Рўзиқул Бердиев: "Ҳакамга бориб, нега бундай қарор қабул қилдинг деганимда, менга қизил карточка кўрсатди"

Narzulla Saydullayev
8 апр 2026, 21:15
Суперлиганинг 6-туридан ўрин олган "Қўқон-1912" - "Насаф" (1:1) учрашувидан кейинги матбуот анжуманида меҳмонлар устози Рўзиқул Бердиев иштирок этди.

"Иккинчи тайм анча асабий тарзда ўтди, ўша вазият. Биринчи таймда мезбонлар фаолроқ бўлишди, иккинчи таймда ҳужумда кесинликни ошириб ҳисобни очишга эришдик. Агар Зафармурод ҳам гол урганида бу эмоциягача келмасдик. Иккала жамоа ҳам ғалаба учун ҳаракат қилди, мухлисларга ёқадиган ўйин бўлди деб ўйлайман", - деб гап бошлади Рўзиқул Бердиев.

- Пенальти берилган вазиятда ҳакам қароридан норози бўлдингиз...

- Бутун жамоа норози бўлди. Менимча биринчи таймдаги вазият кўпроқ пенальтига тортарди, балки. Лекин иккинчи таймдаги вазият пенальти эмасди, менимча. Майдонга тушиб Умар Эшмуродовни тинчлантирмоқчи бўлдим. Майдонга тушганим хатодир, шунчаки Умар қизил олмаслигини хоҳладим. Ҳакамга бориб нега бундай қарор қабул қилдинг, деганимда менга қизил карточка кўрсатди, бор гап шу.

- "Қўқон-1912" асосан иккинчи таймда ҳужумкорликни оширмоқда. Бунга тайёрмидинглар?

- Рақибнинг охирги ўйинларини кўриб чиқдик, "Сўғдиёна" билан баҳсда сўнгги дақиқаларда дурангга эришди, "Навбаҳор"ни охирги дақиқалардаги гол эвазига мағлуб этди. Бу "Қўқон-1912"нинг функционал тайёргарлиги яхши экани кўриниб турибди. Лекин бугун мезбонлар иккинчи таймда бироз пассивроқ ҳаракат қилишди, балки бизнинг жамоа фаоллашгани сабабдир балки. Умумий қилиб олганда "Қўқон-1912"нинг ўйини анча шаклланиб бормоқда.

IMG_20260408_205842.jpg

- Ўйин охирид Абдувоҳид Неъматов жароҳат олди ва майдонни қийинчилик билан тарк этди. Унинг ҳолати қандай?

- Ҳозир сўрадим, шифокорлар кўриб чиқишганидан кейин аниқ маълумот бўлади. Менимча жиддий жароҳат олмаган.

- "Насаф" 5-6 йил олдинги даврни ёдга олсак, ҳужумкор ўйин намойиш этарди. Ўша пайтда жамоа олдига вазифа қўйилмагани учундир балки 3:0 ҳисобда олдинда борса ҳам ҳужум қилишдан тўхтамасди. Орада вазифа қўйилди ва ўша вазифа бажарилди, чемпион бўлдинглар. Бу йил эса адашамасам вазифа йўқ. Яна олдингидек ҳужумкор ўйин кўрсатиш учун нима етишмаяпти?

- Ўша пайтдаги таркиб билан ҳозирги таркибимиз фарқ қилади. Ўша йўналишда ўйнашга интиляпмиз. Йил бошида йигитлар билан совринли ўринлар учун курашиш учун келишиб олганмиз. Ўша пайтдаги схема ҳозирги билан фарқ қилади. Айни пайтда биз вингерларсиз ўйнаяпмиз ва шунга мослаб схемада майдонга тушяпмиз.

- Ўйиндан олдин Давроновда жароҳат олгани айтилди, Ғайбуллаев ва Неъматов ҳам жароҳат олди. Эшмуродовда ҳам кичик муаммолар кузатилди. Апрель ойида жуда кўп ўйин бор. Захираси тор "Насаф" учун бу қанчалик оғир?

- Бу жуда оғир. Бир таркибга эгамиз, кимдир жароҳат олса асосий таркибга ёш футболчини туширишга мажбур бўляпмиз. Давронов иккита ўйин ўйнамади, биттасида ютқаздик, бугун дуранг бўлди. Ҳар бир ўйинчимиз биз учун муҳим. Ҳар бир ўйиндан кейин футболчиларни тикланишига урғу беряпмиз.

IMG_20260408_205735.jpg

Ўхшаш янгиликлар


Narzulla SaydullayevМуаллиф
Манба: championat.asia