"Реал Сосьедад" ўзига расман янги мураббий топди

Omonjon To`xtamirzayev
21 дек 2025
Ла Лига 17-тури доирасида "Леванте" ўз майдонида "Реал Сосьедад" билан дуранг (1:1) қайд этди.

Ўйиннинг биринчи бўлими якунида Такефуса Кубо меҳмонларни олдинга олиб чиққан бўлсада, "Сосьедад" 20-ўриндаги жамоани мағлуб этишни уддалай олмади. 90+4-дақиқада Адриан де ла Фуэнте пенальтидан унумли фойдаланиб, Ион Ансотеги бошчилигидаги жамоани ғалабадан қуруқ қолдирди. 

Мазкур дурангдан кейин ҳам "Леванте" 20-поғонада қолди, "Реал Сосьедад" эса 17 очко билан 16-ўринда ва жамоани хавфли зонадан 2 очкогина ажратиб турибди. Эҳтимолий даражаси жуда паст бўлсада, мабодо, бугун "Жирона" ўз майдонида "Атлетико Мадрид"ни енгиб қўйса, сан-себастьянликлар 17-поғонага тушади. 

Клуб раҳбарияти бундай натижалардан қониқмаётгани турган гап, шу сабабли бу турдаги омадсизликдан сўнг, жамоа бош мураббийи алиштирилди. Эндиликда жамоа бошқарувини америкалик-италиялик мутахассис Пеллегрино Матараццо ўз қўлига олди. Бу ҳақида клуб матбуот хизмати ўзининг Х (Твиттер) тармоғидаги расмий саҳифаси орқали эълон қилди. 

28 ноябрь санасида 48 ёшни қаршилаган Матараццо бунгача Германиянинг "Нюрнберг", "Хоффенхайм" ва "Штутгарт" клублари фаолият олиб борган. 


Omonjon To`xtamirzayevМуаллиф
Манба: championat.asia