UZ

Сўнгги янгиликлар

11:42Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг Қатарга йўл олган таркиби маълум  1 11:30"Қизилқум" мавсумни Самарқандда бошлайди, "Динамо" ўз уйида тўп тепади  0 11:10Забиҳилло Ўринбоев фаолиятини собиқ жамоаларидан бирида давом эттириши мумкин  5 10:49Расмий хабар: "Сўғдиёна" 32 ёшли нигериялик ҳужумчи билан шартнома тузди  9 10:17«Реал Мадрид» МЮ анча вақтдан бери қизиқаётган футболчи билан шартнома тузмоқчи  3 09:45Игорь Сергеев «Пахтакор»га қайтмоқдами? Ҳужумчининг ўзи бунга жавоб берди  19 09:14«Динамо»нинг яна бир тўпурар футболчиси жамоани тарк этиши мумкин  2 08:40Яқинда шартномасини узайтирган Шомуродов «Рома»ни тарк этишга яқин  11 08:13«Ливерпул»га ПСЖ ҳужумчиси керак  3 07:35Ўтган мавсум «Сўғдиёна»да ўйнаган футболчи янги мавсумни «Қўқон-1912»да давом эттириши мумкин  0 00:42"Манчестер Юнайтед" трансферлар учун 230 млн евро ишлатишга тайёр. Бу пул кимларга сарфланади?  13 00:08Алекс Фергюсон Роналдуни йиғлатгани ҳақида билармидингиз?  8 23:35Деярли барча футболчилари билан хайрлашган "Металлург" черногориялик ҳужумчисини трансферга қўйди  7 22:45"Реал" нимадан норози?  6 22:15Энцо Мареска: "Манчестер Сити" соврин учун курашга қайтади"  0

Хосе Мария Мендез: “Футзал футбол учун қабристон эмас” Янгиликлар

Хосе Мария Мендез: “Футзал футбол учун қабристон эмас”

Футзал бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасини испаниялик мутаҳассис Хосе Мария Мендез (Пулпис) бошқариб келмоқда. Чемпионатда юзага келган кичик танаффусдан фойдаланиб Хосе Мендезни офисимизга таклиф этдик.
- Ўзбекистон футзал Ассоциацияси билан шартнома имзолашингиз бироз чўзилди. Бунинг сабаби нима?
- Музокараларни чўзилиб кетишининг сабаби ЎФА мени таклиф қилган вақтда мен Таиланднинг “Чонбури Блувэйв” жамоасида ишлардим ва улар билан тузган шартномам якунига етишига ҳали икки ярим ой вақт бор эди. Шартномани бузиб бу ерга кела олмас эдим.

- Лекин, “Чонбури Блувэйв” билан шартномангиз якунига етмаган эди-ку?

- “Чонбури Блувэйв”дан шартномада кўрсатилган муддатгача ишламаганимнинг сабаби клубда молиявий муаммолар юзага келди. Шунинг учун ҳам жамоадан кетишга мажбур эдим. У ердан кетганимдан сўнг менга Хитой, Индонезия, Эрон, Испаниянинг бир клубидан, шунингдек, Жаҳонгир Усмонов (ЎФА биринчи вице-президенти)дан таклиф бор эди. Агар Таиландни тарк этсам, албатта Ўзбекистонда ишлашимни айтганман. Бевосита шартнома тузилишига келадиган бўлсак барча бандларни келишиб олишга бор йўғи 2 дақиқа вақт кетган холос.

- ЎФА билан тузган шартномангизда Ўзбекистон терма жамоасини ЖЧга олиб чиқиш вазифаси борми?
- Шартномам кейинги йилнинг март ойида ниҳоясига етади. Агар терма жамоа ЖЧга йўл олса, у ҳолда шартнома яна бир йилга узайтирилади. Бунинг учун алоҳида банд бор. Барчамиз мундиалга чиқишни истаймиз.



- Ўзбекистон чемпионати чорак финал беллашувларидан келиб чиқиб терма жамоага янги футзалчиларни чақиришингиз мумкинми?

- Менда терма жамоага чақириладиган ўйинчиларнинг рўйхати бор. Лекин, улар мени тизимимга туша олишадими ёки йўқ мана шуни аниқлаб олишим зарур. Бунинг учун эса май ойида йиғин ташкил этамиз, унда бир қатор янги ўйинчилар қатнашишади. Шу билан бирга ҳозирги таркибдаги футзалчилар билан ҳам ишлашда давом этамиз.

- Ўзингиз ўйинчилик даврингизда дарвозабон бўлгансиз. Чорак финал ўйинларидан келиб чиқиб дарвозабонларнинг ҳаракатларига қандай баҳо берасиз?
- Деярли барча дарвозабонлар ўзларини яхши томондан кўрсатишди. Май ойидаги йиғинга 5-6 нафар дарвозабон чақирамиз ва улар билан терма жамоада шуғулланамиз.
Ўзбекистонда дарвозабонларнинг савияси ошибди. Бу ҳолатни янада ўстириш учун Испаниядан дарвозабонлар билан ишловчи мутахассис чақиришни мўлжаллаганмиз. Режамиз амалга ошса, дарвозабонларимиз учун жуда катта плюс бўлади.

- Ўзингизни мураббийликка кириб келишингиз қай тарзда кечган?
- Дарвозабонлик фаолиятимни эрта тугатганман. Ўйинчи сифатида кучли эмас эдим, шунинг учун ҳам 22 ёшимдаёқ фаолиятимни тугатиб мураббийликка ўтганман. Ўшанда англадимки, футзал ўйнашдан кўра, мураббийлик қилиш менга кўпроқ мос тушади ва шунга лаёқатим бор. Ўз жамоамда ўйнаб юрганимда кутилмаганда клуб мураббийи истефога чиқди. Менга кўрсатмалар бериш ёққани учун унинг ўрнига мени таклиф қилишди. Шу тариқа мураббийлик фаолиятим бошланган.

- Сиз 2008 йили Таиланд терма жамоаси билан ьирга Жаҳон чемпионатида қатнашгансиз. Ўзбекистон терма жамоаси ўйинчиларига ЖЧ руҳиятини сингдира оласизми? Футзалчиларимиз мундиалга чиқа олсак, у ердаги босимни кўтара олишадими?

- Ҳозир Жаҳон чемпионати ҳақида гапиришимиз мумкин. Лекин, асосий босим бу – Осиё чемпионати. Осиё чемпионати Тошкентда бўлади. Буни иккита тарафи бор, позитив ва негатив. Позитив тарафи ўзимизда ўйнаймиз, мухлислар ҳам ўзимизники. Негатив томони эса руҳият ва кучли босим. Қитъа биринчилигидан ўта олсак Жаҳон чемпионатидан роҳат олиш учун ўйнаймиз. Ютсак биз учун байрам бўлади.

- “Чонбури Блувэйв”да ишлаш жараёнида Осиёдаги терма жамоаларни кузатиб бордингизми?

- Бугунги кунда Япониянинг таркиби деярли ўзгармаган. 4-5 йилдан буён таркибда ўзгаришлар кам бўлди. Эронда эса ўзгаришлар кўп бўлди. Лекин, Эрон ва Япония Осиёда қолганлардан бир қадам олдинда. Таиланд ҳам биздан бироз олдинда. Ўйлашимча, ЖЧга мана шу 3 терма жамоа чиқади. Қолган ўринлар учун эса биз Австралия, Қувайт, Вьетнам, Ливан ва Хитой термалари билан кураш олиб борамиз. Бизни асосий рақобатчиларимиз айнан шулар бўлади.



- Осиё футзалига қай тарзда кириб келгансиз?
- 2008 йил Испания Олий дивизиони клубини бошқариб юрган пайтларим Таиланд терма жамоаси Испанияга ўртоқлик учрашувлари ўтказиш учун борган. Шу вақтда терма жамоага янги бош мураббий ҳам қидиришган, у ердагилар мени тавсия қилишган. Таиланд футзал ассоциацияси рахбарлари менга таклиф билан чиқишган. Термани қабул қилдим ва мундиалга олиб чиқдим. 2008 йилдан буён Осиё қитъасида ишлаб келмоқдаман.

- Сиз ишлаб келаётган даврларда Осиё футзали қай даражада ўсди?

- Эрон дунёнинг энг кучли тўртта терма жамоасидан бири ҳисобланади. Япония 10-12 ликка киради. Умумий олиб қараганда, Осиёда футзал бошқа қитъаларга қараганда анча тез ўсиб бормоқда. Кўплаб мамлакатларда профессионал лига ташкил этилди.

- Ўзбекистонда фақатгина “Ардус”нинг футзал мактаби бор. Бизда кўпчилик аввал катта футбол билан шуғулланади. У ерда тортиб кета олмаса мини футболга ўтиб кетади. Бу ҳолат футзал ривожини секинлаштириб юбормасмикин?

- Бу жуда катта муаммо. Футболда омади юришмай футзалга ўтиш бу футзал эмас. Мини футбол умуман бошқа нарса.

Испания, Бразилия, Аргентинада болалар 14-15 ёшгача футзал билан шуғулланади. Ўсмир ёшига етгач ҳар ким ўз йўлини танлайди. Яъни, кимдир футболга ўтади, кимдир мини футболда қолади. Бу ерда эса ундай эмас. Футзал футбол учун қабристон эмас, у ерда омади чопмаганлар бу ерга келадиган.

Роналдиньо, Месси, Роналду, Иньеста, Неймар – булар ҳаммаси ёшликда мини футбол ўйнашган. Шунинг учун ҳам тез ўйлайди, майдонда фикрлаши тез.

Мини футбол ёш ўйинчилар учун тез ўйлашга, эпчилликка ва тез ҳаракат қилишга жуда яхши. Нафақат юқорида санаган мамлакатларда, балки Эронда ҳам ёшлар футзал билан шуғулланишади. Таиландда 10, 12, 14, 15 ёшлилар ўртасида чемпионатлар ўтказилади. Шунинг учун ҳам футзал мактаблари бор давлатлар билан Ўзбекистонни солиштириш қийин.

- Биздаги футзал жамоаларига ўз мактабларини очишни мажбурий қилиб қўйиш бу масалани бироз енгиллаштирадими?
- Менимча, ЎФА клубларни бунга мажбурлай олмайди. Бу нарсани ҳар бир жамоанинг ўзи исташи ва билиши керак. Чунки, клублар ёшларни футзал билан шуғуллантириш қанчалик фойдали эканлигини ўзлари билишлари, буни ўрганиб чиқишлари керак. Бу ишни мажбурлаб қилиш ҳеч қачон фойда бермайди. Ўзбекистонда бунданда яхшироқ футболчилар ва футзалчилар етишиб чиқиши учун ёшликдан футзал ўйнатиш кераклигини билишлари ва шунга ишонишлари зарур.

Англия, Германия мутахассислари Испания, Португалия, Бразилия ўйинчилари нима учун техник жиҳатдан кучли эканлигини билиш учун ушбу мамлакатларга боришди ва шуни кўришдики, юқорида саналагн давлатларда ўйинчилар футзалдан чиққан.



- Ўзбекистон терма жамоаси ўйинчиларида қайси жиҳатни ўстириш лозим.
- Жисмоний ҳолат, техника, руҳият – булар ҳаммаси тактикани ичида амалга ошириладиган жиҳатлар. Тактика бўлса, юқоридагиларни ўстириш мумкин. Ўйинчилардаги асосий муаммо тактика.

- Ўзбекистонга JOMA брэндининг кириб келиши сиз билан боғлиқ. Сизни JOMA билан қандай алоқангиз бор?
- JOMA билан ҳеч қандай алоқам йўқ. Шунчаки, менга ҳомийлик қилади. Доимий тарзда менга ўз маҳсулотларини бериб боришади.

Ўзбекистон терма жамоаси билан Испанияга борганимизда ЎФА ва JOMA вакилларини учраштириб қўйдим холос. Ўзаро музокараларда ҳам қатнашганим йўқ, қолганини ўзлари келишиб олишди.

Испанияда спорт брэндлари яхши спортчи ва мураббийларга ўз маҳсулотларини бериши одатий ҳол, бу реклама билан ҳам боғлиқ.

- Ўзбекистон ҳақида нима дея оласиз? Таомларимиз ҳақидачи?
- Мен Ўзбекистонга иккинчи марта келишим. Шунинг учун ҳам кўп ажабланмадим. Сизларни меҳмондўстлигингизга қойил қолганман, ҳамма жойда илиқ кутиб олишади. Ундан ташқари, оқибат бор. Масалан, Испанияда фитнесга борсангиз қанча муддат боришингиздан қатъи назар ҳеч кимни сиз билан иши йўқ. Ўзбекистонда эса фитнесга борганингизда ҳамма билан саломлашиб кўришиб чиқасиз, хол-аҳвол сўрайсиз.

Таомларга келадиган бўлсак, ош ҳамда сомса жуда ҳам ёқади. Лекин, баъзи таомлар бор менга кучлилик қилади ва уларни истеьмол қила олмайман. Мевалардан эса қовун ва тарвуз жуда ҳам мазали. Дунёдаги энг ширин қовун ва тарвузлар айнан Ўзбекистон етиштирилади.


Толибжон Қосимов суҳбатлашди
Рейтинг: +1   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика