UZ

Сўнгги янгиликлар

09:42"Ал Насcр" кетма-кет 7 та ўйинда ғалаба қозонди. Роналду кетма-кет 2 та баҳсда самарали ҳаракат қилгани йўқ  2 09:21"Атлетико" мухлислари Нико Уильямсни "маймун" дейишди, Гризманн ва Коке эса...  2 09:01"Нефтчи" - "Металлург" учрашувидан ГАЛЕРЕЯ  0 08:39"Барселона" эркаклари қила олмаган ишни аёллар жамоаси амалга оширди  5 08:18МЛС. "Интер Майами"дан йирик ғалаба. Мессида 2+1, Суарес ҳам гол урди  9 07:54Ўзбекистон U-23 терма жамоаси Индонезия билан ўйинга тайёргарликни бошлади + Ҳусайн Норчаевдан интервью   2 07:30Футзал. Бугун Ўзбекистон бронза медали учун Тожикистон билан ўйнайди  0 07:09Ўзбекистон кубоги. Бугун "Андижон" - "Насаф", "Динамо" - "Навбаҳор" ва яна 4 та ўйин бор  3 06:50Серия А. "Ювентус" - "Милан" 0:0   0 06:45АПЛ. "Астон Вилла" - "Челси" 2:2   0 06:40АПЛ. "Ньюкасл" - "Шеффилд" 5:1   0 06:35АПЛ. "Манчестер Юнайтед" - "Бернли" 1:1   2 06:30АПЛ. "Вест Хэм" - "Ливерпуль" 2:2   1 06:25Бундеслига. "Байер" - "Штутгарт" 2:2   0 06:20Бундеслига. "Лейпциг" - "Боруссия Д" 4:1   0

Суҳбат майдончаси. ДЕНИС ИВАНКОВ: "Насаф" - бу менинг уйим" Янгиликлар

Суҳбат майдончаси. ДЕНИС ИВАНКОВ: "Насаф" - бу менинг уйим"

Қаршининг "Насаф" жамоасида иш олиб бораётган тажрибали мутахассис Денис Иванков билан "Championat.asia" сайти учун махсус интервью ташкил этдик.

Денис Иванков "Насаф" жамоасида дарвозабонлар мураббийи сифатида фаолият юритади. Ушбу мутахассис қўли остидан бир қатор истеъдодли ва иқтидорли посбонлар етишиб чиққан ва чиқмоқда. Ушбу мураббий сўнгги йилларда "Насаф"дан бир йўла икки нафар иқтидорли дарвозабонни кашф этгани ҳам сўзимизга исбот бўла олади. Аввалига Элдор Суюнов ярқ этиб порлаб чиққан бўлса, кейинчалик Ўткир Юсупов мухлис ва мутахассислар эътиборини ўзига тортди.

"Насаф" клуби Туркиянинг Анталия шаҳрида ташкил этилган йиғинни якунлаб юртимизга қайтиб келганидан сўнг, биз Денис Иванков билан учрашдик ва ўзимизни қизиқтарган бир қатор саволларга жавоб олдик.


Денис Иванков ҳақида қисқача маълумот:

Туғилган йили: 1972 йил, 6 май.

Туғилган жойи: Чирчиқ, Тошкент вилояти.

Футболчилик фаолияти: "Чирчиқ", "Кимёгар", "Пахтакор", "Нурафшон", "Нефтчи".

Мураббийлик фаолияти: "Кимёгар" (2004), "Машъал" (2004-2006, 2008-2012), "Пахтакор" (2006-2007), Украина жамоаларида (2007-2008), Ўзбекистан Олимпия терма жамоасида, "Насаф" (2013-...) 

Турар жойи: Италия, Сан-Бенедетто-дель-Тронто.


"Мен Тошкентдаги Титов номли футбол интернати тарбияланувчиси ҳисобланаман. Кўплаб тажрибали футбол мураббийлари қўли остида шуғулланганман. Фаолиятим давомида "Чирчиқ", "Пахтакор", "Нурафшон", "Нефтчи" каби жамоаларда тўп тепганман. Мураббийлик фаолиятимни эса 2004 йилдан бошлаганман. Дастлабки иш жойим "Кимёгар" клуби бўлган. Айнан 2004 йилда мени Баҳром Бойжонович Давлатов "Машъал" жамоасига таклиф этганди. Шундан сўнг 1,5 мавсумни "Машъал" жамоасида ўтказган бўлсам, кейинчалик "Пахтакор" клубида ҳам ишлашга муваффақ бўлдим. 2007-2008 йиллар мобайнида Украинанинг биринчи лига жамоаларида ишладим. Кейинчалик 2009 йилда яна "Машъал"га қайтдим ва Муборакда 2013 йилга қадар дарвозабонларни шуғуллантирдим. Шундан сўнг "Машъал" биринчи лигага тушиб кетди. 2013 йилги мавсум бошланиши арафасида Рўзиқул Бердиев мени "Насаф" жамоасига бирга ишлашга таклиф этди ва мен бу таклифни қабул қилдим. Шундан бери мана учинчи йилдирки Қаршида иш фаолиятимни давом эттиряпман", - дея сўз бошлади Денис Иванков.


- Элдор Суюнов, Ўткир Юсуповдан ташқари олий лигада ўйнаётган шогирдлариз ҳақида тўхталиб ўтсангиз...?

- Мен уларни ҳаммасини шогирдларим дея олмайман. Аммо Санжар Қувватов билан тўрт йил мобайнида бирга ишлаганман. Сардор Қобулжонов ҳам қўл остимда шуғулланган. Шунингдек, "Машъал"да бир қатор дарвозабонларни шуғуллантирганман. Вақтида Пётр Гизимчук ҳам "Машъал"да мени қўл остимда бир муддат шуғулланган (кулади). Терма жамоаларда бирга ишлаган дарвозабонларим ҳақида гапирмайман. Чунки уларни ўз шогирдларим дея олмайман.


- Сўнгги пайтларда бир қатор истеъдодли дарвозабонларни кашф этяпсиз. Бунинг сири нимада?

- Мен ўзимни мақташни истамасдим. Чунки мен бош мураббий олдидаги ўз вазифамни бажармоқдаман. Дарвозабонлар керакли дастурим асосида тайёрлаб бораман. Бу ерда болларнинг катта меҳнати ҳам ётибди. Айнан уларнинг тиришқоқлиги, машғулотлардаги меҳнати самараси юзага чиқяпти десак тўғрироқ бўларди. Ўз ишимни сидқидилдан бажараман ва қилаётган ишимни севаман. Менга бу завқ бағишлайди.



- Сизнинг машғулотларингиз жуда ранг-баранг ва қизиқарли бўлади. Бу ғояларни қаердан оласиз? Сизнинг бу борада аниқ бир ишлаб чиққан дастурингиз мавжудми?

- Ҳаммасини ўзим ўйлаб топаман. Ўзимнинг ишлаб чиққан дастурим асосида дарвозабонларни шуғуллантираман. Машғулотларим ҳеч қачон такрорланмайди. Ҳар куни ҳар хил услубда ва ғайри-табиий машғулотларни ўтказамиз. Барчани ўз услуби бўлади. Масалан Италия дарвозабонлар мактабининг ўз услуби, Германиянинг ўз услуби бор. Испания ва Англияда ҳам бошқа услубда дарвозабонларни тайёрлашади. Мен кўпроқ Италия дарвозабонлар мактабида қўлланиладиган услубдан андоза оламан. Италияда асосий урғу жисмоний ҳолат ва тезкорликка қаратилади. Германияда эса реакция ва тўп билан муомала қилиш яхши йўлга қўйилган. Масалан сўнгги Жаҳон чемпионатида Нойернинг нималар қилганини бутун дунё кўрди. Бу фантастика. Нойер сўнгги ҳимоячи ролида ҳам ўзини жуда яхши кўрсатди. Кимдир тўпга чиқишда жуда яхши ўйнайди. Шу боис биз иложи борича ҳамма жойдан ўзимизга керакли жиҳатларни олиб, уни амалда қўллашга ҳаракат қиламиз. 


- Сиз "Насаф"га келганингизда жамоада Михаил Наумов, Ғайрат Ҳасанов ва Элдор Суюнов бор эди. Илк мавсумдаёқ икки тажрибали дарвозабон ичидан сиз Суюновни асосий кипер сифатида кашф этдингиз. Шу ҳақда тўхталиб ўтсангиз?

- Ҳа, ўшанда Наумов ва Ҳасанов ўзаро асосий таркиб учун курашиб келишарди ва Элдор Суюновни ҳеч ким танимасди. Мени бир одатим бор. Буни барча яхши билади. Иш жараёнида шахсан ўзимнинг "ёқимтой" футболчиларим бўлмайди. Машғулотларда ким кўпроқ тер тўкса, ким муносиб бўлса, ўша дарвозабонни асосий таркибга киритишни бош мураббийга таклиф қиламан. Агарда ҳозир Элдор Суюнов ҳам хатолар қилишни бошласа, Юсупов унинг ўрнини эгаллайди ва Суюнов захира ўриндиғида ўтиради. Ёки аксинча. Улар мени яхши билишади. Ҳаётда барча футболчилар билан жуда иноқман. Лекин ишда ҳаммаси бошқача. Биз ишдан ташқари ака-ука, дўстдек муносабатда бўламиз. Бемалол гаплашиб ўтиришимиз мумкин, ёки ресторанга бориб овқатланишимиз мумкин. Ишдан ташқари ҳар қайси дарвозабон ёки футболчилар билан жуда яхши алоқада бўламан. Мен мураббийман, мендан узоқроқ юр ёки мени олдимда ҳамма гапни гапирма дейдиган одатим йўқ. Иш пайтида мен мураббий, улар эса футболчи.  Ҳаётда эса ҳаммаси рисоладагидек бўлади. Ўшанда нима бўлганини айтиб берадиган бўлсам, биринчи турда "Олмалиқ" билан ўйинда Ғайрат Ҳасанов икки маротаба ўз дарвозасидан тўп олиб чиққанди ва якунда дуранг ўйнагандик. Ўйиндан сўнг учрашув дискини кўриб чиқдик ва Ҳайрат Ҳасановнинг хатоларини кўзга ташланди. Иккинчи турда эса Михаил Наумов дарвозани эгаллади. Ўша баҳсда биз "қалдирғочлар"га йирик ҳисобда ютқазиб қўйдик ва ўтказиб юборилган голларда Наумовнинг хатоси бор эди. Чемпионатни дастлабки икки турини ғалабасиз ва "чўнтак"да бир очко билан бошладик. Бу албатта жуда қониқарсиз эди. Шундан сўнг "Насаф" мураббийлар штабида кичик мажлис ўтказилди ва мен ўшанда ишонч билан кейинги ўйинда Элдор Суюнов дарвозани қўриқлаши кераклигини айтдим. Чунки Суюнов машғулотларда ҳаммадан кўра кўпроқ тер тўкарди ва ўзига бўлган ишончи юқорилиги сезардим. Рўзиқул Бердиев ва ёрдамчи мураббийлар сўрашганида иккиланмасдан Элдор Суюновга ишонч билдиришимни айтиб ўтдим. Бир сония ҳам ўйламасдан шу қарорга келгандим. Кейин Элдор Суюнов билан ўзаро гаплашиб олдик. Чунки "Насаф" ўша пайтда қийин даврни бошдан кечираётганди. Ва учинчи тур, "Бухоро"га қарши учрашув. Элдор Суюнов эса ўринбосарлар таркибида ўйнаб юрган бола эди. Мен унга ҳаяжонланмаслигини ўқтирдим ва ўзига бўлган ишончини ошириши кераклигини таъкидлагандим. Йўқ, ҳаммаси кўнгилдагидек бўлди ва биз "Бухоро"ни йирик ҳисобда мағлуб этдик. Элдор эса ўз дарвозасини муносиб қўриқлаганди. Кейинчалик у асосий дарвозабон сифатида ўйнай бошлади. Мен шуни айтиб ўтмоқчиманки, Ғайрат Ҳасанов ва Михаил Наумов жуда яхши ва кучли дарвозабон саналишади. Улар билан ҳаётда жуда яхши муносабатдамиз. Ҳар иккаласи ҳам ажойиб инсонлар. Мен уларни жуда қаттиқ ҳурмат қиламан. Лекин футболда фақат битта дарвозабонни таркибга киритиш мумкин. Бу футбол қонуни.

- Шогирдингизни терма жамоага таклиф қилишгани сизни қувонтирган бўлса керак?

- Албатта, жуда қувонгандим. Ҳа, бу менинг терма жамоадан таклиф олган биринчи шогирдим эмасдир. Лекин шунга қарамай Суюновни терма жамоа либосида майдонга тушиши мен учун икки ҳисса ёқимли бўлган. Ўшанда бутун жамоа мени ҳам табриклаб қўйишганди. Бундан лаҳзалар ҳар доим ёқимли бўлади.

- "Насаф" дарвозабонлари пенальти қайтаришда анча муваффақиятли ҳаракат қилишади. Бу борада алоҳида иш олиб борасизми?

- Йўқ, биз машғулотларда пенальти устида иш олиб бормаймиз. Мен машғулотларда пенальти тепиб уларни тайёрламайман. Масалан, Артур Геворкян бемалол келиб Суюновни ҳам, Юсуповни ҳам доғда қолдира олади. Мен Махарадзе ёки бошқа футболчиларни айтмайман. Чунки пенальти тепувчи ҳар доим рақиб посбонини алдай олиши мумкин ва бу осон. Мен машғулотларда уларни бу борада алоҳида тайёрламайман. Чунки ўзим пенальтини футболчилардек тепа олмайман. Артур Геворкян бу ишни мендан кўра жуда яхши уддалайди. Пенальти бу кўпроқ реакцияга боғлиқ. Бу борада эса машғулотларда ишлашанади. Лекин ҳар қандай кучли реакцияга эга дарвозабон ҳам пенальтини қайтара олмаслиги мумкин. Бу кўпроқ лоторея, яъни омадга ҳам боғлиқ.

- Ўтган йили Элдор Суюнов кўп вақтни МТЖнинг йиғинларида ўтказди ва бу орада "Насаф"да Ўткир Юсуповга ўзини кўрсатиши учун имконият пайдо бўлганди. Бу имкониятдан Юсупов тўлақонли фойдаланди десак ҳам бўлади. Ҳозирда эса бу иккала дарвозабон ўртасида яхшигина рақобат вужудга келди. Сўрамоқчи бўлганим, ҳозирда ўзингиз учун асосий дарвозабонни аниқлаб олгансизми? Ҳадемай ОЧЛ ўйинлари старт олади...

- Одатда мураббий жамоа ўзагини ўзи учун аниқлаб, билиб юради. Бу ерда ўйиннинг қачонлигини фарқи йўқ. Мени ҳам ўзимча ўйлаб юрган асосий дарвозабоним бор. Лекин бу ҳақида очиқ айтишни истамайман. Балки бу Суюнов, Юсупов ёки Алибек Туропов ҳам бўлиши мумкин. Лекин ҳамма нарсани машғулотлар ва ким қандай тайёргарликка эга эканлиги ҳал этади. Масалан Алибек Туропов ҳам сўнгги икки йил ичида катта ўсишга эришди. Бу посбон маҳаллий футболчи ҳисобланади ва ўринбосарлар сафида ўйнаб келади. Алибекни ҳам ёрқин келажак кутмоқда дея оламан. Шунингдек, яқинда яна бир дарвозабон Сулейман Ахмедкаримовни "Локомотив"дан олдик. Тўрттала дарвозабонимиз ҳам бирдек ишлашади. Менда ҳеч бир посбон эркинликка берилишга ҳаққи йўқ. Буни ҳаммаси жуда яхши билади. "Тракторсозий"га қарши ўйинда Элдор Суюнов ёки Ўткир Юсуповдан бири ўйнаши аниқ. Уларнинг ичидан ким ўйнашини эса вақт кўрсатади.

- Асосий таркибга қайси дарвозабонни ўйнатишни аниқлашда сизнинг ролингиз қай даражада?

- Бизнинг ўзи хос бир одатимиз бор. Ҳар қандай ўйиндан олдин Рўзиқул Бердиев билан ўзаро ўтириб муҳокама қиламиз ва кейин якуний қарорга келамиз. Албатта, сўнгги сўзни бош мураббий айтади. Лекин ҳозиргача Рўзиқул Бердиев мени маслаҳатимга қулоқ солиб келган ва бунинг учун Бердиевга катта раҳмат айтмоқчиман. Мени фикрим Рўзиқул Бердиевни бефарқ қолдирмайди. Шундай десам тўғрироқ бўлади.


- Сиз келажакда мустақил равишда бош мураббийликда ўзингизни синаб кўриш ҳақида ўйлаб кўрганмисиз? Режада борми?

- Йўқ, менга ўз ишим ёқади. Бош мураббий бўлганингдан кейин сен нафақат дарвозабонларга, балки бутун жамоага жавобгар бўласан. Бу жавобим мени каттароқ масъулиятдан қўрқади дегани эмас. Шунчаки менга ўз ишимни бажариш ёқади. Ҳа, тўғри, бош мураббий бўлиш бу бошқача ва бу жарангли эшитилади. Ростини айтганда, бу ҳақида ўйлаб кўрганим ҳам йўқ. Менга ўзимизнинг "кичик оила"миз ёқади. Дарвозабонлар билан биз бир оиладекмиз. Ўз шогирдларим билан ҳаётда ҳам жуда яқин ака-укадекмиз ва самимий муносабатда бўламиз. Уларга гап йўқ. Ҳаммаси жуда зўр болалар.

- Сиз "Насаф" футбол академиясига ҳам ташриф буюриб турасизми? Ёш мураббийларга ўз тажрибаларингизни бўлишиб, ёш истеъдодли дарвозабонларни кўздан кечирасизми?

- Ҳа, албатта. Тўғри, ҳар бир машғулотларда қатнашаман дея олмайман. Лекин у ерда нима бўлаётгани хабардорман. Қачонки у ерда мусобақалар бўлганида, вақтимиз тўғри келса бориб кузатиб тураман. Яқинда академиядан 1996 йилда туғилган дарвозабон ўринбосарлар таркибига қўшилди. Биз бу борада академия раҳбари Кучеренко билан маслаҳатлашдик. "Насаф" академиясида Шерзод Каттаев иш олиб бормоқда. Ушбу дарвозабон "Машъал"да мени қўл остимда ҳаракат қилганди. Шерзод маслаҳатлар керак бўлган пайт менга қўнғироқ қилади ва биз гаплашиб турамиз.

- Сизни кўпчилик нафақат яхши мураббий, балки жуда яхши дўст ва инсон сифатида кўради. Сўрамоқчи бўлганим, масалан кўпчилик мураббийларни футболчилар гапиришади: "Мени таркибга киритмайди..." ва шунга ўхшаш гаплар учраб туради. Сиз вақтида Наумов, Ҳасанов ва бошқа бир қатор тажрибали киперларни захира ўриндиғида қолдиргансиз. Лекин улар билан алоқангиз жуда яхши. Бу жуда кам учрайдиган ҳолатлардан бири. Буни қандай уддалайсиз?

- Гап шундаки, мен ҳаммага барчасини очиқ-ойдин гапираман. Аввало ҳамма футболчиларни ҳурмат қиламан ва улар ҳам мени ҳурмат қилишларини сезаман. Мен шунчаки кимнидир асосий таркибдан захирага ўтқаздириб қўймайман. Биринчи олдига бориб, вазиятни тушунтираман ва ҳамма гапни очиқ айтаман. Баъзи мураббийлар ҳеч нарса демайди ва кимнидир захира ўриндиғига михлаб қўйяди. Бу албатта ҳар қандай дарвозабон учун аламли. Хатоси бўлса юзига айтиш керак. Масалан Элдор Суюнов хато қилса ва уни ўрнига бошқа дарвозабонни қўйиш керак бўлса, унда мен Элдорни олдига бориб гаплашиб, ҳаммасини тушунтиришга ҳаракат қиламан. Шунда ўртада низо келиб чиқмайди. Шу боис бўлса керак, ҳамма билан бирдек яхши муносабат ўрнатканман. Ишда улар мени ўқувчиларим. Ҳаётда эса дўстларим, ака-укаларим. Мураббий аввало шогирдининг меҳнатини ҳурмат қилиши керак. Кўплаб дарвозабонлар билан дўстона алоқадаман. Мен уларни ажратмайман. Кимдир биринчи лигада ўйнаши мумкин, кимдир олий лигада. Кимдир асосий таркиб ўйинчиси, қайсидири захира посбони. Баъзи дарвозабонлар терма жамоа аъзоси, кимдир эса ўринбосарлар таркибида ўйнайди. Мен уларни ажратмайман. Ҳаммасининг қиладиган иши бир хил.  Қайсидир футболчининг омади келган, кимнингдир эса бу борада омади чопмаган бўлиши мумкин.

- Учрашувдан олдин дарвозабонларни персонал равишда ўйинга алоҳида тайёрлайсизми?

- Йўқ, ҳеч кимни персональ тайёрламайман. Одатда барча дарвозабонлар билан бир хил темпда ишлаймиз. Барчаси график асосида. Ўйин куни ким майдонга тушушини биламан, лекин бу ҳақида ўзига айтмайман. Учрашув куни кимдир хонада мусиқа эшитиб ўтириши мумкин. Кимдир ухлайди.  Элдор Суюнов терма жамоа йиғинига кетаётганида мен Элдорга айтгандим. Сен ҳозир кетяпсан ва энди сени ўрнингда Ўткир ўйнайди. Келганингда у билан рақобатлашасан ва ким зўрлигини исботлай олса, ўша майдонга тушади деганман. Элдор тушунган бола ва у менинг гапларимдан сўнг: "Тўғри, бу борада гап-сўз бўлиши мумкин эмас, Санич", - деганди. Шунингдек, Ўткир Юсуповга ҳам айтганман, агарда сен ўзингни ҳурмат қиладиган дарвозабон бўлсанг, унда энди асосий таркиб учун курашасан ва имкониятдан унумли фойдаланишга ҳаракат қиласан деганман. Мени болаларим бир-бири билан жуда аҳил ва иноқ. Ҳар доим бир-бирини қўллаб-қувватлашади. Шу жиҳатдан Элдорга ҳам, Ўткирга ҳам, Алибекка ҳам тан бераман. Улар ҳаётда чинакамига дўстлар.


- Сиз уларни яхши ўйнашса алоҳида рағбатлантирасизми?

- Йўқ. Шунчаки бирор нарсани амалга ошириш борасида бутун жамоа билан баҳслашиб турамиз. Масалан, ўтган мавсумнинг илк ўйинида "Динамо"га қарши ўйин олдидан Илҳом Юнусовга агарда бугун гол урсанг, умбалоқ ошаман дегандим. Ўшанда Илҳом гол урганди ва мен сўзимни устидан чиққандим (кулади).

- Элдор Суюнов ва Ўткир Юсуповнинг яхши жиҳатлари ва камчиликлари ҳақида гапириб ўтсангиз?

- Ўткир Юсуповнинг камчилиги шундаки, унга бироз ўзига бўлган ишонч етишмайди. Тўпларга чиқишларда ёки қайсидир вазиятда тезкор қарор қабул қилиш ва бироз совуққонлик етишмайди. Элдор Суюновнинг ҳаракатларидаги тезлик ва оёғи билан ўйнашда муаммолари бор. Буни тўғри тушунса бўлади. Сабабики, Суюнов анча узун бўйли футболчи ва бу табиийки унга бироз ҳалақит беради. Унинг ўйин услуби бошқачароқ шаклланган. Бу жиҳатдан олиб қараганда, Ўткир Юсупов эса енгилроқ ва чаққон посбон. Элдор Суюнов ўйинни "ўқий" олиши, ҳимоя ва ярим ҳимояни бошқара билиши унинг катта ютуқларидан бири. Футболчиларга вақтида "подсказка" беради. Ҳар иккала дарвозабон ҳам жуда яхши ва келажаги порлоқ киперлардан деб биламан. Суюнов ва Юсуповнинг бир-бирига ўхшаш жиҳатлари ҳам кўп. Камчиликлар устида эса иш олиб боряпмиз.

- Алибек Туропов ушбу мавсумда Ўткир Юсупов ва Элдор Суюновга асосий таркиб учун катта рақобат туғдира оладими?

- Бу футбол ва футболда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Масалан Суюнов жароҳат олиб қолса, Юсуповнинг қорни оғриб қоладиган бўлса, унда Алибек Туропов асосий таркибда ўйнайверади. У ҳали ёш бўлишига қарамасдан, машғулотларда ўз тажрибаси ва маҳоратини ошириб бормоқда. Туропов машғулотларда ҳам бу иккала посбонга катта рақобат ташкил этмоқда дея оламан. Агарда вазият шуни тақозо этиб, Алибек асосий таркибда тушиши керак бўлиб қолса. Ўйлайманки, Алибек Туропов уялтириб қўймасди.



- Нима деб ўйлайсиз, Элдор Суюнов ёки Ўткир Юсупов кучлироқ чемпионатда ўзларини кўрсата олишадими? 

- Ҳамма футболчи ёки дарвозабон европанинг кучлироқ чемпионатида ҳаракат қилишни орзу қилади ва шунга интилади. Мени ўйлашимча, ҳозир бироз вақтли. Яна икки йил ўз устиларида яхши ишлаб, ўзларини кўрсата олишса, кейинроқ бемалол Европанинг кучлироқ чемпионатида ҳам бемалол ўйнаб кетишлари мумкин. Ҳаммаси ўзларига боғлиқ ва машғулотларда тинмай ишлашлари талаб этилади.

- "Насаф" ОЧЛда гуруҳ босқичидан ўта оладими?

- Мени ўйлашимча, жамоамизнинг гуруҳдан чиқишга кучи етади. Лекин шуни унутмаслик керакки, бизнинг гуруҳимизда оддий жамоаларнинг ўзи йўқ ва кураш жуда қизғин кечади деб ўйлайман. Масалан, рақибимиз "Тракторсозий" жамоасининиг баъзи ўйинларини кўриб чиқдим, уларни марказия ярим ҳимоя чизиғида маҳоратли футболчилар жамланишган. Умуман олганда, кучли ва тарктибли жамоа. Араб клубларини ўйинларини ҳали кўздан кечирганим йўқ ва улар ҳақида аниқ бир нарса дея олмайман. ОЧЛда оддий жамоалар ўйнашмаслиги аниқ. Араб жамоалари катта пул эвазига кучли футболчи ва мураббийларни жалб этишади ва уларнинг кучи ҳам шунда. У ерда ҳаммаси профессионал даражада ташкил этилади.

- Сизга ўзимизнинг миллий чемпионат ёқадими?

- Нима десам экан. Умуман олиб қаралса, ҳа, ёқади. Лекин  шунақанги жойлари борки, булар менга у қадар маъқул келмайди. Аммо мени ишим чемпионатга баҳо бериш эмас. Мен ўз ишимни бажаришим керак. Шунақа жойлари бўладики, чемпионат ташкилотчилари мана шу майдонда ўйнайсизлар дейишади. Айнан шу майдонда ўйнаш керак бўлади. У ерда ўйнаш учун шароит борми ёки йўқ бу ҳеч кимни қизиқтирмайди. Ўйнаш керакми, демак бошқа иложи йўқ. Бу жиҳатлари кишини бироз ранжитади. Биз аскарлардек айтилган гапни бажаришга мажбурмиз. Масалан, "Вобкент" стадионини олайлик. Шу жамоанинг стадионида бўлганмисиз? Кийиниш хонаси ҳақида гапиришга тил ожизлик қилади. "Бухоро" жамоаси бир пайтлар ўша стадионда рақибларини қабул қилганди. Бу ақлга сиғмайдиган ҳолат. "Вобкент" стадиони ҳам, кийиниш хонаси ҳам жуда ачинарли ҳолатда. Олий лига жамоалари бунақанги стадионларда ўйнашлари мумкин эмас! Шунга ўхшаш жиҳатлари менга ёқмайди. Чемпионат савияси ёмон эмас. Лекин янада ривожланиш ва ўсишдан тўхтамаслик зарур. Ўзбекистон миллий терма жамоаси мундиалга йўл олишини истаган бўлардим. Қолган тоифадаги терма жамоаларимиз жаҳон чемпионатларида мунтазам иштирок этишмоқда. Айнан шу кичик деталларга эътибор қаратилиб, чемпионат савияси янада оширилса, унда яқин орада Жаҳон чемпионатига ҳам чиқиш насиб этади деб ўйлайман. Одамлар ҳам имкон қадар яхши ишларни амалга оширишга ҳаракат қилишмоқда. Мамлакатда бир қатор янги стадионлар қурилмоқда. Мисол учун Тошкентдаги "Бунёдкор" стадиони, Намангандаги янги ўйингоҳ, Фарғонада янги қуриб битказилаётган стадион. Яхши ишлар ҳам кўп қилинмоқда. Умид қиламанки, яқин йиллар ичида Ўзбекистон миллий чемпионатида савияси ва даражаси янада ўсади ва кўзланган мақсадларга етишилади.

- Сизга бошқа жамоалардан таклифлар тушдими?

- Таклифлар бор, аммо бу ҳақида гапиришни истамаган бўлардим.

- Нега? Қайси жамоалар сизга таклиф билан чиқишмоқда?

- "Насаф" билан амалда шартномам бор ва бу ҳақида гапириш клубга нисбатан ҳурматсизлик бўлади деб ўйлайман. Таклифлар ўзимизнинг жамоалардан эмас, балки чет клубларидан бўлмоқда. Шунга қарамай "Насаф"да қолишни маъқул кўраман. Бу ерда молиявий томондан, ёки бошқа жиҳатлардан ютқазаётгандирман. Лекин Рўзиқул Бердиев ва бошқа ҳамкасблар билан жуда яхши алоқадамиз. Инсонийлик сифатида ҳам "Насаф"даги келишувимни қадрлайман. Бу жамоада нафақат мураббий сифатида, балким инсон сифатида жуда бахтлиман дея оламан. Қилаётган ишимдан завқланаман. Иш жараёнида бош мураббий мени ишимга аралашмайди. Ҳамма ўз ишини қилади. Бу ҳам бир томондан жуда муҳим омиллардан бири ҳисобланади. "Насаф"да ишлаш ёқимли.


- Сиз кўплаб жамоаларда ишлагансиз. Жамоаларни солиштирганда, "Насаф" сиз учун футболдан ташқари яна нимани англатади?

- Футболчилик давримда мен "Пахтакор", "Кимёгар", "Нурафшон" ва "Нефтчи"да ўйнаганман. Агарда аввало футболчилик давримни олиб қарасак, "Нефтчи" - бу менинг уйим эди. Мураббийлик фаолиятимда "Пахтакор", "Машъал" ва "Насаф" клубларида ишладим. Шубҳасиз айтишим мумкинки, "Насаф" - бу менинг уйим. Бу билан бошқа жамоаларда ўзимни ёмон ҳис қилганман демоқчи эмасман. Ҳар бир клубда ўзининг плюс ва минуслари бўлган. Шу фурсатдан фойдаланиб, Баҳром Бойжонович Давлатовга раҳмат демоқчиман. Мени катта футболга айнан Давлатов ва Салим Юсупович олиб келишган. Чирчиқда ишлаб юрган пайтим, мени "Машъал"га Салим Эшмуҳаммедовнинг тавсиялари билан чақиришган. Мен қаерда нима бўлган бўлса шуни айтганман. "Машъал"да, "Пахтакор"да ҳам ютуғ ва камчиликларини айтганман. Ҳозир айнан "Насаф"да эканлигим учун бу клубни мақтаётганим йўқ. Шунчаки ҳақиқатни айтяпман.  "Насаф" бу менинг уйим. Уйда эса ўзингни ёмон ҳис қилмайсан. 

- Буёғига бир нечта блиц-саволлар бермоқчи эдим. Мен сизга иккита вариант тақдим этаман. Сиз шу иккитасидан биттасини танлашиз керак бўлади.

- Майли, эшитаман.

- Сизга ким билан ишлаш кўпроқ маъқул. Вадим Абрамов ёки Рўзиқул Бердиев?

- (Кулади). Абрамов ёки Бердиев? Майлими улардан бирини танлайман ва кейин изоҳ бераман. Жуда қийин савол экан. Бу билан кимнидир ранжитиб қўйишни истамаган бўлардим. Мени танловим - Рўзиқул Бердиев. Чунки бизларнинг кўплаб жиҳатларимиз ўхшаш ва ишлаш услубимиз бир-бирига яқин. Вадим Абрамовни инсон сифатида ҳам, мураббий сифатида ҳам жуда ҳурмат қиламан. Вадим Абрамов билан жуда яхши алоқадамиз. Унинг ишлаш услуби бироз бошқачароқ. Шу боис мени жавобим Рўзиқул Бердиев.

- Қайси дарвозабон кучлироқ, Игнатий Нестеров ёки Элдор Суюнов?

- Айни пайтда Элдор Суюнов Нестеровдан кучли. Тўхтанг, шу ерда ҳам аниқлик киритиб ўтсам. Бу билан Игнатий кучсиз дейишдан йироқман. Нестеров сўнгги осиё Кубогини жуда яхши ўтказди. Жанубий Корея билан бўлган ўйинда дарвозани зўр қуриқлади ва ўтказиб юборилган голларда уни айбламаган бўлардим. Игнатий Нестеров билан бирга ишламаган бўлсамда, уни машғулотларда қандай тер тўкишини яхши биламан. Игнатий сўнгги йилларда бекорга Ўзбекистондаги биринчи рақамли дарвозабон сифатида қаралмаганини кўп исботлаб келган. Лекин ҳозирги танловим - Элдор Суюнов. Чунки, сўнгги чемпионатда ким қандай иштирок этганини ва ишлаганини кўрдим. Суюновни ўзимни шогирдим учун эътироф этаётганим йўқ. Шунчаки у ҳозир ўсиш даврида ва айни пайтда уни Нестеровдан кучли деб биламан.  

- Ўзбекистон терма жамоаси ўйинларини қайси бош мураббий қўли остида кўриш сизга кўпроқ ёқади? Вадим Абрамов ёки Миржалол Қосимов?

- Миржалол Қосимов билан Вадим Абрамов бошчилигидаги жамоада бирга ишлаганмиз. Лекин Қосимов бошқаруви остидаги жамоада бирга ишламаганман. Шу боис унинг иш услубини яқиндан билмайман. Менга кўпроқ Вадим Абрамов бошчилигидаги терма жамоа ўйинлари манзур келган. Бу мураббийлар иш услуби бир-бириникидан кескин фарқ қилади. Шунчаки мухлис сифатида айтадиган бўлсам, менга Абрамов бошқарувидаги терма жамоа ўйинини томоша қилиш мароқли туюларди. Бу ерда ҳамманинг ўз қараши бўлади.

- Ўтган мавсумдаги энг яхши футболчи сизнингча ким бўлди? Сардор Рашидов ёки Жамшид Искандеров?

-  Менимча, Жамшид Искандеров кучлироқ. Сардор Рашидов сўнгги пайтларда жуда катта ўсишга эришди. Миржалол Қосимов ушбу футболчини кашф этди ва айнан Қосимов қўли остида у юқори даражага чиқишга эришди десам муболаға бўлмайди. Жамшид Искандеров нега кучлироқ? Чунки у ўйинни олиб боради ва вазиятларни яратади. "Пахтакор"нинг ўйини асосан шу футболчига боғлиқ. Жамшид Искандеров - яратувчи. Сардор Рашидов эса кўпроқ бошқа жамоадошларининг ҳаракатларига таяниб ҳаракат қилади. Уни тўп билан таъминлаб туриш зарур. Бу иккала футболчилар умуман бошқа типдаги ўйинчилар саналишади. 

- Қайси жамоага мухлислик қиласиз?

-  Мен бирорта жамоага ишқибозлик қилмайман. Масалан бизда Зафар Холмуродов "Барселона"нинг ҳақиқий фидоий мухлиси саналади. Унинг учун "Барселона"дан зўр клуб йўқ (кулади). Айниқса "Барселона" ва "Реал" ўйнаганида "Насаф" базасида ҳамма тунда бўлса ҳам футбол кўради. Биз ўшанда футболчиларга рухсат берамиз. Футболчилар ўзаро баҳслашишади. Кимдир "Реал"га ишқибоз, кимдир "Барселона" тарафида. Бу нормал ҳолат ва коллективда шунақанги соғлом муҳит бўлгани ҳам қувонарли. Мен асосан Англия чемпионати ўйинларини томоша қиламан. Туманли Альбиондаги ўйинларни кўриш менга завқ бағишлайди. Чиройли футбол шайдосиман. Менга ҳозирги кунда "Барселона"нинг ўйини маъқул келмоқда.

- Сизнинг идеализдаги дарвозабон ким бўлган?

- Ёшлигимда Ринат Дасаев ва Тони Шумахерларнинг ўйинини кўриб завқланардим. Умуман кучли дарвозабонлар кўп бўлган. Лев Яшин дунёнинг энг кучли посбони сифатида тан олинган. Ҳозирги кунда Мануэль Нойер бу борада етакчилик қилмоқда. Яшин даврида дарвозабонларнинг ўйин услуби ва вазифалари бироз бошқача бўлган. Ҳозирги кунда киперларнинг вазифалари анча кўпайган. Улар оёғ билан ҳам яхши ўйнашмоқда. Мануэль Нойер бу услубни тадбиқ этди. Нойернинг қилаётган ишлари ақлга сиғмайди. Сўнгги ҳимоячи, либеро ролида ҳам ўзини эркин ҳис этмоқда ушбу немис посбони. Керак бўлса бир-иккита футболчиларни ҳам алдаб ўтиши мумкин. Нойер дарвозабонларнинг янги ўйин услубини кашф этди. Жаҳонда кучли дарвозабонлар жуда кўп ва барчасининг ўзига хос яхши ва камчилик тарафлари бор. Дарвозабонларнинг иши жуда ҳам қийин иш. Улар бир ўйинда ўнталаб имкониятларга эга бўлишмайди ҳужумчилардек. Аксинча бутун учрашув давомида яхши ҳаракат қилиб, сўнгги сонияда биргина хатога йўл қўйишса ҳам жамоаси мағлуб бўлиши мумкин. Мисол олганда, Александр Филимоновнинг Украина билан бўлган ўйинда Шевченкодан ўтказиб юборган голини эслашимиз мумкин. Ўшандаги хато Филимоновнинг кейинги фаолиятига қаттиқ таъсир ўтказди. Андрей Шевченко эса ўша вазиятда гол урмаганда ҳам қаҳрамонлигича қоларди. Ҳужумчиларда вазият бошқача. Улар кетма-кет бешта имкониятдан фойдалана олмай, сўнгги олтинчи вазиятни голга айлантириб қаҳрамон бўлишлари мумкин. "Олтин тўп" учун курашда шу боис майдонда ҳаракат қиладиган футболчиларнинг имкониятлари юқори баҳоланади ва футбол жамоатчилиги бу борада уларга кўпроқ ён босади. Мануэль Нойернинг "Олтин тўп" учун курашга қўшилгани ҳам катта ютуқ бўлди десам ҳам бўлади.

- Нега бизнинг дарвозабонларимиз пенальти тепишмайди. Европада пенальтини амалга оширадиган бир қатор дарвозабонлар бор. Бизда нега шунақанги қобилият соҳиблари етишиб чиқишмайди? Ёки мураббийларимиз бунга рухсат беришмайдими?

- Жасур Нарзиқуловни эслайсизми? "Машъал"да ўйнаганида "Металлург"га қарши учрашувда пенальти тепганди. Ўйинда ҳисоб ноль-ноль бўлаётган вазиятда ҳакам "Металлург" дарвозаси томон пенальти белгилади. Аввалига Бобожонов тепди ва унинг зарбасини Маъмур Икромов бартараф этганди. Орадан икки дақиқа ўтиб яна пенальти бўлди. Шунда барча футболчилар жим ўтиришганида, Жасур Нарзиқулов дарвозасини ташлаб, пенальтини тепиш учун югуриб борди. Ўшанда бизда Баҳодир Давлатов бош мураббий эди. Жасурни югуриб келаётганини кўрган Давлатов менга қараб, Жасур қаерда келяпти деди. Мен эса пенальтини тепгани дедим. Жасур Нарзиқуловни тепган тўпини ҳам Маъмур Икромов қайтаришга эришганди ва якунда дуранг ўйнагандик. Кейин мени бўйним балога қолганди. Ўшанда мени ўйлашимча, Жасур ҳақиқий мардлик кўрсатганди. Бутун жамоа жим бўлиб қолганида, масъулиятни ўз бўйнига олиб, пенальтини тепиши ҳам бу жасурлик аслида. Гол ура олмагани эса бошқа масала. Мен аслида дарвозабонларнинг пенальти тепишига қарши эмасман. Олимпия терма жамоасида ишлаганимизда, Мочалов бир ўйинда пенальтини тепганди. Вадим Абрамов ўшанда Витяга йўқ демаганди, майли теп, гол ур деб руҳлантирганди.

- Мавсум олдидан дарвозабонларни йиғиб, ўз олдиларизга мақсад қўясизларми? Масалан ушбу мавсумда мана шунча гол ўтказмаслигимиз керак деган маънода.

- Албатта. Ҳар мавсум аввалида ва якунида ўзаро йиғилиб, кичик мажлис ўтказамиз ва ўз олдиларимизда мақсад ва вазифалар қўямиз. Айнан мана шунча гол ўтказиб юборма деган вазифалар бўлмайдикуя, аммо ҳар мавсум иложи борича камроқ тўп ўтказиб юборишни айтаман. Йил якунида эса мавсум давомида йиғиб борган статистикаларимни уларга кўрсатиб, ким қанча гол ўтказгани, қанча тўпга чиққани, югургани ва шунга ўхшаш кичик деталларигача эътибор қаратаман. Буни кўпчилик эътибордан четда қолдириши мумкин. Аммо бу нарса муҳим ҳисобланади. Ҳар мавсум статистикасини ўзим учун йиғиб бораман. Йиғиндаги машғулотлар статистикани ҳам олиб бораман ва уларга кейин бу ҳақида маълумот бераман. Ҳар ким нима иш қилгани ҳақида тасаввурга эга бўлади.

- Янги мавсум олдидан ўз фикрларингиз...?

- Умид қиламанки, "Насаф" учун янги мавсум омадли келади. Чемпионатда албатта совринли ўринлар учун курашамиз. ОЧЛда гуруҳдан чиқишни истаймиз ва ўйлайманки, буни амалга ошира оламиз. Бунга шахсан ўзим ишонаман. Истардимки, барча соғ-саломат бўлишини ва дарвозабонларимиз мавсумни жароҳатсиз ўтказишиб, камроқ гол қўйиб юборишларини хоҳлардим. Барча ўйлаган режа ва мақсадларимизни амалга оширишга ҳаракат қиламиз. Йил якунига келиб эса, бир мавсум бекорга кетмаганини ҳис қилсам бўлгани. Футбол мухлисларига ва жамоатчилигига ҳам улкан зафарлар тилаб қоламан. Барча соғ ва омон бўлсин!

- Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат. "Насаф"нинг халқаро майдондаги ўйинларида зафар ва омад ёр бўлсин!

- Сизга ҳам раҳмат, барча "Championat.asia" сайти ижодкорлари ва ўқувчиларига омад ёр бўлишини истаб қоламан. Ишларингизга ривож.


Шаҳбоз БЕҒАМОВ суҳбатлашди.

Рейтинг:    

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика