Совуқ қишнинг илиқликлари
20 фев 2016 12:00
Янгиликлар
Совуқ қишнинг илиқликлари
Буёғига мухлислар деярли кузнинг охирига қадар ўзбек футболидан баҳраманд бўлишда давом этади. Аввалига клубларимиз Осиё чемпионлар Лигасида ўз юришларини бошласа, кейин олий лига старт олади. Бу орада Ўзбекистон Кубоги учун ҳам кураш бошланади. Биринчи лига вакиллари одатдагидек апрелнинг илк кунларидан олий лига йўлланмаси учун курашга киришишади. Хуллас, энди буёғига фақат футбол, шунчаки, футболчиларимиз бизни зериктиришмаса кифоя.
Қишнинг сўнгги ойидаги илиқликлар
Юртимизда қиш фасли одатдагидан фарқли равишда нисбатан анча иссиқ келди. Айниқса, декабрь ва январь ойлари худди баҳордек ўтгани барчанинг эътиборини тортди. Аммо айнан шу иссиқ кунларда олимпия терма жамоамиз бизга “совуқ” натижаларни тақдим қилиб, йилни дилхиралик билан бошлашимизга сабаб бўлди. Аксинча, совуқ кунлари чўзилаётган февралда “иссиқ” ғалабалар кўп бўлмоқда. Бугун биз январь ойидаги дилхираликларни эсламасликни лозим, деб топдик. Бунга иккита сабабимиз бор. Биринчидан, январь ойи футболимиз учун кўнгилдагидек келмаган бўлса-да, февралда ҳаммаси яхши кечмоқда. Иккинчидан, биз ўша дилхираликларни таҳлил қилишни газетамизнинг келаси сонларига олиб қўйганмиз. Бугун оптимистик руҳдаги мақолани ёзишни ният қилганмиз.
Февраль ойидаги илиқликни дастлаб “Бунёдкор” тақдим қилди. “Қалдирғочлар”нинг чемпионлар Лигасининг плей-офф ўйинидаги ғалабаси жамоага бўлган ишончни янада оширди. Тўғри, Сергей Лушан шогирдлари ўтган йили ҳам саралаш ўйинидан муваффақиятли ўтганди. Аммо бу сафарги ғалабанинг мазаси бошқача бўлди. Сабаби, ўтган йилги рақиб “Ал Жазира”дан фарқли равишда “Ал Шабаб” нисбатан катта куч билан ҳаракат қилди. Меҳмонлар устози Тошкентга ғалаба учун келганини ўйин учун танланган таркибдан ҳам сездирди. Жамоа етакчилари майдонга тушди. Ёдингизда бўлса, “Ал Жазира” устози аксар асосий футболчиларига дам берган эди. Асосийси, ўтган йилги “Бунёдкор” билан бу йилгисини орасида сезиларли даражада фарқ бор. Таркиб анчагина ёшаргани, ўша ёш ўйинчилар тажрибали рақибидан устун бўлгани ғалабани янада мазали бўлишига замин яратди.
Биласизми, “Бунёдкор” – “Ал Шабаб” учрашувида менга нима ёқди? Ёш “қалдирғочлар”нинг ўзига бўлган ишончи, тажрибали рақибдан ҳайиқмай тўп сургани, якка курашларда улардан устунлик қилгани. Бир ой аввал шу ёшдаги ёшларимиз тенгдошлари орасида ҳеч нарса қила олмаганди. Орадан бир ой ўтиб ўз клубларида нималарга қодирликларини амалда исботлашди. Демак, футболчини қандай ўйнатишни ҳам билиш керак экан?! Балки бу битта ўйин бўлгани учун ўйинчилар бошқача кайфиятда майдонга тушган бўлиши мумкин, бироқ Қатар майдонларидаги мусобақада ҳам биз ҳар бир беллашувга сўнгги баҳсдек тушганимиз айни ҳақиқат. Ҳозир олимпиячиларимиз томон тош отиш ниятимиз йўқ, шунчаки, келажакда терма жамоани бошқарадиган мураббийлар учун бу дарс бўлишини хоҳлардик. Тўғри, “Бунёдкор” энди плей-оффдан ўтди ва гуруҳ босқичида нима бўлиши даргумон. Қолаверса, ўтган йилги натижаларни ҳали унутганимиз йўқ. Бироқ шахсан менда “қалдирғочлар” ўтган йилгига нисбатан анчагина шакллангандек таассурот қолдирмоқда. Фикримча, жамоа бу йил чемпионлар Лигасида ўтган мавсумдагидек омадсиз иштирок этмайди.
“Бунёдкор”нинг омадли “юришини” футзал бўйича терма жамоамиз давом эттириб, февралнинг совуқ кунларида “илиқ” ғалабаларни тақдим қилди. Осиё чемпионатининг гуруҳ босқичидаги барча учрашувларни ғалаба билан якунлаган терма жамоамиз мухлисларнинг “чанқоғини босди”, деса бўлади. Тўғри, гуруҳдаги ғалабаларни биргина жаҳон чемпионати йўлланмаси учун алмаштириб юбориш мумкин, бироқ соғинган пайтда ўша уч ғалабанинг мазаси ҳам бошқача бўлади.
Терма жамоамиз гуруҳдаги уччала ўйинда ҳам кичик ҳисобларда ғалаба қозонгани айримларни ранжитган бўлиши мумкин. Аммо бир нарсани тан олиш керак. Футзалчиларимиз ёмон ўйин кўрсатаётгани йўқ. Шунчаки, зални тўлдириб ўтирган мухлислар қаршисида хато қилиб қўйишган ҳайиқишгани учун бироз эҳтиёткорлик билан тўп суришмоқда ва бунинг натижаси ўлароқ кўпроқ гол уришдан кўра, ўтказиб юбормаслик пайида бўлишяпти. Бошқача айтганда, натижа учун ўйнашмоқда. Балки терма жамоамиз асл кучини кейинги ўйинларга олиб қўйгандир? Яна ким билади, дейсиз? Бош мураббий Хосе Мария Мендез каминада илиқ таассурот қолдирди. Нега биласизми? Мусобақа бошланишидан аввал ўтказилган матбуот анжуманида испаниялик мутахассис ОАВ ходимларининг саволларига жавоб қайтарар экан, агар вазифа бажарилмаса айбдор ўзлари бўлишини таъкидлади. Буни раҳбарият уларга мусобақага тайёргарлик кўриш учун барча шароитларни яратиб бергани билан изоҳлади. Мард мураббий шундай бўлади. Айрим мутахассисларимизга ўхшаб, айбни шогирдларига, ҳакамларга юклаб, ўзини оппоқ қилиб кўрсатмайди. Натижа учун жавоб беради. Яна бир гап: Мендез ҳақида унга яқин бўлмаган инсонлардан ҳам фақат илиқ фикрлар эшитдик. Уни билганларнинг таърифлашича, ёш мураббий ўз устида тинмай ишлайдиган мутахассислар қаторига кирар экан.
Хуллас, февраль ойининг совуқ кунларидаги “илиқ” ғалабалар баҳорда ҳам давом этиши умидвормиз!
Фурқатбек Нишонов
Фикрлар