Юбилей, 400 метр баландикка саёҳат, теннис мусобақасида ким ғолиб? "Қалдирғочлар"сўнгги ўртоқлик ўйинида қандай натижа қайд этди? (ХОРВАТИЯ КУНДАЛИГИ)
01 авг 2022 05:25
Янгиликлар
Юбилей, 400 метр баландикка саёҳат, теннис мусобақасида ким ғолиб? "Қалдирғочлар"сўнгги ўртоқлик ўйинида қандай натижа қайд этди? (ХОРВАТИЯ КУНДАЛИГИ)
Championat.asia ўқувчилари учун Загребдан тайёрлаган репортажларимиз ҳам ниҳоялаб бормоқда. Бугунги мақола кеча ва бугунги воқеаларни ўз ичига олади.
Тонгги машғулотлардан машғулотлардан қайтган жамоа аъзолари тушликдан сўнг иккига бўлинган ҳолда стол теннисида беллашишди. Абдуҳамид Қодиров ва Иван Бошкович жамоалари баҳси қизиқарли кечди. Якунда Абдуҳамид Қодиров жамоаси ғалабани тантана қилди. Футболчиларнинг ўзаро тўқнашувида Искандар Солиевга тенг келадигани топилмади.
Жамоа аъзолари билан мазкур йиғин доирасида "Полет", "Максимир", Загреб каби объектларга саёҳат қилдик. Афтидан шу билан тугади, деб ўйладим. Йўқ, Иван Бошкович барчани денгиз сатҳидан 400 метр баландликдаги Стампар Мадеркин Брег адирлигига олиб борди. Деярли Хорватия чегараси. Мазкур жойдан 5 километрдан сўнг Словакия чегараси келади. Қуйидаги суратда барчаси кўрсатилган. Атрофни кўриш учун махсус минора ясалган бўлиб, баландлиги чамаси 9 қаватли домнинг 4 қавати. Атроф кафтдек намоён.
"Бу ерга кўплаб саёҳатчилар ташриф буюради. Медимуредаги энг кўп ташриф буюрадиган иккинчи рақамли маскан ҳисобланади",- дейди мен билан суҳбатда бўлган сотувчи қиз.
Эсдалик учун суратга тушмасдан иложи йўқ эди.
Кечки таомда эса "Бунёдкор" Суперлигага чиқиб, ўринбосарлар жамоаси ташкил қилингандан бери фаолият юритиб келаётган Шавкат Тошпўлатовнинг 60 ёшга тўлганлиги нишонланди. Футболчилар ўзларининг илик фикрларини, тилакларини билдирди. "Мен аслида иқтисодчидан чиққанман. Футболга қизиқардим, лекин жамоада ишлаш тушимга кирмаган. Тақдир тақозоси билан "Бунёдкор" Суперлигага чиқгач клуб ўринбосарларига маъмурликка таклиф қилишди. Ўз вақтида Олег Беляков, Павел Бугало, Сардор Рашидов, Алибобо Раҳматуллаев, Достон Ҳамдамов каби номлар билан ишлашга улгурдик. Бир неча нафар мураббийлар билан бирга меҳнат қилдик. Насибамиз шу ерда экан ишлаб юрибмиз",- дейди Шавкат ака.
Бугун эса ёш "қалдирғочлар" сўнгги ўртоқлик учрашувида майдонга тушишди. Рақиб юқорида айтганимдек Хорватия учинчи лигаси вакили, 1906 йилда ташкил топган "Сегеста" жамоаси. Гарчи арена анча эскирган бўлсада, майдон чими ажойиб ҳолатда.
Учрашувда кичик индивидуал хатолар рақибнинг 3та гол уриши учун етарли бўлди. Дастлабки 15 дақиқаликда "қалдирғочлар" тўпни назорат қилиш ва рақиб жарима майдончасига босим уюштиришни аъло даражада бажаришди. Аммо дастлабки голдан сўнг ўйин тизгини мезбонлар томонига ўтди. Шунга қарамай футболчиларда вазиятлар юзага келди. Бироқ бироз совуққонлик етишгани йўқ. Ўйлайманки, барча шароитларни ичига қамраб олган хориж йиғинлари ҳар йили ташкил қилинса фойдадан ҳоли бўлмайди. Халқаро тажриба тўпланади, ўзидан бир бош баланд рақиблар билан ўйинлардагина хатолар кўзга ташланади.
Ўртоқлик учрашувларидаги барча натижалар.
"Медимурье" - "Бунёдкор" U-21 2:0
"Динамо Загреб" U-20 - "Бунёдкор" U-21 2:1
"Полет" - "Бунёдкор" U-21 4:3
"Сегеста" - "Бунёдкор" U-21 3:0
Кимлар гол урди: Абдуллоҳ Омоналиев, Улуғбек Кенжаев, Искандар Солиев, Судайси Жўрабоев
Эндиликда бор эътиборимиз Суперлигага қаратилади. Буёғига иш янада қайнайди. Хорватия саргузаштларини Аброр Пирриевнинг сўзлари билан бошлагандим, шу билан якунлайман: "Сайр ҳам сайр, спорт ҳам".
ФОТО. 110 йиллик тарихга эга, "Динамо Загреб" рақибларини қабул қиладиган "Максимир" стадионига саёҳат
ФОТО. "Бунёдкор" ўринбосарларининг "Динамо Загреб" ёшларига қарши кечган ўйинидан галерея
ФОТО. Иван Бошкович "Бунёдкор" ўринбосарлари жамоасида ишга киришди (ХОРВАТИЯ КУНДАЛИГИ)
Фикрлар