Хайрулла аканинг антиқа режаси, Ал Айндаги кечаги кун ва Австралия ҳақида - Шаҳбоз Беғамов
21 янв 2019 04:10
Янгиликлар
Хайрулла аканинг антиқа режаси, Ал Айндаги кечаги кун ва Австралия ҳақида - Шаҳбоз Беғамов
Тонгни доимгидек Дубайда қарши олиб, эрталабдан тўрт кишилик гуруҳ (Гайрат Хасбиуллин, Хайрулла Холиқов, Толибжон Қосимов ва Шаҳбоз Беғамов) Австралия - Ўзбекистон учрашуви олдидан расмий тадбирларни ёритиш мақсадида Ал Айн томон сафарга отландик.
"Ҳалифа Бин Зайед" стадионининг анжуманлар залида дастлаб "B" гуруҳида иккинчи бўлган Австралия бош мураббийи Грехэм Арнольд ва чап қанот ҳимоячиси Азиз Бехич иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Анжуман ниҳоятда кўтаринки кайфият ва самимият ила ўтганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Азиз Бехич журналистлар билан мулоқотда ўзини жуда эркин тутиб, ўз фикрларини жуда аниқ ва тиниқ баён этди. Грехэм Арнольд ҳам эртанги ўйин олдидан ўзини ниҳоятда хотиржам тутди. Матбуот анжуманида улар нималар дегани ҳақида алоҳида хабар бергандик.
Қайд этиш керакки, жуда кўтаринки ва самимият билан ўтган анжуманнниг дастлабки қисмига муносиб равишда иккинчи қисм ҳам анча файзли ўтди. Яъни бизникилар ҳам ўз кучларига ишонган ҳолда ўтиришганини уларнинг гапларидан сезиб олиш қийин бўлмади. Купернинг Осиё Кубогини ютиш учун келгани, яна финалда ўйнамоқчилиги-ю, Машариповнинг рақибдан умуман чўчимаётгани дадил эълон қилгани бизни руҳлантирди.
Шу тариқа матбуот анжуманининг иккала қисмидан кейин Австралия терма жамоасининг ўйинолди расмий машғулоти томон йўл олдик. Ал Айн шаҳридаги "Ал Айн" жамоасининг учинчи захира стадионига айланган, аслида биринчи стадиони бўлган "Таҳнун Бин Муҳаммад" бориб қайтдик.
"Кенгурулар"нинг дастлабки 30 дақиқалик машғулотини кузатгач яна "Ҳалифа Бин Зайед" стадионидаги медиа-марказга қайтдик. Бироз ўтиб мазкур стадион ҳудудидаги захира майдонида Ўзбекистон терма жамоаси иштирокидаги расмий машғулот бўлиб ўтди. Купер бошчилигидаги терма жамоамизнинг муҳим учрашув олдидан якуний машғулотининг дастлабки 15 дақиқасини кузатишга муваффақ бўлдик. Йигитлар яхши кайфиятда муҳим баҳсга тараддуд кўришди. Сафдаги барча тўлиқ таркибда шуғулланди. Муҳими, йўқотишлар йўқ.
Шу ўринда рақиб Австралия ҳақида тўхталиб ўтсам. Грехэм Арнольд жамоасининг кечаги машғулотида 22 нафар футболчи тўлиқ дастур бўйича шуғулланди. Биргина Эндрю Набут жароҳати боис машғулотни захира ўриндиғида кузатди. Жароҳатидан фориғ бўлган Матью Лэкки машғулотларда қатнашди. Бироқ футболчи бугунги баҳсни захира ўриндиғида бошлашини мураббий матбуот анжуманида таъкидлаб ўтди.
"Кенгуралар" таркибига назар соладиган бўлсак, рақиб биз қўллайдиган 4-2-3-1 тактик схемасидан фойдаланади. Биласиз, Австралия гуруҳ босқичидаги илк ўйинда муваффақиятсизликка учради. Иорданияга қарши баҳсда мағлуб бўлган "кенгурулар" кейинги иккита баҳсни ўз фойдаларига ҳал этишди ва мана бугун чорак финал чиптаси йўлида бизга туғаноқ бўлишмоқчи.
Айнан мағлубиятга учралган ўйинга нисбатан кейинги иккинчи беллашувда Грехэм Арнольд таркибда 3та ўзгаришга қўл урди. Биринчи ўйинда ўйнаган ўнг қанот ҳимоячиси Жош Рисдон жароҳати боис Иордания билан баҳсни иккинчи бўлимида алмаштирилганди. Унинг ўрнида ҳаракат қилган Райан Грант ўзини яхши кўрсатгани учун қолган учрашувларда ҳам асосий таркибдаги жойини мустаҳкамлаб олди. Шунингдек, марказда ҳаракат қилган Массимо Луонго ўрнига Жексон Ирвин туширилди. Учинчи ўзгаришда эса чап қанот вингери ролида ўйнаган Робби Круз ўрнига Крис Икономидис туширилиши амалга оширилди. Шу тариқа Грехэм Арнольд Фаластинга қарши беллашувда Иордания билан ўйинда захирадан майдонга туширган барча футболчиларини бошланғич таркибга қўйди. Бу орқали бўш нуқталарини кучайтиришга эришди. Ўзгаришларнинг учтасидан иккита тактик, биттаси эса мажбурий бўлди.
Фаластин устидан қозонилган йирик ғалабадан сўнг Австралия кейинги Сурияга қарши баҳсда дисквалификация туфайли биргина ўзгаришни амалга оширишга мажбур бўлди. Дастлабки иккита ўйинда огоҳлантириш олган Трент Саинсбери ўрнига Сурияга қарши баҳсда биринчи учрашувдан кейин захирага михланган Луонго туширилди. Натижада таянч зонасида ўйнаган Миллиган марказий ҳимояда Саинсберй ўрнини тўлдирди. Массимо Луонго эса майдонда Миллиган ўйнаган нуқта - таянч зонасини ёпди. Грехэм Арнольд эса ғалаба келтирган таркибда бошқа ўзгаришларни амалга оширмади.
Ўзбекистон билан бўладиган баҳсда ҳам Арнольд катта эҳтимол ғалаба келтираётган таркибни ўзгартирмайди. Фақатгина биргина ўзгариш, яъни дисквалификация туфайли ўтган учрашувни ўтказиб юборган Саинсбери бошланғич таркибда ўйинни бошлайди. Миллиган эса аввалги нуқтаси таянч зонасига қайтса, Луонго беллашувни яна захирада бошлаши кутилмоқда.
Аниқроқ гапирадиган бўлсак, дарвозада доимгидек Метью Райан туради. Ўнг қанот ҳимоясида Грант, марказий ҳимояда Саинсберй ва Дегенек тандеми ўйнайди. Чап қанот ҳимоясида матбуот анжуманида анча тетик кўринган Азиз Бехич ҳаракатланади. Таянч зонасидан Ирвин ва Миллиган ўрин олади. Рогич эса одатдагидек ҳужумчи ортида ўйнайди. Ўнг қанот вингери Авер Мабил, чапда эса Икономидис вингер сифатида ўйнаши кутилмоқда. Марказий ҳужумда эса асосий таркиб футболчиси Макларенг ўрин олади. Қисқа қилиб айтганда, Фаластинга қарши учрашувда бошланғич таркибда тушган футболчилар катта эҳтимол биз билан бўладиган ўйинни ҳам шундай кўринишда бошлашади.
Хулоса қиладиган бўлсак, Иорданиядан учралган мағлубиятдан кейин Грехэм Арнольд томонидан қўл урилган ўзгаришлар ҳозирча наф келтирмоқда. Айнан таянч зонасида Ирвинни асосий футболчига айланиши жамоа ўйинини янада осонлаштирди. Ирвин айнан рақиб томонидан ташкил этиладиган ҳужумлар йўлига туғаноқ бўлишда жуда фаол. Рақиб ҳужумларини бартараф этишдаги жонбозлиги ва марказдаги "тозалаш" ишларини тоза бажариши "кенгурулар" ишини анча енгиллаштирди. Айнан мазкур ўзгариш Австралиянинг муваффақиятли ўйинларига замин яратаётган омиллардан бири эканлигини инкор этиб бўлмайди.
Шунингдек, Круз ўрнида асосий таркибда таркибда пайдо бўлган Икономидис рақиб ҳимоясини доим босимда ушлаб туришда анча хавфли. Айнан унинг ҳаракатлари эвазига жамоасининг ҳужумлари ранг-баранг ҳамда самарали кечмоқда. Оддий мисол, Австралия терма жамоасининг мусобақа давомида киритган 6 голидан 4тасида айнан Икономидис ассистентлик қилган. Камида ўз ҳисобига битта гол ёзиб қўйишга ҳам муваффақ бўлган. Бу жуда катта ва аъло кўрсаткич. Ҳужумчи ортида ўйнайдиган Томас Рогич ҳам ҳужум ташкил этишда анча фаол ўйнайди. Айнан унинг голли узатмалари эвазига "кенгурулар" иккита гол уришни уддасидан чиқишган.
Эътиборга молик жиҳати шуки, Австралия урган голларнинг барчаси ўйиндан киритилган. Бу жамоа авваллари бўлганидек стандарт вазиятларидан кўпроқ наф чиқарадиган Австралия эмас. Грехэм Арнольд нафақат узун бўйли футболчиларининг устун жиҳатларидан фойдаланмоқда, балки жамоавий ўйинни йўлга қўйишда ва позицион ҳужумларини ранг-баранг кўринишга келтиришда яхшигина тер тўккани кўриниб турибди. Эҳтиёт бўлишимиз керак бўлган футболчилар қаторида албатта Авер Мабил ва ҳужумчи Жэми Макларенни алоҳида қайд этиш мумкин.
Австралия терма жамоаси урган голларга янада диққат билан эътибор қаратадиган бўлсак, жамоа 2 тўпни бош билан урган, 3та голни чап оёқда ва бир тўпни ўнг оёқдаги зарба орқали киритган. Урилган голларнинг 4таси жарима майдончаси ичидан, иккитаси эса узоқдан йўлланган зарба орқали урилган.
Австралия тезкор гол уришга чанқоқ жамоа ҳисобланмайди. Улар ўйинни хотиржам бошлаб, баҳсни назорат қилишни хуш кўришади. Рақибни қарши ҳужумда ушлаш режасини амалга ошириш ниҳоятда қийин. Ҳимоячилар позицион ўйинда ва якка-курашларда анча ишончли ҳаракат қилишади. Австралия урган голларга эътибор берсак, жамоа асосан голларни биринчи бўлим ўрталарида ва учрашув якунига яқин уришни хуш кўришади. Австралия биринчи бўлим ўртасида иккита, бўлим якунига яқин битта, иккинчи бўлим стартида 1та ҳамда учрашув финиши пайтида 2та гол урган.
Ўтказиб юборилган голларнинг иккитаси биринчи бўлимда ҳамда биттаси ўйин якунланишига яқин қўйиб юборилган. Шунингдек, ўтказилган голларнинг иккитаси жарима майдончаси ичидан ва бири пенальтидан сўнг юзага келган. Қизиғи, ҳаводаги курашда жуда кучли ҳисобланган Австралия ҳали бош билан гол урмасдан, аксинча бош билан берилган зарба орқали ўз дарвозасидан гол ўтказиб юборган.
Рақиб ҳақида яна шуни қўшимча қилиш жоизки, жамоанинг иккала қанотлари жуда фаол ва тезкор. Жисмонан бақувват ҳисобланган футболчилар якка-кураш ва аксарият вазиятларда ҳаводаги тўпларда устунликка эгалик қилишади. Қанотдаги Мабил ва Икономидис тандеми ҳамда марказда хосил бўладиган "учлик" - Миллиган-Ирвин-Рогич боғламлари ечиб қўйиш лозим. Агарда шу ишни уддасидан чиқадиган бўлсак, ҳозирча забт этилмаётган рақиб - Австралияни ҳам мағлуб этишни уддаласа бўлади. Бунинг учун эса албатта жуда юқори иштиёқ талаб этилади. Бундай рақибларга қаршисида қолганда, кўпинча бизга етишмайдиган ғолиблик менталитетини шаклланишида айнан Купернинг жамоани ўйинга қанчалик руҳий тарафлама тайёрлай олиши ҳам муҳим аҳамиятга эга. Матбуот анжуманидаги таассуротга ишонадиган бўлсак, ҳозирча жамоада бу борада муаммо кўринмаяпти. Аммо майдонда ўша доим бизга муаммо бўлиб келган жиҳат кўринмаслиги бошқа масала.
Ўйлашимча, Купер айнан мазкур жиҳатни ҳам эътиборидан четда қолдирмайди. Япониядан учралган мағлубият балки бу борада ҳам жамоамизга, айниқса мураббийлар штабига ўзига хос дарс бўлган бўлиши керак. Ҳар бир нарсадан максимум наф чиқариш ва яхши тарафларини ҳам кўра олиш керак. Купер матбуот анжуманида алоҳида таъкидлагандек, кўпроқ позитив бўлиш керак. Бугун бунга максимал амал қилишга тайёрмиз. Айниқса мусобақа давомида ва муҳим ўйин олдидан Купер айтган фикр жуда тўғри. Купер чизган ва мураббий хоҳлаган йўлдан юраётган терма жамоамизга эргашиб, биз ҳам бугун жаноб Экторнинг сўзларига риоя қиламиз.
Таҳлил, муҳокама ва мулоҳазаларни ўйиндан кейинга қолдирганимиз маъқул. Финал хуштаги янграгунча биз ҳам журналистликни вақтинча йиғиштириб қўйишга тайёрмиз. Футболда журналист сифатида қалам тебратгандан кўра мухлислик қилиш завқлироқ, ишонаверинг. Бугун ўша завқни тўлиқ ҳис этишни чин юракдан истаймиз. Терма жамоа ўйнаётган кун баъзи қоидаларни четлаб ўтишга ҳақлимиз, назаримда. Журналист, шарҳловчи ёки мухбир ҳам аслида футболни севгани ва унга мухлислик қилгани учун шу соҳада. Бу айни ҳақиқат.
Бир нарсани айтаман, сал аввал (мақола тунда ёзилмоқда) Ал Айндан Дубайга қайтаверишда машинада ўзаро қизғин суҳбат бўлди. Хайрулла Холиқов ҳам мен каби Австралиядан чўчиган бўлсалар ҳам, бугунги матбуот анжуманидан кейин, умуман ўйинга оз қолавергач бошқача "настрой"да. Суҳбат давомида эртага "Ўзбекистон ғалаба қозонса, Купер буни уддаласа..." деб қизиқ ва антиқа нарсалар ҳақида ўйлаб, баъзи режаларни тузиб қўйдилар.
Бугунги ўйиндан кейин Хайрулла ака ўша режаларини барчани кўз ўнгида амалга оширишларини чин дилдан хоҳлайман! Барча истайди деб бемалол айта оламан! Хайрулла акани режаларини амалга ошиши эса Ўзбекистон терма жамоасининг ғалабасига боғлиқ. Ёки бошқача айтадиган бўлсак, бу режани амалга ошиши Эктор Купернинг қўлида...
Кеча тонгни Дубайда қарши олиб, кунни Ал Айнда ўтказиб, тунда Дубайга қайтдик. Бугун ҳам Худо хоҳласа айнан шундай сценарий остида ўтадиган кун. Бугун ҳам Ал Айндан қайтишдаги кайфиятимиз камида кечагидек бўлсин!
Бугун нафақат Австралия - Ўзбекистон қарама-қаршилиги, балки мураббийларнинг ўзаро тўқнашуви. Бундай йирик мусобақадаги катта баҳсда биз кўпроқ мураббий имзосига муҳтожмиз.
Жаноб Купер, ўзингиз танлаган йўл нақадар тўғри ва равон эканлигини бугун исботланг! Омад!
Фикрлар