Рауф Инилеев: "Эктор Куперга вақт керак"
07 сен 2018 14:06
Янгиликлар
Рауф Инилеев: "Эктор Куперга вақт керак"
- "Кеча терма жамоамиз янги бош мураббийи Эктор Купернинг биринчи ўйини бўлди. Мен ҳам мураббий сифатида кечаги беллашувдан ўзим учун янгилик олдим. Шунингдек, баъзи футболчиларнинг ҳаракатлари ҳам маъқул келди. Масалан, Сардор Рашидов бошқаларга нисбатан бирмунча ажралиб турди. Аксар хавфли вазиятлар айнан у орқали юзага келтирилди. Сардорнинг ўзи ҳам гол уриши мумкин эди".
- "Иван Нагаевни қулай вазиятга чиқарган ҳам Рашидов бўлди. Футболчиларимиз бу ўйинда стандарт вазиятларни яхши бажаришди. Гол ҳам пенальтидан киритилди. Ҳимояда Анзур Исмоилов яхши ҳаракат қилди. Дарвозабон Игнатий Нестеров эса алоҳида мақтовга лойиқ. Агар у бўлмаганида ютқазиб қўйишимиз ҳам мумкин эди".
- "Лекин кеча жамоавий ўйин яхши чиқмади. Бу энди вақтга боғлиқ масала. Шу ўринда Куперни ҳам тўғри тушуниш керак. Унинг қўлидаги рўйхатда 40га яқин футболчи бор ва у ҳаммани синаб кўришни хоҳлаяпти. Албатта, Одил Аҳмедов, Виталий Денисов каби ўйинчилар синовга муҳтож эмас, лекин бошқаларни синаб кўриш керак".
- "Менга жамоавий ўйин томонлама Сурия термаси яхшироқ кўринди. Албатта, мухлисларни ҳам тўғри тушунамиз. Улар Купернинг дебют ўйинидан ғалаба кутишганди, аммо шу ўринда бироз кутишга тўғри келади. Ҳозирча янги мураббийга вақт керак. У ўзбек футболини энди ичкаридан ўрганяпти. Менимча, Купер Эрон билан баҳсгача бу ўйинни чуқур таҳлил қилади ва кейинги беллашувда янада кучли таркибни туширади".
Х.Холиқов ёзиб олди.
Фикрлар