

"Севилья" Ла Лига 30-тур доирасидаги меҳмондаги ўйинда "Хетафе" (1:0)ни мағлуб этди.
Ўйиннинг тахминан 60-дақиқаларида мезбонларнинг айрим мухлислари "маймун" дея атаган ҳолда меҳмонларнинг аргентиналик ярим ҳимоячиси Маркос Акуньяни ҳақорат қила бошлашди.
Учрашув бош ҳаками Игнасио Иглесиас Вильянуэва ўйин делегатига ирқий ҳақорат учун Ла Лиганинг махсус протоколи тайёрлашга ишора қилди. Суҳандон стадион бўйлаб эълон берди. Тахминан ўн дақиқа ўтиб ўйин давом эттирилди ва охирига етказилди.
Ҳозирча "Хетафе" мухлисларига нисбатан эҳтимолий жазолар ҳақида маълумот йўқ.



