Қирғизистон терма жамоаси аъзоси Эдгар Бернхардт: "Кўчаларда фақат уйсизлар, кучуклар, полиция ва армия юрибди" (интервью)
17 май 2020 13:14
Янгиликлар
Қирғизистон терма жамоаси аъзоси Эдгар Бернхардт: "Кўчаларда фақат уйсизлар, кучуклар, полиция ва армия юрибди" (интервью)
Эдгар Польша матбуотига берган интервьюсида, аҳолиси энг зич жойлашган давлатларидан бири бўлган Бангладеш ҳақида гапирди.
Қирғизистонда туғилиб, Германияда вояга этган 34 ёшли футболчи Польшанинг турли клубларида, шунингдек, Нидерландия, Финляндия, Таиланд, Уммон ва Малайзия клубларида тўп тепган. У Бангладеш клубига ноябрда келганди.
- COVID-19 эпидемияси пайтида Бангладешдаги кундалик ҳаёт қандай кечмоқда?
- Бу ерда вирус билан биринчи ҳолат март ойида қайд этилганди, ўшанда одамлар тақиқларга учрай бошлашди. Дастлабки икки-уч ҳафтада касалхоналардан ташқари, фақат озиқ-овқат дўконлари ва дорихоналар ишлади. Бу ердаги соғлиқни сақлаш тизими самарасиз, шунинг учун одамларга ҳеч бўлмаганда дори-дармонлардан фойдаланиш имкониятини бериш учун дорихоналар кеча-ю кундуз ишлайди. Аввалига кўчаларда ҳеч ким йўқ эди. Ҳа, уйсизлардан бошқа ҳеч ким. Бу ерда шундай одамлар кўп, улар ҳеч нарсага эга эмаслар ва кўчада топадигани ёки кимдандир олгани билан яшайдилар. Ҳозир улар учун энг қийин пайт, чунки ҳозир уларга ҳеч ким ёрдам бермаяпти. Кўчада юрганингизда, одамлар сиздан ёрдам сўрашади. Қўшимчасига худди бўрилардек оч итлар сиз томон югуриб келишади. Агар кимдир бу ҳақда менга айтиб берганида, бунга ишонмаган бўлардим. Кўчаларда биринчи икки ёки уч ҳафта ичида фақат уйсизлар, итлар, полиция ва армия бор эди. Одамлар ҳаракат қилмаслиги учун полиция кўчаларни ва бошқа жойларни ёпиб қўйди.
- Эндиликда Европада ҳаёт аста-секин нормал ҳолатга қайтмоқда. Бангладешдаги ҳолат қандай?
- Икки ёки уч ҳафталик изоляциядан сўнг, одамлар нормал ҳаётга қайтишмоқда. Бу ер Европадаги каби эмас - давлат ҳеч кимга ёрдам бермайди, ҳамма ўзига ўзи ғамхўрлик қилиши керак. Ишлаб чиқариш заводлари ишга тушса, одамлар одатий ҳаётга қайтган бўлишарди. Улар касал бўлишса ҳам яшашлари мумкинлигини, лекин озиқ-овқатсиз аниқ ўлишларини айтишди. Бу даҳшат.
Европада оммавий ахборот воситалари мунтазам ахборот беришади. Бу ерда маҳаллий ОАВ юқумли касаллик ҳақида гапирмайди. Менимча, улар ёлғон гапиришмоқда. COVID-19’дан расман деярли 300 киши вафот этгани айтилди. Расмий равишда 160 миллион киши истиқомат қиладиган бутун бир мамлакатда. Сиз бунга ишонасизми? Мен дунё пойтахтлари орасида аҳолиси кўплиги бўйича 6-ўринда турадиган пойтахт Даккада яшайман. Шаҳар гавжум. Расмий манба бўйича Даккада 20 миллион киши истиқомат қилади. Норасмийси, ҳатто 25-30 миллион бўлса керак.
Расмий статистикада кўчада яшайдиган аҳоли қайд қилинмаган, аммо улар кўп. Кўчада кўплаб уйсиз болалар, етимлар яшайди, бу ақлга сиғмайди. Улар ҳам ёлғиз қолишди. Эпидемия пайтида улар ҳеч кимни қизиқтирмайдилар.
Мен дунёнинг турли бурчакларида яшадим ва ҳамма нарсани кўрдим, лекин бу ердаги ҳолат мени таъсирлантирди. Бошпанасизларнинг борадиган жойи йўқ ва ҳукуматда ҳам уларни қаергадир жойлаштиришга жойи йўқ. Улар бир ерга тўпланиб яшаши мумкинлиги, лекин давлат уларни қаерга жойлаштиришни билмаганлиги ҳақида миш-мишлар тарқалган ва улар Дакка кўчаларида қолишди. Уларнинг анчаси аллақачон очлик ва коронавирус туфайли вафот этган бўлса керак, улар статистикага киритилмайди. Бангладешда эпидемия пайтида 300 киши ўлгани айтиляпти, бу ғирт ёлғон! Улар ҳеч қандай тест олишмаяпти.
- Умид қиламанки, сиз касалланмагансиз?
- Менда ҳеч қандай аломатлар йўқ. Таҳлиллар назарий жиҳатдан - фақат симптомлари бор одамлар учун: йўтал, иситма. Мен уйдан чиқиш йўлини минимал даражада чекладим. Шунчаки харид қилиш учунгина дўконларга чиқаман, клуб ҳам машғулот ўтказмаяпти, ҳайриятки уйимда тренажёр залим бор.
- Сиз Германия фуқаросисиз, шунинг учун пандемиядан кейин Европага қайтишингиз мумкин эди. Нега бундан фойдаланмадингиз?
- Биринчидан, клуб рухсат бермаганди. Европадаги лигалар тўхтатилганда биз ҳали ўйнаётгандик. Аввалига одамлар бир ёки икки ҳафта ичида ҳамма нарса яхши бўлади деб ўйлашди. Иккинчидан, Бангладешда рафиқам биланман ва у Европа Иттифоқи фуқаролигига эга эмас. У фақат қирғиз паспортига эгалиги боис мен билан Германияга уча олмасди. Биз Бангладешда қолиб кетдик ва Қирғизистонга учиш учун чегаралар очилишини кутмоқдамиз. Айна пайтда Бангладешдан Шри-Ланкага уча оламан, аммо аэропортда қолиб кетишим мумкин, бундан ташқари, аёлим ҳомиладор.
Бангладешда одамлар масъулиятли, деб хабар беришяпти, аммо мен апрель ойида диний лидер Маулана Зубайр Аҳмад Ансорийнинг дафн маросими бўлиб ўтганлигини кўрдим, унда юз мингдан ошиқ одамлар қатнашди. Мен буни телевизордан кўрдим - одамлар шаҳар кўчаларида юришди - худди метронинг тиғиз пайтидагидек ҳолат кузатилди. Баъзиларида қўлқоп ва ниқоблар бор эди, лекин бундай вазиятда улар ҳақиқатдан ҳам ёрдам берадими?... Мен ўзим динга ишонаман, лекин бу агар давлат розилиги билан бўлган бўлса, беъманилик эди. Одамлар эпидемия пайтида фақат шифокор ва дорилар ёрдам бериши мумкинлигини тушунишмаяпти.
- Карантин ёки комендантлик соатларини бузганлик учун жарима ёки жазо борми?
- Йўқ. Одамлар кечки соат 6 дан кейин уйда бўлишлари керак эди, улар қўрққанлари учун уйда бўлишди. Чунки кўчаларда полиция “дубинка”лар билан юрибди. Баъзилари чиқади, лекин фақат бир марта, чунки иккинчи марта чиқса, албатта калтак ейди. Агар бу ерда, эпидемиянинг бошида, Италия ёки Испанияда бўлгани каби одамлар, худди ҳеч нарса бўлмагандек яшаганида икки ой ичида давлат йўқ бўлиб кетарди, чунки бу ерда даволаш учун Европадагидек шароит йўқ. Эндиликда мамлакат ҳаёти тикланмоқда, инсонлар бунга кўникишди ва яшашни давом эттиришяпти.
- Қирғизистондаги вазиятдан хабардормисиз?
- Мен пойтахт Бишкекда қандай вазият ҳукмронлигини биламан, сабаби у ерда дўстларим бор. Шаҳар туманларга бўлинади ва уларнинг ҳар бири ёпилган. Ҳеч ким ўз ҳудудларини тарк этмаяпти ва полиция тартибни сақлаб турмоқда. Агар кимдир қоидани бузса, аввал жаримага тортилади, яна такрорланса, икки-уч кунга ҳибсга олинади. У ерда ҳам реал вазият ҳақиқатга яқин эмас, статистикада кам киши айтилади. Қирғизистонда одамлар ёрдам ташкил қилишганини биламан, масалан, қариялар учун. Бангладешда бунга дуч келмадим. Гўё мажбурий карантин узоқ давом этадигандай, уйда қолиш нимага олиб келишини ўйлаш даҳшатли.
- Келинг, футболга ўтамиз. Бангладеш лигаси ҳақида гапириб беринг.
- Бу ерда ўйинлар жиддий кечади. Ҳакамлар футбол эмас, худди хоккей бошқаргандек туюлади, чунки улар ҳамма нарсага имкон беришади. Африкалик кўплаб ўйинчилар бор, бу лигани жисмоний тарафдан ўстиради. Тактик нуқтаи назардан, чемпионат мен ўйнаган чемпионатлар ичидаги энг кучсизи бўлса керак, аммо жуда яхши ўйинчилар бор. Масалан, Бангладешда Лиссабоннинг "Спортинг" жамоасида ўйнаган аргентиналик Эрнан Баркос бор, шунингдек, Коста-Рика, Пуэрто-Риколик футболчилар ҳам бор.
- Агар лига жуда заиф бўлса, сиз у ерга нега бордингиз?
- Пул учун. Даромад яхши. Аммо бу ерда футболдан завқланолмайсиз. Бу ерга келиш-келмаслигимни билмас эдим, лекин клуб рад этиш гуноҳ бўлган таклиф билан чиққанди. Мен Бангладешда ҳаёт қандай эканлигини билардим, чунки қирғиз жамоаси билан бирга келиб ўйнаганман. Шунинг учун шартномада исталган вақтда уни бекор қилиш ҳақидаги банд мавжуд.
- Польшада, умуман Европада, футболчилар мавсум тўхтаб турган вақтда иш ҳақлари камайишлари бўйича клублари билан келишиб олишди. Бангладешда ҳам шундай бўлдими?
- Йўқ, бу бўйича гап-сўзлар бўлмади. Европада, хусусан, Польшада, клублар телевизион ҳуқуқ ва мухлислардан тушган пулларни олишади, аммо бу ерда ҳаммаси бошқача. Бизда мухлислар йўқ - Даккада катта стадион бор, бироқ бўш трибуналар бағрида ўйнаймиз. Телевизион ҳуқуқлардан ҳам пул йўқ. Шу сабабли мавсум танаффуси клубларнинг молиявий аҳволига таъсир кўрсатмади. Бир клубда келаси ой учун фақат 60 фоиз ойлик тўлашни хоҳлашаётгани ҳақида эшитдим, лекин улар аввало, футболчиларнинг ўзлари билан индивидуал равишда алоқага киришадилар.
- Польша футболини ҳам кузатиб борасизми?
- Ҳа. Отамдек бўлиб қолган мураббий Ставов жамоаси ЛКСни бошқарадиган бўлди. Бундан жуда хурсандман. Мен ҳеч қачон футболчи сифатида, унинг қўл остида Краковода ўйнаганим каби бахтли бўлолмадим. Агар у менга ҳозир қўнғироқ қилса, велосипедга ўтириб, унинг олдига кетардим. Футболни қандай соғинаётганимни биласизми? Менда ҳозир кучли мураббий йўқ, ўшанда ҳақиқий футболни - энг яхши ўйинларни кўрган эканман.
- Сиз Қирғизистондансиз, Германияда улғайгансиз, Нидерландия, Финляндия, Польша, Таиланд, Уммон ва Малайзияда ўйнагансиз, энди Бангладешда яшаяпсиз. Фаолиятингизни тугатгач, қайси мамлакатда яшайсиз?
- Германиядан кетганимдан сўнг, Польшада тўрт ярим йил яшадим. Ўзимни Польшада уйимдагидек ҳис этаман. Мен поляк тилини биламан, улар менга ёқади, полякларнинг менталитетини ҳам тушунаман. Польша таомларини яхши кўраман - пишлоқли ва карамли таомлар, шўрва, хамирли овқатлар ва бошқалар. Мен Польшани соғинаман. Келажакда айнан ўша ерда яшашимни тасаввур қиламан. У ерда дўстларим кўп. Польшада ўзимни Германиядагидек эмас, ўз уйимдагидек ҳис этаман. Агар Европада истиқомат қиладиган бўлсам, шубҳасиз, Польшани танлайман. Бироқ ҳозир фаолиятимни тугатмоқчи эмасман. Ёшим ўтган сари кўп машқ қиляпман, чунки имкон қадар кўпроқ ўйнашни хоҳлайман. Кейинчалик ёшлар мураббийи бўлишни истайман.
- 29 ёшгача Европада ўйнадингиз, кейин...
- 2015 йилда Таиландга пул учун бордим. Бу "Видзев" клубидан кетганимдан бир оз вақт ўтиб содир бўлди, чунки мен деярли бепул ўйнардим. Мен у ерда олти ой давомида бир марта маош олганман, лекин шунда ҳам тўлиқ эмас. Клуб кўз олдимизда банкрот бўлди, мен уларга яна қўшимча қайғу бўлишни хоҳламадим, шу сабабли таиландликлар таклифини қабул қилиб, йўлга тушдим. Уммон, Малайзия, мана энди - Бангладеш. буларнинг бари пул учун. Менда немис ва қирғиз паспорти бор - иккинчиси туфайли мен чет ел легионери жойини банд қилмаган ҳолда осиёлик легионер сифатида ўйнашим мумкин, Осиё футболи молиявий томондан яхши бўлса-да, Европа футболини соғинаман.
Мирон Гойхман суҳбатлашди
Ўзбек тилига Шерзод Нурматов таржимаси
Фикрлар