқмоқда?

- Бизнинг футболчилар беларуслик ўйинчиларга қараганда техник жиҳатдан кучлироқ. Аммо, жисмоний томонлама биз устун эмасмиз. Яхши югуриш, курашишда етакчи эмасмиз. Яъни Европада ўйнаш учун техникамиз бор, аммо куч етишмайди.

- Турли ёшдаги терма жамоаларингиз ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатларида ғолиб чиқишди...

- Улар доимий равишда кичик мундиалга йўлланма олишади. Аммо, миллий терма жамоамиз ҳали бунга эришгани йўқ. Доим битта ғалаба ёки дуранг етишмай қолади. Умуман олганда юртимизда иқтидорли футболчилар кўп. Лекин, ҳаммада ҳам машғулотлар олиб бориш учун имконият йўқ. Чекка ҳудудлардаги, вилоятлардаги ва қишлоқлардаги ҳар бир болани Тошкентга олиб келишнинг имкони йўқ. Буни қандайлигини яхши биламан. Менинг бувим ҳар куни поездда пойтахтга келарди.

- U-23 Осиё чемпионатида Любинко Друлович қўл остида ўйнадингиз. У қандай мураббий?

- Ажойиб мураббий. Бир неча йил олдин Сербия ёшлари у бошчилигида Европа чемпиони бўлишган. Инсон сифатида ҳам яхши. Мураббий яхши инсон бўлмаса яхши футболчи етиштира олмайди. Булар чамбарчас боғлиқ.

- Ўзбек футбол юлдузларидан кимлар билан танишсиз?

- “Ростов”да тўп тепаётган Элдор Шомуродов ҳозир энг таниқлиси. Хитойда терма жамоамиз сардори Одил Аҳмедов ўйнамоқда. Шомуродов ҳозиргача барқарор ўйин намойиш қилиб келяпти. Улар билан бирга 2018 йил Эрон ва Уругвайга қарши ўйинларда ўйнагандим.

- Ўзбек футболининг машҳур кишилари сифатида кимларни кўрсата оласиз?

- Миржалол Қосимов, ушбу мутахассис қўл остида ўтган йили АГМК жамоасида ўйнадим. Максим Шацких, “Ротор”да Александр Хацкевичга ёрдамлашмоқда. Жаъфар Ирисметов “Пахтакор”да спорт директори лавозимида ишламоқда. Шунингдек, таниқли ҳакам Равшан Эрматов. У инсонни ҳамма ҳурмат қилади. Аввалги йилдан бошлаб Ўзбекистон футбол ассоциацияда биринчи вице-президент бўлиб фаолият юритиб келмоқда.


- Осиё Чемпионлар Лигасида қайси юлдузлар билан йўлларингиз кесишган?

- Испаниялик Хави, Габи, Альваро Негредога қарши майдонга чиққанман. Қатарда Уэсли Снейдер етакчилигидаги “Ал Ғарафа” билан ўйнаганмиз. Хави ёнида учта ўйинчи юрсада, уларни сезмайди ва битта пас билан ҳужумни ривожлантириб юборади.

- БАТЭда ўйнаб кетган Марко Симич билан бир жамоада тўп тепгансиз. Уни Беларусга қайтиши мумкинлиги ҳақида эшитдингизми?

- Ҳа, Марко ажойиб футболчи. Лекин, ҳозирда “Пахтакор”да марказий ҳимоя чизиғида яхши савиядаги ҳимоячилар бор. Рақобат юқори эканлиги боис, Симич гоҳида захирада қолишга мажбур бўлди. Эҳтимол шу сабабдан клубдан кетган бўлиши мумкин.

- “Энергетик-БГУ”даги яна бир ўзбекистонлик футболчи Шаҳбоз Умаровни АГМКга келмасингиздан олдин таниганмисиз?

- Ҳа. У билан Тошкентдаги футболга ихтисослашган мактаб-интернатида бирга ўқиганмиз. Кейин уни “Пахтакор”га чақиришди.

- "Энергетик" сизни “Пахтакор”дан ижарага олган. Тошкентга чақиришмаяптими?

- Ҳозирча йўқ. Мен Европага кетишни истайман. Бунинг устига Шота Арвеладзе билан орамизда тушунимовчилик бор. Қайсидир учрашувда у мени захирага олди. Мен ҳафа бўлиб қўл бермадим. Кейинги учрашувларда эса мени захирада қолдиришни бошлади. Ўйиннинг охирида, беш ёки ўн дақиқа қолганида туширарди. Бу вақт оралиғида нима қилиш мумкин? Мен ўйин темпимни йўқотдим. Яхши ўйнасам ҳам барибир шу ҳолат такрорланаверди. Ҳозирги жамоамда эса мураббийлар менга ишонч билдиришмоқда. Мен ўйинларим орқали буни исботлашга ҳаракат қиламан.

- Ҳозиргача 3та пенальти тепдингиз. Ўзбекистонда ҳам пенальти тепиб турармидингиз?

- Умуман тепмаганман. Бу ерда мавсум бошланишидан олдин мени биринчи рақамли пенальтичи деб тайинлашди. Бу мен учун янги чорлов - буни ҳам эплай олишимни бошқаларга ва ўзимга исботлаш.

- Мавсум давомида нечта гол урмоқчисиз?

- Ҳар бир ўйинда гол ёки голли пас бермоқчиман.

- Мавсум бошланмасидан олдин машғулотларда кўп чарчадингизми?

- Жуда. Ўзбекистонда бундай юкламалар деярли йўқ. Шу боис қийин бўлди. Мураббийлар буни кўриб баъзида хордиқ чиқариш имконини беришарди. "Горка" деган машқ бор, бутун жамоа буни бажараётганда менга уни ўтказиб юборишга рухсат беришарди.

- Ўзбекистонга қачон бориб келишни режалаштиргансиз?

- Ёзда бораман деб ўйлагандим. Чинозда тўй қилишни режа қилгандим. Аммо, энди чегаралар ёпилган ва кузга қолдираман шекилли. Кутишдан бошқа чорам йўқ.


energetikbgu.by сайтидан Абдулазиз Искандаров таржимаси

Рейтинг: +32   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика