

Суперлига
10-тур
“Пахтакор” - “Насаф” 2:2
Тошкент. “Пахтакор” стадиони. 20:00
Бош ҳакам: Акобирхўжа Шукуруллаев
Ёрдамчи ҳакамлар: Алишер Усмонов, Бахтиёрхўжа Шавкатов
Захира ҳаками: Ферузбек Ҳидоятов
VAR: Аскер Нажафалиев
AVAR: Руслан Серазитдинов
Назоратчи: Бахтиёр Тагаев
Комиссар: Маъмур Султонов
⚽️Голлар: 1:0 – 42, Ҳожиакбар Алижонов (Шерзод Насруллаев), 1:1 – 56, Сардорбек Баҳромов (Шароф Муҳитдинов), 2:1 – 90+2, Фламарион (пенальти), 2:2 – 90+3, Бобир Абдихолиқов (Сардорбек Баҳромов)
"Пахтакор": 35.Санжар Қувватов, 4.Заид Таҳсин (5.Муҳаммадқодир Ҳамралиев, 78), 7.Ҳожиакбар Алижонов, 10.Акмал Мозговой, 17.Достонбек Ҳамдамов (77.Ойбек Бозоров, 67), 21.Башар Ресан (11.Ҳожимат Эркинов, 60), 23.Абдурауф Бўриев (9.Иброҳим Ибрагимов, 60), 27.Сардор Собирхўжаев, 34.Шерзод Насруллаев (8.Дилшод Саитов, 67), 50.Фламарион, 55.Муҳаммадрасул Абдумажидов.
Захира: 12.Владимир Назаров, 3.Шаҳзод Азмиддинов, 14.Рустам Турдимуродов, 19.Пётр Пажишек.
"Насаф": 1.Абдувоҳид Неъматов, 5.Ғолиб Ғайбуллаев, 6.Сардорбек Баҳромов, 8.Зафармурод Абдирахматов, 10.Бобир Абдихолиқов, 14.Шароф Муҳитдинов (23.Дилшод Муртазаев, 80), 15.Ойбек Рустамов, 17.Муродбек Раҳматов (22.Диёр Абдуназаров, 46), 27.Яшнарбек Бердираҳмонов (20.Юсуф Отубанжо, 46), 32.Қувончбек Хушвақтов, 92.Умар Эшмуродов.
Захира: 21.Самандар Муратбаев, 4.Акрамжон Комилов, 33.Баҳодир Халилов, 76.Зафар Саъдуллаев, 80.Давронбек Усмонов, 99.Кингсли Сокари.
🟨Огоҳлантиришлар: Ғолиб Ғайбуллаев (32), Қувончбек Хушвақтов (45+2), Бобир Абдихолиқов (90+4)
Четлатиш: Қувончбек Хушвақтов (90, иккинчи огоҳлантириш)
Учрашув якунланди! Ҳакамнинг сўнгги хуштаги янгради.
Бугун биз ҳақиқий футбол спектаклига, драма ва кутилмаган бурилишларга бой бўлган ўйинга гувоҳ бўлдик. "Пахтакор" ва "Насаф" ўртасидаги муросасиз баҳс жанговар дуранг – 2:2 ҳисобида ўз ниҳоясига етди.
Учрашувнинг сўнгги дақиқалари узоқ вақт мухлислар ёдида сақланиб қолиши аниқ:
90+2–дақиқада Фламарион пенальтидан унумли фойдаланиб, мезбонларни олдинга олиб чиқди.
90+3–дақиқада эса бир киши кам бўлиб қолган "Насаф" ақлбовар қилмас ирода кўрсатиб, мувозанатни тиклашга эришди.
Қаршиликлар сафида ўйин охирини озчилик бўлиб ўтказганига қарамай таслим бўлмаган футболчиларнинг меҳнатини, шунингдек, "Шерлар"нинг ҳужумкор ва босимли ўйинини алоҳида эътироф этиш жоиз. Иккала жамоа ҳам бугун майдонда мухлислар учун борини бериб ҳаракат қилди.
Матнли трансляциямизни шу ерда якунлаймиз. Эътиборингиз ва ҳамроҳлигингиз учун ташаккур!
90+6–дақиқа. Хавфли вазият! "Пахтакор" ғалабани илиб кетиш учун бор кучи билан олдинга ташланмоқда.
Захирадан ўйинга қўшилган Ойбек Бозоров жарима майдони яқинида тўпни қабул қилиб олди ва дарвозани нишонга олди. Унинг кучли ва хавфли зарбасидан сўнг "Насаф" посбони Абдувоҳид Неъматов ҳақиқий маҳорат кўрсатди. Неъматов ажойиб сейв ижро этиб, тўпни қайтаришга эришди ва жамоасини муқаррар голдан қутқариб қолди.
Драма давом этмоқда, қўшиб берилган вақтнинг сўнгги сониялари қолди. Ҳисоб ҳамон – 2:2.
90+3–дақиқа. ИШОНИБ БЎЛМАЙДИ! ДАҲШАТ! ГООООООЛ!
"Насаф" бир киши кам бўлиб қолганига ва гол ўтказиб юборганига қарамай, орадан бир дақиқа ўтар-ўтмас жавоб қайтармоқда! Мана буни ирода деса бўлади!
Захирадан ўйинга қўшилган Дилшод Муртазаев ҳимоядан тўпни олдинга узун қилиб етказиб берди. Биринчи гол муаллифи Сардорбек Баҳромов иккинчи қаватдаги курашда ҳаводаги устунлигини кўрсатиб, тўпни жамоадошига йўналтирди. "Насаф"нинг 10–рақамли футболчиси Бобир Абдихолиқов эса дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқиб борди ва Санжар Қувватовни ожиз қолдириб, тўпни дарвоза тўрига жойлади.
Ҳисоб – 2:2! Ўйин тугашига оз вақт қолганда ҳақиқий "футбол триллери" гувоҳига айланяпмиз. Стадионда ақлбовар қилмас муҳит! Иккинчи бўлимга қўшиб берилган дақиқалар ҳали давом этади!
90+2–дақиқа. ГОЛ!
"Пахтакор" учрашувнинг сўнгги дақиқаларида яна олдинга чиқиб олмоқда! Фламарион 11 метрли нуқтага яқинлашиб, жуда совуққонлик билан зарба йўллади. "Насаф" посбони Абдувоҳид Неъматов тўпнинг йўналишини топа олмади ва дарвоза тўри титради.
Ҳисоб – 2:1! "Шерлар" нафақат ҳисобда, балки майдонда ҳам сон жиҳатдан устунликка эга бўлган ҳолда ғалабани нақд қилишга яқин туришибди. Стадион ҳайқириқлардан ларзага келмоқда!
90–дақиқа. Иккинчи бўлимнинг асосий вақти ўз ниҳоясига етди. Захира ҳаками томонидан кўрсатилган таблога кўра, учрашувнинг иккинчи бўлимига нақ 7 дақиқа вақт қўшиб берилди.
VAR текшируви, пенальти белгиланиши ва қизил карточка билан боғлиқ тўхталишлар сабабли қўшиб берилган бу дақиқалар ўйиннинг ҳақиқий кульминациясига айланадиган кўринади. Ҳозир эса майдонда пенальти ижро этилиши кутилмоқда. Стадионда ҳаяжон жуда юқори, "Пахтакор" ғалабани илиб кетиш учун яхши имкониятга эга!
90–дақиқа. Драма ва кутилмаган бурилиш! Ҳакам Акобирхўжа Шукуруллаев монитор қаршисидан қайтди ва 11 метрли нуқтани кўрсатди – ПЕНАЛЬТИ!
Ҳакамнинг фикрича, бурчак тўпи узатилаётган вақтда Қувончбек Хушвақтов Муҳаммадрасул Абдумажидовнинг юз қисмига зарба берган. Бу вазият нафақат пенальти, балки Хушвақтов учун иккинчи сариқ карточкага ҳам сабаб бўлди. Натижада "Насаф" ҳимоячиси қизил карточка олиб, майдонни тарк этди.
Қаршиликлар ўйиннинг энг ҳал қилувчи палласида ҳам бир киши кам бўлиб қолишди, ҳам ўз дарвозаларига пенальти қабул қилиб олишди. Стадионда ҳақиқий "футбол триллери". Ҳозир пенальти ижро этилади. Бу ўйин тақдирини ҳал қилувчи зарба бўлиши мумкин!
86–дақиқа. Ўйиннинг энг ҳаяжонли палласи! Ҳакам Акобирхўжа Шукуруллаев VAR монитори томон йўл олди.
Бурчакдан узатилган тўп пайтида "Пахтакор" ҳимоячиси Муҳаммадрасул Абдумажидов рақиб жарима майдони ичида Қувончбек Хушвақтов билан тўқнашув натижасида майдонга йиқилган эди. Видеотакрорларда вазият анча баҳсли кўринмоқда. Агар пенальти белгиланса, бу ўйин тақдирини ҳал қилиши мумкин.
Бутун стадион нафасини ичига ютиб, ҳакамнинг якуний қарорини кутмоқда. "Насаф" футболчилари эътироз билдиришмоқда, "Пахтакор" эса 11 метрли нуқтани кутяпти. Дақиқалар ўтмоқда, босим эса энг юқори нуқтада!
80–дақиқа. "Насаф" таркибида навбатдаги ўзгариш. Қаршиликлар бош мураббийи ўйиннинг сўнгги қисми учун янги кучларни майдонга туширмоқда:
Бугунги голда ассистентлик қилган ва майдонда катта ҳажмдаги ишни бажарган Шароф Муҳитдинов захирага олинди. Унинг ўрнига Дилшод Муртазаев ўйинга қўшилди.
Меҳмонлар ярим ҳимоя ва ҳужум ўртасидаги боғламни янгилаб, сўнгги дақиқаларда ғалаба тўпини киритишга ҳаракат қилиб кўришади. Ҳисоб ҳамон – 1:1.
78–дақиқа. "Пахтакор" таркибида навбатдаги ўзгариш. Мезбонлар бош мураббийи ҳимоя чизиғини янгилашга қарор қилди:
Заид Таҳсин ўз ўрнини Муҳаммадқодир Ҳамралиевга бўшатиб берди.
Ўйиннинг ҳал қилувчи палласи яқинлашмоқда. Иккала жамоа ҳам эҳтиёткорликни сақлаган ҳолда ғалаба тўпини киритишга ҳаракат қилишяпти. Ҳисоб ҳамон – 1:1.
73–дақиқа. “Пахтакор”дан навбатдаги босим! Ҳожимат Эркинов жарима майдони ичига, марказга чиройли узатма етказди. Фламарион “акробатик зарба” ижро этишга шай турган бир вақтда, Умар Эшмуродов бош билан тўпни қайтариб юборди ва хавфни бартараф этди. Агар ҳимоячи улгурмаганида, стадионда навбатдаги суперголни кўришимиз мумкин эди. Ҳисоб – 1:1.
71–дақиқа. Хавфли вазият! "Пахтакор" ҳисобда олдинга чиқиб олиш учун яна бир имкониятни қўлдан бой берди.
Ҳожиакбар Алижоновдан навбатдаги ажойиб узатма! Унинг заргарона пасидан сўнг Иброҳим Ибрагимов рақиб дарвозабони билан юзма-юз вазиятга чиқиб борди. Бироқ Иброҳимнинг берган зарбасига аниқлик етишмади – тўп дарвоза тўсини юқорисидан ўтиб кетди.
"Шерлар" босимни кучайтиришда давом этмоқда, бироқ якуний зарбада аниқлик етишмаяпти. Ҳисоб ҳамон – 1:1.
70–дақиқа. “Пахтакор”дан навбатдаги хавфли ҳужум! Акмал Мозговой майдон марказидан олдинга узун узатма амалга оширди. “Насаф” дарвозабони Абдувоҳид Неъматов жарима майдонидан анча олдинга чиқиб, тўпни тепиб юборишда кичик хатога йўл қўйди.
Қайтган тўп Фламарионга бориб тушди, бироқ бразилиялик ҳужумчи бўш қолган дарвозага зарба беришига рақиб футболчиси йўл қўймади. Неъматовнинг хатоси меҳмонларга қимматга тушиши мумкин эди. Ҳисоб ҳамон – 1:1.
67–дақиқа. “Пахтакор” таркибида навбатдаги ўзгаришлар. Мезбонлар бош мураббийи қанотларни янгилашга қарор қилди:
Достонбек Ҳамдамов ўрнига майдонга Ойбек Бозоров тушди.
Шерзод Насруллаев ўз ўрнини Дилшод Саитовга бўшатиб берди.
"Шерлар" таркибида тезкор ва янги кучлар пайдо бўлди. Бу ўзгаришлар ўйин суръатига ва қанотлардаги фаолликка қандай таъсир қилишини кузатамиз. Ҳисоб ҳамон – 1:1.
65–дақиқа. Хавфли вазият! "Насаф" вакили Диёр Абдуназаров жарима майдонининг ўнг томонида Шерзод Насруллаевни чиройли ҳаракат билан алдаб ўтди ва чап оёқда дарвозага кучли зарба йўллади.
"Пахтакор" посбони Санжар Қувватов маҳорат кўрсатиб, тўпни қайтаришга эришди. Қаршиликлар босимни тобора оширмоқда, мезбонлар ҳимояси эса жиддий синовдан ўтмоқда. Ҳисоб – 1:1.
64–дақиқа. "Насаф" яна олдинга интилмоқда. Гол муаллифи Сардорбек Баҳромов рақиб дарвозасини олис масофадан нишонга олди. Бироқ унинг кучли зарбасига бироз аниқлик етишмади – тўп дарвоза тўсини юқорисидан ўтиб кетди. Меҳмонлар ташаббусни ўз қўлларида ушлаб туришибди.
62–дақиқа. "Насаф" вакили Зафармурод Абдирахматовдан хавфли ҳужум. У жарима майдони яқинидан дарвозанинг яқин бурчагини кўзлаб кучли зарба йўллади. Бироқ унинг уриниши бироз ноаниқ чиқди – тўп дарвоза устуни ёнидан ўтиб кетди. Қаршиликлар иккинчи гол учун жиддий интилишмоқда.
60–дақиқа. "Пахтакор" таркибида иккита ўзгариш. Мезбонлар бош мураббийи ўйин тизгинини қайтадан ўз қўлига олиш ва ҳужумкорликни ошириш учун майдонга янги кучларни ташлади:
Абдурауф Бўриев майдонни тарк этди, унинг ўрнига Иброҳим Ибрагимов тушди.
Башар Ресан ўрнига эса Ҳожимат Эркинов ўйинга қўшилди.
"Шерлар" ярим ҳимоя ва қанотларни янгилади. Ҳисоб – 1:1. Кураш давом этади.
60–дақиқа. "Насаф" вакили Шароф Муҳитдинов ўнг бурчакка яқин нуқтадан жарима зарбасини ижро этди. Унинг тўғри дарвозага йўллаган зарбаси бироз ноаниқ чиқди – тўп дарвоза юқорисидан ўтиб кетди.
59–дақиқа. Майдонда қоида бузилди. “Пахтакор” аъзоси Шерзод Насруллаев захирадан ўйинга қўшилган Диёр Абдуназаровни йиқитди. Ҳакам ўйинни тўхтатиб, “Насаф” фойдасига жарима зарбаси белгилади. Меҳмонларда стандарт вазият.
49–дақиқа. Хавфли вазият! Сардор Собирхўжаевнинг пасидан сўнг Фламарион жарима майдони ичида тўпни қабул қилиб олди ва дарвозага зарба берди. Тўп устуннинг ёнидан ўтиб кетди.
48–дақиқа. “Пахтакор” иккинчи бўлимни ҳам фаол бошлади. Башар Ресан жарима майдонининг чап томонидан ичкарига ёриб кирди ва хавфли узатмани амалга оширди. Бироқ тўп йўлида ҳеч ким топилмади ва у майдонни тарк этди. Тўп ўйинга аутдан киритилади.
46–дақиқа. Иккинчи бўлим бошланди! Учрашув давом этади.
"Насаф" таркибида иккита ўзгариш амалга оширилди: Яшнарбек Бердираҳмонов ўрнига Юсуф Отубанжо, Муродбек Раҳматов ўрнига эса Диёр Абдуназаров майдонга тушди. Қаршиликлар бош мураббийи ҳужум чизиғини кучайтириш ва мувозанатни тиклаш мақсадида янги кучларни ўйинга ташлади. Тўпни мезбонлар ўйинга киритиб беришди.
Биринчи бўлим якунланди. Бош ҳакам Акобирхўжа Шукуруллаев жамоаларни танаффусга таклиф этди.
Драматик ва шиддатли кечган дастлабки бўлимдан сўнг мезбонлар 1:0 ҳисобида олдинда боришмоқда. Бўлимнинг энг ёрқин вазияти сифатида Ҳожиакбар Алижоновнинг 42–дақиқада дарвоза тўсинини титратиб урган "суперголи"ни кўрсатиш мумкин. Шунингдек, Ғайбуллаевнинг ўз дарвозаси устунини пойлагани ва бўлим сўнгидаги VAR текшируви баҳсга қўшимча интрига бағишлади.
Ҳозирча танаффус. Бироздан сўнг иккинчи бўлим билан трансляциямизни давом эттирамиз.
45+4–дақиқа. Жарима зарбасини Достонбек Ҳамдамов ижро этди. Унинг тўғри дарвозага йўллаган зарбаси ноаниқ чиқди – тўп дарвоза тўсини юқорисидан ўтиб кетди. Ҳисоб ўзгаришсиз қолди.
45+3–дақиқа. VAR ҳакамлари вазиятни синчиклаб ўрганиб чиқишди. Бош ҳакамнинг қарори ўз кучида қолди: Қувончбек Хушвақтовга кўрсатилган сариқ карточка ўзгаришсиз қолдирилди.
Эҳтимол, тўп ҳавода бўлгани ва ҳужумчи уни ҳали тўлиқ назоратга олиб улгурмагани сабабли, ҳакамлар бу вазиятни "сўнгги умид фоли" деб баҳолашмади. "Пахтакор" жарима зарбасини амалга оширади.
45+2–дақиқа. Ўта хавфли вазият ва баҳсли ҳолат! Акмал Мозговой майдон марказининг нариги тарафидан Фламарионга заргарона узун пас етказди. Бразилиялик ҳужумчи дарвозабон билан деярли яккама-якка чиқиб бораётган бир пайтда, Қувончбек Хушвақтов уни ортдан қўполлик билан тўхтатиб қолди.
Бош ҳакам Акобирхўжа Шукуруллаев "Насаф" ҳимоячисини сариқ карточка билан жазолади. Бироқ вазият "сўнгги умид фоли" сифатида баҳоланиши мумкин. Ҳозирда VAR ҳакамлари вазиятни синчиклаб кўриб чиқишмоқда. Қизил карточка бўлиши эҳтимоли бор. Стадионда сукунат, барча ҳакамнинг якуний қарорини кутмоқда.
45–дақиқа. Биринчи бўлимнинг асосий вақти ўз ниҳоясига етди. Захира ҳаками Ферузбек Ҳидоятов томонидан кўрсатилган таблога кўра, бош ҳакам биринчи бўлимга 3 дақиқа вақт қўшиб берди. Жамоалар танаффусга қадар яна уч дақиқа давомида майдонда кураш олиб боришади.
36–дақиқа. Хавфли вазият! Фламарион жарима майдони ичига Башар Ресанни кўзлаб узун узатма амалга оширди. "Насаф" ҳимоячиси Ғолиб Ғайбуллаев хавфни бартараф этиш мақсадида тўпга оёғини чўзди, бироқ тўп кутилмаганда дарвоза устунига тегиб, майдонни тарк этди. Рақиб ҳужумини бузишга уринган ҳимоячи ўз дарвозасини ишғол қилишига бир баҳя қолди!
35–дақиқа. “Пахтакор” ҳимоячиси Заид Таҳсин узун узатма билан Достонбек Ҳамдамовни олдинга бошлади. “Насаф” посбони Абдувоҳид Неъматов жарима майдонидан анча олдинга чиқиб, тўпни боши билан майдон ташқарисига чиқариб юборди. Вазият якунлангач, қанот ҳаками Ҳамдамовнинг офсайдда қолганини қайд этди. Тўп меҳмонларга қайтарилди.
32–дақиқа. Майдонда эҳтирослар қизимоқда. “Насаф” ҳимоячиси Ғолиб Ғайбуллаев Акмал Мозговой билан тўп учун курашда майдонга йиқилди. Вазият юзасидан ҳакамга кескин эътироз билдиргани учун Ғайбуллаевга сариқ карточка кўрсатилди. Бош ҳакам Акобирхўжа Шукуруллаев футболчини тартибга чақириб қўйди.
29–дақиқа. "Насаф" ҳужумчиси Бобир Абдихолиқов ҳаводаги тўп учун курашда сакраб, ерга ноқулай тарзда йиқилди. Ўйин тўхтатилди. Ҳозирда тиббий ёрдам ходимлари майдонда футболчига биринчи ёрдамни кўрсатишмоқда.
26–дақиқа. “Пахтакор” ўнг қанотдан навбатдаги ҳужумини ташкил этди. Ҳожиакбар Алижоновнинг жарима майдони ичига узатган тўпини “Насаф” ҳимоячиси Умар Эшмуродов ишончли тарзда қайтариб юборди. Ҳимоячи ўз ўрнида бехато ҳаракат қилмоқда.
23–дақиқа. “Пахтакор” жарима зарбасини амалга оширди. Ҳожиакбар Алижоновнинг жарима майдонига ҳаволатиб узатган тўпини Заид Таҳсин бош билан дарвозага йўллади. Бироқ зарба ноаниқ чиқди – тўп дарвоза устуни юқорисидан ўтиб кетди. Мезбонлар босимни оширишда давом этмоқда.
22–дақиқа. "Пахтакор" легионери Фламарион майдон марказидан рақиб ҳимоясини ёриб киришга интилган бир вазиятда, Ойбек Рустамов уни тўхтатиб қолди. "Насаф" ярим ҳимоячиси фаоллик кўрсатиб, мезбонларнинг хавфли бўлиши мумкин бўлган ҳужумини бартараф этди.
20–дақиқа. "Пахтакор"дан бурчак зарбаси. Достонбек Ҳамдамов тўпни жарима майдонига узатди, Фламарион эса уни шеригига етказиб берди. Акмал Мозговой бош билан хавфли зарба йўллади, бироқ тўп дарвоза тўсини юқорисидан ўтиб кетди. Мезбонларда яхши имконият юзага келганди.
19–дақиқа. “Пахтакор”нинг навбатдаги ҳужуми. Сардор Собирхўжаев жарима майдонига хавфли пас узатди. Бироқ тўп йўлида тўғониқ бўлган Ғолиб Ғайбуллаевга тегиб, майдон ташқарисига чиқиб кетди. Мезбонлар бурчак тўпини амалга оширишади.
15–дақиқа. "Насаф" бурчак тўпини амалга оширди. Шароф Муҳитдиновнинг узатмасидан сўнг тўп ҳеч кимга тегмасдан майдонни тарк этди. Натижада ҳужум узилиб қолди, тўп мезбонларга ўтди.
13–дақиқа. “Насаф”дан хавфли ҳужум. Ғолиб Ғайбуллаев узун узатма билан Бобир Абдихолиқовни олдинга бошлади. “Пахтакор” посбони Санжар Қувватов ўз вақтида жарима майдонидан анча олдинга чиқиб келди ва тўпни боши билан қайтариб, юзага келиши мумкин бўлган хавфни бартараф этди. Вазиятни ўқишда дарвозабондан маҳорат!
10–дақиқа. Майдон марказига яқин ҳудудда қўполлик ишлатилди. “Насаф” аъзоси Муродбек Раҳматов “Пахтакор” ҳимоячиси Ҳожиакбар Алижоновни йиқитди. Бош ҳакам ўйинни тўхтатиб, мезбонлар фойдасига жарима зарбаси белгилади.
8–дақиқа. “Пахтакор” қанот орқали ҳужум ташкил қилди. Ҳожиакбар Алижонов шеригини олдинга бошлади ва узатмани амалга оширди. Бироқ пас бироз кучли чиқди ва тўп тўғри “Насаф” дарвозабони Абдувоҳид Неъматовнинг қўлларига келиб тушди.
2–дақиқа. Хавфли вазият! Майдон марказида Акмал Мозговой фаоллик кўрсатиб, тўпни рақибдан олиб қўйди ва тезкор ҳужум бошлади. Фламарион жарима майдони ичида Достонбек Ҳамдамовни қулай позицияга чиқарди. Ҳамдамовнинг дарвоза томон йўллаган кучли зарбаси йўлига Умар Эшмуродов оёғи билан тўғаноқ бўлиб, хавфни бартараф этди. "Насаф" ҳимоячисидан маҳорат!
1–дақиқа. Учрашув бошланди! Бош ҳакам Акобирхўжа Шукуруллаевнинг ҳуштаги янгради ва марказий баҳсга старт берилди. Тўпни майдон марказидан меҳмонлар ўйинга киритиб беришди. Жамоаларга омад тилаймиз!
Жамоалар майдонга чиқиб келишди. Тошкентдаги "Пахтакор" стадионида Суперлига 10-тур марказий учрашуви бошланиш арафасида.
Мезбонлар – "Пахтакор" тўқ бинафшаранг, меҳмонлар – "Насаф" эса қизил либосларда тўп тепишади. Бош ҳакам Акобирхўжа Шукуруллаев бошчилигидаги ҳакамлар бригадаси жамоаларни майдон марказига бошлаб чиқди.



