UZ

Сўнгги янгиликлар

19:44"Арсенал" - "Ноттингем Форест". Таркиблар билан танишинг  0 19:35"Челси" ғалаба қозонди ва жадвалда 3-ўринга чиқиб олди  1 19:27Илёс Зейтуллаев: "Йигитлар сўнгги учрашувларда асосий ва захира деган тушунчалар йўқлигини тушунишди"  0 19:21Суперлига. "Андижон" "Динамо"ни йирик ҳисобда мағлуб этди ва Суперлигада ўрнини сақлаб қолди  12 19:09Денис Коростиченко: "Бунёдкор" захираси бизникидан кучлироқ экан"  0 18:47Туркия. Алиқулов жамоаси иродали ғалабага эришди  0 18:20"Ростов" сўнгги 15 дақиқаликдаги 2та гол туфайли ЦСКАдан ғалабани юлиб олди  7 18:00"Севинч" - 14 карра Ўзбекистон Кубоги соҳиби!  3 17:42"Матч ТВ" графика оператори ишсиз қолди. Нега?  7 17:07Суперлига. "Бунёдкор" "Олимпик"ни мағлуб этди ва хавфли зонадан узоқлашди  1 16:10МЮдагилар ёзда 42,5 млн. еврога сотиб олинган футболчига шубҳа билан қарашмоқда  0 15:43ЦСКА - "Ростов". Таркиблар эълон қилинди  7 14:48Гвардиола: "Манчестер Сити"га дунёнинг энг яхши футболчиси етишмаяпти"  18 13:50Энрике: "Ҳайратланарли томоша кўргингиз келса "Дю Солей Цирки"га боринг"  1 13:426+4+3. Кузги имтиҳондан яхши ўтдик  27

Рўзиқул Бердиев: “Биринчи бўлимдан сўнг “Локомотив” ҳақида ўйлай бошладим” Янгиликлар

Рўзиқул Бердиев: “Биринчи бўлимдан сўнг “Локомотив” ҳақида ўйлай бошладим”

«Насаф» Самарқандда “Динамо” меҳмони бўлиб, рақиб дарвозасига жавобсиз беш марта тўп киритиб ўта йирик ҳисобдаги ғалабани тантана қилди.
Тўғрисини айтиш керакки, бундай натижа содир бўлишини ҳеч ким кутмаганди. Лекин футболда мана шундай ҳолатлар ҳам учраб туради. Энди қаршиликларни олдинда “Локомотив” билан кечадиган марказий учрашув кутмоқда. Ҳамма ушбу беллашувни катта қизиқиш орқали кузатади. “Насаф” бош мураббийи Рўзиқул Бердиев эса мақтовлар гирдобида қолган. Негаки, Самарқандда қўлга киритилган ғалаба кейинги ўйинга ижобий таъсир қилиши турган гап. Рўзиқул Саъдуллаевич билан суҳбатни аввало қайд этилган йирик ҳисобни атрофлича муҳокама қилишдан бошладик.

- 14-турдаги энг йирик натижани “Насаф” қайд этди. Учрашувдан аввал нималарни ўйлагандингиз?
- Табиийки, ўйиндан олдин ўзимиз ҳам 5:0 ҳисобида ғалаба қозонамиз деб кутмагандик. Лекин футболчиларимизни ғалаба учун тайёрлагандик. Йигитлар берилган кўрсатмаларни яхши бажаришди. Футболда мана шундай ҳолатлар ҳам бўлиб туради. “Динамо” билан кечган баҳсда ҳар томонлама ўзимизни кўрсатишга муваффақ бўлдик. Биз ҳимояда ҳам, ҳужумда ҳам барқарор ўйин намойиш этдик. Учрашув давомида кўплаб имкониятларни яратдик. Шуларнинг бештасидан фойдаланганимиз ҳам яхши натижа. Бу ўйин орқали иккинчи даврага қанчалик тайёргарлик кўрганимизни яна бир бор чамалаб олдик.  



- Албатта, 5:0 ҳисоби “Насаф”нинг қандай ўйин кўрсатганлигини билдириб турибди. Ушбу натижадан кейин сиз ҳам шогирдларингизга ҳеч қандай эътироз билдирмагандирсиз-а?
- Шубҳасиз, шогирдларимга эътироз билдирмадим. Футболчиларга ажойиб ғалабани қўлга киритганимиз учун миннатдорлик билдирдик. Жамоамиз бунинг учун катта ҳажмдаги ишни бажарди. Қайсидир вазиятларда камчиликларга йўл қўйгандирмиз, аммо 0:5 ҳисобида ютганимиздан сўнг йигитларга ҳеч қандай эътироз бўлиши мумкин эмас.

- Нима деб ўйлайсиз, “Динамо” ўта бўш ўйин кўрсатдими ёки “Насаф” ҳар қачонгидан кучлироқ кўриндими?
- Холисона баҳо берадиган бўлсам, шуни айтишим мумкинки, биз жуда яхши тўп сурдик. Ростини айтсам, “Динамо”дан бунданда яхшироқ ўйинни кутгандим. Аммо улар биз кутган ўйинни кўрсата олишмади. Жамоавий ўйин борасида биз уларга нисбатан анча мазмунли ҳаракат қилдик.

- “Динамо”нинг ўз ўйинини намойиш эта олмаганига “Насаф”нинг ҳар жиҳатдан яхши ҳаракат қилгани сабаб бўлган.

- Менимча ҳам сиз тўғри фикр билдиряпсиз. Самарқандликларнинг ўйинини яхши ўрганиб чиққандик. Уларнинг ҳар бир ўйинчисини нималарга қодирлигини алоҳида текширганмиз. “Динамо”нинг ҳужумчиларига деярли имконият бермадик. Бу футболчиларимизнинг кўрсатмаларимизни тўғри бажаришгани билан боғлиқ. Қолаверса, ҳимояда мезбонларни хато қилишга мажбур қилдик.

- Ҳар доимгидек “Насаф” сардори Артур Геворкян фаоллиги билан ажралиб турди ва ўз ҳисобига иккита гол ёзиб қўйди. Агарда у майдонда бўлмаса, бу жамоа ўйинига жиддий таъсир кўрсатади деб ўйлайсизми?
- Йўқ, мен бундай деб ўйламайман. Биз асосан жамоавий ўйинни ташкил қилишга эътибор қаратамиз. Албатта, майдонда қайсидир футболчи етакчиликни ўз зиммасига олиши керак. Лекин “Насаф”нинг ўйинларини кўрган бўлсангиз, биргина Геворкянга боғланиб қолмаган. Унинг кўпинча ҳал қилувчи голларга муаллифлик қилиши бу кўпинча жамоанинг меҳнати туфайли юз беради. Артур учун майдонда кўпроқ имкониятлар яратиб берганмиз. Масалан жарима зарбаларини бажариш ва ҳимоячиларга камроқ ёрдам бериш каби вазиятларда унга қулайликлар яратилган. Шуни аниқ айта оламанки, “Насаф”нинг ўйини бир футболчига боғланиб қолмаган.



- 5:0 натижаси сизга нимани англатмоқда?
- Ҳозирданоқ қандайдир ўрин ёки соврин ҳақида гапиришга эрта. Мавсумнинг асосий қисми ҳали олдинда. Қувонтирадиган томони шундаки, шу кунга келиб жамоамиз жисмоний томондан қониқарли аҳволда. Бундан ташқари тактик ва техник жиҳатидан ҳам мақтана оламиз. “Динамо” билан бўлиб ўтган учрашувдан сўнг руҳий томондан тайёргарлигимиз янада самарали бўлади деб ишонаман.

- “Насаф”нинг асосий кучи жамоавий ўйинда. Барқарор ўйин кўрсатиш муваффақиятларга сабаб бўлади. Жамоангизнинг яна кучли томонларини кўрсатадиган бошқа омиллари ҳам борми?
- Жамоамизни кучини билдирадиган нарса бу - аҳиллиги! Бизда ажойиб муҳит хукмронлик қилмоқда. Олдимизга қўйилган мақсадни ҳар бир футболчи яхши тушунади. Бу йўлда нафақат ўйинчилар балки, клубнинг оддий ишчиси ҳам ҳамжиҳатликда бирлашиб фаолият кўрсатаётгани катта аҳамиятга эга. Бизда шунақаки, олдимизга қандай вазифа қўйиладиган бўлса, унга барча клуб тизимидагилар билан биргаликда жипслашган ҳолда ҳаракат қиламиз. Бу бизнинг асосий ютуғимиз деб ўйлайман.

- Дастлабки турни кутилганиданда муваффақиятли бошладинглар. Олдинда эса “Локомотив”га қарши мураккаб учрашув кутмоқда. “Динамо” билан ўйиндаги қайси вазиятдан сўнг кейинги ўйин ҳақида ўйлай бошладингиз?
- Биринчи бўлимдан кейиноқ “Локомотив” билан кечадиган ўйин ҳақида ўйлашни бошладим. Эътибор берган бўлсангиз, айрим ўйинчиларни заҳирага олишга қарор қилдик. Бу билан уларга барвақт дам бердик. “Локомотив” билан учрашув кўп нарсага ойдинлик киритиб беради. Бу бизнинг энг муҳим ўйинларимиздан бири ҳисобланади.



- Албатта, “Локомотив”га қарши беллашувда 5:0 ҳисоби қайд этилиши ишониб бўлмас натижадир. Аммо бу ўйинга режангиз борлиги аниқ. Шундай экан, нима деган бўлардингиз?
- Бизнинг йўналишимизни биласизку, ҳар бир ўйинга ғалаба учун тушамиз ва бунинг учун боримизни беришга тайёрмиз. Тўғри, футболда ҳар нарса бўлиши мумкин. Аммо бизнинг асосий мақсадимиз уч очкони қўлга киритиш. Бунақанги, ўта муҳим учрашувларга мухлисларнинг ташрифи янада кўпаяди. Уларнинг олдида уялиб қолмаслигимиз керак. Шунинг учун ишқибозларимизни ажойиб ғалаба билан хурсанд қилиш бизнинг вазифамизга киради.
 
- Фикрингизча, “Локомотив”нинг асосий кучи нимада?
- Ўйлашимча, уларнинг асосий кучи – футболчиларининг савиясида. Ўзи, “Локомотив”да шундоқ ҳам яхши савиядаги ўйинчилар тўп сураётганди. Иккинчи даврада янада маҳоратли бўлган футболчиларни қўшиб олишди. Бундай учрашувга жиддий тайёргарлик кўрмасак бўлмайди.

- Айнан “Локо”да тўп сураётган Фозил Мусаевни ҳали ҳамон “Насаф”да кўриш умидида экансиз, шу ростми?

- Марказий ярим ҳимоямизни янада мустаҳкамлашни хоҳлардик. Аммо Фозил Мусаевни жамоаси билан йил охиригача шартномаси бор. Тўғри, уни таркибимизда кўрмоқчи эдим. Бу борада музокаралар олиб борилганди. Аммо у охиригача етмай қолди. 

- Ўтган йили Ўзбекистоннинг энг яхши мураббийи номига сазовор бўлдингиз. Бу йил ҳам ўз ишингизни яхши бажаряпсиз ва “Насаф” билан совринли ўринлар учун курашишда давом этмоқдасиз. Айтмоқчи бўлганим, энг яхши мураббий номини сақлаш сизга қийинчилик туғдирмаяптими?
- Бу нарса мени кўп ҳам ўйлантиргани йўқ. Ўтган йили энг яхши мураббий бўлдим ва бу сафар ҳам энг яхшиси бўлишим керак деган мақсадим йўқ. Бизнинг ўз йўналишимиз бор. Асосий мақсадимиз жамоамизни яхшироқ шакллантириш, футболчиларимизнинг савиясини ошириш. Айнан шулар ҳақида кўпроқ ўйлаяпман. Ҳеч қачон шахсий совринларга эришишни олдимга вазифа қилиб қўймайман. Футбол -  бу жамоавий ўйин, кимнингдир алоҳида ўйини эмас. Шунинг учун “Насаф”га ва терма жамоаларимизга муносиб ўйинчиларни етказиб беришимиз лозим. Қўл остимиздаги йигитларни янада тажрибали футболчи сифатида шакллантиришимиз муҳим масала. Лекин ҳар қандай инсон ўсишдан ва меҳнат қилишдан тўхтамаслиги керак.



- “Локомотив” билан кечадиган муҳим ўйин олдидан таркибда йўқотишлар йўқми?
- “Динамо” билан ўйингача жиддий йўқотишларимиз бор эди. Хамза Каримов ва Эркин Бойдуллаев тўртта сариқ карточка ва қизил карточка туфайли жамоамизга ёрдам бера олишмасди. Лекин уларнинг ўрнини муносиб ўйинчилар билан тўлдирдик. “Динамо”га қарши баҳсда Бойдуллаевнинг ўрнида тўп сурган ёш иқтидорли Одилбек Ҳамробеков ўзидан илиқ таассурот қолдирди. Ўйлайманки, унинг ўйини мухлисларга ҳам, мутахассисларга ҳам ёқди. “Локомотив” жамоаси билан ўтадиган баҳсда таркибимизда ҳеч қандай йўқотишларимиз йўқ..

- Мавсум бошида Игор Таранни таркибга қўшиб олгансиз. Аммо у кўпинча заҳирадан майдонга тушмоқда. Бошида эса уни асосий таркиб учун ҳис қилгандик. Унинг мунтазам равишда асосий таркибдан жой ололмаётгани нима билан боғлиқ?
- Бу ўша ўйинга кўриладиган тактикамизга боғлиқ. Лекин Таран ҳар доим ҳам заҳирадан тушгани йўқ. Асосий таркибда майдонга туширган пайтларимиз ҳам бўлди. Самарқандликлар билан баҳсда эса Кенда Тўраевга кўпроқ имконият бердик. Бунинг боиси, қарши ҳужумлардан самарали фойдаланишни кўзлаган ҳолда шундай қарорга келдик. Чунки сафар ўйинларида албатта тезкор футболчилар бўлиши керак. Айнан мана шундай тактик томонини ўйлаб Кенжани бошланғич таркибга киритдик.

- У ҳолда Таранни жамоага таклиф қилишдан мақсад нима эди?
- Рақобатни кучайтиришимиз лозим эди. Агар Чемпионлар лигасининг кейинги босқичига чиқа олганимизда бизга бир хил савиядаги ҳужумчилар ниҳоятда керак бўларди. Кўпроқ шу нарсани ҳисобга олгандик. Бироқ Игорнинг шундоқ ҳам жамоамизга ёрдам тегмоқда ва бундан кейин ҳам фойда келтиришда давом этади. Ҳеч ким бу футболчининг тажрибасига шубҳа қилмайди.

- Шохурх Гадоевни ҳам яқин орада майдонда кўрамизми?
- Гадоев биз билан асосий гуруҳнинг машғулотларида тўлиқ қатнашмоқда. Лекин кучли юкламали машғулотлардан уни четда қолдиряпмиз. Кўпинча тўп билан машқларда иштирок этмоқда. Баъзида ўзаро икки таркибга бўлиниб ўйнаётганимизда унга 20-30 дақиқа тўп суриш имконини беряпмиз. Бизни қувонтираётгани шундаки, бошида қийналиб юрганди. Ҳозир эса анча ўзига келиб олди. Руҳий тайёргарлиги ҳам яхшиланиб бормоқда. Тезроқ сафга қайтиб жамоага ёрдам беришини кутиб қоламиз. 

- Иккинчи даврада таркибда ўзгаришларга қўл урмаганингиз сизни ортиқча ҳавотирга солмаяптими?
- Агар қайсидир позиция бизни кўпроқ ташвишга солиб қўйса заҳирамиздаги ўйинчиларга мурожаат қиламиз. Заҳирамиздаги футболчилардан фойдалана олмасак, у ҳолда ёшлар таркибимиздан ўйинчи олиб ўйнатишга ҳам тайёрмиз.

- Ҳеч қайси мураббий жамоасидаги бирор-бир футболчига асосий таркибдан жой кафолатланган деб айта олмаса керак. Сизнинг ихтиёрингизда эса танлаш имконияти кўпроқ. Чунки футболчиларнинг савияси яхши. Шундай бўлса-да, “Насаф”да қайсидир ўйинчи учун бошланғич таркибдан жой нақд деб айта оласизми?
- Жамоамизда тажрибаси кўпроқ ва камроқ бўлган ўйинчилар бор. Шуни ҳисобга олганда, баъзи-бир футболчиларни асосий таркиб эгаси ёки шу жойда ўйнайди деб айтишимиз мумкин. Мураббийнинг ихтиёрида 20 ёки 30та ўйинчи бўлиши мумкин. Лекин жамоани ҳар тарафлама тайёрлаш бу катта ишни талаб қилади. Кимдир “Насаф”даги футболчилар кўп йиллардан бери бирга ўйнаб келяпти-ку, деб айтишлари мумкин. Жамоанинг жисмоний ёки тактик жиҳатини тайёрлаш мураббийдан катта меҳнатни талаб қилади.



- Сиздан аниқ жавобни кутгандим. Яна қайтараман: қайси ўйинчига асосий таркибдан жой кафолатланган деб айта оласиз?
- Барибир бу ҳақида ҳеч бир мураббий аниқ гап айтмаса керак. Агарда бу борада мураббий кимгадир айтса нотўғри бўлиши мумкин деб ўйлайман. Шунинг учун ҳам саволингизга аниқ жавоб айтмасдан умумий маънода гапириб ўтдим. Агар қайсидир футболчимизга жой нақд деб айтсам бу нафақат унинг ўзига, балки ички муҳитга ҳам таъсир қилади.

- Тўғри жавобингиз учун раҳмат. Шу ўринда мухлисларга нима дея оласиз? Нимагаки, “Локомотив” билан кечадиган баҳсда стадионда қандай муҳит пайдо бўлишини тасаввур қиляпмиз.
- “Насаф” жамоаси ҳамиша мухлисларига ёқадиган ўйин кўрсатишга ҳаракат қилади. Айниқса, етакчи жамоаларга қарши ҳар тарафлама муносиб рақиб бўлиб келмоқда. Бу сафар ҳам ғалабадан бошқа натижани ўйламаймиз. Боз устига ўз майдонимизда ўйнаймиз. Бундай клублар билан ўйинларда ҳар жиҳатдан қаршилик кўрсатишга тайёрмиз.

- Кўпчилик бу учрашувни “Насаф” – “Локомотив” қарама-қаршилигидан ташқари Бердиев ва Абрамов тўқнашуви деб ҳам фикр билдирмоқдалар.
- Ҳар доим ўйинга қандайдир тактика танлаймиз. Футбол ўйини, мураббийларнинг ҳам ўйини бўлади. Ҳар кимнинг тайёргарлиги ва ўз қарашлари бор. Тўғриси, менга сира ҳам бундай савол берилмаганди. Кутмагандим, шу боис қандай жавоб беришга ҳам ҳайронман. Ҳар қандай шароитда ҳам ўйлаган режаларимиз иш бериб ғалаба қозонишни истаймиз. Лекин бу Бердиев – Абрамов эмас, “Насаф” – “Локомотив” қаршилиги бўлади.

ФИРДАВСХОН суҳбатлашди.
Рейтинг:    

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика