Расман: Забиҳилло Ўринбоев "Навбаҳор"га қайтди

Mirjalol Normatov
3 янв 2025
Тажрибали ҳужумчи Забиҳилло Ўринбоев "Навбаҳор" билан шартнома имзолади.

Мазкур футболчи 1995 йил 30 март куни Тошкент шаҳрида туғилган. Фаолияти давомида “Бунёдкор” (Тошкент, 2013-2016 йиллар), “Олмалиқ” (Олмалиқ, 2017 йилнинг 1-давраси), “Пахтакор” (Тошкент, 2017 йилнинг 2-давраси, 2019 йил), “Навбаҳор” (Наманган, 2020-2021 йиллар) ва “Металлург” (Бекобод, 2018, 2022-2024 йиллар) жамоаларида тўп тепган.

Забиҳилло Ўринбоев Ўзбекистоннинг турли ёшдаги терма жамоаларида ўйнаган, 2018 йилдан миллий терма жамоамизга номзод. 

У Ўзбекистон чемпионлиги ҳамда Ўзбекистон  кубоги (2013 йил) ва суперкубогини (2014 йил) қўлга киритган, Ўзбекистон U-23 терма жамоаси таркибида 2018 йили Осиё чемпиони бўлган. 

Забиҳилло Ўринбоев 3 йиллик танаффусдан сўнг "Навбаҳор" жамоасига қайтди.

Ўринбоев бунга қадар икки мавсум мобайнида "Навбаҳор" таркибида ҳаракат қилган ва 51 ўйинда қатнашиб, 5 гол ва 2 ассист қайд этган.


Mirjalol NormatovМуаллиф
Манба: "Навбаҳор" матбуот хизмати