UZ

Сўнгги янгиликлар

01:48А Серия. "Кальяри" "Ювентус"га қарши ўйинда охирги дақиқалардаги автогол сабаб ғалабани қўлдан чиқарди. Шомуродов 79-дақиқада алмаштирилди  41 01:40Каземиро: "Анчелотти МЮга ўтаётганимни билиб, йиғлаб юборганди"   3 01:15U-23 Осиё кубоги. Ироқ Тожикистонни ишончли тарзда мағлуб қилди  0 00:58Начо "Реал"га мавсум охирида жамоадан кетишини маълум қилди  7 00:40Ўзбекистон Қувайтга қарши ўйинда тўлиқ оқ либосда ҳаракат қилади  2 00:37Виталий Левченко: "Биз учун чемпионат ёки кубок учрашуви фарқланмайди"  1 00:25Иван Бошкович: "Ғалаба осонликча келмаслигини бугунги ўйин ҳам кўрсатиб берди"  1 00:10"Жиззах" бош мураббийи: "Таркибимиз фақат маҳаллий футболчилардан иборат экани мени хурсанд қилади"  2 00:05Футзал бўйича Осиё Кубоги. Ироқ - Ўзбекистон 1:4   0 00:00Саидазамат Мирсаидов: "Рақиб ким бўлишидан қатъий назар, ҳар бир учрашувда ғалаба қозонишни мақсад қилганмиз"  0 23:45Ўзбекистон олимпия терма жамоасининг бугунги машғулоти. Эртанги рақиб - Қувайт  1 23:29Ўзбекистон U-23. Навбатдаги машғулот қандай ўтди? Мирсаидов ва Одиловдан интервью  0 23:23U-23 Осиё Кубоги. Саудия Арабистони Таиландга бешта гол урди, Япония БААга имконият қолдирмади  1 22:52Элдор Шомуродов "Ювентус"га қарши ўйинни асосий таркибда бошлайди!  26 22:47Абдуқодир Ҳусанов эртага ўтказиладиган "Ланс" – "Клермон" учрашуви қайдномасига киритилди  1

Тур хатоси Янгиликлар

Тур хатоси

Кечаги "Пахтакор" - "Насаф" учрашуви ҳақида гаплашмоқчиман.

Учрашувга тайёрлаган превью сарлавҳасида "Ўйин тарафлама Ўзбекистоннинг энг кучли жамоалари тўқнашуви" таърифи ишлатгандим. Кечаги баҳсда мазкур таъриф нақадар тўғри эканлиги яна бир бор исботланди, чамамда.

Очиғини айтаман, кечаги ўйин ҳақида янги лойиҳа орқали тўхталишни режа қилгандим. Худо хоҳласа лойиҳа тўлиқ тайёр бўлгач ўша нигоҳда кечаги баҳсни яна бир бор "кўрасиз". Бу ҳақда сал кейин, пастроқда батафсилроқ тўхталаман. Лекин ўйиндаги ҳакамлик ва шунинг натижасида содир бўлган баҳсли ҳолатлар лойиҳага қадар ҳам ўйинга бошқача ракурсдан қарашда ундади. Дастлаб кеча "Пахтакор" стадионида ўтган ажойиб футбол ҳақида тўхталаман.


БЕНАЗИР ФУТБОЛ

Тан олайлик, гарчи баҳс ва мунозараларга сабаб бўлган вазиятлар юзага келган бўлсада, ўйин, майдонда кечган шиддатли футбол кишини қувонтирди. Айнан мазкур ўйинлар орқали футболимиз ўсишига умид қилсак бўлади. Гарчи ёш таркиби билан бўлсада "Насаф" тажрибали ва гранд рақиб қаршисида довдираб қолмади, аксинча, ўйин якунига қадар мезбонларни маълум вақт довдиратиб қўйишни ҳам уддалади. Ўйин тарафлама жамоалар бир-бирига муносиблиги учрашувдан аввал ҳар иккала клуб вакилларидан томонидан янграганди. Мухлис ва мутахассислар ҳам  жамоаларнинг ўйин сифати юқорилигини таъкидлаб, чиройли баҳс гувоҳига айланишларини тахмин қилишганди. Гарчи ёш ва тажриба ўртасидаги тафовутга қарамасдан жамоалар бир-бирига муносиблиги айтилганди. Якунда ҳам бу ўз тасдиғини топди.

Биринчи бўлимда "Пахтакор" нисбатан фаол ва устунлик билан ўйнади. Рўзиқул Бердиев эса танаффусдан кейин "Насаф"ни буткул ўзгартириб юборадиган сўзларни топгани ва тактик схемани ўзгартириш орқали ўйинга бурилиш ясаганига гувоҳ бўлдик. "Пахтакор" эса якунда барибир ўз мақсадига эришди. Жамоа ёшлар билан охиригача курашиб, характер эвазига тўпни рақиб дарвозаси томон иккинчи маротаба киритишни уддалади. Бу қандай ва қай тарзда киритилгани иккинчи масала. Яъни майдондаги учта жамоа - "Пахтакор", "Насаф" ва ҳакамлар гуруҳи ўз ишини бажарди. Ким ўз ишини қандай бажаргани бошқа савол. Оғриқли савол. Шуни катта ишонч билан айтиш мумкинки, жамоалар кеча футбол ўйнашди. "Пахтакор" ҳам, "Насаф" ҳам ўйин тарафлама ўз мухлисларига ёмон таассурот қолдиришмади. Учинчи "жамоа" ҳақида яхши хулоса бериш мушкул.

"Пахтакор"нинг кечаги учрашувга танлаган таркиби икки жиҳатга бориб тақалди. Биринчиси жароҳатлар эвазига юзага келган йўқотишлар натижасида марказий ҳимояда ротацияга қўл уриш. Шунингдек, бир чизиқда ушбу ротация амалга оширилгач, қолган нуқталарда ҳам мавсум стартида асосан захирада қолиб кетган футболчиларга имконият тақдим этиш орқали баъзи етакчи футболчиларга ОЧЛдаги муҳим баҳс олдидан дам бериш. Яъни, Арвеладзе ОЧЛда "Ал Садд" билан бўладиган баҳсда ҳимоя марказидаги тандем бўлиши кутилаётган Симич ва Аъзамовга ўзаро ўйин кўникмасини янада шакллантириб олиши учун жароҳат туфайли имконият беролмади.

Натижада жароҳатланган, аммо "Ал Садд" билан ўйинда тушиши керак бўлган Аъзамов ва Симич борасида таваккалга қўл урилмади. Янги мавсумда ОТЖ ва "Пахтакор" сафида узлуксиз ўйнаб келаётган Хожиакбар Алижоновга ҳам ҳордиқ тақдим этилди. Алижонов туширилмагач, асосий таркибда 23 ёшдан ёшроқ футболчини тушириш мажбуриятини инобатга олиб, Ҳамдамовга ҳам дам берилди ва Жасур Яхшибоев бошланғич таркибдан ўрин олди. Таркибда шунча ўзгариш юзага келгани боис, Арвеладзе ротацияни буткул амалга оширишни режалаштирди ва натижада жамоанинг асосий етакчиси бўлмиш Драган Черанга ҳам нафасни ростлаб олиш имконияти берилди. Шу билан биргаликда Акром Комилов ва Жавоҳир Сидиқов каби янги келган футболчилар ўз имкониятларини олишди.

Балки шу боисдан ҳам "Пахтакор" янги мавсумда қўяётган юқори планкадаги мухлислар кутган агрессив ва жанговор ўйинни дастлабки дақиқаларданоқ намойиш этолмади. Чунки қатор ўзгаришлар ва ротациялар жамоанинг йўлга қўйилган ўйинини бир маромда кетишини секинлаштириб қўйди. Яна бир муҳим жиҳат шуки, ФИФА кунлари туфайли юзага келган "пауза" терма жамоага кўплаб футболчиларини берадиган гранд жамоаларга ўйин тарафлама ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмайди.

Европада ҳам айнан ФИФА кунларидан кейинги тур ўйинларида кўплаб гранд жамоалар одатда очко йўқотишади. Ўйинларида ўзгариш кузатилади. Ўтган йилги кузда тезлик олган "Пахтакор" ҳам ўшанда ФИФА кунларидан кейин ўйин сифатини қайта тиклолмаганини эслаш кифоя. Тўғри, бу гал Арвеладзе жамоасида натижа борасида пасайиш кузатилмаган бўлсада, ротация ва мазкур "пауза" жамоанинг ўйин сифатига таъсир қилмасдан қолмади. Гарчи ўйин сифати пасайган бўлсада, жамоада характер янада яхши шакллангани туфайли бу жиҳат натижага таъсир этмаяпти.

"Насаф"да "Пахтакор" каби ротацияга қўл урилса захирадан туширадиган футболчилар борасида кенг танлов йўқ. Тўғри, футболчилар бор, иқтидорли ва истеъдод соҳиблари етарлича. Айниқса кечаги баҳсда, катта ўйинда улар ўзларини минглаб футбол иҳлосмандлари қаршисида, телеэкран орқали кузатиб турган томошабинларга нималарга қодир эканликларини амалда кўрсатишди. Таблодаги якуний ҳисоб кечаги учрашувни қандай ўтганига холис баҳо беролмайди. Бу алдамчи. Ўйин бўйича, учрашувга бўлган муносабат ва иштиёқ орқали "Насаф" кеча ҳечам ютқазмади. Камида ютқазмади. Кечаги "Насаф" мағлубиятга лойиқ ўйнади, деган мухлис ёки мутахассисни учратмадим, ёки шундай фикрга кўзим тушгани йўқ.

Бердиев кечаги муҳим ўйинда мавжуд ёш таркибидаги етакчилар хизматидан фойдалана олмади. Азиз Ғаниев гарчи машғулотларни бошлаган бўлсада, шошиб уни майдонга қўйиб таваккал қилиш ярамайди. Шароф Муҳитдиновда ҳам кичик жароҳат мавжуд. Бобир Абдихолиқов эса ОТЖ ихтиёридан жароҳатланиб қайтган. Эътибор беринг, мавсум олдидан шунча етакчи футболчиларидан айрилган,  ёш таркиб билан қолган "Насаф"нинг мавжуд таркибидаги асосий "қуроллари"дан Бердиев фойдалана олмади. Лекин кечаги баҳсда режа тузишда ва тактик ёндошув орқали рақибга сюрприз тайёрлашда Бердиевга бу йўқотишлар ҳам тўсқинлик қилолмади.

Тушунтираман, дастлабки икки турда ўнг қанот ҳимоясида ўйнаган ва ҳар иккала баҳсда жамоанинг муҳим голларини урган Дилшод Саитов захирада қолдирилди. Нега? Чунки Бердиев рақибни ўрганиш жараёнида "Пахтакор"нинг қанотлари қанчалик кучли эканлигини пайқаган Машариповга нисбатан персонал, якка курашда жисмонан бақувват бўлган яна бир ёш, илк маротаба асосий таркибда кўриниш берган Манноновни қўйди. Айтиш мумкинки, ёш, илк маротаба асосий таркибда тушган Жўрабек Машариповга шу куни деярли ўйин бермади. Қанотлар орқали уюштириладиган рейдлар кузатилмади. Бу борада мураббий адашмади.

Янги мавсумда кашфиётлардан бирига айланиши кутилаётган Ойбек Бозоров бу сафар захирага қолдирилиб, ўтган баҳсда захирадан ўйинни кучайтирган ва ажойиб гол муаллифига айланган тезкор Ислом Кенжабоев бошланғич таркибда туширилди. Асосан иккинчи рақам остида ўйнашни режалаштирган ва қарши ҳужумда вазиятни пойламоқчи бўлган мураббий Рашидхоновни қанотда эмас, ўртага туширди ва ўнг қанотга тезкор бўлган Дониёр Нарзуллаев қўйилди. Ўтган ўйинларда асосий таркибда кўриниш берган таянч зонасидаги иккинчи футболчи Акмал Мозговой шу боисдан захирага қолдирилди. "Пахтакор"га қарши 4-5-1 тактик схемасидан фойдаланган Бердиев таянч зонасида биргина Сардор Абдураимов билан ўйнашни маъқул кўрди. Рашидхонов ва Давлатов марказий ярим ҳимоя нуқтасида ўйнашди.

Режага мувофиқ таркиб танлаш амалга оширилди. Айтиш керакки, мураббий таркиб танлашда, ўйиндаги режани аниқ белгилашда адашмади. Ўзгаришлар, кутилмаган ўзгаришлар ўзини оқлади. Тўғри, жамоа пенальтидан гол ўтказиб юборгач биринчи режа иш бермади. Натижада танаффусдан сўнг 4-5-1 схемаси 4-4-2га айланди. Бунинг натижасида жамоанинг ўйини кучайди, ҳужумкор руҳда ўйнаган "Насаф" рақиб дарвозаси олдида кескин ҳужумлар содир этди. Айнан Бердиев томонидан тезлигига таяниб асосий таркибда туширилган Ислом Кенжабоев самарали юришни амалга оширди. Қанотдан уюштирилган ҳужум ва "прострел"дан сўнг Козак ва Қувватовнинг ўзаро тушунмовчилиги натижасида тўп дарвоза тўридан жой олди.

Ҳисоб тенглашгани заҳотиёқ Бердиев майдонга Акмал Мозговойни тушириш орқали таянч нуқтани мустаҳкамлади. Яъни, ўйинга тайёрланган биринчи режага ўтилди. Лекин орада Кенжабоевнинг елкаси чиқиб кетиши натижасида кўпроқ тўп билан кучли, лекин тезлиги Кенжабоевникидек бўлмаган Бозоров туширилди. Ўша паллада эса "Насаф"да қарши ҳужумларда имкониятларн пайдо бўлиш эҳтимоли янада ошганди. Лекин шу куни жамоанинг асосий "қуроли" бўлган ўта чаққон Ислом майдонни тарк этишга мажбур бўлди.

Голдан кейин устунлик "Пахтакор"га ўтди. Черан, Ҳамдамов ва Собирхўжаев туширилгач жамоанинг ҳужумларида кескинлик юзага келди. "Насаф" ҳимояда мустаҳкам туриб, қарши ҳужумда ўз "ўлжаси"ни кутди. Айниқса ўйин охирида, ҳисоб ҳали 1:1 бўлиб турган паллада Ҳумоюн Муртазоевда ажойиб вазият бўлди. Бироқ "Насаф"нинг янги трансферига айланган ҳужумчи охирги зарбани беришда "Машъал" академиясининг бошқа бир тарбияланувчиси Қувватов олдида ожиз қолди. Тажрибали посбон жамоаси жонига оро кирди. Акс ҳолда учрашув сценарийси буткул бошқа тарафга ўзгариб кетган ва ўйиндан кейин ҳакамлар мавзусига умуман ҳожат қолмаган бўларди. Лекин ундай бўлмади.

Якунда учрашувга оз эмас, кўп эмас саҳий бўлган Азиз Асимов томонидан 6 дақиқа қўшиб берилди ва қўшимча дақиқаларнинг учинчисида Комиловнинг зарбаси, тўсин ва тўпга курашган Эшмуродов ва Бикмаевнинг курашидан кейин тўп аниқ кимга теккани кўринмади. Лекин охирги ҳимоячидан кейин дарвозага яқин турган Кримецга бориб тушган тўп якунда дарвоза тўрига ҳам бориб тушди. Натижада таблодаги ҳисоб "Насаф"ни аламли тарзда мағлубга айлантирди. "Пахтакор" эса сўнгги дақиқалардаги ғалабанинг ширин таъмини нишонлаш билан овора бўлди.

Таблодаги ҳисоб ўз йўлига. "Пахтакор" муҳим 3 очколик, "Насаф" эса умид қилиб турган 1 очкосидан ҳам мосуво қолди. Бердиевнинг маънога тўла кулишлариёқ Азиз Асимовнинг ўйин тизгинини буткул қўлдан чиқарганидан дарак эди. Шота Арвеладзе эса ўйин тугагач Бердиевга чиройли ўйин раҳмат айтганини тушундим. Қолган суҳбат жараёнида нималар гаплашилганидан хабарим йўқ.

Лекин тан олиш керак, барча жиҳатларни инобатга олиб айтганда, кечаги баҳсни Бердиев мураббий сифатида ютди. Тўғри, таблодаги ҳисоб буни тескарисини кўрсатади. Аммо "Насаф"нинг кечаги ўйинга тайёрлаган режаси ва вазиятдан келиб чиқиб ҳам учрашув давомида режаларни керак пайтда ўзгартира олгани Бердиевни мураббий сифатида янада шаклланиб бораётганини тасдиқлади.


Матбуот анжуманида Бердиев ҳакам ўйинни бузгани ва бу каби баҳсга малакаси юқори бўлган хуштак эгаси қўйилиши мақсадга мувофиқ бўлишини таъкидлади. Шунда мазкур ўйиндаги ҳакамлик "Насаф"нинг ёш иқтидорли футболчиларини руҳини синдириб қўймайдими, деб сўраганимда, мураббий "кийиниш хонасида ёш футболчилар кўз ёш тўкиб ўтирганини айтиб, бу нарса уларнинг руҳиятига ҳам таъсир этишини билдирди ва бундай ҳакамлик керак эмас", деган фикрни илгари сурди.

Дарҳақиқат, майдонда жонини берган, катта меҳнат қилган футболчиларга алам қилган. Улар пенальти белгиланган ва гол урилган вазиятда бутун вужудлари билан Азиз Асимовга вазиятни тўғри баҳолашини сўраб мурожаат қилишди. Майдонда катта ўйинларни кўриб "пишган" тажрибали акаларига қарши муносиб курашишди, маҳоратни кучли иштиёқ эвазига енгишга уринишди. Лекин Азиз Асимовнинг қарорлари уларга тажрибали акаларидан ҳам кўпроқ қийинчилик туғдирди.

Қуйидаги саволимдан кейин ўйланиб қолдим. Тўғри, ёш футболчиларга алам қилди. Кўз ёш тўкишди. Меҳнатлари эвазига муносиб бўлган бир очкони ҳам қўлга кирита олишмади. Лекин танганинг бошқа тарафи, яхши тарафига ҳам кўзим тушди. Ҳа, "Насаф" ютқазди. Лекин қандай ютқазди ва ёш футболчилар қандай курашишди? Қишда мана шу "Насаф" Тошкентда "Пахтакор" билан шундай курашади, ўйин тарафлама тенг ўйнаб, ютиб кетиши мумкин, деса уларнинг ўзлари қанчалик ишонишарди? Кеча бу нарсани уддалаш мумкинлиги, уларда шундай потенциал борлиги кўринди. Гарчи ютқазган бўлсада ёш "Насаф"да характер янада кучлироқ шаклланаётганига гувоҳ бўлдик. Маҳорат бобида ҳавас қилаётган акаларига қарши ғолиблик руҳида ўйнашгани ва ғалаба учун курашишгани уларга 1 ёки 3 очкодан ҳам кўра кўпроқ нарса беради, менимча.

"Насаф" ўзининг кучли ва юлдузли таркиби билан ҳам Тошкентда доим қийналган. Ўйин тарафлама ҳам, натижа кўрсатиш борасида ҳам саноқли ўйинларда омади чопган. Лекин кечаги истиқболли "Насаф" "Пахтакор"нинг даҳшатли таркибига қарши бемалол ўйнади. Шуниси кўпроқ хурсанд қилади. Ўзбек футболида яна бир ғолиблик руҳига ташна авлод етишиб чиқмоқда.

Балки мазкур ўйиндаги кечаги ҳолатлар ёш ва иқтидорли "Насаф"ни янада кучайишига, ўсишига туртки бўлар. Ҳар ҳолда ҳамма нарсанинг яхши тарафини узлаштирган маъқул. Муҳими, кечаги ўйинга тўғри реакция зарур. Умид қиламанки, бу нарсалар руҳиятни синдириш ўрнига "Насаф"даги ёшларни янада кучлироқ қилади.

Мазкур суратда собиқ "насафчилар" - Қувватов, Сайфиев ва Ҳамробеков қаршиликлар мухлисларга миннатдорчилик билдиришаётгани акс этган. Ўйиндан кейин учала футболчи инсонийлик тарафдан жуда чиройли ишга қўл уришди. Мағлубият аламида ўтирган мухлислар олдига боришга жазм этишди ва қарсаклар билан миннатдорчилик изҳор этишди. Ўйинда иштирок этмаган яна икки нафар собиқ "насафчи" Аъзамов ва Суюнов эса учрашувдан кейин "Насаф" кийиниш хонасига киришди ва укаларига, Рўзиқул Бердиев бошчилигидаги мураббийлар штабига ўйин учун ташаккур билдиришди. Хунук якундаги чиройли манзара. Футбол ўз йўлига, инсонийлик эса биринчи навбатда. 


ҲАКАМ

Учрашувдан кейин ЎФА Ҳакамлар ва Назоратчилар Департаменти раҳбари Маъмур Саидқосимов билан боғланиб, Азиз Асимовнинг ишини қандай баҳолангани билан қизиқдим ва уларнинг дастлабки хулосасини мақола тарзида чоп этдим.

Мақолада айтилганидек, Асимов фақатгина бир вазиятда, яъни Машариповга нисбатан ишлатилган қўполликда пенальти белгиламай хато қилган. Белгиланган пенальти ва Кримецнинг голи эса ўйин қоидаларига зид равишда урилмагани айтилди. Хўп, демак ҳакамларнинг таҳлилий гуруҳ хулосасига кўра, "Пахтакор"нинг ғалаба тўпи ҳаққоний киритилган.

Лекин бир нарса аниқки, такрорий лавҳаларда ҳам бу нарса яққол кўринмаган. Яъни тўпга "Насаф" ҳимоячиси Эшмуродов ўйнаганми ёки Бикмаевга текканми, бир нарса дейиш мушкул. Баҳсли ҳолат. Пенальти белгиланган вазият ҳам жуда баҳсли. Чунки мен кўрган кадрда тўп Ғолиб Ғайбуллаевнинг қўлига тегмаган. Тез орада операторларимиз мазкур вазият тасвирини қўйишади. Ҳаммаси энди бошланганида, биринчи баҳсли вазиятда Машариповга нисбатан қўполликни аниқлашда Асимовнинг хатоси кейинги хатоларга уланиб кетди. Ҳакамларнинг расмий хулосасига кўра ҳам барибир Асимов адашган. Айнан шу хато ўйиннинг бориши ва ҳакамнинг кейинги қарорларига таъсир қилди, чамамда. Хато занжирдек уланиб кетди. Ўшандаёқ тўғри қарор қабул қилганида, ҳозир ҳакамлик мавзусини эмас, балки ўйиндаги ҳолатларни таҳлил қилиб ёки фақатгина шиддаткор футболдан лаззатланганимизни гаплашиб ўтирган бўлармидик...

Факт шуки, Асимов ҳакамларнинг дастлабки расмий хулосасига кўра ҳам барибир хато қилган. Аслида ўйин олдидан Асимов тайинлаганганини эшитгач, мазкур учрашув статусига мос рефери қўйилмаганини айтгандим. Бу фикримни қўллаб-қувватлаганлар ҳам бўлганди. Ўйинда "чудить" қилмаса бўлди, деган фикр якунда ҳақ бўлиб чиқди. Менимча, мазкур ўйинга Асимовнинг тайинланиши хато бўлди. Бу хато бўлганини эса кечаги ўйиндаги ҳакамлик ва унга бўлган муносабатлар амалда кўрсатиб берди.

Видео             "Пахтакор" - "Насаф". Машарипов йиқилган вазиятда пенальти бормиди?

Асимов ишлаган ўйинларда ўзбек футболи афсоналари ҳакамларга инсоф тилаши урфга айланмоқда шекилли. Миржалол Қосимов ва "Бунёдкор"ни ҳали ёддан чиқарганимиз йўқ. Кеча ҳам ўзбек футболининг ажойиб намоёндаларидан бири бўлмиш Рўзиқул Бердиевнинг ҳолати 2017 йилдаги Қосимовни эслатди. Тўртинчи рақамли афсона олтинчи рақамли футболимиз намоёндасига алмашди. Лекин "қаҳрамон" ўша-ўша Асимов. Бир гал "Бунёдкор" ёшларининг кўз ёшлари, бу сафар "Насаф".

Очиғини айтаман, Асимовнинг ҳакамлик фаолиятидан кўра ўша ёшлар ўзбек футболи учун қадрлироқ. Тўғри, ҳакам адашади. Лекин бундай хатоликлар қачонгача давом этади?

Ҳакамларнинг иши жуда нозик. Шу билан биргаликда уларнинг қарорларига турли хил ракурсдан ёндошиб, вазиятларга ҳар ҳил баҳо берса ва қоғоздаги қоидага кўра уларни оқласа бўлади. Айниқса ҳакамлар ёки назоратчилар барибир доим ҳамкасбларини кўпроқ ҳимоя қилишади. Чунки улар ҳам ишлашган, билишади, инсонийлик фактори ва ҳоказо. Қоида бўйича доим оқлов ёки бошқа жиҳатларни инобатга олиш мумкин. Аммо юқори малакали ҳакам ўйин муҳитини ҳис қилиши, учрашувни бузиб қўймаслигини ҳам билиши керак. Ҳакамда ҳам лидерлик хусусиятлари бўлиши керак. Акс ҳолда кечаги манзаралар давом этаверади.

Мазкур баҳсли ҳолатлардан ташқари бошқа вазиятлар ҳам етарлича топилади. Асимовнинг иши, қанот ҳакамларининг байроқча кўтарган ва кўтармаган вазиятларини батафсил ўрганиб, видео тарзида барча эпизодларни кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ. Ўйинлар жонли эфирда кўрсатилмоқда, лекин ҳакамларимизнинг хатолари камайишига бу нарса ҳеч қандай ёрдам беролмаяпти. Аксинча, йилдан-йилга бу нарса кўпайиб бораётгандек таассурот қолдирмоқда.

Кечаги ўйинда нафақат "Насаф", балки "Пахтакор" ҳам имиж жиҳатдан ютқазди. Ўшанда Қосимов, кеча Бердиев таъкидлаган ва ҳозирги кундаги "Пахтакор"нинг олиб бораётган ишларини кўриб айтадиган бўлсак, "Пахтакор" ҳакамларнинг ёрдамига умуман муҳтож эмас. Лекин ўйин темпини ҳис қилолмайдиган, баҳс даражаси таъсирига тушиб қолиб, ўйин тизгинини қўлдан чиқарадиган ҳакамлар жамоа имижига путур етказишади.

Умид қиламизки, ЎФА ҳакамлар қўмитаси мазкур ҳолатни чуқур ўрганиб чиқиб, тегишли хулосаларни чиқариб, ҳакамлар ишига холисона баҳо беради.



Янги лойиҳа - "ЎЙИН КУНИ"

Ижтимоий тармоқлар орқали янги лойиҳага қўл урганимиз ҳақида айтгандим. "Ўйин куни" дея номланган ушбу лойиҳанинг илк сони "Насаф" билан суратга олинди. "Насаф"нинг Тошкентга келишидан бошлаб суратга олинган лойиҳада бир ўйинга қандай тайёргарлик кўришию, жамоанинг ички ҳаётига назар, ўйин куни мураббий ва футболчилар нималар қилиши ва умуман бир ўйинга сарфланадиган энергия мухлисларга кўрсатиб берилади. Лойиҳадаги асл мақсад шу.

Шу боисдан ҳам "Насаф"нинг Тошкентга келишидан бошлаб, ўйинга қадар бўлган жараён ва ўйин куни ҳам асосан қаршиликлар билан биргаликда бўлдик. Очиғи, ёш футболчиларни руҳлантирган Бердиев ва футболчиларнинг кўзидаги "олов" кеча ёшга айлангани кўнгилги бироз хира қилди. Лойиҳа манфаатидан келиб чиқсак ҳам, илк сони қаҳрамонларимизнинг ҳолати одамни ранжитди. Шу боисдан ҳам "Ўйин куни" лойиҳаси финиши режалаштирилган сценарий остида тугамади. Қолганини лойиҳанинг монтаж ишлари якунига етказилгач яқин кунларда эътиборингизга тақдим этамиз. Буткул бошқача форматдаги лойиҳа.

Муаллиф :
Рейтинг: +48   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика