UZ

Сўнгги янгиликлар

12:20ПФЛ "Олимпик"ка 5 январгача муҳлат берди, акс ҳолда...  0 11:51Қиз фарзанди дунёга келгани сабаб ўйиннинг 1-бўлимини ўтказиб юборган ва 2-бўлимга етиб бориб хет-трик қайд этган футболчи ҳақида билармидингиз?!  0 11:22Бекободда футбол ўлмоқда. "Металлург" кетидан Шавкат Мирзиёев ташриф буюрган академия ҳам ёпилади   8 10:55Қойил! Аморим тен Хагнинг антирекордини янгилади  9 10:22Аббосбек Файзуллаев «Монако» ҳақидаги саволга жавоб берди  3 10:07Расман: Санжар Қувватов - «Қизилқум» жамоаси футболчиси  1 09:47Бир йил аввал саратон билан курашган футболчи Тожикистонда «йил футболчиси» бўлди  1 09:10«Бунёдкор» терма жамоамизнинг икки нафар футболчиси билан музокара олиб бормоқда  2 08:37Аббосбек Файзуллаев Ўзбекистондаги энг тез футболчи ким эканлигини айтди  7 08:0620 кун аввал "Навбаҳор" билан икки йиллик шартнома тузган футболчи легионерга айланди  2 07:31Янги мавсумда Про лигада ўйнамайдиган «Дўстлик» етакчисини сотувга қўйди  1 05:09АПЛ. "Ливерпуль" ўз уйида иродали тарзда "Лестер"ни мағлуб этди  6 01:20АПЛ. "Бўрилар" "Қизил иблислар"ни ғажиб ташлади  32 00:57Энцо Мареска: "95-дақиқада гол ўтказиб юбориш ёқимсиз"  4 00:28АПЛ. Бруну қизил олган, Онана бурчакдан гол ўтказиб юборган учрашувда МЮ "бўрилар"га мағлуб бўлди  23

Сергей Кучеренко: "Азиз Ғаниевга таклиф қилинган сумма кам эди, шу боис уни қўйиб юбормадик" Янгиликлар

Сергей Кучеренко: "Азиз Ғаниевга таклиф қилинган сумма кам эди, шу боис уни қўйиб юбормадик"

"Насаф" ПФК бош менежери Сергей Кучеренко билан суҳбатимиз давом этади.

11 декабрь куни интервьюнинг биринчи қисмини ўқувчилар ҳукмига ҳавола қилгандик. Унда асосан "Насаф" академияси ҳақида гап борганди. Суҳбатнинг навбатдаги қисмида Сергей Петрович кўпроқ менежерлик фаолияти, якунига етган мавсум, шунингдек четга кетиши кутилган Азиз Ғаниев ҳақида фикр билдирди.

- Сергей Петрович, "Насаф" академиясида мураббийларга ҳам алоҳида эътибор қаратилади, тўғрими?
- Албатта, бусиз иложи йўқ. Шу йилнинг ўзида 9 нафар мураббийимиз "B" лицензиясига эга бўлишди. Яна бир киши қўшимча "А" лицензиясини қўлга киритди. Буни ҳам ютуғимиз дея оламан. Яхши биласиз, футболда мураббийларнинг ўрни катта. Мураббий қанча кучли бўлса, шунча кўп яхши шогирдларни етиштириб беради.

Мен Одессадаги футбол мактабида бошлаб қўйган ишимни Қаршига келиб давом эттирдим дея оламан. Жуда кўп режаларим айнан шу ерда амалга ошди. Футболни тугатгандан сўнг бирданига мураббий бўлиб қолмайсиз, бунинг учун кўп меҳнат қилиш керак. Тўрт нафар мураббийимиз олий ўқув юртига кирди.

Биз фақат бир томонлама ривожланишда тўхтаб қолмасликка ҳаракат қиляпмиз. Бир пайтнинг ўзида ҳам клубни, ҳам академияни юқорига кўтаришга бел боғлаганмиз. Бизда асосан ёш мураббийлар ишлайди, орамизда супер мураббийлар йўқ. Лекин ҳамма яхши ишлашга ҳаракат қиляпти. Мен хоҳлардимки, йил охирида яхши ишлаган ҳар бир мураббий клуб бош ҳомийси томонидан молиявий рағбатлантирилса.

Нега энди бунинг иложи бўлмаслиги керак? Ахир мураббий ҳам болалар катта бўлгач яхши футболчи бўлсин деб ишлайди. Бунинг учун бошқа ташвишларидан воз кечиб фақат шу билан овора бўлади. Шундай экан, болалар футболида ишлайдиган мураббийлар доим рағбатлантириб турилиши лозим. Мен тушунаман, "Нефтегаз" соҳасига оид компаниялар фақат футбол билан овора бўлиб қолишаётгани йўқ, улар зиммасига давлат аҳамиятига молик бошқа ишлар ҳам юкланган. Аммо футболни ҳам беэътибор қолдириш керак эмас.

Чунки эътибор бўлмаган жойда футбол ривожланмайди. Футбол - ҳиссиётларга бой ўйин, ҳам одамларга қувонч улашади, ҳам ғалаба халқни хурсанд қилади. Стадионга 3-4 минг одам келса, футболчиларнинг ўйинига таъсир қилади, лекин 18-20 минг мухлис келса ажиотаж юқори бўлади. Бизнинг "Насаф"да шундай: стадион тўлса жамоа жон-жаҳди билан ўйнайди. Энди ўзингиз ўйлаб кўринг, стадионга 20 минг мухлисни қайси тадбир тўплай олади, фақат футбол.

- Қаршига келганингиздан бери (2009 йил) шу пайтгача “Насаф” академияси директори лавозимида фаолият юритдингиз. Шу йилнинг май ойидан клуб бош менежери сифатида ишлаяпсиз. Бу лавозимга тайинланиш қандай юз берди?
- Менга қадар бош менежер бўлиб ишлаган инсон ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзгач, клуб президенти мени олдига чақириб шу лавозимни таклиф этди. Дарвоқе, менга Ўзбекистоннинг бошқа бир клубидан ҳам таклиф тушганди. Олдимда иккита вариант бор эди: "Насаф"да қолиб ишлаш ёки бошқа таклифни қабул қилиш. Шунда мен Ўзбекистонда қолсам ҳам фақат "Насаф"да ишлайман, агар кетмоқчи бўлсам унда ўз Ватанимга қайтиб кетаман дедим.

Тўғриси, менгача бўлиб ўтган ишларга изоҳ бериб ўтирмоқчи эмасман. Шунингдек, кимнидир ёмонлаш ниятим ҳам йўқ. Ўтмишда нима бўлган бўлса бўлди, биз эса келажакка қараб ишлашимиз керак. Мен ҳар доим энг яхшисини сақлаб қолган ҳолда ишлашни ёқтираман. Келажакдан эса умидим катта. Яхши-яхши футболчиларни хорижга жўнатишни хоҳлаймиз. Фақат трансфердан келадиган пул клуб ҳисоб-рақамига тушиши керак. Мен мураббийлар, футболчилар, хуллас ҳамма яхши яшашини хоҳлайман. Мен учун тартиб ва интизом бирламчи ўринда. Ўзбошимчаликка асло йўл қўймайман ва бунга чидаб тура олмайман.


- Шу пайтгача фақат академия учун жавобгар бўлиб келгансиз. Энди эса бутун клуб масъулияти бўйнингизда. Шундан келиб чиқиб ишлаш қанчалик қийин бўляпти?
- Қийинчилик ва муаммолар бор, лекин мен бундан қочмайман. Клубни бошқариш шу билан бирга қизиқарли ҳам. Клубимиз структураси пирамида шаклида бўлиб энг кичик ёшдаги болалар футболидан то асосий таркибгача ҳаммага бир хил қараймиз. Футболда янги велосипед ихтиро қилмоқчи эмасман. Фақат бор нарсани янада яхшилаш керак. Бундан буён "Насаф"нинг ҳар бир жамоасида футболчилар савиясини ўрганиб қолмай, балки уларни шуғуллантираётган мураббийларнинг ҳам даражасини ўрганиб чиқамиз. Кимга нима керак бўлса, ёрдам кўрсатишга ҳаракат қиламиз.

- Суперлига клублари таркибида аёллар ва футзал жамоаси ҳам бўлиши керак деган фикрга қандай қарайсиз?
- Умуман олганда керак. Лекин молия томонлама бунга тайёр эмасмиз. Буни очиқ гапиришимиз лозим. Энди қаранг, "Насаф"да ҳаммаси клуб балансида. Стадион ҳам, академия ҳам, "Спутник"даги база ҳам, умуман ҳамма-ҳаммаси. Шунча нарсани ушлаб туришнинг ўзига катта пул кетяпти. Бу йил маблағ томонлама қийналиб қолганимиз учун баъзи футболчиларни қўйиб юборишга мажбур бўлдик. Ҳатто 100 кишилик штатни қисқартирдик.

Яхшиям пайтида академияга катта эътибор қаратган эканмиз, йўқса футболчиларсиз янада қийналиб қолган бўлардик. Шу ўринда ўз фикримни билдирган бўлсам, футбол клуби фақат футбол билан машғул бўлиши керак. Футзал алоҳида, аёллар футболи ҳам алоҳида бўлиши лозим. Албатта, ҳаммасини бир жойга жамласа бўлади, лекин аёллар футболининг ўз дунёси бор, футзалнинг ҳам ўз муаммолари бор. Ўзи шундоқ ҳам футболда муаммо етарли, ана энди ҳаммаси битта жойга тиқилиб қоляпти.

Менинг фикримча, футболдаги ҳамма спорт йўналиши ўз қобиғида ривожланиши керак. Масалан бизга академия керакми, керак. Чунки эртага шу ердан чиқадиган ёшлар асосий таркибда ўйнайдилар. Майли, футзал ҳам керак дейлик, чунки баъзи болалар ёшликдан футзалга ўтиб кетиши мумкин. Футзал ҳам футболнинг бир тури, лекин бошқача футбол. Уларнинг алоҳида мусобақаси бор.

Аммо аёллар футболини бутунлай алоҳида қилган маъқул. Бизда академия нима учун ишлаяпти? Болаларни катта футболга тайёрлаш учун. Шунинг учун ҳам машғулотлар катта майдонда олиб борилади, ахир залда шуғулланмаймиз-ку. Агар бола катта футболга тортмаса, уни футзалга берса бўлади. Лекин аёллар футболини қандай қиламиз?

- Шундай дейиш мумкинми: клубда бюджет ўзгармади, лекин аёллар ва футзал қўшилди?
- Аслида шундай ҳам бўлди. Биз шу пайтгача академия, ўринбосарлар, асосий таркиб ҳолатидан келиб чиқиб смета тузаётгандик. Ҳозир ҳам шу маблағга эгамиз, бироқ аёллар билан футзал қўшилган. Ҳаммасига харажат битта сметадан кетяпти. Ўз пайтида академиямиз учун алоҳида бюджет тасдиқланганди. Аммо вақт ўтиб шундай қарорга келдикки, давлат ичида давлат туза олмаймиз. Яъни, футбол клубини кичик бир давлатга қиёсласак, унинг ичида алоҳида бир давлатни, яъни академия барпо қилиш шарт эмас. 

Ҳаммасини умумлашган ҳолда тузиб чиқиш лозим. Чунки академия барибир асосий жамоа учун ишлайди. Футбол мактаби клуб таркибида бўлиши ва асосий жамоа билан биргаликда молиялаштирилиши лозим. Бугунги кунда "Насаф" академиясида 16 нафар мураббий фаолият юритяпти. Бундан ташқари, Китоб, Шаҳрисабз, Нишон, Косон, Жарқўрғонда филиалларимиз бор ва у ерда етти нафар мураббий ишлаяпти. Филиалларда ишлаётган мураббийлар ҳам биздан маош олади. Хоразмда ҳам "Насаф" филиалини ташкил этгандик. Бироқ йўл узоқ бўлгани учун ёпдик. Умумий ҳисобда академия штатида 23 мураббий ва бир ярим мингга яқин бола бор.

- Мураббийларнинг маоши қониқарлими?
- Бу ҳам ўзига яраша оғриқли мавзу. Филиалларда ишлаётган мураббийларнинг ойлик маоши унча кўп эмас. Шунга қарамай, "Насаф" учун ишлаб келишяпти. Агар мураббий академиямиз учун мос болани тарбиялаб берса, биз ҳам қўшимча рағбатлантиришга ҳаракат қиламиз. Ҳозирги кунда ойликларни ошириш устида ишлаяпмиз, чунки мураббийларнинг шундан бошқа қиладиган иши йўқ.

Ҳар куни эрталаб соат 7дан машғулот бошланади, болалар мактабга бориб келгач кечки пайт яна майдонга чиқиб шуғулланишади. Соат 18:00дан кейин уларга назарий машғулотлар ва мактаб фанлари бўйича қўшимча дарслар ўтилади. Хуллас академиямизда ҳар кунги иш жараёни эрталаб еттидан кечқурун тўққизгача давом этади. 


- Бу йил барча вилоят марказларида ЎФА академиялари ташкил этилди. Қаршида очилганидан сўнг "Насаф"дан кимдир у ерга кетдими?
- Ҳа, шундай бўлди. Уч нафар мураббий кетди, улардан бири Нурали Султонов директор бўлди. Шунингдек, бизга тўғри келмаган баъзи болалар ҳам кетишди. Бундан хафа эмасмиз, чунки бу иш жараёни. Лекин ўзимизда энг яхшиларини олиб қолдик. Яхши футболчилар шу ерда қолишни маъқул кўришдими, демак тўғри йўлдан кетяпмиз.

- Бош менежер сифатида якунига етган мавсум ҳақида нималар дея оласиз? "Насаф"нинг Суперлигадаги иштироки қониқтирдими?
- Аввало барча футболчиларга ва мураббийлар штабига охиригача курашишгани учун раҳмат айтмоқчиман. Йил бошида жуда қийин вазиятда эдик. Маблағ танқислигидан етакчиларни қўйиб юборишга мажбур бўлдик. Оралиқ танаффусда яна икки футболчимиз билан хайрлашдик. Аммо "Насаф" "ўтириб" қолгани йўқ. Жамоа Суперлигада ҳаминқадар ўзини кўрсата олди. "Насаф" ҳамиша юқори ўринларга лойиқ жамоа, фақат бу йил шундай бўлиб қолди. 

- Суперлига формати ҳақида нима дея оласиз?
- Менга кўпроқ 16та жамоа қатнашадиган чемпионат ёқади, шунда ҳар бир клуб 30тадан ўйин ўтказади ва буни етарли деб ўйлайман. U-18 чемпионатини эса албатта қолдириш керак. Шунингдек, минтақавий тайёрлов гуруҳлари мусобақасини иккита эмас, балки тўртта ёш тоифасида ўтказиш зарур деб ўйлайман. Айтайлик, 2002-2003лар ўртасида мусобақа бўляпти. Бунда барибир эътибор кўпроқ 2002 йилда туғилганларга қаратилади. 2003лар эса алоҳида мусобақасиз қолиб кетяпти.

- Бош мураббийи Рўзиқул Бердиев кейинги йил ҳам жамоада қоладими?
- Бердиев бошқа жамоага ўтармиш деган миш-мишлар йўқ эмас. Албатта, қаерда ишлашни мураббийнинг ўзи ҳал қилади. Лекин менга қолса, Рўзиқул Саъдуллаевич "Насаф"да қолиб ўз ишини давом эттиргани маъқул. Мен Бердиевдан хурсандман, чунки у асосий эътиборни клуб тарбияланувчиларига қаратди. "Насаф" - катта оила, жамоа Бердиев учун ҳам ўз уйидек бўлиб қолган. 

- Нима деб ўйлайсиз, кейинги йил учун клуб бюджети ПФЛ талаб қилаётганидек 25 миллиард сўм атрофида бўладими?
- Мавсум бошида клубимиз президенти Шуҳрат Чориевич Асланов номига йўлланган хатни олгандик. Албатта, ЎФА ва ПФЛ клубларга яхши бўлишини хоҳлаяпти, лекин биз "Шўртангазкимё" мажмуаси қошидаги клубмиз. Бизга ҳам маблағ "Нефтегаз" томонидан ажратилади, шундай экан йиллик сметани ўзимиз хоҳлаганча белгилай олмаймиз. 

Шу ўринда хоҳлардимки, "Нефтегаз" бутун Ўзбекистон бўйлаб ўз қарамоғидаги клубларга бир хил пул ажратмай, кимда нима борлигидан келиб чиқиб йиллик бюджетни тақсимласа. Масалан, академияси бор клуб билан академияси йўқ клубнинг ҳомий ташкилотлардан бир хил пул олиши мантиқсиз. 


- Келинг энди кўпчиликни қизиқтирган мавзу ҳақида гаплашсак. Клуб тарбияланувчиси Азиз Ғаниевга Туркия ва Испаниядан аниқ таклифлар тушганидан хабаримиз бор. Ҳатто трансфер суммаси ҳам эълон қилинди. Эшитишимизча, футболчининг ўзи кетишга тайёр турган экан, бироқ сиз қўйиб юбормабсиз.
- Очиғини айтаман, Испаниядан таклиф тушди, лекин тўрт йил текин ўйнатишга. Туркия клубидан тушган таклифга кўра улар ҳар йили 100 мингдан уч йилга 300 минг доллар тўлаб берамиз дейишди. Ҳа, мен бунга йўқ дедим ва бундан афсусланмайман. Нима учун? Ахир улар терма жамоа футболчисини сотиб олмоқчи бўлишганди, мен эса Ўзбекистон миллий терма жамоасига номзод футболчи бундан қиммат туради деб ўйлайман.

Натижада уларга айтдим, футболчи керакми, марҳамат бизни қониқтирган суммани тўлаб беринг. Қолаверса, мен Туркия чемпионатини жуда кучли деб ҳисобламайман. Биз футболчини шунча йил тарбиялаб трансферга келганда унинг нархини ерга уришимиз тўғрими? Қизиқиш “Пахтакор”дан ҳам бўлди, лекин бу жамоа ҳам кўп пул беришни хоҳламаяпти. 

Биз футболчини четга қўйиб юборишимиз учун конкрет таклиф керак бўлади. Сотиб олмоқчи бўлган клуб суммани бўлиб берамиз деса-ю, эртага ўша ўйинчи жароҳат олиб кейин улар юзини тескари буриб олса нима бўлади? Испания таклифига келадиган бўлсак, иккинчи лига клубидан қизиқиш бўлди, лекин улар тўрт йил бепул ўйнатмоқчи бўлишди. Бепул деган жойига мен кўнмадим. Энг яхши таклиф Швейцариядан тушганди, бироқ бу пайтга келиб Ғаниев жароҳат олиб қолди. Ҳали соғайиб майдонга қайтсин, ишонинг бундан зўр таклифлар бўлади. 

- Азиз Ғаниев борасида яна бир гап тарқалди. "Пахтакор" уни олмоқчи бўлганида "Насаф" трансфер суммасини 10 миллиард сўм дебди.
- Ҳа, шундай. Эҳтимол “Пахтакор” учун бу сумма қимматлик қилган бўлиши мумкин, лекин мен Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси учун буни нормал нарх деб ҳисоблайман. Майли, 10 миллиард бўлмаса ҳам нархини сал келиштириб гаплашсак бўларди, аммо "Пахтакор" вакиллари билан суҳбатимиз узун кечмади. 

Мен шундай ҳисоблайман: футболчи яхши савиядами, демак унинг нархи паст бўлиши керак эмас. "Пахтакор" ҳозир ҳам икки футболчимизга қизиқяпти. Лекин нарх борасида келиша олмаяпмиз. Биз ҳеч кимни яширинча ёки кўздан бекитиб сотмаймиз, ҳаммасини расмий ҳал қилишга уринамиз. 

- Айтинг-чи, келажакдаги режаларингиз нималардан иборат?
- Суҳбатимиз бошида айтиб ўтганимдек, қарийб 10 йилдан бери Ўзбекистонда ишлаяпман. Украина фарзандиман, лекин бугунги кунда Ўзбекистон футболи учун меҳант қиляпман. Мен учун футбол оддий ўйин эмас, ҳаётимнинг бир бўлаги. "Насаф"да ишлаб жамоага шу қадар ўрганиб қолганманки, буни тасаввур ҳам қила олмайсиз. Айталик, эрта-индин бошқа клубдан таклиф тушса, бориб ишлагандан кўра ўз юртимга қайтиб кетишни маъқул кўраман. 

Келажакдаги режаларимга келсак, Қашқадарёда футбол ривожи учун янаям қаттиқ бел боғлаб ишлашга тайёрман. Мақсадимиз эса "Насаф"нинг мавқеини янада юқорига кўтариш. Фақат бу мен айтганим билан амалга ошиб қолмайди. Бунинг учун ҳаммамиз бир ёқадан бош чиқариб ишлашимиз керак. 

Ҳозир асосий таркибда тўп тепаётган футболчилардан бир нечтаси кўз олдимда катта бўлишди: Дониёр Нарзуллаев, Ғолиб Ғайбуллаев, Одил Ҳамробеков, Бобир Абдихолиқов, Ислом Рашидхонов, Шароф Муҳиддинов, Азиз Ғаниев, Ойбек Бозоров, Дилшод Саитов, Ислом Кенжабоев, Умид Эргашев. 

Ўйин пайти юқори трибунадан уларнинг асосий таркибда ўйнаётганини кўриб кўзим қувнайди. Айтинг-чи, мураббий учун шогирдининг асосий жамоада кўришдан бошқа яна нима керак. Хоҳлардимки, академия фаолияти давом этиб, янада кучли футболчиларни етиштириб берсак, ахир шулар ўзбек футболининг эртаси бўлишади. 

- Сергей Петрович, самимий суҳбатингиз учун раҳмат. Кейинги ишларингизда омад ва зафарлар тилаб қоламиз. 


Катта суҳбат. Сергей Кучеренко: "Атрофимизда футбол фидойилари бўлмаганида "Насаф" академияси бу даражага чиқмасди" (1-қисм)


Хайрулла Холиқов суҳбатлашди.  

Рейтинг: +33   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика