2015 йилда «Вест Бромвич» кераксизга чиқариб қўйган футболчи АПЛ грандини «янчиб ташлади». Серж Гнабри муваффақиятининг сири нимада?
03 окт 2019 11:43
Янгиликлар
2015 йилда «Вест Бромвич» кераксизга чиқариб қўйган футболчи АПЛ грандини «янчиб ташлади». Серж Гнабри муваффақиятининг сири нимада?
«Серж ўйнашни хоҳлайди, аммо у ҳали бу даражага чиқишга улгургани йўқ. У фақат академияда шуғулланган, АПЛда эса ўйин амалиётига эга эмас. Академияларни лига даражасидаги футболчилар тугаллайди. Аммо бу – АПЛ».
Ўша йили Гнабри АПЛда умумий 12 дақиқа ўтказди. 2015/16 йилги мавсум якунида у «Арсенал» билан шартномасини узайтиришдан бош тортиб, Германияга қайтди. АПЛда қадрланмаган футболчи бир неча йилдан сўнг «Бавария» етакчисига айланди. «Туманли албион»да мамлакат грандларидан бирини ёлғиз ўзи осонликча «янчиб ташлади».
«Арсенал» мухлислари Серж клубни тарк этганда ундан мутлақо ранжишмади. Айбдор сифатида клуб мутасаддилари ва Арсен Венгер кўрсатилганди. Афтидан, Гнабри «тўпчилар»га ниманидир исботлаш мақсадида Германияга кўчиб ўтган кўринади. Бу нафақат «Тоттенхем» дарвозасига урилган покерга боғлиқ. «Вест Бромвич»даги 12 дақиқа ва у тез орада Бундеслигада эришган мавқейи орасидаги фарқни солиштириб кўринг. Бу ҳолат кўрсатиб бердики, Лондон клуби ёшлар билан ишлаш тизими ўзгартириши керак эди. Охирги уч йилда «Арсенал» фақат АПЛда эмас, бошқа чемпионатларда ҳам тарбияланувчиларининг тажрибасини оширишни бошлаб юборди.
Гнабри болалигида ҳам улкан истеъдод соҳиби бўлган. У спринтер бўлишни орзу қиларди. Кейин «Арсенал». Баъзида номақбул бўлса ҳам, Венгер уни Уолкотт билан таққослар эди. Аммо тўлиқ потенциалини намоён қилиши учун Сержга бошқача ёндашиш керак эди.
Рио Олимпиадаси Гнабрининг кайфиятини ўзгартирди. Шундан сўнг у «Арсенал»ни тарк этди
Баъзан, олдинга қадам ташлаш учун кўрсатиладиган ваъжлар шунчалик оддий ва аҳамиятсиз бўлиб туюлади. Гнабри учун бу – ўйиндан олинадиган завқ эди.
2016 йил август ойига келиб ярим ҳимоячи футбол ҳақида деярли унутганди. Бунгача 8 ой футбол ўйнамаган, 1 йил мобайнида тиззасини даволаган футболчи сўнгги 2,5 йилда 137 дақиқа майдонда ҳаракатланганди, холос. Германия ёшлар терма жамоаси мураббийи Хорст Хрубеш уни Олимпиадага олиб боришга қарор қилди. Эҳтимол, Горетцка ва Брандтнинг муқобили вазифасини бажариш ва учрашув якунлангач, барча каби чиқиб мухлисларни олқишлаш вазифасини бажарувчи захира футболчиси сифатида кўрилган. Бироқ Горетцка Мексикага қарши биринчи учрашувдаёқ жароҳатланган дақиқадан бошлаб Гнабрининг даври бошланганди. У мексикаликлар дарвозасига гол урди ва кейинги икки баҳсда дубль қайд этиб, немисларни плей-офф босқичига олиб чиқди. 6 баҳсда худди шунча гол урган футболчи мусобақанинг энг яхши тўпурари ва кумуш медаль совриндорига айланди.
«Менинг Англиядаги ҳолатимни таққослаш учун ажойиб контраст. Футболда ҳамма нарса оддий: агар, сиз яхши ўйнасангиз, гол урсангиз, сиз ҳаммани қизиқтирасиз ва улар сиз ҳақингизда гапиришади. Риода катта футболга қайтдим», - деб қувонганди немис футболчиси. У орқага қайтишни хоҳламади, ўзини қўйиб юборишларини «тўпчилар» раҳбариятидан талаб қилди. Алалоқибат, трансфер ойнасининг охирги кунида Бременнинг «Вердер» клуби сафига бориб қўшилди.
Гнабри югуриш ва машқ қилиш усулларини ўзгартирди.
21 ёшли футболчининг янги клубига ўтиш баҳоси 5 миллион еврога тенг эди. Аслида, бу бирмунча қизиқарли ҳолатга сабаб бўлганди. Сержнинг отаси тасодифан битимда «Бавария»нинг иштироки ҳақида гапириб қўяди. Кейинчалик, бу сўзларини қайтариб олмоқчи бўлган, аммо ҳеч кимни ишонтира олмаганди. Одамлар «Вердер» молиявий жиҳатдан қийин даврда бўлгани учун трансфернинг орқасида учинчи қўл борлигига ишонч ҳосил қилишди. Чемпион учун ҳам бу йўл қулай эди. Чунки «Арсенал» билан бевосита музокара қилгандан кўра, футболчини «Вердер» орқали харид қилиш «Бавария» учун нисбатан кам харажатли йўл эди.
Ҳақиқатан ҳаммаси шундай бўлган десак, унда «Бавария» бу мураккаб схеманинг тезда ўзини оқлашига ишонган. Ва адашмаган. Футболчи Янги йилга қадар 7 та гол урди ва миллий терма жамоада ҳам ўйнашга улгурди. Биринчи давра якунида Серж шундай деганди:
“Мен «Арсенал»дан кетиб - тўгри иш қилдим. Сўнгги 4 ойда эришган ютуқларимни Англиядаги давр билан солиштирган киши бу қарор нақадар тўғри эканига амин бўлади. Менга ўйнаш учун вақт керак эди. «Арсенал» эса мени ушлаб турмоқчи бўлди, аммо мен ўзимнинг ривожланишим ҳақида ўйладим”.
Унга тақдим этилган ўйин амалиёти Гнабридаги жадал ривожланишнинг иккинчи сабаби ҳисобланади. Биринчиси – кутилмаганда тузалган тизза жароҳати.
Олимпиада олдидан Гнабри Германиянинг Бонн шаҳрида клуб ва терма жамоадан мустақил равишда машғулотларга киришди. Унга спортчиларни тайёрлашга ихтисослашган Focus-on-Performance компанияси мутахассислари ёрдам бердилар. Бу компания аввалроқ Сержнинг жамоадоши Мертезакерга оғир жароҳатдан қутулишда кўмак берганди.
Focus-on-Performance асосчиси Мартин Веддманн тайёргарлик жараёни, нейробиология ва биомеханикани қайта кўриб чиқди ва янгича ёндашувни нейро-атлетика деб атади:
• Тўғри ҳаракатни дастурлаш;
• Нерв-мушак алоқаларини ривожлантириш;
• Танадаги барча жараёнларни бошқариш.
“Серж жароҳатлангач, «Арсенал» шифокорлари янги ҳаракат кўникмалари – мия учун восита рефлексларини бошқарадиган дастурий таъминотни ишлабчиқишлари керак эди”, - деб танқид қилади Веддманн. – Улар бундай қилмадилар ва тўқималарнинг тузалишига эътибор қаратдилар. Бу етарли эмас. Биз мия фаолиятига эътибор беришимиз керак. У танамизни бошқариб турадиган унсурдир. Агар танани нотўғри боошқарсангиз, яхши ўйнай олмайсиз”.
Мутахассис Гнабрини қайта дастурлаштирди, унга югураётганда тиззани қандай қилиб хавфсиз букиш, тўпга зарба беришдан олдин белни тўғрилаш ва оғирлик марказини юқори тезликда бошқаришни ўргатди. Охирги уч йилда Серж фақат бир марта енгил жароҳат олгани боис 4 кунни ўтказиб юборди. 2016 йилгача у бир неча бор жиддий жароҳатланган ва катта муддат мобайнида майдондан четда қолган эди. Аммо тиззасидаги жароҳатлардан умидсизликка тушган футболчи бу ҳолатдан нейро-атлетика воситасида силлиққина чиқиб кетди.
Гнабри Common Goal ҳаракатига қўшилди, вегетарианга айланди ва йога билан шуғуллана бошлади
Focus-on-Performance компанияси Гнабрини бутунлай ўзгартириб юборди. У шахсий мураббий ёллаб, йога билан шуғуллана бошлади, уйқу режимини ўзгартирди ва ўзига янги севимли маҳғулот топди:
«Менинг қўлларим оёқларим сингари чаққон эмас, аммо футбол ва пианино бир бирига жуда ўхшайди. Янги асарни ўрганиш жараёни футбол машғулотига жуда ўхшайди. Футболда фойдали иш қилсангиз, кайфиятингиз кўтарилади, пианино сизни шу тақлид такомиллаштиради».
Январда Гнабри гўштдан буткул воз кечди ва нўхату кўкатлар билан овқатлана бошлади. Аввалроқ, Крис Смоллинг ва Эктор Беллерин вегетариан ҳаёт тарзига ўтишганди. Бу уларнинг фаолиятига ижобий таъсир ўтказгани таъкидланганди. Гнабрига нисбатан ҳам шундай дейиш мумкин. Аммо бу тажриба қисқа умр кўрди. Яқинда футболчи баъзан ҳали ҳам гўшт истеъмол қилиб туришини тан олди.
Гнабрининг дунёси фақат футболда иборат эмас. У 2017 йилда Common Goa ҳаракатига қўшилди ва иш ҳақининг 1 фоизини хайрия ишларига сарфламоқда. Унинг учун бу принципиал масаладир:
«Қарор юракдан чиқади. Ҳаракатга қўшилишимнинг асосий сабабларидан бири отам Африка, ивуарлик. Мен у ерда бўлганман ва ҳаёт тарзи ҳақида биламан. Бошқаларга ёрдам беришни хоҳлайман. Ҳамма ҳаёт ҳашаматини турлича идрок этади. Баъзилар учун бу олтиндан ясалган машина, мен учун эса шунчаки футбол ўйини. Футбол ҳар қандай ҳашаматдан кўра қадрлироқдир».
***
Футболчи «Бавария»даги тақдимот маросимига Леброн Жеймс кийган қизил-оқ Гуччи либосида ташриф буюрганди. У ўтган мавсум якунига кўра клубнинг энг яхши ўйинчиси, деб эътироф этилди. Бу мавсум янада яхшироқ ўйнаяпти. Серж футболнинг Лебронига айлана олмас, аммо «Бавария» учун – эҳтимол. Ҳеч бўлмаганда, клубда Роббен ва Риберидан кейинги меросхўр топилди…
Рус тилидан Фахриддин Рўзиев таржимаси
Фикрлар