Қотилликлар ичра ўтган даҳшатли болалик, отаси туғилишидан аввал вафот этган, 6 ойлигида онаси ташлаб кетган — фаолиятини якунлаётган Карлос Тевес тарихи
16 янв 2021 20:20
Янгиликлар
Қотилликлар ичра ўтган даҳшатли болалик, отаси туғилишидан аввал вафот этган, 6 ойлигида онаси ташлаб кетган — фаолиятини якунлаётган Карлос Тевес тарихи
2020 йилнинг ноябрь ойида Карлос Тевес "Бока" Либертадорес Кубогидаги иштирокини якунлагач, фаолиятига ҳам нуқта қўйишини оммага маълум қилди. Пайшанба куни "Сантос" "Бока"ни ярим финалда мағлуб этди, Тевес эса катта эҳтимол хайрлашув нутқини тайёрламоқда. Биз эса сиз билан Тевес Фуэрте Апаче районидан – у ер ҳақида эшгитганлар, Аргентинанинг бу туманида ҳаёт жуда қўрқинчли эканини яхши билади ва қахрамонимиз ана ўша ерлардан катта футболга кириб кела олган.
2006 йил 30 июнь. Аргентина термаси ЖЧ чорак финалида Германия билан тўқнаш келди. Тевес ўйинни асосий таркибда бошлади.
Жамоадошлари билан Берлин кўчаларидан ўтиб бораркан, Карлос ўтмиш ҳақида хотиралари оғушига ғарқ бўлди. "Сен чиқиб кетиш ўта қийин жойлардан чиқа олдинг, шунинг учун ҳам бугун бор кучингни майдонда қолдиришинг зарур", — дерди Карлос ҳаёлан ўзига-ўзи. У латтадан ясалган тўпларда футбол ўйнаш "завқини" эслаб, янада кучга тўларди. Карлос Фуэрте Апаче учун қўлидан келганини қилишни истарди. У ерларда камдан-кам ҳолларда ҳаёт тинч, хотиржам бўлади. Хуан кўча отишмасида 23 та (!) ўқ тегиб, вафот этган. Бир неча ой олдин у ва аёли Трина фарзандли бўлишлари ҳақида хабар топишганди. Карлос дунёга келганда отаси бу оламни тарк этиб бўлганди.
Бўлажак футболчи 6 ойлигида онаси уни ташлаб кетади. Аммаси ва амакиси бўлмаганида болакай ёлғиз қолиб кетарди. 10 ойлигида Карлос қайноқ сув тўла чойнакни устига тўкиб юборади, шошилинчда чақалоқни ипакли кўрпага ўрашади ва шифохонага чопишади. Қайноқ сув тафти сабаб кўрпа болакай танасига ёпишиб қолади ва биринчи ҳамда иккинчи даража куйишини янада кучайтириб юборади. Тевес деярли икки ой жонлантириш бўлимида ётади: юзи, томоғи ва кўкрагида чандиқ қолган. Тери жиддий равишда зарар кўради. "Менинг чандиқларим тасодифан пайдо бўлган, — айтиб берарди Тевес. — Мен ҳали жуда кичик болакай бўлсам-да, ўша воқеа бутун ҳаётимга таъсир қилди. Чандиқлар — менинг ўтмишим ва бугунимнинг бир бўлаги. Улар тарихдан дарак бериб, худди: "Мен омон қолдим!" дегандек бўлади.
Фуэрте Апачеда Карлос доимо полиция машинаси сиреналари, бақириқ ва отишма овозини эшитиб катта бўлди. Отилган ўқ уларнинг уйи ойнасига текканда, яқинлари ерга ётиб, фақат дуо қилишарди. Тонгда эса Карлос жасадлар оралаб, мактабга борарди: "Ёшлигимда кўчага ёлғиз чиқмасликка ҳаракат қилардим, чунки бу жуда хавфли эди. Кечалари шаҳримиз худди фуқаролар уруши авжига чиққан пайтлардаги Бейрутни эслатарди. Шаҳар кўчалари ичиб, чекиб олганлар билан тўла бўларди. Уларнинг ҳаёти спиртли ичимликлар ва гиёҳвандлик моддалари билан тўлганди. Кўпчилик ўғрилик билан шуғулланар ва буни пул топишнинг осон йўли деб аташарди. Бу пуллар эса шу заҳоти ичкилик ва наркотикга кетарди. Тонгда улар яна бир тийинсиз уйғонишар ҳамда яна бирор ерни ўмариш пайига тушардилар". Турли гуруҳлар жой талашган наркотиклар ва жиноятчилар дунёсидан Тевесни фақат футбол қутқара оларди. Бўлажак юлдузнинг дўсти Данило Санчес ҳам ўша дунёда вафот этган. "Мен ҳам деярли ҳамма каби ичкилик ҳамда гиёҳвандлик моддаларини танлашим мумкин эди, аммо бошқа йўлдан кетдим. Ўшандан буён бошқаларни ҳурмат қилиш ва ўзимни аямасликни ўргандим", — хотирлайди аргентиналик.
Тевес ўғри, гиёхванд ва қотиллар билан ёнма-ён яшаган, лекин танлаш имкони бўлса ҳам бошқа болаликни истамаслигини айтган: "Фуэрте Апачеда бир нечта дўстларим бор. Уларнинг айтишича мен умуман ўзгармаганман. Аргентинага борганимда улар билан учрашиш учун олдиларига бораман. Мен Фуэрте Апачеда катта бўлганман, шу сабаб ҳам ҳеч қачон ўйинлар вақтида таслим бўлмайман. Ёшлигимда ейишга бир бурда ноним топилмаган вақтлар ҳам бўлган. Курашишга мажбур эдим. Менимча, майдонда ҳам шунга ўхшаш ҳолатда ҳаракат қиламан. Мен ҳар бир тўп учун охиригача курашаман — шунинг учун ҳам болалигимда омон қолганман", — деган эди Тевес.
Карлос ўзи каби жойларда катта бўлган болаларга "бошқача" муносабатда бўлишларини истамайди. "Фуэрте Апачеда ҳам, Аргентинанинг исталган шаҳридаги каби яхши одамлар катта бўлиши, яхши инсонлар етишиб чиқишини исботлаш зарур. Ҳамма одам ҳам ёмон эмас. У дунёдан чиқиб кетиш ўта мушкул. Атрофдаги барчага Фуэрте Апаче — фақатгина жиноятчилар маскани эмаслигини исботлаш лозим, — деб ҳисоблайди футболчи.
Биз Тевес тўпга ҳар бир тегинишидан завқ олаётганини кўриб, гувоҳи бўлганмиз. Аммо Карлос мардлик қилиб, бир нарсани очиқчасига тан олган: у футболга унга бўлган меҳри сабаб эмас, пул учун келган: "Кўча жангида мени бир нечта тишимни тушириб қўйишган. Чунки Апачеда сиз доимо пул учун футбол ўйнайсиз. Ҳатто болалигингизда ҳам. Овқат ва бошқа харажатлар учун етарли пул топишнинг бошқа йўли йўқ эди. Мен футболни яхши ўйнаганим сабаб одамлар уларнинг жамоасида ўйнашим учун менга пул тўлашарди. Кўча футболи — дунёдаги ажабтовур нарсалардан бири. Фақат сен ва дўстларинг қолган ҳаммага қарши. У ерда ҳеч ким ҳеч кимни аямайди". Тевес мактабга бориш шарт бўлмаса, кечгача дўстлари билан футбол ўйнарди. Улар футбол ўйнаган жойларда шприцлар ва ойна синиқлари бўларди. "Бирор ерингни кесиб олмаслик ва қандайдир касални юқтириб олмаслик учун эҳтиёткор ҳамда чаққон бўлишингиз талаб қилинарди", — дейди футболчи.
Тевес бошида "Санта Клара"да ўйнаган, кейинчалик "Олл Бойз" скаутлари эътиборига тушган. Улар Фуэрте Апачега иқтидорли футболчиларни излаб келишарди. Карлос скаутларни қойил қолдиради, лекин амакиси Сегундо уни қўйиб юборишни истамаган: "Карлосни у ерларга жўнатолмайман, унинг ҳатто оёқ кийими ҳам йўқ". Мураббий эса жавобан: "Оёқ кийимни ўзим топаман, сиз фақат унга рухсат беринг".
Футбол тарихида ўзига хос из қолдира олган футболчининг ажойиб саёҳати шундай бошланган эди.
Омонжон Тўхтамирзаев таржимаси
Фикрлар