Азалий рақиблар қарама-қаршилиги: "Пахтакор" - "Ал Ҳилол" ўйинига тайёрмисиз?
01 мар 14:52
Янгиликлар


Азалий рақиблар қарама-қаршилиги: "Пахтакор" - "Ал Ҳилол" ўйинига тайёрмисиз?
Муборак Рамазон ойи муносабати билан ўйин бошланиш вақти мухлисларга қулайлик туғдириши учун 21:00га белгиланган.
"Пахтакор" умид уйғотди
17 февраль куни "Пахтакор"нинг шу стадионда "Ал Садд"ни мағлуб этгани зўр воқеа бўлди. Аввалги ўйинлардаги натижалардан келиб чиқиб биз ҳали Элитга тайёр эмасмиз деган фикр пайдо бўлганди. Ҳартугул "Пахтакор"нинг ғалабаси ва шу ғалаба билан кучли саккизликка кириб олиши умид учқунларини уйғотди. Йўқ, бизнинг футбол ҳали тўхтаб қолгани йўқ. Биз ҳам футбол ўйнай оламиз. Бизнинг ҳам Осиёда ўз айтар сўзимиз бор. 20 йилдан ошдики, Осиё чемпионлар Лигасида нимадир қилишга ҳаракат қилиб келяпмиз.
Шундай бўлдики, 12та жамоа иштирок этган Ғарб минтақаси Элит ОЧЛ ўйинларида барча жамоалар 8тадан ўйин ўтказиб, шундан 8та жамоа кейинги босқичга йўл олди. "Пахтакор" 8-бўлиб занжирга уланиб олди. Буни қарангки, иккита ўйинда ғалаба қозонган "Ал Гарафа" поезддан тушиб қолди. "Персеполис", "Ал Шорта", "Ал Айн" ҳам саккизликка кира олмади. Айниқса ОЧЛнинг амалдаги ғолиби "Ал Айн" жуда бўш ўйин кўрсатди: икки дуранг ва 6 мағлубият. Учта клубда бир хил 7 очколи кўрсаткич юзага келди ва "Пахтакор"ни тўплар нисбатининг бирмунча яхшилиги кейинги босқичга етаклади.
Кейинги босқичга чиққан жамоалар:
"Ал Ҳилол" (Саудия Арабистони)
"Ал Аҳли" (Саудия Арабистони)
"Ал Насср" (Саудия Арабистони)
"Ал Садд" (Қатар)
"Ал Васл" (БАА)
"Истиқлол" (Эрон)
"Ал Райан" (Қатар)
"Пахтакор" (Ўзбекистон)
Маълумот учун: 1/8 финалнинг биринчи ўйинлари 3-4 март, жавоб учрашувлари эса 10-11 март кунлари бўлиб ўтади. Жуфтликлар қуйидагича кўриниш олган:
3 март. "Истиқлол" - "Ал Насср" (жавоб ўйини 10 март)
3 март. "Ал Васл" - "Ал Садд" (жавоб ўйини 10 март)
4 март. "Пахтакор" - "Ал Ҳилол" (жавоб ўйини 11 март)
4 март. "Ал Райан" - "Ал Аҳли" (жавоб ўйини 11 март)
Бу ўйинлар ўтиб бўлганидан сўнг чорак финалдан бошлаб, ярим финал ва финал ўйинлари марказлашган тартибда фақат Саудия Арабистонида бўлиб ўтади. Чунки ОФК шундай қарорга келган. Шу боис ҳам чорак финал ва ундан кейинги ўйинлар ОЧЛ Элит финал босқичи деб юритиляпти.
Шундай қилиб 4 март куни "Пахтакор" Элит ОЧЛнинг энг кучли жамоаси "Ал Ҳилол"га қарши баҳс олиб боради. Сарлавҳани бежизга азалий рақиблар тўқнашуви демадик. Сабаби ҳар икки клуб Осиё чемпионлар Лигасида ўзининг 20-мавсумини ўтказяпти. Тўғри, мусобақа формати ўзгариб ўтган йилдан Элит дея юритила бошланди, лекин бу биз айтишга ўрганиб қолган Осиё чемпионалар Лигасининг мантиқан давоми бўлгани учун аввалги тарихдан воз кеча олмаймиз. Қолаверса "Пахтакор" шу пайтгача "Ал Ҳилол"га қарши 8 бор баҳс олиб борган.
"Ал Ҳилол" ҳозир ҳам кучлими?
Ҳа, кучли. Бу жамоа бежизга ОЧЛ Элит биринчи босқич ўйинларини биринчи ўринда якунламади. 8та ўйиннинг 7тасида ғалаба қозонган "Ал Ҳилол" яна бир дуранг билан 22 очко жамғарди. Саудияликлар ҳали ютқазгани йўқ. Ички чемпионатда "Ал Ҳилол" ҳозирча 2-ўринда ва ҳамон чемпионлик учун курашяпти.
Яна бир жиҳати - "Ал Ҳилол" "Пахтакор"га нисбатан кўпроқ ўйин амалиётига эга. Чунки "Пахтакор" 17 февраль куни "Ал Садд"ни мағлуб этганидан бери бошқа расмий баҳсда иштирок этмади. "Ал Ҳилол" эса 18 февраль оқшомида БААнинг "Ал ВАсл" клубини мағлуб этиб қайтганидан сўнг яна 3та расмий ўйинда майдонга тушди.
18 февраль. Элит ОЧЛ. "Ал Васл" - "Ал Ҳилол" 0:2
22 февраль. Саудия Лигаси. "Ал Иттиҳод" - "Ал Ҳилол" 4:1
25 февраль. Саудия Лигаси. "Ал Ҳилол" - "Ал Холуд" 5:1
1 март. Саудия Лигаси. "Ал Ҳилол" - "Ал Аҳли" 2:3
Демак, бу жамоа охирги бир ҳафтада учта ўйин ўтказган бўлиб чиқяпти. Энди шу тўртта ўйинга қисқача тўхталиб ўтамиз.
"Ал Васл" - "Ал Ҳилол" 0:2
"Ал Ҳилол" сафарда Амирлик клубини 2:0 ҳисобида мағлуб этиб қайтди. Голлар Маркос Леонардо ва Салим Ал Довсари ҳисобига ёзилди. Дарвоқе, Салим Ал Довсари Осиёдаги энг кучли футболчилардан бири ҳисобланади. У миллий терма жамоада ҳам яхши ўйнайди. Қолаверса ҳозирги пайтда 7та гол билан ОЧЛ Элит мусобақасининг энг яхши тўпурари бўлиб турибди. Маълумот учун, Криштиану Роналду ҳисобида 6та гол бор.
"Ал Иттиҳод" - "Ал Ҳилол" 4:1
"Ал Ҳилол" учун бу баҳс чемпионлик масаласини ҳал қиладиган ўйин бўлди. Лекин дербида ютқазди. "Ал Иттиҳод" рақибини аяб ўтирмади ва йирик ҳисобда зафар қучди. "Ал Ҳилол" сафида яна Маркос Леонардо гол урди. Айтганча, мана шу футболчи 11-рақамда ўйнайди. 2003 йилда туғилган Маркос Бразилия U-21 терма жамоаси аъзоси ҳисобланади. У "Ал Ҳилол"га ўтган йил Португалиянинг "Бенфика" клубидан келган.
"Ал Ҳилол" - "Ал Холуд" 5:1
Кейинги ўйинда "Ал Ҳилол" бор аламини "Ал Холуд"дан олди. Бу учрашувда Салим Ал Довсари билан Малком иккитадан тўп киритди. Яна бир гол Маркос Леонардо номига ёзилди.
"Ал Ҳилол" - "Ал Аҳли" 2:3
Ва ниҳоят кеча тунда "Ал Ҳилол" яна бир муҳим беллашувни ўтказди ва ютқазди. Ўз майдонида "Ал Аҳли" билан кечган баҳсда пойтахтликлар 2:3 ҳисобида имкониятни бой беришди. Бу Тошкентга сафар олдидан "Ал Ҳилол"нинг охирги ўйини бўлди. "Ал Аҳли" билан кечган беллашувда Ар Риёддаги "Кингдом Арена" мухлислар билан тўлиб тошди. Рақиб ҳужумчиси Айван Тони учта гол урди. "Ал Ҳилол" таркибида эса яна ўша Салим Ал Довсари билан Маркос Леонаро тўп киритди.
"Ал Ҳилол" қанақа тактикада ўйнайди?
Кўриб турганингиздек, бу жамоанинг ишлари унчалик зўр эмас. "Ал Холуд" устидан йирик ғалаба ҳеч нарсани англатмайди. Жамоа асосий рақиблари - "Ал Иттиҳод" билан "Ал Аҳли"га имкониятни бой берди. Бу эса "Ал Ҳилол"да муаммолар етарли эканини кўрсатмоқда. Буёғи энди "Пахтакор" мураббийлар штабининг рақибни қанчалик пухта ва пишиқ ўрганганига боғлиқ.
Охирги тўртта ўйиндан келиб чиқсак, "Ал Ҳилол" 4-2-3-1 тактикасидан фойдаланиб келяпти. Дарвозани асосан марокашлик Яссин Буну (№37) қўриқлайди. Бу дарвозабонни мухлислари Жаҳон чемпионатидаги ўйинлари орқали эслаб қолишган.
Ҳимоя ўнг қанотдан бошлаб қуйидагича тақсимланган: Жоао Кансело (№20) - Калиду Кулибали (№3) - Али Ал Булайҳи (№5) - Мотеб Ал Ҳарби (№24). Иккита таянч ярим ҳимоячи вазифасини қуйидаги футболчилар бажаради: Рубен Невеш (№8), Сергей Милинкович-Савич (№22) ва Моҳамед Канно (№28) Охирги баҳсда мураббий ўртада Невеш - Савич жуфтлигини ўйнатди.
Ярим ҳимоянинг чап қаноти жамоа сардори Салим Ал Довсарига (№29) тегишли. Охирги тўртта ўйиндан бери фақат ўзи ўйнаб келяпти. Ўнгда эса Кайо Сезар (№27) ўйнайди. Фақат битта учрашувда Малком (№77) ўнгда ҳаракат қилди. Қолган учта ўйинда Кайо Сезар ўйнади. Ҳужумчи ортида Абдуллоҳ Ал Ҳамдан (№99), баъзан Сергей Минкович-Савич, баъзан эса Малком ҳаракат қилади. Энди бу ҳам мураббийнинг танловига боғлиқ.
Жамоадаги яққол ҳужумчи бу юқорида айтганимиз Маркос Леонардо (№11). Жуда тезкор ва абжир. Жамоанинг яна бир тўпурар ҳужумчиси Александр Митрович (№9) таркибда кўринмай қолди. Балки жароҳат олгандир. Неймар эса клубни тарк этиб Бразилияга қайтганидан хабарингиз бор.
Бош мураббий ким?
"Ал Ҳилол"ни бир ярим йилдирки португалиялик мутахассис Жорже Жезус бошқариб келмоқда. Бу мураббий ўтган йил 70 ёшни қарши олди. Дарвоқе ушбу мураббий 2018 йилнинг ярмида "Ал Ҳилол"ни бошқарганди. Кейинчалик "Фламенго", "Бенфика", "Фенербаҳче" клубларида фаолият олиб бориб, яна "Ал Ҳилол"га қайтди.
Жорже Жезус "Ал Ҳилол" билан бир марта Саудия чемпионлигини қўлга киритган. Шунингдек, бир марта Қирол Кубогида ва уч марта Суперкубокда зафар қучган.
Хулоса ўрнида
"Ал Ҳилол" - кучли рақиб, лекин ҳозирги пайтда ҳар қандай жамоа билан ўйнаса бўлади. Ҳамма гап тўғри тактика танлаш, кучли хоҳиш ва иштиёққа боғлиқ. "Ал Ҳилол"нинг ҳам ожиз томонлари бор. Масалан, жамоа стандарт вазиятларда яхши ҳимоялана олмайди. Ва охирги ўйинлардан келиб чиқсак, голларни асосан стандарт вазиятлардан ўтказиб юборяпти. Айниқса тўп ҳаволатиб узатилганда уларнинг ҳимоячилари жуда нотекис ҳаракат қилади. "Пахтакор"га айнан стандартлар ёрдамга келиши мумкин.
"Ал Ҳилол" иккита кучли рақиб билан ўйинда 7та гол ўтказди. Демак, ҳимоядаги ишлар умуман жойида эмас. Қолаверса жамоада чарчоқ аломатлари ҳам бор, бу эса "Пахтакор"га қўл келади. "Пахтакор" футболни, расмий учрашувларни соғинган ва бундан фойдаланиб ҳозирги "Ал Ҳилол" билан бемалол ўйнаса бўлади. Рақиб жамоа сафидаги номлар "даҳшатли" кўрингани билан майдонда оёқлар югуради.
Х.Холиқов.
Ўхшаш янгиликлар

Фикрлар
Ligionerlar yaxshi tanlangan.
Yutsa boladi bemalol Al Xilolni