Алишер Никимбаев "Турғунбоев иши" ҳақида ўз фикрини билдирди
06 фев 2019 11:35
Янгиликлар
Алишер Никимбаев "Турғунбоев иши" ҳақида ўз фикрини билдирди
Демак Турғунбоев иши кўриб чиқилди, қарор қабул қилинди. Якунлар мана бундай:
1. Футболчи дисквалификация қилинди
2. Унинг иккала клуб билан шартномалари бекор қилинди
3. Иккала клуб вакиллари ва "Навбаҳор" собиқ устози Илҳом Мўминжонов дисквалификация қилинди
Қарорга у қадар тўхталиб ўтирмаймиз ва шунчаки бу ишда ким ютганию, ким ютқазганини айтиб ўтамиз.
ҒОЛИБЛАР
1. "Навбаҳор". Намаган клуби ўтган йил ўз футболчиси учун курашда ютқазганди, аммо "Пахтакор" билан музокара ўтказмасдан бошқа йўлларни ишга солди (ЎФА сайтига кўра, Турғунбоев 3 декабрь куни "Навбаҳор" томонидан босим бўлганини айтган) ва "Пахтакор" билан тузилган шартномани бекор қилдира олди. Энди дисквалификация муддати тугагач "Навбаҳор" катта эҳтимол билан Турғунбоев билан янги шартнома тузади. "Пахтакор"га ҳеч қандай товон пули тўламайди.
2. Турғунбоев. Ҳа, у дисквалификация қилинди. Аммо иккита жамоа билан шартнома тузгач жазоланмай қолмаслиги мумкин эмасди. Дисквалификация 9 июль куни тугайди, бу эса 6 ойдан камроқ. Агар Турғунбоев иштирок этган сўнгги расмий ўйиндан (21 январь куни Осиё Кубогида Австралияга қарши) бошлаб ҳисобласак ҳам 6 ой бўлмаяпти. У "Пахтакор" билан шартномасини айнан Осиё Кубогидан сўнг бекор қилишни истади ва "Навбаҳор" билан йиғинга Қримга кетди. Турғунбоев белгиланганидан камроқ дисквалификация олгани унинг омади.
ЮТҚАЗГАНЛАР
1. "Пахтакор". Тошкент клуби қонуний равишда шартнома тузган, ЎФА ва ОФК томонидан рўйхатдан ўтказган футболчисидан айрилди. Бундан ташқари шартнома энди бекор қилинди ва футболчи ҳеч қандай товон пулисиз бошқа клубга кетиши мумкин.
Футболчи 3 декабрь куни ПФЛ/ЎФАга ариза билан мурожаат қилган ва "Навбаҳор" томонидан босим бўлаётганини айтган ҳамда "Пахтакор"да ўйнаш истаги борлигини маълум қилган (ҳар ҳолда ЎФА сайтида шундай ёзилган). Аммо икки ой ичида босим камаймаган шекилли ва футболчи шартномани бузиш даражасигача борган. Энди ким ЎФАнинг ҳимоя қиламиз деган гапларига ишонади? Турғунбоев мурожаат қилганди, барчаси нима билан тугади?, - деб ёзади Никимбаев телеграмдаги ўз каналида.
Фикрлар