

Мусобақанинг “В” гуруҳида қатнашаётган “Яшнобод” футболчилари навбатдаги баҳсда Сергелининг LSF жамоасига қарши майдонга тушди. “Обод” сунъий қопламали стадионида ўтган ўйинда мезбонлар катта шижоат билан бошлашди. Дастлаб 10-дақиқада мезбонлардан Азамат Бойматов учрашувда ҳисобни очган бўлса, орадан беш дақиқа ўтиб, Бекзод Аҳмедов ҳисобни 2:0 кўринишига келтирди. Кўпчилик ўйинда яшнободликларнинг йирик ҳисобдаги ғалабасини тахмин қилишаётган бир паллада танаффусгача учрашувда бошқа ҳисоб ўзгармади.
Иккинчи бўлимда ҳам мезбонлар жуда кўплаб голли вазиятларни юзага келтиришган бўлса-да, имкониятлардан унумли фойдалана олишмади. Аксинча, “сен урмасанг, сенга уришади”, деганларидек, LSF вакиллари рақиб дарвозасига йўл топиб, ҳисобни қисқартиришни уддалашди — 2:1.
Мазкур ўйинда “Яшнобод” жамоаси қуйидаги таркибда майдонга тушди:
Бобуржон Ҳайдаров, Расулжон Раҳмонбердиев, Ислом Исмоилов, Юсуф Алиев, Бекзод Аҳмедов, Шокир Бекназаров, Фирдавс Кенжаев, Аббос Саидкаримов, Баҳодир Даминов, Миржалол Мирзаев, Азамат Бойматов (с).
Захирадан майдонга тушганлар: Расул Шуҳратов, Азиз Тўхтаматов, Тоҳир Исроилов, Аҳрор Азаматов, Азиз Файзиев, Ҳожиакбар Олтинов.
“В” гуруҳининг иккинчи жуфтлигида 16-БЎСМ — “Бунёдкор-Б” жамоалари ўзаро куч синашди — 2:3.

Тақвимга кўра, гуруҳдаги охирги тур баҳслари 7 август куни бўлиб ўтади. Унда “Яшнобод” — “Бунёдкор-Б”, LSF — 16-БЎСМ жамоалари майдонга тушади. Мусобақа низомига кўра, гуруҳ ғолиби ярим финалга йўлланма олади. Унда “А” гуруҳи ғолиби “В” квартети пешқадамига қарши майдонга чиқади.





