Терма жамоа. Янги сардор ким бўлади?
05 сен 2021 13:05
Янгиликлар
Терма жамоа. Янги сардор ким бўлади?
Энди унинг майдондаги ўрнини тўлдиришдан ташқари, сардорлик боғичининг янги соҳибини аниқлаш керак. Аҳмедовдан кейинги сардор ким бўлади? Жуда қизиқ савол.
Одатда жамоа сардорлари таркибдаги энг тажрибали ёки бошқаларга ўз сўзини ўтказа оладиган ўйинчилардан танланади. Улар майдонда мураббийнинг энг яқин ёрдамчиси бўлиш, жамоадошларини бошқариш ва ҳакам билан мулоқотга киришишдан ташқари жамоадаги ички муҳитни белгилаб берадиган муҳим "фигура" ҳисобланишади. Шу туфайли сардорлик боғичининг юкини барча ҳам кўтара билмайди. Швецияга олиб кетилган таркибимизда бу вазифани аъло даражада бажара оладиган бир неча футболчи бор.
1. Тажриба
Гап ёшда бўлса, жорий таркибдаги энг катта футболчилар "Пахтакор" вакиллари ҳисобланишади: Қувватов — 31, Суюнов ва Сайфиев — 30.
Терма жамоада ўтказилган йиллар масаласида Игор Сергеев ва Элдорбек Суюнов барчадан тажрибалироқ. Улар бош жамоамиз либосида 2013 йилнинг кузида дебют қилишган эди (Миржалол Қосимов даврида). Шунингдек, жароҳати туфайли сўнгги йиғинларни ўтказиб юбораётган Егор Кримец ҳам.
Агар миллий жамоа таркибида ўтказилган ўйинлар сони ҳисобга олинса, Игор барчадан тажрибалироқ. "Тобол" форварди ҳисобида 55 ўйин бор (17 гол).
Агар терма жамоамиз либосида урилган голлар ҳисобга олинса, Шомуродовнинг олдига тушадигани йўқ. "Рома" ҳужумчисининг номига 49 ўйинда урилган 22 гол ёзилган.
2. Иштиёқ
Бу борада Жалолиддин Машарипов етакчи. Унинг ўзи "Championat.asia"га берган интервьюсида сардор бўлишга тайёрлигини яшириб ўтирмади.
Машарипов бунга қадар 2 бор Ўзбекистон терма жамоасини сардор сифатида майдонга бошлаб тушишга улгурган (2020 йил Эрон ва Сурияга қарши ўртоқлик ўйинларида).
3. Мухлислар танлови
Футбол ишқибозларининг фикрича, Ҳайдаровдан кейин 7-рақамга эга чиққан Отабек Шукуров Аҳмедовдан кейин сардорлик боғичини ҳам тақиши керак.
Маълумот учун, "Шаржа" ярим ҳимоячиси ўз вақтида Ўзбекистон U-16 терма жамоаси сардори сифатида 2012 йилги Осиё чемпионатида зафар қучган эди. У кейинчалик миллий жамоамиз футболчиларини фақат 1 марта "капитан" сифатида майдонга бошлаб чиққан (2020 йилнинг октябрида БАА билан ўйин).
4. Обрў-эътибор
Баъзан сардорлик боғичи таркибдаги энг машҳур футболчиларга топширилади. Бу томондан қаралса, Шомуродов сардор бўлиши керак. Аммо унутмаслик керакки, Элдор майдондаги бошқа шерикларига эътироз билдириш, кўрсатма беришни кўп хушламайди. У бор эътиборини ўз вазифани яхшироқ бажаришга қаратадиганлар типидан.
Бугун терма жамоамиз Швецияга қарши ўртоқлик ўйинида майдонга тушади. Бир неча соатдан кейин янги сардорни билиб олишимиз мумкин. Бу ким бўлади? Футболчилар сайлайдими ёки мураббий тайинлайди, фарқи йўқ. Муҳими, у Ўзбекистон миллий жамоасида авлодлар алмашинуви якунлангани ва янги эра бошланаётганини билдириб туради. Умид қиламизки, бу давр олдингиларидан анча омадли бўлади.
Фикрлар