UZ

Сўнгги янгиликлар

11:35Биринчи лига. "Пахтакор-79"га иккинчи турда ҳам техник мағлубият ёзилди  0 11:15"Оқ бўрилар" қаршисида яна "яшил лочинлар". Арабча ҳисоб-китобга нуқта қўйиш вақти келди  5 10:45Алонсо ва Аморим билан келиша олмаган «Ливерпул»нинг янги устози ким бўлиши маълум  4 10:19Микель Артета Лондон дербисидаги ғалабадан сўнг нималар деди?  3 09:51«Реал Мадрид» футболчиси фаолиятини Саудия Арабистонида давом эттириши мумкин  11 09:22Эшитдик-да! "Бунёдкор"да яна бош мураббий ўзгарди  8 08:55Хоанг Ан Туан: "Ўзбекистон терма жамоаси финалга қадар етиб боришига ишонаман"  26 08:35АПЛ. "Арсенал" - "Челси" 5:0  0 08:29Почеттино «Арсенал»дан қабул қилиб олинган йирик мағлубият сабабини айтди  2 08:20ОЧЛ. "Ал Ҳилол" - "Ал Айн" 2:1  1 08:15U23 Осиё кубоги. Ўзбекистон - Вьетнам 3:0   2 08:04Италия Кубоги. «Ювентус» — дастлабки финалчи  0 07:38Осиё кубоги. Бугун футзалчиларимиз ярим финал йўлланмаси учун баҳс олиб боради  2 01:57АПЛ. Лондон дербисида "Арсенал" "Челси"га "тарсаки туширди"  26 01:30Иброҳимхалил Йўлдошев: “Биз рақиб танламаймиз”  15

Бундеслига: Рақобатга чанқоқ “Бавария”, янгиланаётган “Боруссия”, “Лейпциг” қандай лойиҳа? Янгиликлар

Бундеслига: Рақобатга чанқоқ “Бавария”, янгиланаётган “Боруссия”, “Лейпциг” қандай лойиҳа?

Германия футболига ихтисослашган журналист Шаҳбоз Беғамов Бундеслигада янги мавсумда нималар руй бериши мумкинлигини таҳлил қилиб чиқди.


Германияда "Бавария" ўзга оламлигини барча билади. Кўпинча "Бавария"дан кейинги ўринни қўлга киритган жамоани чемпион ҳам деб аташларига ўрганиб қолганмиз. Юрген Клопп давридан кейинги "Боруссия" Дортмунд ҳозирча мюнхенликларга етарлича қаршилик қилолмаётгани ҳақиқат.

Бу йили ҳам катта эҳтимол билан "Бавария" чемпионлик учун асосий фаворит ва уларга қаршилик қилиши мумкин бўлган жамоа ҳам аниқ. Гарчи Клопп давридан кейинги Дортмунд ҳозирча кутилган даражасига чиқа олмаётган бўлсада, "Боруссия" доимо "Бавария" учун энг катта хавфлигича қолаверади.

"Бавария" ёзги трансфер бозорида ўзига керакли нуқталар бўйича футболчиларни жалб этди. Ҳозирги "Бавария" ўтган йилгидан кучсизланмади, аксинча кучайгани рост. Тўғри, янги мавсумда "Бавария" ҳақиқий етакчиси ва сардори саналган Филипп Ламсиз ҳаракат қилади. Аммо "Бавария"да унинг ўрнига ворис сифатида қаралаётган Киммих ва тажрибали Рафинья бор. Ярим ҳимоя маркази Толиссо ва Руди билан кучайтирилди. Хамес эса ҳужумдаги импровизацияни бойитиш учун олиб келинди. Никлас Зюле эса ҳимоя марказида Боатенг ҳамда Хуммельсни енгил нафас олишига йўл қўймайди.

Ўтган йили "Бавария"га етишмаган ротацияни жорий мавсумда Карло Анчелотти амалга ошириши мумкин. Унинг қўли остида деярли иккита таркибга етадиган ижрочилар жамланган.


Бундеслигада ўзининг дебют мавсумини шов-шувли ўтказган ёш жамоа - "Лейпциг"ни янада қийин имтиҳон кутмоқда. Биринчи уринишда чемпионлик учун курашадиган Дортмундни қулатган "Лейпциг" "Бавария"нинг энг яқин рақобатчисига айланганди. Бу йили эса уларнинг иш ҳажми янада ортган. Чунки жамоа илк бор ЕЧЛда иштирок этади. Эндиликда Хаззенхюттль жамоани жуда зич тақвимда ўйнатишига тўғри келади. "Лейпциг"нинг мақсадлари анча жиддийлиги ва жамоа келажакда ҳақиқий топ клуб даражасига чиқишни ўйлаётгани бот-бот гапирилди. Айнан ушбу мавсум "Лейпциг" учун кўп нарсаларни ҳал этади. Жамоа ростан ҳам юқори савияда ўйнашга тайёрми, ўтган йилги натижалар шунчаки юқори иштиёқ туфайлигина қайд этилганмиди, деган саволларга ушбу мавсумда жавоб оламиз.
Шуни қайд этиб ўтиш керакки, "Лейпциг"нинг ёзги трансфер бозоридаги энг катта ютуғи - бу жамоа ўз етакчиларини сақлаб қолгани бўлди.
Яъни ўзаг сақланиб қолди. Таркиб анча ёш ва шижоаткор. ЕЧЛдаги иштирок орқали эса тажриба ҳам тўпланиб боради. Ральф Хаззенхюттль жорий мавсумда енг шимариб ишлашига тўғри келади. Янги, ёш жамоани жуда қайноқ мавсум кутмоқда.
"Лейпциг" жуда катта босим остида турибди. Улар нафақат Бундеслигада муваффақиятли қатнашишлари талаб этилади, балки ЕЧЛда ҳам минимум гуруҳдан чиқиш вазифаси турибди.
Янги мавсумда "Лейпциг"ни кўриш жуда қизиқ бўлади.
Тимо Вернер, Наби Кейта, Форсберг каби етакчи футболчилари жорий мавсумда ҳам ўзларининг нималарга қодир эканликларини кўрсатишлари ва исботлашларига тўғри келади.
"Лейпциг" ўтган мавсумдаги натижалар тасодиф эмаслигини, бу шунчаки бир йиллик қизиқарли акция эмас, балки катта масштабдаги лойиҳа эканлигини исботлашлари лозим бўлади.


Янгиланаётган "Боруссия" Дортмунд жамоаси Петер Бош қўл остида янги марраларни забт эта оладими, деган савол Бундеслиганинг 2017/2018 йилги мавсумидаги энг қайноқ мавзу бўлиб турибди. Петер Бош "Аякс"даги муваффақиятли мавсумдан кейин дортмундликлар раҳбарияти меҳрини қозонди. Бош "Сигнал Идуна Парк"даги ишқибозлар меҳрини ҳам 1 йил ичида қозона оладими? Буни вақт кўрсатади.
Томас Тухель раҳбарият билан кўп зиддиятларга борди, натижалар ҳам кутилганидек бўлмади. Шу боисдан ҳам Тухелнинг Дортмунддаги сафари эрта қариди.
Бош олдида эса раҳбарият билан яқин алоқа ҳамда мухлислар истагидаги жамоани шакллантириш вазифаси турибди. Ҳозирча жамоанинг икки нафар етакчиси - Дембеле ҳамда Обамеянг янги мавсумда қаерда ўйнаши масаласи ҳали узил-кесил ҳал бўлгани йўқ. Бу нарса ҳам Бошнинг режаларига ўзгартириш киритиб юбориши мумкин.
Айни пайтда Бош ўзи истаётган жамоани таркибдаги мавжуд футболчилар орқали қуришга имкони йўқ. Дембеле кетишни истаб қолган, машғулотларга келмагани учун ҳозирча расман машғулотлардан четлатилган. Трансфер жараён эса тўхтаб қолган. Обамеянг катта эҳтимол билан қолиши мумкин. Ҳар ҳолда футболчи жамоа билан бирга ва матбуотда охирги кунларда у ҳақида маълумотлар чиқмай қўйди.
Петер Бош трансфер бозорида катта харидларни амалга оширмади. Лекин керакли позициялар бўйича Бундеслигадаги келажаги порлоқ футболчилар - Маҳмуд Дауд ва Максимилиан Филипп жамоага олиб келинди. Мураббий қўл остидаги мавжуд футболчилардан яхши ва кучли жамоани шакллантиришга кўзи етмоқда. Буни амалда қандай уддалашини эса вақт кўрсатади.

Бундеслига тарихидаги энг ёш мураббий Юлиан Нагельсманн учун янги мавсум катта чорлов бўлади. Икки йил илгари жамоани жуда қийин вазиятда қабул қилиб олган Нагельсманн "Хоффенхайм"ни элитада сақлаб қолишни уддалаганди. Ўтган мавсумда эса жамоани кучли тўртталикка киритишни уддасидан чиқди. Еврокубокка йўлланма олинди. Жамоа ЕЧЛ саралаш босқичидан муваффақиятли ўтса, янги мавсумда ЕЧЛда ўйнайди. Бу ўхшамаган тақдирда ҳам "Хоффенхайм" ўз юришини Европа лигаси орқали давом эттиради. "Хоффенхайм"дек жамоа учун бир мавсумда учта фронтда кураш олиб бориш анча қийинчилик туғдириши аниқ. Аммо Нагельсманн айнан қийин паллаларда жамоани муносиб ўйнатишни эплайдиган мутахассислиги билан танилди. Лекин жорий мавсум олдидан жамоани икки нафар ҳақиқий етакчиси Зюле ва Руди тарк этди. Бу кемтикларни ёпиш Нагельсманнга ортиқча муаммо туғдиради.
Муҳими, Нагельсманн айтганидек жамоа ҳужумкорликни йўқотмайди ва ўз фалсафасига содиқ қолади. "Хоффенхайм" еврокубоклар фактори туфайли Бундеслигадаги натижаларини пасайтириб юбориш эҳтимоли бор. Чунки жамоанинг ички захираси учта фронтда бир маромда қатнашиш даражасида бой эмас. Бу ерда Нагельсманн тўғри балансни танлай олишида ҳам гап кўп.


Шунингдек, ўтган мавсум якунларига кўра еврокубокларга йўлланмани қўлга киритган "Кёльн" ҳамда "Герта" жамоаларидан янги мавсумда кўп нарса кутса бўлади.

"Герта" ўзининг ҳужумдаги танловларини Деви Зельке ва Леки билан кучайтирди. Поль Дардаи Берлинда ажойиб жамоани шакллантирган. Ўз уйида доимо кучли ўйнаган ва исталган рақибларни қийнайдиган "Герта"нинг мавсумий қатнови европа бўйлаб давом этади. "Герта" кўп йиллардан буён еврокубокларсиз қолаётгани ва Берлинда Европа лигаси ҳам ҳозирча чанқоқни қондириш учун муздеккина ичимлик бўла олади.

"Кёльн" эса янги мавсум олдидан ўзининг ҳужумдаги асосий "қуроли" - Антони Модестни Хитойга қўйиб юборишга мажбур бўлди. Аниқроғи, Модест хитойликларнинг катта пулларининг олдида йўқ дея олмади. Петер Штегер эса Модестнинг ўрнига "Майнц" даги ўйинлари билан Бундеслига шайдоларига яхши танилиб улгурган Кордобани жалб этди. "Кёльн"да янги мавсумда Хектор, Вайзер, Йойич, Кордоба сингари футболчиларнинг ҳаракатларини томоша қилиш ҳам қизиқ бўлади.


Кўпчилик соғинган, ўтган йили панада қолган "Байер", "Боруссия" Мёнхенгладбах, "Шальке" ҳамда "Вольфсбург" каби жамоалардан жорий мавсумда "камбэк" кутамиз.

"Шальке"ни қаддини тутишига янги келган италиялик бош мураббий Доменико Тедеско ёрдам бериши кўзда тутилган. Бунга қадар "Штутгарт", "Хоффенхайм" каби клубларнинг ёшлар жамоаларида фаолият кўрсатган ушбу мутахассис европа футболи учун янги ном. "Шальке"нинг чақируви Тедеско учун катта чорлов бўлиши аниқ. Тедесконинг зиммасида жуда катта ва масъулиятли иш турибди. Футболга мураббий сифатида кириб келган Тедеско учун "Шальке"даги фаолият осон кечмаслиги аниқ. Босим юқори ва талаб эса ундан ҳам каттароқ. Тедесконинг салоҳияти "Шальке"дек клубнинг имижини тиклашга етадими? Бу савол ҳам анча долзарб. Жавобни эса мавсум давомида олсак ажаб эмас.

Мёнхенгладбахда "Боруссия"нинг охирги мавсумдаги қайд этган натижасидан ҳеч кимнинг кўнгли тўлмагани аниқ. Дитер Хекинг янги мавсумда жамоани ўзи истаганидек ўйнатиши ва натижалар ҳам шунга монанд бўлишига кўпчилик ишонмоқда. Ушбу мутахассиснинг нималарга қодир эканлигини Бундеслига ишқибозлари яхшигина билишади. Хекинг ўз вақтида "Волфьсбург"ни жиддий рақибга айлантира олган ва ЕЧЛда ҳам муносиб иштирок этганди жамоа. Мёнхенгладбахда эса Фаврдан кейин яхши мутахассис излашаётганди. Орада битта танловда адашган раҳбарият Дитер Хекинг билан яхши ҳамкорликда иш юритишига ишониш мумкин. Жамоа Маҳмуд Даудни ҳисобга олмаганда, қолган асосий таркиб футболчиларини сақлаб қолишга эришди. Демак янги мавсумда "Боруссия" еврокубоклар учун курашиши аниқ.


Ўтган мавсум яна бир инқироз кўчасида адашиб қолган жамоалардан бири - "Байер" эди. Янги мавсумда "дорихоначилар" бошқа "фармацевт" Хайко Херлихх бошқаради. Ушбу мутахассис анча потенциаль жиҳатдан кучли ва келажаги порлоқ мураббийлардан деб эътироф этилмоқда.
Ўтган йилги натижа бу шунчаки тасодиф бўлганини жамоа аъзолари янги мавсумда исботлашлари талаб этилади.
Леверкузенда бу йили ишқибозлар фақатгина ички чемпионат ва кубок ўйинлари доирасида стадионга ташриф буюришларидан жуда ранжишмоқда. Еврокубокларсиз қолган "Байер" янги мавсумда янада қўрқинчли кўринса ажаб эмас. Тақивм ҳам улар учун бироз енгилроқ бўлади. Муҳими, Хайко Херлихх жамоани тўғри бошқара олиши ва балансни тўғри тақсимлай олиши муҳим аҳамият касб этади.
Жамоани Чичарито тарк этди. Аммо бошқа етакчилар ўз ўрниларида қолишган. "Байер"нинг келажаги сифатида қаралаётган Поьянпало ҳамда Хаверцдан леверкузендагиларнинг умиди жуда катта.

Хайко Херлиххнинг жамоадаги биринчи галдаги иши бу ҳимоядаги тартибсизликни тартибга келтириш бўлади. Ҳужумдаги самарадорлик яхши, аммо ҳимоядаги бўшлиқ "Байер"нинг инқироз кўчасига етаклаган энг асосий муаммо бўлганди.

Ушбу тўртлик ичидан энг шармандали натижани қайд этган "бўрилар" - "Вольфсбург" плей-офф ўйинлари орқали Бундеслигадаги ўрнини сақлаб қолганди. Бу йили эса жамоа ниҳоят ўз даражасига қайтиши керак. Аммо буни уддалаш ҳозирги "Вольфсбург"нинг қўлидан келадими?
Ҳозирги жамоадан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, таркибда номлар бор, аммо уларни тўғри йўналишда бошқарадиган мураббий зарур. Буни клуб раҳбарияти ҳам тўғри тушунди ва янги мураббийнинг хизматларига мурожаат қилди. Андрис Йонкер айнан шундай тоифадаги мураббийми ёки йўқ, буни энди вақт кўрсатади.

Нико Ковачнинг "Айнтрахт" жамоаси доим қизиқ ўйнайди. Биринчи даврани зўр ўтказса, танаффусдан сўнг натижалар ўзгаради. "Айнтрахт"га етишмаётган энг асосий жиҳат бу барқарорлик. Ковач айнан ўша балансни топ олса, "Айнтрахт" Бундеслигада совринли ўринлар учун курашадиган барқарор жамоалардан бирига айланади.

"Майнц"да эса тушунарсиз ҳолат. Жамоанинг потециали бошқа рақобатчиларига қараганда бироз пастдек таассурот қолдирмоқда. Аммо ушбу жамоа кўп сюрпризлар тақдим этишни хуш кўради.

"Гамбург" ҳамда "Вердер" эса ҳар йили чалинадиган куйни яна қайтаришлари мумкин. Ушбу жамоалар ҳозирча трансфер бозорида кутилганидек фаоллик кўрсатишмади ва катта эҳтимол билан янги мавсумда ҳам Бундеслигада жон сақлаб қолиш учун курашадиган жамоалар билан рақобат қилишса ажаб эмас.
Бундеслигага қайтган "Ганновер" ва "Штутгарт" бу ерни қадрини жуда яхши ҳис этишган ва жорий мавсумда элитада муқим жойлашиб олишни кўзлашлари аниқ. "Штутгарт" эса таркибини керакли ва тажрибали футболчилар билан кучайтиришга ҳам эришди.


Кристиан Штрайх бошқарувидаги "Фарйбург" ҳам янги мавсумда катта натижалар қайд этиши анча мушкул вазифа. "Фрайбург" асосан ўзининг асосий миссияси Бундеслигада қолишни уддаласа ҳам катта гап. Кўпчилик жорий мавсумда "Фрайбург", "Аугсбург", "Гамбург" ҳамда "Вердер"га бирмунча қийин бўлишини тахмин қилмоқда. Бунга ўзига хос сабаблар бор. Ушбу жамоалар мавсумни бир текисда ўтказишда доим муаммоларга дуч келишади. Трансфер ойнасида ҳам керакли харидларни амалга оширишмади. Бу жамоаларда шунингдек клуб раҳбарияти тез-тез мураббийлар алмаштиришга кўникиб қолишган. Шу жиҳатларни ҳам инобатга олган ҳолда шуни айтиш мумкинки, турнир жадвалининг пастки қисмидаги курашда айнан шу жамоалар ўртасида кечади.

Нима бўлган тақдирда ҳам Германиядаги янги футбол мавсуми анча қизиқарли ва кутилмаган натижаларга бой кечади. Бундеслига ҳар йили, ҳар доим ўзига хос сюрпризларни тақдим этган. Энг оддий мисол, бу ўтган йилги "Лейпциг" ёки "Хоффенхайм"нинг парвози. "Боруссия" Мёнхенгладбах, "Шальке", "Байер" ёки "Вольфсбург"нинг қулаши ёки шунга ўхшаш натижалар ҳам буни исботлаб турибди.

"Лейпциг", "Хоффенхайм", "Герта" ва "Кёльн" сингари клубларнинг ўтган йилги муваффақияти бу бироз олдин санаб ўтилган жамоаларнинг инқирози билан боғлиқми ёки бу ушбу ўрта даражадаги клублар янги поғонага кўтарилишганидан далолатми? Айнан шу каби саволлар ҳам янги мавсумда ўз жавобини топади.


“Бавария” эса рақобатга чанқоқ. Уларга исталган вақтда хоҳлаган жамоа чемпионлик учун рақобат қилиши мумкин. Тарихда бу каби ҳолатлар жуда кўп учраган. Нега энди бу йили шу каби чиройли ва қизиқарли сценарий остида ушбу тарих қайтарилмаслиги керак? Балки янгиланаётган “Боруссия” ёки катта лойиҳа сифатида қаралаётган “Лейпциг” ўз бошидан баланд сакрашга муваффақ бўлар. Бу футбол ва футболда ҳар нарса руй бериши мумкинлигини жуда яхши биламиз.

Ҳа-я, айтганча, Бундеслиганинг янги мавсумида ҳакамлар видео-такрорларга мурожаат қилишлари мумкин. Демак учрашувлар натижаларига ҳакамларнинг қўпол хатолари таъсир ўтказиши кескин пасаяди.


Бундеслига қайтди, буёғига Германияда футбол қайнайди ва қизийди.
Ишонаверинг, азизлар...


Шаҳбоз Беғамов

Муаллиф :
Рейтинг: +8   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика