UZ

Сўнгги янгиликлар

21:34АПЛ. "Вулверхэмптон" - "Манчестер Юнайтед" баҳси асосий таркиблар маълум!  0 21:09"Манчестер Сити"да нохуш статистикалар  2 20:52Пеп Гвардиола: "Бизда ҳозир шундай даврки..."  7 20:19Аканжи: "Адолатсиз натижа"  6 19:56Моуриньюнинг "Фенербахче"си Абдуқодир Ҳусанов бўйича таклиф билан чиқмоқчи  27 19:32"ФарДУ" клубида мавсум якунларига бағишланган тақдирлаш маросими ўтказилди  1 19:24Муваффақиятсизлик давом этади: "Манчестер Сити" бу сафар ўз уйида "Эвертон" билан дуранг ўйнади, Холанд пенальтидан гол ура олмади  33 19:10АПЛ. Тез орада бошланадиган "Челси", "Тоттенхэм" ва бошқа жамоалар иштирокидаги ўйинлар учун таркиблар маълум  5 18:48"Шўртан": Суперлигага тайёргарлик давом этмоқда  1 18:41Қатор топ клублар ПСЖ футболчиси учун курашади  1 18:12"Чадормалу Ардакан" — "Истиқлол". Машарипов асосий таркибда  0 18:07Умид Эргашев "Насаф" билан хайрлашди. У "Навбаҳор"га ўтмоқда  9 17:55Фликка таянч ярим ҳимоячиси керак. Номзодлар: Канте ва Горецка  1 17:32"Реал"га ван Дейк керак эмас  4 17:14АПЛ. "Манчестер Сити" - "Эвертон": Асосий таркиблар маълум  14

Бобурбек Йўлдошев “Манисаспор”га ўтишимда “Локо”нинг хизмати катта” Янгиликлар

Бобурбек Йўлдошев “Манисаспор”га ўтишимда “Локо”нинг хизмати катта”

Хориждаги легионерларимиз сони яна битта ошди. Гап шундаки, истеъдодли ҳимоячи Бобурбек Йўлдошев энди “Манисаспор”да ўйнайдиган бўлди.
Яқинда Туркияда ўтказилган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида терма жамоамиз мудофаа чиғиғида катта ишни амалга оширган Йўлдошев, мазкур турнир мобайнида бир қатор хориж клубларининг скаутларида қизиқиш уйғотганди. Ҳуқуқий жиҳатдан “Локомотив”га тегишли бўлган футболчига Туркия биринчи дивизиони иштирокичиси Манисанинг “Манисаспор” клуби қизиқарли таклиф билан чиқди. Шу боис Йўлдошев “Локомотив” раҳбариятининг тавсиясига кўра, 30 июль куни Туркияга жўнаб кетганди. Футболчининг маълум қилишича, томонлар ўзаро келишувга эришган ва эндиликда футболчи “Манисаспор”да ўйнайдиган бўлди. Шу боис Бобурбек Йўлдошев янги клуби аъзоси сифатида ҳамкоримиз “ФЭ” газетасига махсус интервью берди.  

- Бобурбек, Сизнинг “Манисаспор” йиғинига бориб қўшилганингизни яхши биламиз. Турк клубига ўтишингиз ҳал бўлдими?
- Ҳа, Худо хоҳласа ҳаммаси ижобий кечди. Гарчи ҳозирча расман шартномага имзо чекмаган бўлсамда, “Манисаспор” раҳбарлари “Локомотив” билан ўзаро келишувга эришди. Ушбу ҳафтада битим имзоланади.

- “Манисаспор”га боришингиз қандай амалга ошди?
- ЖЧ ўйинларидан кейин “Локомотив”да эдим. Шунда клуб раҳбарлари ўз ёнига чақириб, Туркия биринчи дивизиони иштирокчиси бўлган клубдан қизиқиш борлигини айтди. “Манисаспор” тўғрисида, бир қатор маълумотлар беришди. Агар истасам ушбу клубга бориб, дастлаб шароитлар билан танишишимни тавсия қилишди.

- Демак, хориж клубига ўтишингиз, бирор-бир агентнинг хизмати эмас, балки иккала клубнинг музокараларидан сўнг амалга ошган. Шундайми?
- Бунга сабабчи бўлганлар инсонлар ҳам йўқ эмас. Лекин айтиб ўтганимдек, “Манисаспор” раҳбарияти бу борада дастлаб “Локомотив”га мурожаат қилган. Шу боис бунда иккала клуб раҳбарларининг хизматлари ётибди деб ўйлайман. Бундан ташқари ФИФА агенти Ойбек ака Қосимовнинг ҳам маслаҳат бериб турганини айтиб ўтишни истардим.

- Туркияда ўтказилган жаҳон чемпионатидан кейин шахсан ўзингиз фаолиятингизни хорижда давом эттиришингизга, қанчалик ишонгандингиз?
- Ишонгандим албатта. Ҳар холда хориж клубларидан таклиф бўлишига умид қилганман. Биласизми, ЖЧда ўзимни тўлиқ кўрсата олмадим. Шундай бўлсада, чет эл клубидан қизиқиш бўлганидан хурсандман. Чунки фаолиятимни хорижда давом эттириш иштиёқи юқори эди.

- Янги клубингиздаги илк таассуротлар қандай?
- Бу клубга келишимдан олдин, интернет орқали жамоа ҳақида қизиқиб, танишиб чиқдим. Маниса шаҳрининг клуби. Жамоа 1965 йили ташкил топган. Ўз вақтида Туркия супер лигасида ҳам иштирок этган. Жамоа Измир шаҳридан узоқ бўлмаган жойда экан. Измиргача 30 дақиқалик йўл. Бу ерга келганимда мени яхши кутиб олишди. Жамоа яхши шаклланган. Ички муҳитни ҳам аъло даражада дейиш мумкин. Шу боис бу клубга тўлиқ киришиб кетишим осон кечади деб ўйлайман.

- Футболчилар ўртасидаги рақобат қандай? Айнан сиз тўп сурадиган ҳимоя чизиғидаги рақобат “Локомотив”даги каби кучлими ёки...?
- Ҳар бир клубда ўзига яраша рақобат мавжуд бўлганидек, “Манисаспор”да ҳам асосий таркибга кириш учун кураш енгил бўлмайди. Айниқса мудофаа чизиғида кучли футболчилар жамланган. Уларнинг айримлари легионерлар саналади. Лекин бу жамоадаги рақобатни “Локомотив”даги холатга таққосламаган бўлар эдим. Сизга шуни айтишим мумкинки, бу иккала клубда ҳам рақобат кучли.

- Маниса клубига борган чоғингизда бу клубни “Локомотив” билан солиштириб кўрган бўлсангиз керак. Ўхшаш жиҳатлари борми?
- Йўқ, мен тўғрисини айтганда солиштирмаган бўлар эдим. Табиийки, “Локо”га меҳрим бошқача. Сабаби ушбу клубда катта футболга қадам босганман. Ўйинчи бўлиб шаклланиб, терма жамоалар назарига тушишимда бу жамоанинг хизмати беқиёс. Бу ишни амалга ошишида жамоанинг ўрни катта бўлди деб ҳисоблайман. “Манисаспор” эса албатта умуман бошқа клуб. Жамоа бу йил ўз олдига катта мақсадларни қўйган. Ўз тарихига эга. Шунингдек клуб инфратузилмаси ҳам аъло даражада йўлга қўйилган.

- “Манисаспор”да қолишингиз аниқ бўлгач, энди ўз олдингизга қандай мақсадларни қўйдингиз?
- Аввало ушбу жамоага ўтганимдан хурсандман. Бунинг учун ҳар иккала жамоа раҳбарларига миннатдорчилик билдираман. Ўйлайманки, “Манисаспор” фаолиятимдаги чўққи бўлиб қолмайди. Бу клубда янада ёрқин ўйин кўрсатиб, келажакда бундан-да кучли клубларда ўйнашга умид қиламан. Бунинг учун астойдил ҳаракат қиламан.

- “Манисаспор” фаолиятингиздаги, биринчи хориж клубдир. Янги жамоа, янги муҳит ва янги футболчилар. Уларга кўникишни қандай ўтказяпсиз? Бу борада сизга ким ёки нима ёрдам бермоқда?
- Янги жамоамга тўлиқ киришиб кетишим учун бироз вақт керак бўлади. Туркия муҳити эса мен учун янгилик эмас. Бу ерда илгари йиғин ўтказиш учун келганимизда кўп бўлганман. Бундан ташқари клуб менежери менга таржимон бириктирган. Унинг ёрдами катта бўлмоқда. Шунингдек футболчилар ҳам мослашиб олишимда ўз ёрдамларини аямаяпти.

- Манисага олдин кўрикда бўлиш, агар ҳаракатларингиз мураббийларга маъқул келса шундагина қолиш таклифи билан борганмидингиз?
- Йўқ, клуб раҳбарлари мени Туркияда ўтган жаҳон чемпионатидаги ўйинлар орқали яхшилаб кузатишган экан. Хуллас мен ҳақимда батафсил танишишган. Шунинг учун улар менга дастлабки музокаралардан сўнг шартнома таклиф қилишди. Лекин олдин бу ердаги шароит ва ички муҳит билан танишишимни айтиб, битим имзолашни кейинроққа қолдиришимни маълум қилдим.

- Энди бу жамоада неча йил ўйнамоқчисиз?
- “Манисаспор” раҳбарлари икки йиллик шартнома таклиф қилишди ва мен бунга рози бўлдим.

- Энди ҳуқуқий жиҳатдан тўлақонли Маниса клубига тегишли ўйинчисиз. Шундайми?
- Йўқ, ҳамон “Локомотив”га тегишли футболчиман. Бу ерда иккала жамоа келишувига кўра икки йил ижара асосида ўйнайдиган бўлдим.

- Бу клубни танлашингизда, “Манисаспор” кўпроқ нимаси билан эътиборингизни тортди? Бу борада кимдандир маслаҳат олдингизми?
- Юқорида айтиб ўтганимдек, бу клубнинг ўз олдига қўйган маълум бир мақсади бор. Бундан ташқари клубда барчаси менга маъқул келди. Туркия клубини танлашимдан асосий мақсад, келажакда европанинг топ клубларида ўйнашдир. Бу ерда хорижлик футбол скаутлари кўп. Албатта, яқинларимнинг маслаҳатларига ҳам қулоқ солдим.

- Туркияда биринчи дивизион ўйинлари бошланишига ҳам оз муддат қолмоқда. Жамоангиз олдига бўлажак чемпионатда қандай вазифа қўйилмоқда?
- Ҳа, бу ерда 18 августдан мусобақага старт берилади. “Манисаспор” раҳбарияти шу йилнинг ўзида супер лигага чиқишни мақсад қилган. Бу йўлда астойдил курашамиз. Бу борада бизга қайси жамоалар рақобат кўрсатишини ҳозирча билмайман.

- Янги жамоангизда асосий таркибда ўйнаш имкониятингизни қандай кўряпсиз?
- Имконият яхши. Клуб раҳбарларининг менг бўлган ишончи юқори. Ўз навбатида мен ҳам ўз устимда астойдил ишлаб, клуб муваффақиятларига хиссамни қўшишга ҳаракат қиламан.

- Туркия клубларининг охирги йилларда футболчиларимизга бўлган қизиқиши ортиб бормоқда. Сизнингча, бунга кўпроқ нима сабаб бўлмоқда ?
- Албатта, бунга Ўзбекистонда футбол ривожланаётгани, ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаларининг халқаро майдонларда қайд этаётган натижалари юқори бўлаёгани асосий омиллардан бири бўлса керак.

- У ерда сизга яратиб берилган шароитлар қандай? Клуб базасида истиқомат қиляпсизми?
- Ҳозирча клуб қароргоҳидаман. Келишувга кўра, жамоа менга шаҳардан уй бериши керак. Шу яқин кунларда уй берилса, у ерга кўчиб ўтаман. Шароитларга келсак, ҳаммаси қониқтиряпти дейишим мумкин.

“ФЭ” маълумоти:
Бобурбек Йўлдошев
Туғилган йили: 08.04.1993
Туғилган жойи: Фарғона вилояти, Қува тумани
Биринчи мураббийи: Ойдинбек Алиев ва Дониёр Исмоилов
Профессионал футболдаги илк клуби: “Локомотив”, 2010 йилдан буён


Исломбек Рустамбеков суҳбатлашди.
Рейтинг:    

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика