Славче Войнески: "Кейинги сафар Аъзамовга айтаман, у ҳам бориб кимнидир тепади, пулини тўлайди ва дисквалификация қилинмайди"
07 май 2022 23:16
Янгиликлар
Славче Войнески: "Кейинги сафар Аъзамовга айтаман, у ҳам бориб кимнидир тепади, пулини тўлайди ва дисквалификация қилинмайди"
- Ўйин ҳақида
- Жуда яхши ўйин бўлди. Агар финал ўйинида майдонга тушсак, рақиб сифатида "Насаф"ни танлаган бўлардим. Кеча ўйин олдидан йигитларга шуни айтгандим. Чунки бу жамоа ҳар доим футбол ўйнайди.
Бугун икки жамоа ҳам ҳужумкор ҳаракат қилди. Бу Суперлига ўсишига хизмат қилади. Ҳакамлик ҳам яхши бўлди.
Ўйин ҳақида гапирсак, уни икки қисмга бўлиш мумкин. Биринчи қисмда яхши ҳаракат қилдик, ўйин суръатини ва боришини назорат қилдик. Вазиятлар яратдик, аммо фойдалана олмадик. Иккинчи тайм бошида, айниқса, дастлабки 20 дақиқасида катта қийинчиликка дуч келдик. Охирги дақиқаларда яна ўзимизга келиб олдик. Ҳужумларга ўтдик, 1-2 та вазият ҳосил қилдик. Бу каби дербиларда ваиятлардан фойдаланиш керак. Энди буни устида астойдил ишлашимиз лозим.
Икки жамоа ҳам 1 ой давомида Саудия Арабистонида катта куч йўқотди. Қолаверса, йўл босиш, иқлим шароити... Жамоаларда чарчоқ аломатлари сезилиб турибди. Кейинги ўйинлар олдидан тикланиб олишимиз лозим.
- "Пахтакор" марказий ҳимоячилари тўп келиши билан олдинга тепиб юборишяпти. Балки ҳужумлар ўхшамагани шундандир...
- "Насаф" амалга оширган юқори прессинг ҳимоячиларни бунга мажбур қилган бўлиши мумкин. Чунки ҳар қандай ҳолатда вазиятдан келиб чиқиб иш тутиш лозим. Ўша вазиятлардан чиқиб кетиш ҳам уларнинг даражасини белгилаб беради.
- Натижадан қониқдингизми?
- "Пахтакор" бош мураббийи сифатида дурангдан ҳеч қачон қониқмайман. Чунки биз ҳар доим ютиш учун майдонга тушадиган жамоамиз, буни Ўзбекистонга илк келганимда ҳам айтганман. Лекин охирги пайтда биз дуч келаётган шароитлар, яъни ҳар 3-4 кунда ўйин ўтказаётганимизни инобатга олсак, бу тарафлама бугунги 1 очкодан қониқдим.
- Арвеладзе бошқа жамоалардан яхши ўйинчиларни йиғиб олиб, бошқа жамоаларни кучсизлантириб қўярди. Сизнинг режангиз қандай?
- Яхши савол. Лекин агар менга ҳам яхши бюджет ажратсангиз, ўйлаб кўришим мумкин (кулади).
- Маҳаллий футболчилар ҳақида фикрингиз қанақа?
- Клуб раҳбари билан биринчи учрашувимиздаёқ академия футболчиларига эътибор қаратиш бўйича қарор қабул қилганмиз. Ҳар 2 йилда 2 тадан футболчини асосий таркибга қўшиб боришга ҳаракат қиламиз. Нафақат "Пахтакор", балки Ўзбекистон бўйича ёшларни етиштиришга уринамиз, бу режамиздан ўрин олган. Яқинда Саудия Арабистонига борган таркибдаги 14 нафар бола "Пахтакор" тарбияланувчилари эди.
- Шерзод Аъзамов 3 та ўйинга дисквалификация қилинди. Баҳслашса бўладиган вазият. Бу борада нима дейсиз? Кейинги савол: Драган Черан кутилганидан ҳам тезроқ сафга қайтиши мумкинми?
- Улар топ-даражадаги ўйинчилар. Шерзод Аъзамов ва Драган Чераннинг ўрни доим билинади. Аъзамов ҳакамга нима деганини билмайман. Аввал сариқ карточка берди, кейин бирдан четлатди. Мен бу ҳолатни бошқа вазият билан қиёслайман. "Навбаҳор" билан ўйинимиздан кейин жароҳатланган футболчимизни кўтариб кетаётган мухлисимизга ҳужум қилди ва бу жариҳатланган футболчимиз учун ҳам хавфли эди. Қолаверса, ёрдамчи мураббийларимиздан бирига ҳам ҳужум қилган.
Ўзингиз солиштиришингиз мумкин, Бир ҳолатда футболчи тепяпти, катта жанжал уюштиряпти. Иккинчисида футболчи ҳакам билан гаплашгани учун 3 та ўйинга четлатиляпти, дарвозабон фақат жарима тўлаяпти. Балки мен ҳам кейинги сафар Аъзамовга айтаман, у ҳам бориб кимнидир тепади, пулини тўлайди ва дисквалификация қилинмайди. Бу худди пулини тўлаб, хоҳлаган инсонни уришга ўхшаб қолди. Бу менинг фикрим эмас, Тартиб-интизом қўмитаси чиқарган қарор бизни шундай ўйлашга мажбур қиляпти.
Черан машғулотларга киришган. Ўйлашимча, кейинги 1-2 кунда жамоага қўшилади.
Фикрлар